Абдулла Қодирий. Суддаги нутқ (1926)

Абдулла Қодирий «Муштум» ойномасининг 1928 йилги 27-сонида Овсар имзоси билан «Йиғинди гаплар» мақоласини эълон қиладилар. Бу мақола ўша пайтда ақллар орасида кўп гап-сўз ва турли мулоҳазаларга сабаб бўлади. Адиб Ўзбекистои Жиноят Қонунлари мажмуасининг «Раҳбар ходимларни обрўсизлантириш» деган моддаси билан қораланади. Қарийб уч ойлик сўроқ-терговдан сўнг, ёзувчи судда ўзининг ҳақлигини исботловчи ёзма нутқини ўқиб берадилар. Адибнинг ана шу нутқини ўқувчилар эътиборига ҳавола қилишни лозим топдик. Ундаги «Кулги ҳақида» ва «Таржимаи ҳол» бўлимлари марҳум отамиз — Ҳабибулло Қодирий тайёрлагап Абдулла Қодирий китобларида, мақолаларида қисман фойдаланилгаилиги сабабли, уларни ушбу матндан тушириб қолдирдик.

Шеркон ҚОДИРИЙ

Мен 1926 йилнинг 10 нчи январдан 10 нчи февралигача отпускага кетиб, дам олиб юрганимда, бу «Йиғинди гаплар» ном мақолани ёзғонман. Отпускадан қайтқандан сўнгра, 14—15-числода навбатдаги чиқатурғон «Муштум» журналининг сони учун материаллар тайёрлағонимда, уларнинг ичида бу мақолани ҳам қўшиб масъул муҳаррир Комил Алимовга олуб борғонман. Масъул муҳаррир Комил Алимов ҳалиги «Йиғинди гаплар» ном мақолани меним қўлумдан олиб, ўзининг кабинетида баланд овоз билан ўқуб берди. Ул мақолани ўқуб берган вақтида, унинг кабинетида ўртоқ Ғози Юнус, Санжар Мирмаҳмудов ва қонтўршик (конторачи — Ш. Қ.) Халучаев бор эди. Масъул муҳаррир Алимов мақолани ўқуган вақтида, баъзи жойларини хато ўқуғони учун мен тузатиб турдим. Кейин, ўқув тамом қилғондан сўнг, «хўб, бостирайлик», деди ҳам «яхши кетди», деб қўшимча қилди ва мен бостирғонман, чунки Алимов ижозат бермаган ҳолда, табиий,  мақоланинг материали йиртқиланиб ташланса керак эди.

Мақолани, масъул муҳаррир Алимовга курсатмасдан илгари, Зиё Саидийга ҳам ўқуб берган, худди бошлағонимда ҳодисанинг тепасига Хуршид ҳам кириб қолди. Мен ўқуб бергандан сўнг, «кўб яхши кетди» деб мақтаб юборди. Бу англашилмовчиликдан илгари расмият яъни идорага келган мақолани бостириш ёки бостирмаслик тўғрисида муҳаррир резолюция солмас эди. Ўшанинг учун бу мақола резолюциясиз бостирилғон. Расмият фақат журналнинг 28-сонидан бошланди.

Бу мақола фақат кулгу тариқасида ёзилғон, ҳеч бир ҳукуматга ёки сиёсатга тегадиган жойи йўқ. Мақола босилуб, журнал тарқалғондан сўнгра, беш-ўн кунча ўткандан сўнгра, Алимов Самарқанддан қайтуб келди ва мени ўзининг олдига чақиртириб, «нимага бостирдинг, мен ижозат бермаган эдим», деди. Мен «сен ижозат бердинг, мен бостирдим»», деб жанжаллашдим.

Мақолани Алимовнинг кабинетида ўқуғонда, Зиё Саидий йўқ эди ҳам кирган эмас, шахсий адоватга кетуб, «бор эдим», деб гапирадур.

Бу гувоҳларнинг мундоқ гапириши фақат шахсий адоватдан иборат, чунки бирон вақт жонларига теккан бўлсам керак, аммо қай тариқада уларға гап тегдирганимни айта олмайман. Гувоҳ Зиё Саидийни оғзаки танқид қилар эдим. Матбуотда танқид қилғоним йўқ. Қисқаси, умуман, Зиё Саидий ва бошқалар манга қарши бўлғонлари учун ёлғондан гувоҳлик берадурлар.

