Инқилобий матбуот базмимизнинг ёши олтиға етди, деб бу кун ўзбек қизил матбуотининг чирмандакаш ва ноғорачилари «Тўй устига тўй» қилар эканларки, бу хабари жонсўзни[1] кеча эшитиб, чуқур бир энтикиб қўйдим. Чунки фақирингиз бу базмнинг аъзоларидан бир фард[2]; баракаллачиларидан бир менгров[3]; қийқуруқчиларидан бир тутал[4], ҳам чарчамайтурған бир тентак чапакчиси эдим. Шунинг учун бу тўйда иштирок этиб, олти йиллик бу базмдан олған таассуротимни юмалоқ-ясси қилишим керак бўлар эди.
Иштирок йўсунини узоқ ўйлағач, хотири шарифимга хунук-хунук гаплар, чучма-чучмал ишлар келиб ҳайрон бўлдим ва бу галги вазифамнинг нечоғлиқ «хумса» ҳам «дағал» эканини онгладим. Ўйлай-ўйлай, ниҳоят отнинг бошини тортиброқ иш кўрилсин, акаларнинг энсаси қотарлиқ гаплар бўлмасин, деган қарорни бердим.
Фақирингиз бир хил акалардек қурбақа ҳам лайлаклардан мисоллар келтириб, фалсафага бўкиб, ўқуғучининг миясини қоққач, қатиғини қўлиға бериб ўлтуришни унча дўст тутмайман-да, тўппа-тўғри масаланинг манбаига қараб йўл соламан. Чунки ҳамма фисқу фасод манбаъда бўладир, манбаъдан бир нарса тополмағанда қўлға асо ушлаб тимискилашнинг ва калга[5] ва на кўрга[6] бир пақирлик фойдаси йўқдир. Олти йиллик матбуот байрамимизда ҳам шу хатти-ҳаракатни таъқиб қилсам иш бениҳоят енгил кўчиб, кундуз куни чироқ ёқиб ўғри қидиришға ҳожат қолмайдир. «Олти йиллик қизил матбуотимизда ким нима иш қилди?» деб ўзим-ўзимга сўроқ берсам-да, бунинг жавобларини санаб кетсам, албатта, гапдан-гап, чўпдан-хас чиқиб иш бемазага айланадир. Бас, энди нима иш қилиш керак?
Манимча, ишни астар-авра қилиб ўлтурғандан кўра шу олти йиллик базмдаги чирмандакашларнинг номаи аъмолларини[7] бир карра кўздан кечиришнинг савоби етмиш йиллик ибодатдан ортиқдир. Биноан алайҳи, сурнайчиларнинг номаи аъмол ёхуд қисқача таржимаи ҳолларини бир-бир кўздан кечирайлик.
Олти йиллик қизил матбуотимизнинг биринчи марди-майдонларидан санаб, тепанинг бошига Фитрат билан Назир Тўрақулларни қўямиз-да, уларга ожизона арз этамиз: «Мерси, сизларга!» Шундан кейин бир оз ризосизлиқ вазиятини олиб айтмасак-да, айткандай бўламиз:
Суқдан бўлдими, мечкайдан бўлдими, ҳар нечук-да юқори кўчани қўйиб, қуйи кўчадан кетдингиз? Тўғри кўчадан алжиб, лўли кўчасига бурилдингиз ва шунинг ила довдираган матбуотимизни қовжиратдингиз…
Карнайчиларимизнинг учунчиси Усмонхондир[8]. Тўрт томонға югуриб, тили бир ярим қарич осилған; бир кўзи мағрибда, бир кўзи машриқда; серҳаракату бебаракат, бир кишини истаб юрган бўлсангиз, бевосита ўртоқ Усмонхонға учрашингиз…[9] Зиёда чимегўйям?[10]
Шоирларимизнинг биринчиси Чўлпон афандидир. Бу кун қизил гулу эрта нафармон гул; ҳали денгиздаги чўб бўлса[11], бир оздан кейин дунёни сел олғанда тўпуғиға чиқармайтурған, маслакида собит, аҳдида қойим[12], кўз кўриб, қулоқ эшитмаган ажиб бир қаҳрамон. Унинг олти йиллик хизмати ҳам шу йўлда бўлди.
