«Муштум» ўзининг ёзишғучиларининг самимиятини, дардини яхши биладир. Чунки дард бўлмаса, самимият бўлмаса, биз подачини қўлида калтаги билан кўрмас эдик.
Биз бу ўринда шу самимий йўлдошларимизға, қўлдошларимизға бир-икки оғиз гап сотмоқчи бўламиз: сиз бир муҳитда яшайсиз; яъни қишлоқда, шаҳарда ёки кўйда. Шу ўзингиз яшаған муҳитда шубҳасиз дағаллик бор, қўполлик бор, қинғирлик бор ва қийшиқлик бор.
Шу аносири арбаъадан[1] қайси бўлса бўлсин мутаоқиб[2] сизнинг ижтимоий руҳингизга ўзининг чучмал таъсирини бермай ва нафратингизни уйғотмай қўймайдир. Албатта, шу вақт «Муштум»ни жўплаб қўлингизға қалам оласиз. Аммо шу қалам олишдан илгари бир мунча андиша лозимдир, шошмаслиқ керакдир.
«Шошкан қиз эрга ёлчимас», мақолини балки эшитканингиз бордир. Ўн карра ўлчаб, бир мартаба кесмак яхши: 1) Сиз олған мавзуънинг ижтимоий ва сиёсий манфаати; 2) Қош қўйиб, эвазига кўз чиқармайсизми; 3) Масала замирида шахсий манфаатингиз, яъни олди-берди жанжалингиз йўқми ва бошқалардан таъминотингиз бўлиши керак. Бу жиҳатдан қаноатингиз том бўлса, энди навбат қаламникидир.
Яхши билиш керакким, қалам ўқлоғи ва матбуот кетмон бозори эмас. Йўсунсиз равишда хотирға келган ҳар бир сўздан жумлалар тўқимоқ фазилат саналмайдир. Сўз қолиб, фикр унинг ичига қўйилған ғишт бўлсин, кўбчилик хумдонидан пишиб чиқғач, янги ҳаёт айвонига асос бўлиб ётсин!
Кулги журналида иштирок қилиш бир оз назокат талаб қиладир. Чунки сизни нафратландирган, истеҳзоландирган масала ёки шахсни ўз ҳаётидан, ўз хусусиятидан олиб, кулги ҳолиға қўйишингиз керак. Яъни сиз бу кулгуликни ясаған бўлиб кўринманг, балки ўзи ясалған бўлсин. Ўз ҳолини ўзи арз қилсин. Токи ўқуғучингизгина эмас, ҳатто кулгига қолған рақибингизни ўзи ҳам чорасиз сиз билан биргалашиб кулишмакка мажбур бўлсин.
Адабиётда бир неча хил кулги йўллари бўлса ҳам (масалан: пичинг, кесатиш, киноя, тағофул[3] ва бошқалар…), лекин энг мўътабари характер кулгисидирким, юқорида айтиб ўтдик, аммо бунда қуйидағи шартларнинг топилиши керак:
1) Қаҳрамоннинг характери (яъни сизнинг олған масалангиз ва ёким кишингизнинг ўзидагина топилған табиъат), масалан: сўз, иш, феъл ва…
2) Шу характеристика ичидан сиз бермакчи бўлған маъно ёки ибратнинг ўз-ўзидан томиб туриши;
3) Шу икки турлик нарса ичидан истеҳзо ёким хо-хо-хо моддасининг табиий суратда келиб чиқиши.
Бу ўринда масала яхши онглашилсин учун бир мисол берайлик: Тошпўлад ака маҳалла камиссиясидан ўз таъбирича бир қийиғ қоғоз оладир-да, сўйиниб кетадир. «Ҳа, дедим, пошшоликка энди йигит керак бўптими, дедим» дейдир. Таҳлил қилсақ бунда кўрамиз:
а) Тошпўлад тажангнинг ўз иборати сўз характери (кўринишдан);
б) Тошпўладнинг оч қолиб, пошшоликдан иш кутиши (маънодан);
в) Ҳолбуки, бу қийиғ қоғоз билан уни ишка чақирилмайдир, балки ундан беш сўм налўк олинмоқчи (кулки).
Сўз сўйлашда ва улардан жумла тузишда узоқ андиша керак, ёзгучининг ўзигина тушуниб бошқаларнинг тушунмаслиги катта айб. Асли ёзғучилиқ, айтмакчи бўлган фикрни ҳаммага баробар онглата билишда, ораға онглашилмовчилиқ солмасликдадир. Мундан бошқа, фикрнинг ифодаси хизматига ярамаған сўз ва жумлаларга ёзувда асло ўрун берилмаслиги лозим. Шундагина идоранинг тузатиб босишиға йўл қўймаган ва мустақил услуб ва ифодага эга бўлиб, ўзингизнинг қаламдаги истиқболингизни таъмин қилған бўлурсиз. Кишига ишониш ва беҳуда кучаниш маъқул гап эмас, биравга орқа қилиб ўзингизда бўлған талантнинг руҳига фотиҳа ўқуй кўрмангиз! Бир соатда эмас, ўн соатда ёзиш, бир қайта эмас, ўн қайта тузатиш кишининг ёрдамиға термулишка қарағанда ҳам фойдалик, ҳам умидликдир.
Мундан сўнг «Муштум»ни кичкина қилиб чиқариладир. Аммо сиз сиғмай қолишидан қўрқмай, ёзғанларингизни бизга йўллай берингиз. Ёзишғучи сўфиларимизда ҳунар бўлса, хонақоҳ ҳеч бир вақт торлик қилмас. «Муштум» эскича ўғрилиқ, жаҳолат, залолат ва ғайрилар билан курашини давом этдирадир. Бироқ мундан сўнг ул тилга, санъатка, адабка риоясини том қилиб, қўлидан келганча ёш талантларни шу доирада ўсдиришка тиришадир.
Ўртоқлариға ҳурмат билан «Муштум» идораси.
1925 йил, 4 октабр, 17-сон, 14-15-бетлар.
[1] Аносири арбаъа — тўрт унсур, аслида: ер, сув, ҳаво, ўт. Бу ерда: олдинги жумлада санаб ўтилган сифатлар назарда тутиляпти.
[2] Мутаоқиб — кетма-кет.
[3] Тағофул — билиб билмасликка олиш.