«Йиғинди гаплар» мақоласини маъниси, келган-кетган гаплар, деган сўздир ҳам фақат кулги тариқасида ёзилғондир…

Маним 27 нчи сон «Муштум» журналидаги «Йиғинди гаплар» сарлавҳалик кулги мақолам ҳам шу асосларга солиниб ёзилғон сажиявий чин кулги эди. Мазкур мақоладаги мақсадим, кулги мезони билан харфат жадидга олинғонда, қуйидаги мазмунлар ҳар кимга, ҳар бир гўдакка ошкора бўладур: Мақаланинг биринчи устун тўртинчи йўлидаги «Ўзбекнинг ишчиси, деҳқони, маорифи, шалтай-балтайи алх ухлайди» (алх — ҳаммаси барчаси) жумласи фақат муболаға мақомида қўлланғон бир гапдир. Мундан бошқа маънолар чиқариш хаёлот ёки васвасадир. Зеро, бошида бир оз муҳокамаси бўлғон ҳар бир киши Ўзбекистоннинг Улуғ Уктабр инқилобиғача бўлғон ҳоли билан, Уктабрдан кейинги тўққиз йил ичидаги интибоҳини (уйғониш) (ижтимоиятда, илм ва маданиятда, хулоса ҳам бир жабҳада) чиқишдириб кўрса, ўзини тамоман бошқа бир оламда ҳис этадир. Бас мундаги жумла муболаға орқалик ишчи-деҳқонни қитиқлаш, яъни уни яна ҳам юқори томонга қараб судраш мақсадида келтирилган: Бу жумла зоҳирий тузулишдан муболаға-кулги, ички маънодан қитиқлаш. Турмушдан мисол келтирилганда, масалан: Тошпўлат аканинг бир ўғли бор; Тошпўлат ака ўғлининг ишга ихлосини, ўз ишида муваффақиятини яхши биладир. Лекин шундоғ бўлса ҳам, ўғлини «сен ялқовсан, одам бўлмайсан!», деб камситадир. Бу камситиш, яъни пўписа, камситилғучининг чиндан ҳам ялқов ва ғафлатда эканини кўрсатмайдир, балки унинг яна ҳам излатишга ва ўз нуқсонини қидириб тағин ҳам юқориланишга хизмат этадир.

Мазкур жумладан кейинги: «Аммо ўчоқ бошини холи топқон олақарғалар бўлса, хўбам билган номаъқулчилигини қиляпти?» жумласидирки, мазмуни ҳаммага ҳам яширин эмас: Чор ва сармоя ҳукуматининг Ўзбекистонда қолғон ва қўй терисига бурканиб эски хўжалиқни димоғидан чиқаролмоғон жониворлари ҳамон шўро идораларида ҳукм сурадирлар. Албатта улар қўлларидан келганича, ишчи-деҳқон иқтисодига ва шу восита орқалиқ унинг маориф ва маданиятиға зарба беришга тиришадилар. Ҳам зарарликда шулар қаторидан қолишмайдирғон, фақат ўз шахсий роҳати йўлида элни эмиб, қайғусиз, ғоясиз, эчкининг оти Абдукарим бўлиб, етмаса иғвогарлик билан кун кечирувчи ўзининг баъзи столпараст, танпараст шахсларимиздан киноядир. Мундан кейинги — «Қилаверсин, эгасига товоқ-қошиқ керак бўлса, ахир бир кун қатрон-патрон қилуб оларов, оғайни! Ишқилуб ўлмасдан баҳорга чиқиб олсамиз бўлимти…» Бу ердаги эга ишчи, деҳқондир ва чиқиладирғон баҳор уларнинг юксалиб чин социализмга етишмакларидир. Яъни ишчи-деҳқонларимиз иқтисодан юксалиб, маърифатан юқорилашсалар, ўшандай зарарлиқ мустамлакачи ва бошқа унсурлардан қутилурлар, қатрон қилиб уларни йўқотурлар, юварлар, деган маънода.