Ашурали домла[13] «Садойи Фарғона»дан[14] жонли бир тарих. Инқилоб тўлқини бир хил акаларни четка қоқиб турған бўлса, аммо Ашурали инқилоб билан бирга оқди, унга берилатурган қийматнинг маркази сиқлати[15] ҳам шундадир. Имло тўполонида[16] домлалар сафига ўткан бўлса ҳам, кейиндан бир неча фирибгар, айниқса, Абдулла Раҳматнинг[17] авроғиға осонғина алданди.
Абдулла Авлоний[18] бир маҳал гаримсар тегиб, кутулмаган жойда қоракосов бўлиб қолди. Ҳозирда ўчоқ кавлашдан бошқаға ярамайдир.
Мирмуҳсин[19] ўртоқ тўғрисида нима дейишга ҳам ҳайронмиз. Матбуотимиз Мирмуҳсиндан фойдаландими ёки Мирмуҳсин матбуотданми, ҳар ҳолда, шу иккининг бири бўлса керак.
Садриддин Айний[20] инқилобнинг бошларида бир мунча ишлаб юрди, ундан кейин «Бухоро жаллодлари»ни ёзди, шундан сўнг ўзи ҳам Бухоро жаллодларининг қўлиға тушди. Инна лиллаҳи ва инна илайҳи рожиъун[21].
Шаҳид Эсон[22] Истанбулнинг Туркистонга бўлған ягона совғасидир. Лекин шуниси ажабдирким, Эсон афандининг сўзига матбуот тушунмағанидек, матбуотникига Эсон афанди ҳам тушунмайдир. Бу уни бир пулга олмаса, у ҳам буни уч пулга олмайдир. Ҳар ҳолда, айб дўлдами, тошдами, бунинг ҳукмини келгусига ҳавола қиламиз.
Ҳожи Муъин[23] ибн Шукруллонинг олти йиллик умри таржимаи ҳол ёзиш билан ўтди. Ишсиз қолғанида соғ кишиларнинг таржимаи ҳолини сўраб, юракларини орзиқдирди. Бир вақтларда мутаваккилан алоллоҳи[24] биттасини «ўлди»га чиқариб «Зарафшон»да марҳумнинг таржимаи ҳолини ёзиб бошлаған эди, бироқ таассуфка қарши «раҳматлик» ўлмаган экан, яъни марҳумнинг ўзи билфеъл[25] газетада узр ёзиб, Ҳожи Муъиннинг юзига бир шапалоқ қўйиб, аранг таржимаи ҳолчининг чангалидан қутилиб олди. Ҳар нечукда Ҳожи Муъин кўз остиға олған кишилари (мавзулари) кўб бўлса ҳам, бахтка қарши ҳамон марҳум бўлмай, бечорага тузукрак ишлашга имкон бермай келадирлар. Бу жиҳат билан қарағанда Ҳожи Муъин афанди маъзурдир[26].
Олти йиллик базмимизда иштирок қилған татар ўртоқларнинг биринчиси Абдураҳмон Саъдийдир[27]. Тарелка тутиш[28] ва бошқа анов-манов, олди-қочдиларини истисно қилғанда холис бир сиймо бўлиб қоладир.
Неъмат Ҳаким[29] Абдураҳмон Саъдий билан ёқа ушлашканда танда, бозорни[30] яхшиғина қизитқан эди. Саъдий билан оғиз-бурун ўпушғач, томошабин анқовларни жуда зериктириб қўйди.[31]
Иззиддин Сайфулмулук[32] ўзининг ягона хизматининг самараси бўлған сифилисни биринчи галда Туркистонга тақдим этди, минбаъд ундан сўзак, сил, моххов ва бошқа юқумлиқ касаллар кутамиз.
Зариф Баширий[33] билар-билмас лўлининг эшагини суғориб, пулини олиб келди, унча-мунча иғвоси ҳам йўқ эмас.
Вали Алломўв (Нурмат)[34] ажойиб бир истеъдодга молик таржимондир. Ўзи ҳақиқатда элли оғиз чамаси ўзбекча сўз биладир. Лекин ўзининг фавқулодда истеъдоди соясида шу элли оғиз дастмояси билан ўн минг калималик маъноларни ифода қила оладир. Ўзбекча сўз қаҳатлигига учралған бир замонда, Алломўв ўртоқнинг бу ҳунари шоёни таҳсин ва тақдирдир.
