Йигирманчи йилда, билмайман, қандай бир кучга таянган, шу Қ. деган гўрков меним «Фарғона фожиаларим» учун чуқургина бир гўр кавлаганини «Туркистон» газетасини …-нумерина ёзғон эди. Бугунгача эплаб кўмолмаган Қ. туямижоз яна 375-«Туркистон»да қайтаруб бир чайнади. Билмадим, шу тўрт йил орасида ҳазм қилолмадими ё жанозадан тўн тегмадими? Бу бир.
Энди асарлар-да чайнаб-чайнаб бўлгандан кейин ўюнчилар тўдасига ҳам бир тиш ботуруб кўрди. Музофот қулоғига: «Бу труппага бир тийин бериш ҳаром», деб бир фатво азонини ҳам қичқуруб қўйди. «Гуфтам амак» деган тожикди мақолидан, лоақал ўзи билмасайдим сўрагони одам топулмаганидак. Ҳақиқатда шу кунги ўйнаган артистлар музофот труппасимиди ёки ҳаваскор труппасимиди, — музофот марказида туруб, шуни билмапти. Умас-бумас, «Мурод аз хатми худои ош хўрдан», дегандек, иш музофот труппаси бўлсун-бўлмасун Ҳамзани «Фарғона фожиаси» ўйналган эди. Шуни ўзи зўр дастмоя дурур. Энди …-нумер «Фарғона»да музофот қулоғиға аввалғи азон такбирини туширди. Чини билан жаноза маросимини энди ёзса керак.
Кўнглингга ўтурмаган бир одамни асарини ёки ўзини кўзда тутуб, янгигина оёққа босиб келиб турган бир ташкилотни руҳини тушурув ва музофот билан труппа орасига арра солув ўз виждонинг қошинда қандай?
Иккинчи, аввалам бор бугунгача Ўзбекистонда виждонан тақлидга мажбурланувдан бошқа санойи нафиса қурсларини бирор синфини бўлса ҳам битируб қочган артист топиладими? Хайр, бу ҳам турсин.
6 сентябрдан берли ташкилот ишига киришган эдим. У қадар музофот ақчасиға ичинг ёнар экан. Бугунга қадар узун қулоқдан «Чоргоҳ» машқ қилиб юрмай, труппа ташкилотчиси билан мусоҳабада бўлуб, музофот билан ташкилотлар орасиндағи аҳвол билан танишдингми?
Учинчи, лоақал узун қулоқдан бўлсаям не учун труппаға савзифуруш, чойфуруш, тағин алланимафурушлари кируб қолувиндан ташкилотчи билан мусоҳабага сенга мажбурият кўринмадими?
Тўртинчи. «Қўпол таржималар», деганинг тўғрими? Чунки мени санчалик ўрта маълумотимни йўқлиғиға кўра авомпараст қолувим орқасиндағи ғарблилар адабиётига таржимон бўла олмай қолдим, яъни Тошсой… йўлида ўсган деҳқон учун қулоғи эшутмаган, денгиз тўлқуни билан тағин алланарсага кетди. Гарчи чиройлик шеърлар ёзишдан ожиз бўлғоним 6 йилдур, қаламимни синдирдим, аммо Озарбайжон пьесалари нима сабабдан ўйналуви ҳақинда шоядки ўзингға маълумдур. Бугун санга ўхшаган қалам хўжаларини ўз қалами ўзбек турмушинда ёзғон пьесалари билан ўз труппасини яшатмоқ ва ташкилот ичинда муҳим одамларни бўлуви лозимлиғи ҳақинда музофот қулоғиға қичқирмоқ буюк вазифаси эмасмидики, они ўрниға ҳайит карнай чалурсан.
1924