«Ерлилашдириш, ўзбеклашдириш…алх». — Бизда  бир хил кишилар бор, яъни зиёлинамолар. Ўзлари амалда бир пуллик иш қилмайдирлар, аммо оғизда кўча саситиб, ҳасратлануб юрибдурлар. Мазкур жумлалар ўшандай ишсиз, фақат ҳасратигагина таянғон унсурлардан киноядир. Масалан: «Ерлилашдиришдан ҳеч бир натижа чиқмади, фалон иш билан мундай ҳолатга тушдим, ҳасратингни кимга айтасан», деб юргувчи олифталарга ҳамма вақт учрашиладир. Овсар бўлса уларга «бибигни олдига ҳасрат қил, ҳезлар!», деб заҳарханда қиладир. Юқорида зикр қилинғонидек, мақсадлари фақат мансабдан, кайфу-сафодан иборат бўлғон унсурлар бизда ҳали қуритилғон эмаслар ва бунга газета бетларидаги хабар ва шикоятлар онли шоҳиддир ва шулар қаторида ҳалигидек қуруқ ҳасратчилар ҳам йўқ эмаслар. Аммо буларнинг қаршисида жони билан, тани билан ишчи-деҳқон саодатига қурбон бўлиб бош тикканлар ҳам кўб, жумладан, ўртоқ Охунбобоев бунинг тимсоли мужассамидир. Ул ҳар қачон, ҳар ерда камчилик ва нуқсонларимиздан сўзлаб, бунинг учун чоралар, тадбирлар излашга, ҳам ишчи-деҳқон саодати йўлидағи тўсиқ ғовларни олиб ташламоқ учун барчани кўмакка чақирадир.

Биринчи устуннинг 25 нчи йўлидан бошлаб, иккинчи устуннинг 4 нчи йўлигача бўлғон ўртоқ Охунбобоев тўғрисидаги гаплар ёлғиз унинг шу сифатидан киноядир. Масалан, фақат кўча саситиб, оғзаки ғишғиш қилиб юрган анави ҳасратчилар қаршисида ўртоқ Охунбобоев активний равишда мажлис ва газеталарда камчиликларни чертиб отадир. «Ҳали-ку бу оғзаки ғишғиша, аммо кечаги кун газетада… алх» (5 нчи йўл, биринчи устун), муқаддимаси шуни ифодалайдир.

Икинчи устун 5—6 нчи йўллардаги, — «Шукур қорнинг тўқ, қайғинг йўқ, бас тинчкина оқсоқоллиғингни қилаверсанг бўлмайдими?» жумласи шахсий ҳазил  бўлиши баробарида, юқорида зикр қилинғон қорни тўқ, бошқа қайғуси йўқ унсурлардан замзамадир. Яъни, айтилмакчиким: Эй Охунбобоев! Нега сен ҳам ўшалардек қорнингни силаб ётсанг бўлмайдими? Аммо бу жумладан анави танпарастларга онглатилмоқчи бўлинғон, айтилмак исталинган маъно бундайдур: Эй Абдулҳақлар ва эй тан бандалари, ўртоқ Охунбобоевдан нега намуна олмайсизлар, ул сизларга ўхшаш қорним тўқ, қайғим йўқ, деб тинчкина ётибдирми? (Мана шу ўринда айтилган маънони қуйидаги жумлалар, яъни кулгунинг кетиши ҳам таъкидлайдур).

Иккинчи устун 7 нчи йўлдан бошлаб, 13 нчи йўлнинг охиригача бўлғон «тузук, чақирим-пақиримингга маним ҳам қаршилиғим йўқ…» жумласи эса ўртоқ оқсоқолнинг мазкур маърузасини дарҳақиқат илтифот этишга лойиқ бир цифр эканини, бизнинг тўкис маориф маданиятгаг эришмагимиз учун яна катта фидокорликлар кераклигини кўрсатиб англатиш учун келтирилган.

Иккинчи устун 17 нчи йўлдан бошлаб, «Шу замондаги баъзи одамларга ажаб ҳайрон қоламан, бир минг болаға битта мактаб бўлса нимаю, ўн минг болаға битта тўғри келса нима қайғи?» жумласи билан, яна юқорида айтганимча, ўртоқ оқсоқолнинг чиндан ишчи-деҳқон маорифи ва бошқаси учун ғамхўр ва бош оғритганини кўрсатмакчи ва шу гуноҳи, яъни мазлум халқ маориф-маданияти йўлида ўз-ўзини машаққатлагани учун овсарона уни шилталамакчидирман. Бундоғ киноялик мадҳ аксар халқ орасида истеъмол қилинадур. Масалан, тиришқоқ ва жонкуяр бўлғон иккин биров ўзини овсарликка солиб, «қўй, нима керак сенга шунча ташвишни! Шукр, бир кунинг бўлса ўтиб турирдур: Беш кунлик дунёда сен ҳам тинчкина юрсанг-чи?» – дейидирлар.