Ёш ёзғучиларимизнинг бириси бўлган Санжар[35] ўртоқ ялқовлиқда ягона бўлиб чиқди. Кўринишда иш по горло, ҳақиқатдачи; эҳе…
Вадуд Маҳмуд ўртоқ[36] бир буродаримизнинг тасвирича «кўклам»дир, кўкламнинг ёзи билан кузи қалай бўлишини ҳозирдан айтиб қўймоқ номаъқул бузоқнинг гўштини емакдир.
Ўктам афандини[37] ҳам Санжар билан никоҳлаб қўйсақ ажойиб бир ялқовлар оиласи вужудга келтирган бўламиз. Ёмоннинг бир қилиғи ортиқ, деганларидек, бу қурғуримиз ўлгунча мамаданаи Худо урган бўлиб чиқди.
Шокиржон Раҳимий[38] пулни жуда-жуда яхши кўрганидек, «командирўвкани» ўшанча ёмон кўрадир. Пуллик жойга ўзини томдан ташлайдир. Командирўвка десанг, безгаги ушлайди. Пешонаси кенг, томоқнинг заволи.
Зиё Саид[39] ёхуд ноғорачининг баччаси, уста кўрмаган шогирд ҳар мақомға ҳам йўрғалайди.
Зеҳнийга[40] Элбекда нима ғаразинг бор?
Элбекка[41] Сани Зеҳний чақираяпти…[42]
Олти йиллик қизил матбуотимизнинг ўгутлари[43] мана шулардан иборат, десак бўладир.
Тош-торозу ўқуғучининг қўлида. Шунинг учун баҳо қўйиш комиссиясининг кераги йўқ.
Жулқунбой,
«Муштум», 1924 йил, 21 июн, 4(29)-сон, 2-3-бетлар
[1] Хабари жонсўз — жон ўртовчи хабар.
[2] Фард — киши, шахс.
[3] Менгров — меров, овсар.
[4] Тутал — бирон фикрни телба-тескари ифодалаш сўз ўйини; масалан: олтита қозон олдим; тўрттаси тешик, иккитасининг таги йўқ.
[5] Кал — айёр.
[6] Кўр — нодон.
[7] Номаи аъмол фаришталарнинг инсонларнинг яхши-ёмон ишларини ёзиб қўядиган дафтари.
[8] Усмонхон Эшонхўжаев — (1898 — Андижон — 1938) муаллим, журналист, таржимон. 1915 йилдан компартия аъзоси. Москвадаги Я. М. Свердлов номли коммунистик университетда ўқиган (192022). ТуркАССР Маориф халқ комиссарлигида ишлаган (1922-24). 1924-25 йилларда «Қизил Ўзбекистон» газетасининг муҳаррири, ЎзбКП МК ташвиқот-тарғибот бўлими мудири, сўнгра Сирдарё вилоят партия комитети секретари (1926-31), 1931 -36 йилларда Москвадаги Қизил профессорлар институтида ўқиган. 1936-38 йилларда ВКП(б) Нижний Новгород ўлка комитети ташкилий бўлими мудири, Шимолий Кавказ вилоят комитети секретари, Красноуфимск т. й. бошқармаси бошлиғининг сиёсий ишлар бўйича ўринбосари. Шахсга сиғиниш даврининг қурбони бўлган.
[9] Муаллиф Усмонхоннинг бир вақтнинг ўзида жуда кўп юқори лавозимларда ишлаганлигига ишора қиляпти.
[10] Бундан ортиқ нима ҳам дердик.
[11] Муаллиф Чўлпоннинг «Сомон парчаси» шеъридаги:
Муҳит гирдобида бир сомон парча,
Бир похол чўпидек оқиб бораман…
Кирмайман кўчанинг боши беркига,
Чунки таслим бўлдим муҳит эркига…
мисраларига ишора қилиб, шоирнинг тушкунлик кайфиятини танқид қилиб, озодликдан умид узмасликка далда бериб ўтяпти.
[12] Қойим қарорли.
[13] Ашурали Зоҳирий — (1885 — Қўқоннинг Ойим қишлоғида туғилган — 1938) маърифатпарвар, матбаачи, тилшунос, муаллим. Дастлаб Қўқондаги Мадалихон мадрасасида таҳсил олган. 1907 йилдан Қўқон рус-тузем мактабида ўзбек тили ва адабиётидан дарс берган. 1916 йилдан «Садои Фарғона», сўнгра «Фарғона» газетаси редакциясида адабий ходим бўлиб ишлаган. Шу даврда Фарғона педтехникумида ўзбек тили ва адабиётидан дарс берган. Навоийнинг «Муҳокаматул-луғотайн» асарини (1918) ва икки жилдлик «Русча-ўзбекча луғат»ни (1925) нашр эггирган. Шахсга сиғиниш даврининг қурбони бўлган.
