Ҳамза Ҳакимзода Ниёзий. Таржимаи ҳол (1926)

Ҳамза. 1917 йил

Отам Ниёз ўғли[1] 1836 йилда туғилиб, 16 ёшинда деҳқонлиғин ташлаб, Бухорога бориб, эскича халқ дўқтири бўлуб қайтғандур. Шу йили Аввалда менинг онамга[2] уйланиб, Ҳўқанд келиб турғун бўлгандур. Мана мен шул оиладан 1889 йилда туғулиб, отам ўқимишли бўлсин учун 1898 йилда ўзбекча, форсчага том саводли бўлиб, 1899 йилдан 1906 йилғача мадрасада эски усул билан дарс ўқишда давом этдим.

1907 йили, отам ҳаж кетиши муносабати илан, бирга Қашқарғача узатиш муносабатила саёҳатга бориб, биринчи мартаба «Вақт», «Боқчасарой» газеталарини ўқишга шундан ўрганиб қайтдим. Шундан бошлаб кундан-кун эски хурофотларни, мадраса ўқишларини, халқ тирикчилигидағи ўзгаришларни, маданият, иқтисод деган масалаларни текширишга кира бошладим.

Мадрасани ташлаб, бирор томонға кетиб ўқуш ҳаваси менда нақадар кучли бўлса, отам шу замоннинг энг фақир кишиларидан бўлған учун иқтисод мени шу қадар кучсиз қиладур эди. Лекин мусиқавий лаҳн (ашула туйғуси), шеър ёзишга дардланиш тағин эскироқдур.

1897, 1898 йиллардан оила ичинда маснавий, Ҳофиз, Бедил, Юсуф Аҳмад каби шеърий рисолаларни ота, оналарға ўқуб беришда ўрнашгандурки, 1905 йил япон муҳобираси учун лаҳн ёзилған бир шеърим, 1899—1900 йилларда ёзилған шеърий ёзишмаларим сақланиб келадур.

Ахийри 1908 йилда Наманган бориб, 7—8 ой таҳсил этганимдан сўнг ҳозирги маориф (Наманганда) раҳбари Абдулла Тўқмуллин билан тасодиф этиб, ундан яхши раҳбарликлар олдим. Ул меним қўлимда ўз қаламим билан юз саҳифадин ортиғроқ эски усулдағи шеърий ёзишмаларими кўруб, тарбияға киришди. Меним ташаббусим билан шунда 16 кишилик қурс очиб, Ҳоди Мақсудийнинг арабий лисониндаги ҳисобларига ўхшаш асаридан 3 ой давомда ўртачага яқин арабчадан, учинчи синфга бошқа фанлардан ҳозирлана олдим. Шул вақтда отамға ёзған арабча мактубларим бутунисича сақланиб келадур. 1905 йил рабочий инқилобини ҳам мен шунда ўргандим. Қўл матбааси билан майда рисолача, эълонлар чиқариб турувчи бир татар йигити бўлуб, мен ҳар ҳафтада бир-икки унинг билан суҳбат қиладур эдим. Ул мени хийли дардлаған бўлса керак, шул кундан бошлаб, эски подшолар турмушидан бир «Ҳақиқат кимда?» исмли ҳавосиз опералик роман ёзған эдим, ўғурлатдим, бугунки, топилмайдир. Бундан буёнғи шеърларим миллий ва инқилобий тусларин ола бошлади.

1909 йилда Бухороға Икромча домлада арабчани тамомлаш учун бордим, лекин мумкин бўлмади. Чунки бухороликлар билан шиалар жанжали бўлуб, Когон матбаасида қочиб бир ой ишлаб, Тошканд келдим. Шу кундан бошлаб миллий анжуманларға қатнаша бошладим.

1910 йилда Қашқар дарвоза[3] маҳалласида биринчи марта усул савтия мактаби очдим. Шу кундан муаллимликка киришдим. 1911 йилда Ҳўқандда очиб, бир йил давом этгандан кейин, 50 сўм ақча тўплаб, Афғонистон, Ҳиндустон, Макка, Мадина, Шом, Бейрут билан саёҳат қилиб, Стамбулға ўқишға келган бўлсам ҳам, ўзим билетсиз қочиб борған учун, отам ҳамда бир рус қизидин уйланған оилам юборган очулик хатларидан қўрқуб, қайтдим.