Иккинчи устун 20 нчи йўлдан бошлаб, 3 нчи устуннинг бешинчи йўлигача бўлғон «муддао мирзабошиларни кўпайтириб идораларни ерлилаштириш бўлса… алх» кулгулари ёлғиз ўртоқ Охунбобоевнигина эмас, балки бошқа ўртоқлар диққатини ҳам ерлилашдириш ва маданий маориф ишларига жалб қилиш учун қўлланилғондир.

Маълумки, бизда икки хил зиёлилар бор: 1) эски, яъни Уктабргача бўлғон зиёлилар; 2) Янги Шўро зиёлийлари, такрорга ҳожат йўқ; Инқилобгача бўлғон ва Уктабрдан кейинги зиёлийларни етиштирган омиллар ва шароит ҳаммага маълум. Шунинг учун, мен уларни таҳлилига киришмай мазкур «Муштум» сонидағи зиёлийлар ҳақида бўлғон кулгулигим устида гапираман.

Учинчи устун 15 нчи йўлдан бошлаб, то 35 нчи йўлғача бўлғон гаплар мазкур икки хил зиёлийларни текширув мақсадида ёзилғондир. Масалан, «Ўртоқ Акмал (Икромов) Чўлпонбойнинг… шеъри билан зиёлийларнинг афтига туфургани ҳолда, яна нима учундир, ҳезлар тавба қилса, уларга фирқанинг қучоғи очиқ! — деб, қўядир. Дарҳақиқат, ҳезлар тавба қилса, ўртоқ Акмал бу тавбага ишонадими, йўқми аммо унга айтадирган гапим бор…» Бу жумлалар зиёлийларни фирқа кўзида тавба қилғон бўлиб кўринуб, риёкорлик қилмасинлар, тавбалари қуруқ сўз беришдан иборат бўлмасин мақсадида айтилган. Мундаги ҳарфан кузатилган муддао эрса мундоғ: Эй, зиёлилар! Сизлардаги баъзи бириларингизнинг яқин мозийдаги камбағаллар ҳўкуматига берган зарарларингиз майдонда, бунинг учун меҳнаткашлар афтларингизга туфласалар ҳақлидирлар. Меҳнаткашларнинг қучоғи бизга очиқ экан, деб риё билан меҳнаткашлар ишига аралаша кўрмангиз, чунки меҳнаткашнинг ақли-ҳуши бошида, яқин ўткан кунларингиз унинг кўз ўнгида. Эй, ўртоқ, Акмал, агар улардан биртаси мазкур риёкор мунофиқлик ҳолатида ишга аралашадирғон бўлса, сен бунга ҳазир бўл, эҳтиёт тур! Аммо тавба тўғрисида сенга айтадурғон сўзим бор: «Мен ҳар куни худоға тўққиз мартаба осий бўлиб, ўн саккиз мартаба тавба ва истиғфор айтаман». Яъни бу гапдан мурод, уларнинг тавбалари биздаги оддий маънода юрган тавбадан бўлмасин. Бу кунги фирқа олдида қилинадурғон тавба тамоман янги, чин маънодаги тавба бўлсин, ҳар куни тўққуз мартаба истиғфор айтиб, ўн саккиз мартаба қайтадурғон тавбадан меҳнаткашларга фойда йўқ.

«Тавбага бўйин буккан банда бандаларнинг энг ярамасидур, қуллуқ бунёд қилғон расво, расволарнинг яна ашаддий расвосидир». Бу жумла билан, ўша оддий маънода бўлғон тавбани инкор қилинадир, яъни тавба қуллиқдир, бўйин эгиш бандаликдир, банда эса ҳақиқатга тушуниб эмас, кучланиб, ожизланиб бўйин букадир. Бас, бу ҳолдаги тавба-тавба эмас, балки шахсий ихтиёрни, муҳокамани қўлдан бериб одамгарчиликдан чиқишдир. Бу дунёда тавба, қуллуқ қилиш бўлмасин, чунки бу расволик, аммо ҳақиқат олдида бўйин эгиш бўлсин. Узинг бир ҳақиқатга қонмай туриб ва ўзингнинг хатойингга тушунмай туриб, фақат ожиздан қилинғон тавба—тавба эмас, ҳам ўзгани алдашдир, расволикдир.