[14] «Садойи Фарғона» 1914 йили Фаргонада биринчи марта ўзбек тилида чиқарилган газета. Унда Ашурали Зоҳирий мусаҳҳиҳ бўлиб ишлаган. Юзтача сони чиқиб тўхтаган.
[15] Маркази сиқлат — моҳият, мағиз.
[16] Имло тўполони 1921 йилнинг январ ойида Тошкентда бўлиб ўтган Тил-имло қурултойида катта баҳслар бўлиб, унда араб графикасининг ислоҳ қилинган шакли тасдиқланган эди.
[17] Абдулла Раҳмат — фарғоналик маорифчилардан.
[18] Абдулла Авлоний (1878-1934) олим ва ёзувчи, шоир, жадид матбуотининг асосчиларидан. Сўнгроқ маъориф ва давлат ишлари билан банд бўлиб, матбуотдаги фаолияти сусайган эди, муаллиф шунга ишора қиляпти.
[19] Мирмуҳсин Шермуҳамедов — (1895, Тошкент, Махсидўзлик маҳалласида туғилган— 1929, Тошкент). Ўзбек матбуоти асосчиларидан бири, журналист ёзувчи. 1913 йилдан маҳаллий матбуотда ижтимоий сиёсий руҳдаги мақолалари ва шеърлари чоп қилинган. 1916-17 йилларда У фадаги «Олия» мадрасасида таҳсил олган «Иштирокиюн», «Қизил байроқ», «Туркистон», «Касабачилик иши», «Батраклар», «Қизил Ўзбекистон» газеталарининг, «Коммунист», «Касабачилик ҳаракати» журналларининг муҳаррири. Шахси қораланган.
[20] Садриддин Айний — (1878 — Ғиждувонга яқин Сокгаре қишлоғи — 1954 — Душанбе) тожик-ўзбек халқининг улкан ёзувчиси, публицисти, шарқшунос олими, жамоат арбоби.
[21] Биз барчамиз Аллоҳнинг бандаларимиз ва албатта, яна унинг ҳузурига қайтувчидирмиз (Қуръондан, Бақара сураси, 156-оят).
[22] Шаҳид Эсон Муса ўғли —(1885, Тошкентнинг Сассиқҳовуз маҳалласида туғилган —1938, Тошкент) Каллахона маҳалласидаги биринчи ва иккинчи босқичдаги бошланғич мактабларида таълим олади. 1909 йил ўз ҳовлисида жадид мактаби очиб болаларни ўқитади. 1911 йилда Истамбулга кетиб дорулфунунда тил-адабиёт, тарих-география факультетида ўқийди. 1916 йилда тугатиб, шу дорулфунунда тил тарихи ва қадимги туркий халқ оғзаки адабиётидан дарс беради. 1917-18 йилларда ўша ердаги Султония педагогика билим юртида турк тили грамматикасидан ҳам дарс беради. 1920 йил «Афанди» (профессор) илмий даражаси берилади. 1922 йили баҳорида Туркистонга қайтади ва бу ерда «Наримонов» билим юртига мудир этиб тайинланади. 1928 йил аксилинқилобчилиқда айбланиб уч йилга қамалади. Қамоқдан қайтиб, ўзбек миллий кутубхонасида ишлайди. 1937 йилда август ойида қамоққа олиниб, 1938 йил 5 октябр куни отилади.
[23] Ҳожи Муъин Шукрулло — (1883 — Самарқанд — 1942 Тошкент) эски мактабни тугатиб, 1901 йилдан ўқитувчилик қилган. 1913-14 йилларда «Самарқанд», «Хуррият» газеталарида, «Оина» журналида адабий ходим бўлиб ишлаган. Шеърий тўпламлар ва драма асарларимуаллифи. Умрининг сўнггига қадар ўша давр матбуотида фаол ипггирок этган. Шахсга сиғиниш даврининг қурбони бўлган.
[24] Аллоҳга таваккал қилган ҳолда.
[25] Билфеъл — амалда.
[26] Маъзурдир — узрли.