1914 йилларнинг охирларинда ҳозирги «Фарғона» газетасининг муҳаррири ўртоқ Охундийларнинг ғайрати билан Марғилонда мактаб очдим. Саккизинчи ойғача бормай, Андреев исминдағи Скобел маориф раҳбари томонидан мажбурий ёпилди. Бунга сабаб Марғилонда аввалдин давом этиб турган мактаб ҳамда туземний — рус мактаби муаллими Қудратилла қорининг Андреевга бериб турган ахборидир. Ундан яна Ҳўқанд келиб, бир қанча ўзимга яқин кишилар тўплаб, уларнинг ёрдами билан йўқсул болалар учун пулсиз ўқутуш мактаби очдим. 20—30 кейин 15—16 киши бир ойгина ёрдам бердилар; ўзим 4 ойча давом эттиргандан кейин, уяз начальниги (Мединский) томонидан тинтув бўлуб, ёпилди. Лекин ҳеч бир қандай қоғозларим қўлига тушмаған учун қамалмай қутулдим. Ҳозирда ҳам шул иона варақлар имзолар билан сақланадур. Ундан сўнг кечки қурс давом эттируб юруб, 1915 йилда яна мажлис чақириб, китобхона, қироатхона каби масалаларни ҳал қилиб, «Ғайрат» исминда китобхона очдирдим. Бундин мақсад бугунгача ёзилған асарларими баъзиларин ўз сармоям билан босдирған бўлсам ҳам, улар майдароқ бўлуб, бошқаларин шул китобхона исминдин босдириш эди. Лекин китобхонамиз очилғандан сўнг, 1910 йилдан бери меним мажлис ва мактабларимға бутун кучи билан қарши келиб турған бойвачча унсурлар кириб қолиб, асарларим уёнда турсин, ўзимни ҳам суруб чиқардилар. Ҳозирда материалим билан бирга билувчи ҳаёт кишилар ҳаммалари деярлик бордур.

1917 йилғача асарларимни босдириш, асар ёзиш, газетага мақола ёзиш, лошмон воқеалари ҳақида турли мажлислар қилиш билан давом этдим.

* * *

Ҳамза. 1915 йил

1917 йил февраль инқилоби киргандан кейин турли ташкилотларда хизмат қилиб юриб келганман. «Кенгаш» исминда журнал чиқардим. «Кенгаш»нинг 2-номериға ёзиладурган баъзи мақолаларимнинг бойлар, уламолар шахсига доир бўлғанға бойвачча унсурлар қарши туруб, мени чиқардилар. Ундан сўнг ўзим алоҳида ташкилот очиб, «Ҳуррият» журнали чиқардим. Бу ҳам шундай қаршулик орқасинда 5-номеридаёқ мендан олдилар. Ундан сўнг, потребитель очдик. Ундан ҳам мақсад камбағалларни тўплаш эди. У ҳам қўлдан кўчди. Ундан Шўрои исломнинг озуқа шўъбасига кириб олиб, Иттиҳод таъмин жамияти ташкил этдик.

Бир ёқда 1917 йилнинг 28 майида Қаландархонада[4] 400 га яқин рабочийларни тўплаб, зўр намойиш қилиб, рабочий, меҳнаткашлар жамияти ташкил қилдик. Ахийри бунга ҳам бойвачча унсурлар кириб, буни ҳам булғаштирдилар. Бугунгача давом этмоқда бўлған «тўртинчи»лик[5] унвонининг бош муассислари шул ташкилотдир. Ҳозирда менда даъватномалари сақланадур. Ундан сўнг, мақсадим бўлмағач, Туркистон кетдим.

Туркистонда Қалмиков деган бир завод рабочийси билан ўзими овундириб, соат кутадур эдим. Оз ўтмай, Октябрь инқилоби бошланди.