«Ўз бутунлиғини сақлай олмағон бошқага енг бўлолмайдир». Бу жумла юқорида айтилган ихтиёрий шахсни такрорлайдир. Яъни, шахсий бутунлик, мусталиқ шахсият қуллиқ билан зиддир. Шахсий устунлиғи бўлмағон, яъни ўзида ҳақиқатни ихтиёр қила билиш кучи тополмоғон ожиз, ихтиёрсиз одамлар жамият учун фойдалик ва чин аъзо бўлолмаслар. Чунки, аксар мунофиқлик ва майдалик ихтиёрсиз ҳам ўзига ишончсиз ва имонсиз кишилардагина гавдаланиши илмий равишда исбот қилинғондир.

Мени маъюблар курсисига ўтқизғон «Йиғинди гаплар» мақоласининг асли кузаткани ва ёзғувчисининг мақсади юқорида мазкур шарҳлардан иборатдир. Бундан бошқа маънолар чиқариб турлик эҳтимолларга бориб қайтиш ўринсиздир. Агар баъзи ўртоқлар шундай мулоҳазаларга кеткан эканлар, бу эса кулгуликнинг, айниқса адабий кулгуликнинг бизда ҳали ёшлиғидан ва ўзлашиб кетмаганлигидан келадир. Шуни ҳам айтиб ўтишни, ёдларингизга солишни лозим топаманки, кулги мақоладаги мустаор имзо мақоланинг ҳаракатиии аксар вақт ўз тарафига буриб юритадилар яъни музика ёзғувчининг мустаор шахсига лойиқ гаплар, жумла ва таъбирлар орқасидан эргашадур, мақоланинг имзоси «Овсар» қўйилган, демак ундаги кўб таъбир ифодалар овсарона, далиёнадир. Тентакни тентак тинглайдир деганларидек, кулгуликдагина эмас, умуман сажиявий адабиётга яқин турғон кишилар бу мақолани шу нуқтадан қараб текширсалар яна ҳам ҳақиқат очиладур. Масалан, маним кулгуликда ишлататурган неча турлик мустаор имзо яъни қаҳрамонларим бор: Калвак Махзум, Тошпўлат, Овсар, Думбул, Шилғай ва бошқалар. Агар сиз шу имзолар билан ёзилган кулгуликларни текшириб чиқсангиз, мунда асли ёзғувчининг шахсини тамоман кўролмайсиз, фақат сўзни имзо эгасининг ўз оғзиданғина эшитасиз. Калвак Махзумни ўқинг: Кўбдан ҳақиқий ҳаёт билан алоқаси узилган, мадраса хурофоти илан мияси ғовлағон холис бир маҳалла имомини кўрасиз. Тошпўлатни ўқинг: Ишсиз, бири бит, бити сирка бўлмағон ва шу фақирлик орқасида ўғрилик ва фаҳшият денгизида сузиб тажангланган холис бир чапанини кўрасиз. Овсар ва Думбулларни ўқинг ва текширинг, ҳоказо.

Одил сидлардан сўрайманким, мен айбланган мақолани, маним устимда турлик шубҳалар туғдирғон кулгулукни шу юқорида саналғон мезонларга солиб текширилса ва ҳукум берилса экан. Кулгуликда улар айткандек ёмон ният билан яширилғон ҳеч бир маъно йўқ. Ҳарна ёзилғони бир «Овсар» тилидан фақат ишчи-деҳқон манфаати кузатилиб айтилган, ҳукумат кишиларига бўлғон гаплар ўртоқлик ҳазили, шахсий мазохор, мундан бошқа гаплар, маънолар бўлса юқорида бир даража таъдод (санамоқ —Ш. Қ.) қилуб ўтдим. Шоҳидлардан олий Судга мен қораланғувчи — қора курсида ўлтирғувчининг фақат шахсий адоват орқасида бу ҳолда тушунганим яхши англашилди, деб биламан. Мундоғ бўлса ҳам, яна бир даража шоҳидларнинг ўз сўзларидан ясаб, адолатлик судларнинг хотирларига тушуриб ўтаман:

1. Гувоҳлардан ўртоқ Левченконинг сўзига қарағонда, Ўрта бсиёда сиёсий жиҳатдан юқори ўринни ушлаган «ГПУ» 27 нчи соннинг дунёга чиқарилишига рухсат берган. Яъни «ГПУ» нинг рухсат беришидан шу маъно англишиладирким, маним мазкур сондағи «Йиғинди гаплар» мақолам судларга илмий ва адабий йўлда шарҳлаб берганимдек, зарарсиз, нафсониятлар айтган маънода эмасдир. Ҳам шундоқ бўлиши табиий. Йўқса, ҳар бир нуқтани эринмай текшириш билан машҳур бўлган сиёсий идора 27 нчи сон «Муштум» нинг дунёга чиқарилишига йўл қўймас ва рухсат бермас эди. Аммо бир неча шахслар бу мақолани ўзларининг, билмадим, қандоғдур тарозуларига солиб, зарарлик топишлари эрса, ғаразгўйлик, тирноқ остидан кир излашдан бошқа нарса эмасдир.

2. Хуршид Шараф, маълумки, олғон таълимоти бўйича мени қораламоқчи бўлади. Лекин, ўрисларнинг «бигизни қопда… алх!,» деган мақолларидек, унинг меним устимда бўлғон туҳматлари, бўҳтонлари ўзининг берган жавоблари орасида «манаман» деб қопнинг қорнини ёруб чиқиб туради. Хуршиди тобон деганимиз ўзини жинниликка — тентакликка солиб қаради. Аммо адолатлик судларнинг тўғри текширишлари ҳақиқатни оча боруб, ёлғон шоҳидни обдон довдиратди, алвон рангга киргизди. Мен унинг довдир шаҳодатининг ҳамма нуқталари устида тўхтамайман. Чунки, улар муфассал равишда, суднинг забтномасига киритилгандир. Аммо шунигина айтиб қўяманки, Хуршид дейдир: «Мирмуҳсин — мен «Бон-бон» деган манзумасини «босилмас…» деган эдим», деб айтди». Бу гап билан Хуршид, ўртоқ Мирмуҳсиннинг бир ваколатини содиқона адо этмоқчи эди. Бироқ таассуфки, муваффақиятлик чиқмади. Хуршид ўзининг бошқа шаҳодатлари каби «Мирмуҳсин босилмасин деб резолюция қўйғонди мен асраб турғон эдим», — деса ихтимолки, маним устимга оғир юкни қўюб, эгасига содиқ қолғон бўлар эди.

3. Зиё Саиднинг ҳақиқатқа тескари, шаҳодати тўғрисини унинг Коммунистик виждонига ҳавола қиламан. Аммо бир неча нуқталари устида тўхтаб олишга мажбурман: «Муҳаррирнинг хонасига кируб, Комил билан Жулқунбойнинг жанжаллари устидан чиқдим», дейдир. «Орада Санжар билан Ғози Юнус ҳам бор эди», дейдир. «Ундан сўнг матбаага тушиб, архивни ахтариб юрсам, «Бон-бон» манзумаси чиқди, қарасам «Босилмасин. М.» деб имзо қўйилғон экан, лекин ўзим Хуршиднинг «Баҳри қадам» мақоласини олиш учун борган эдим», дейдир. «Шундан кейин «Бон-бон»ни папкамга солуб, идорага олиб бордим, ундан сўнг терговга топширдик», дейдур. Зиё Саиднинг бу сўзи нимани англатадир? Унинг бу сўзидан аниқ шу келиб чиқадиким, ул «Баҳри қадам» мақоласини олиш учун бормағон, балки менга 114-статьяни бердириш нияти билан борғон. Чунки, қонунан лозим эдики, архивни қарағанда, ёнига холис кишиларни чақируб текшириш ва акт қилиш. Мана бу томондан ҳам маним устимга ишланган сохтагарлик ўз оғзи билан айтуб турадур. Янада Зиё Саиднинг кеча берган жавоби ичидаги — «Муштум»да босилиши мувофиқ кўрилганлиги резолюция қўйилмағон мақолалар ҳам бўлар эди, — деган сўзи ҳам одил судлар учун шоёни диққатдир.