[27] Абдураҳмон Саъдий — (1889 — Уфа губерняси, 1956 — Самарқанд) адабиётшунос, муаллим. Троицк шаҳрида мадрасани тугатиб (1906) рус-татар мактабларида ўқитувчилик қилган. Истамбул дорулфунунини тамомлагач (1907-11) ватанига қайтиб ўқитувчилик қилган. Адабиётдан дарсликлар тузган. Тошкент, Самарқанд, Фарғона ўрта ва олий ўқув юртларида дарс берган (1921-56). Дастлабки ўзбек адабиёти кафедраларини шу киши ташкил қилган.
[28] Тарелка тутиш — лаганбардорлик, хушомадгўйлик.
[29] Неъмат Ҳаким — татар адабиётшуноси, тилшунос.
[30] Танда бозор — тез, чаққон, жинни бозор, ўтмас моллар кўр харидорга сотиладиган бозор.
[31] 1921 йилда ўтказиган тил-имло ислоҳотида бу икки татар олими матбуотда ўзбек тил-имлоси хусусида кўп илмий мунозара қилган эдилар, муаллиф шунга ишора қиляпти.
[32] Иззиддин Сайфулмулук — татар доктори, бу киши ўша давр матбуотида турли тиббий мавзуларда мақолалар ёзиб халқни маърифатга доҳил қилган эди. Умрининг охирларида Сибирда ўн йил ахлоқ тузатиш лагерларида хизмат қилиб қайтиб, Тошкентда саксон ёшларда, 1946 йил вафот этган.
[33] Зариф Баширий — (1882-1962) татар шоири, адиби, публицисти, Фердинанд Дюшеннинг «Тамилла», «Қамар» рўмонларини ўзбек тилига таржима қилган.
[34] Вали Алломов — татар журналисти, узоқ йиллар «Қизил Ўзбекистон» газетаси муҳарририятида ишлаган.
[35] Санжар Сиддиқ — (Босит Сиддиқов, 1902— Тошкентнинг«Сарчопон» маҳалласида туғилган — 1938 Тошкент) таржимон, журналист, танқидчи. Ўзбекистон ССР Давлат нашриётида адабий ходим (1926-27), муҳаррир (1929), «Китоб ва инқилоб» (1932-33), «Гулистон» (1935-37) журналларнинг масъул котиби. Ўша давр матбуотида фаол иштирок этган. Кўплаб адабий, сиёсий асарларни ўзбек тилига таржима қилган. Шахсга сиғиниш даврининг қурбони бўлган.
[36] Вадуд Маҳмуд — (1898-1977) Самарқандда туғилган — адабиётшунос, мунаққид, 20-йиллар матбуотида фаол қатнашган. Шахсга сиғиниш даврида узоқ йиллар жабрланган.
[37] Ўктам-Қаюм Рамазон (1897 — Тошкенг—1942) муаллим, тилшунос олим, эски ва янги усуллардаги мактабларда ўқиган. Мактаб, техникум ва институтларда ўқитувчи, илмий ходим бўлиб ишлаган. Ўзбек мактаблари учун ўзбек тилидан дарсликлар ёзган. Шахсга сиғиниш даврининг қурбони бўлган.
[38] Шокиржон Раҳимий — (1898 — Тошкент—1938) шоир, ёзувчи, матбуотчи, муаллим, кўплаб дарсликлар муаллифи, маориф бўлимларида ишлаган. Шахсга сиғиниш даврининг қурбони бўлган.
[39] Зиё Саид — (1901-1938) журналист, ёзувчи, драматург Қосим Солиҳовнинг тахаллуси, шахсга сиғиниш даврининг қурбони бўлган.
[40] Зеҳний — Тўрақул Нарзиқулов (1892 — Самарқанд — 1983 — Душанбе) муаллим, матбаачи, адабиётшунос, тилшунос олим. Шахсга сиғиниш даврида жабрланган.
[41] Элбек — Машриқ Юнусов (1894 — Тошкент вилояти, Хумсон қишлоғи — 1942). Шоир, носир, тилшунос, таржимон, танқидчи. Шеър ва ҳикоялари ўша вақтдаги вақтли матбуотда чоп этилган, мактаб ўқувчилари учун дарсликлар ёзган. Шахсга сиғиниш даврининг қурбони бўлган.
[42] 1924 йил «Туркистон» газетасида чоп этилган Элбекнинг тилга оид мақоласини Зеҳний танқид қилиб ўтган эди. Муаллиф шундан киноя қиляпти.
[43] Ўгут — ўгит, насиҳат.