1918 йил Ҳўқандда муаллимликда давом этдим. Ундан Скобелга юборилдим. Скобелда наҳори мактабда давом этдим …лекин ундан чиқиб, Скобелдаги маданий-маориф ташкилотиға кириб, музика тўдасининг ёнида театр тўдаси туздим. Шу кундан бошлаб Сайёрий труппа ишиға айланиб, бир томонда, режиссорлик, артистлик, суфлёрлик, иккинчи томондан, муаллимлик, ташвиқотчилик, муҳаррирлик билан Қизил арвот фронтиғача бориб, 1920 йилғача ҳарбий ташвиқот-тарғибот бўлимлари қарамоғинда хизматлар этиб келдим.

1920 йилда яна Ҳўқанд келиб, фирқага кириб, яна маориф қарамоғинда интернат мудирлиги, муаллимлик, режиссорлик билан давом этиб, Фарғона фронтларида хизмат этдим.

1921 йилда босмачилар ҳақларида ёзилған асарларим, ҳаволарим, шеър, мақолаларим ҳақинда чидамай очиқ ҳужумга тикланганларин билиб, Фарғона обкоми [орқали] Бухоро ва Хоразмга санойи нафиса материаллари тўпламоқ учун командировка қилиндим.

Бухорода маориф, ҳарбий агитпроп қўлида труппа ташкил қилиб, Бухоро маҳкамаларида 1921 йил охириғача хизмат қилдим. Сентябрда тиф билан оғриб, Тошканд келиб, ноябрда Хоразм кетдим.

Хоразмда профсоюзнинг маданий-маориф шўъбасида 1922 йилғача хизмат қилиб, ундан маорифға олиниб, театр ишларига, агитпропга ўтиб, хизмат қилдим. Ундан ўз хоҳишимча ўзбек адабиётидан фойдаланиш учун Хўжайли вилоятиға командировка бўлдим.

Хўжайлида 1924 йилнинг июль ойлариғача қозоқ интернатида давом этиб, 1924 йил июлда Фарғона обкоми ҳам облисполкоми томонидан юборилған телеграм ва кишилар билан Фарғона обком ҳам облисполком ихтиёрига қайтдим.

1924 йил сентябридан Фарғона маориф қўмитаси қарамоғиндаги онг-билим шўъба муовини тайин бўлуб, бир томондан, Фарғона сайёр труппаси ташкил этдим.

1925 йил сентябрига қадар отпуска олған сўнг (1912 йилдан 1925 йилгача олган истироҳатим шул), марказ маориф ваколатига бориб, ишдан чарчағаним ҳамда табиатимдаги композиторликни ўсдириш ҳамда бугунга қадар йиғилған материалларни йўқолғандан қолғанларин радлаш ҳамда ўзимнинг асарларимни тўплаш хусусинда аризалар бериб, ўзимни бўшатдим.

1925 йил 10 август ойинда бўшалгандан бери Фарғона туманининг Аввал қишлоғида маҳаллага раҳбарлик, қизил чойхона, кўпрук, мана шунга ўхшаш қишлоқ хўжалиги рўзғори, маданий, сиёсий онглариға тааллуғи бўлган хизматда давом этиб келмоқдаман.

Қишлоқда турушдан мақсадим: қишлоқ рўзғори, табиат бойлиги билан танишув билан бирликда қишлоқ турмушидан саҳналарга пьеса ҳозирламоқдир.

Мана, меним ҳозирги қисқа муфассал таржимаи ҳолим. Кенгроқ таржимаи ҳолим ҳақинда баъзи журналлардан мактуб орқали сўрамоқдадурлар. Баъзиларин журналдан кўриш мумкин бўлғандек, яқинларда ўртачагина бу ҳақда ўзим бир роман ёзмоқ ўйиндадурман.

1926

[1] Отам Ниёз ўғли — Ибн Ямин Ниёз ўғли (1836—1920), табиб; халқ ўртасида «Ҳакимча» лақаби билан машҳур бўлган.
[2] Онам — Жаҳонбиби (туғилган йили номаълум — вафоти 1910 йил) исмли оқила аёл.
[3] Қашқар дарвоза маҳалласи— Тошкент шаҳрида Навоий кўчасининг Анҳор ариғига туташган қисмида бўлган.
[4] Қаландархона — Қўқон шаҳридаги гузар.
[5] «Тўртинчи» — Октябрь инқилоби арафасида большевиклар партияси аъзолари думага сайланиш тартибига қараб шундай деб аталганлар.