4. Энди обллитнинг саркотиби ўртоқ Мильков устида тўхтайман. Мен тўғрилик орқасида, бош кетса «их» дейдирган йигит эмасман. Муқаддимадаги сўзимда айтдим: Мен ўша кун матбаага тушганимда, ёлғиз «Йиғинди гаплар»дагина эмас, балки бошқа материалларда ҳам обллитнинг штампаси йўқ эди. Энди бугун ҳайрон қоламан, бундаги штамплар қаёқдан келди, ёки бунда ҳам маним устимга бир юк ортмоқчи эдиларми? Ўртоқнинг дабба жавобидан маълум бўладирким, бу орада ҳар бир найранг қурмоқчи бўлғонга, ишни чалкаштируб меним бошимни қотириб, довдиратмоқчига ўхшайдирлар. Дарҳақиқат, гап шундай бўлмаса, обллит деган масъул бир ўринда ўлтирувчи ўғил боланинг жавобини қаранг эмиш фирқа ўргани бўлғони учун «Муштум»нинг материаллари текширилмасдан, устига штамп босилиб берилар экан. Бу ҳолда, журналнинг обллитнинг рухсатисиз чиқара бериши лозим бўлмасмиди? Ҳар бир саҳифа материалга штамп босишнинг нима ҳожати ва карточка ёзишнинг қандай зарурати бор эди? Бу масала жуда муаммо. Тузук, обллитнинг рухсати, яъни штампаси бўлиши маним учун зарарлик эмас, лекин ўзим матбаада материални кўрган чоғимда штампа йўқ эди…

Қисқача таржимаи ҳолимни баён этиб, сўзимнинг охирида шуни айтмоқчиман: Мақолани зарарсиз ва журналга мувофиқ топиб босишга рухсат бергувчи Комилнинг ўзи эди. Бу кун ўз лавзидан қайтиб, виждони олдида қип-қизил ажива бўлғувчи, мени қоралағувчи ва устимга бошқа бўҳтонларни тақиғувчи ҳам унинг ўзи бўлди. Уч ойлардан бери, матбуот саҳифаларида ўринсиз ва бошқа,  фақат менга қаратилис бўлғон ҳақсиз ҳужумлар, англашмовчиликлар, бемаза иснодлар ва жимжималик замзамаларнинг бош омили ҳам шубҳасиз Комил ва шериклари эди. Хулоса, адоват мамлакат рангида бўялди.

Сўзимнинг охирида, ўзимнинг асли ғоя ва маслагим билан ҳам ҳозиримни қисқача таништириб қўяйин: Мен Шарқ озодлиғини ва унинг мазлум пролетариат саодатини фақат — Ленинизм орқасида вужудга чиқишиға ишонган бир кишиман. Бу гапни сизнинг берадурган жазоингиздан қўрқиб эмас, балки виждоним, имоним тазйиқи остида сўзлайман. Лекин бу озодликдағи чин курашувчилар — лавзсиз қўрқоқлар, шахсий адоват орқасидан бахт қутқучи майда кишилар бўлолмаслар; аммо ўртоқ Лениннинг соғлом, улуғ, ғазаматсиз, ғидирсиз йўлиға томон холис ниятда бел боғлағувчи қаҳрамонларгина бўлурлар. Маним ҳақимда ким нима деса десин, лекин мен Маркс ва Лениннинг ҳароратлик шогирдиман, чунки, мен Лениндан руҳ олиб, Марксдан илҳомландим.

Сўзим охирида одил судлардан сўрайман: Гарчи мен турлик бўҳтон, шахсият ва сохталар билан, ҳам англашилмовчиликлар орқасида, иккинчи оқланмайдурғон бўлиб қораландим. Лоақал уларнинг, қораловчи қора кўзларнинг кўнгли учун бўлса ҳам, менга энг олий бўлғон жазони бера кўрингиз. Кўнглида шамси ғубороти, тескаричилик мақсади бўлмоғон содда, гўл, виждонлик йигитга бу қадар хўрликдан ўлим тансиқроқдир. Бир неча шахсларнинг орзусича, маънавий ўлим билан ўлдирилдим. Энди жисмоний ўлим менга қўрқинч эмасдир. Одил судлардан мен шуни кутаман ва шуни сўрайман.

1926 йил, 16 июнь. Самарқанд