Бу йўлларни қоралағучининг ота-бобоси ҳазрати Одам атодан тортиб, гоҳи деҳқон, гоҳи мардикор, гоҳи саржинчи, қисқаси шулки, зодагонлар таъбирича, «Бири бит бити сирка» бўлмай келган ўнқовсизлар[1] синфидандир. Аммо мен бўлсам мустамлакачилар калтагини еб, калтак зарби билан кўзим мошдек очилиб (уруб қолинг айланай почча!) алқисса, ота касбим боғдорлиқ бўлса ҳам, замонанинг зайли, тўғриси, мўдаси билан отимни муҳаррир, ўзимни зиёли, Шарқни мазлум, Англияни золим, батинка кийишни маданият, гуруппабозлиқни салоҳият, динни таассуб ва моддани табииётдан ҳисоблаб келмакдадирман. Шунчалик фазлу камолни санағандан сўнг ўз-ўзидан маълум бўлса керакки, фақир унча-мунча кафши кўчада қолган алвир-шалвирлардан эмасдирман. «Ранг кўр, ҳол сўр», деган экан машойихлар.
Бу энди, маслаки шариф[2].
Баъзи бир яратилғанча қолған ўртоқларим майдонда бўлмасалар эди, ўзимни шунчалик кенг маслагимга яраша мақсадимни ҳам очикдан-очиқ сўзлаб берар эдим. Лекин гап шундоқ бўлса ҳам, бу ўринда фақат сизгагина юрагимни очиб солмоқчиман. (Бироқ сўз шу ерда қолсин, зинҳор сўзни чувалтириб, темирчилик қилиб юрманг, ўртоқ, зинҳор!) Дуруст, оёқ олишимни кўргач, душман синфнинг «Нотавон кўнгилга қўтур тоғора», дейишида шубҳа йўқ. Модомики, маним мақсадимга, яъни орзу-ҳавасимга замин бор экан ва замон мусоид[3] экан, нега ман дўсти-душманнинг таънасидан-тўввасидан ҳуркиб турай? Модомики, маним ҳаммаслак ва ҳаммақсадим бўлған ўртоқларим ўз ғояи омолларини[4] феълан ва амалан исбот қилмоқда эканлар, нега ман мулоҳаза дарёсида чўмилай?
Бирлаб эмас, юзлаб ўртоқларим расмий бўлмаса-ю, думалоқ-ясси равишда хотунни икки қилмоқда эканлар, токай ман бир хотун билан азиз умримни барбод берай?
Тўққузлаб эмас, тўққуз юзлаб ишчи ўртоқларим оғилда отлиқ, далада қўшлиқ, чўбонда қўйлиқ бўлиб қолған эканлар, ман токай яғир эшакка ҳам эга бўлмай?
Баъзи биравларим Бухоро ва Хўтан деган жойлардан ипак гиламлар келтирганларида ва Масков, Ленинград деган шаҳарлардан роял деган маблағлар, ойнаи жаҳоннома деган лаш-лушлар олдиртирғанларида, токай ман отам марҳумдан қолған эски пўстакда умур кечирай. Хотунгинам роял ўрнига чарх йигирсин ва ман ойна тополмай афтимни тиниқ сувдан кўрай?
Дўстларим, оқ уй ола баргоҳлар солиб айшу ишрат қурғанларида, токай ман ҳар соат саждага мойил турған чорчўпнинг орасида «Ла ҳавла»… ўқуб кун кечирай?
Дўстларимдан биттаси икки минг червонска тушириб, шоҳона бир иморат қилған экан, ўткан кун фотиҳага бориб келдим. Нафсиламрга қарағанда, Тошкандда ўзининг олий бинолар солиши билан машҳур бўлған Тўхтажонбой ва Орифхўжа эшонларни бир чўқишда қочиратурған бино бўлибдир. Ҳордиқ чиқарғандан сўнг «Кўча томонга исириқ боғлаб қўй, меҳмонхонангдан ошна-оғайнини узма, дастурхонингни калу кўрдан аяма!», дедим. Ошнамнинг яхши ният билан қилған иморатини баъзи бир маорифсираган муттаҳамлар, «Мактаб учун мувофиқ бино бўлибдир, от айланиб қозиғини топар!» деб ивир-шивир қилар эканлар. Кўчага чиқған эдим, иморатни томоша қилғучилардан бўлған бир тийиқсиз шоир:
Вақтоки афтодаҳол эдинг, елкангда апкашинг,
Сут ўрнига сув сотиш касб эрди санга яккашинг.
Ажабо, бу кўрдиғим тараққо-туруқ надир?
Ажабо, бу шоҳона қасиру равоқ надир?!
деб таъна тошини отмоқчи бўладир. Буржуазия идеолўгияси билан суғорилған бу шоирни яхшилаб койидим ва «Товшингни ўчир, ҳароми!», дедим.
Бас, санга ўртоқ, маълум бўлған бўлса керакки, бу мақолам билан нима демакчиман. Худойға шукр, манда ҳам ўғул-қиз бор, бас, манда ҳам орзу-ҳавас бор, лекин толеъ деган муттаҳам йўқ.
Ман бошда:
Қалам гуфтоки, ман шоҳи жаҳонам,
Қаламкашро ба давлат мерасонам.[5]
байтига ишониб ёзғучилик касбига киришкан ва ҳар соат тепа туйнукдан тушиб келатурган давлатни куткан эдим. Лекин энди етти йилдирки, на давлатдан хабар бор, на қорним тўйиб томоқ еган кунимни эслай оламан. Этагим этагимга еткан бўлса, Тошпўлад тажангнинг ҳаққу ҳурмати! «Қалам гуфтоки…»нинг шоири тўнғуз қўпса-чи, мани етти йилдан бери бекорга сарсон ва саргардон қилди, ҳаром тукимга турмайтурған хашпара[6] махсимлар ёруғ дунё орзу-ҳавасининг арши аълосигача бориб етканларида, ман қўтир итнинг кейинги оёқи ҳам бўлолмадим. Кеча уйда ўлтуриб, ўткан самарасиз кунларимга вовайло ўқур ва нафсимга анвоъи сарзанишлар[7] берар эдим. Ниҳоят бошимға бир савол келди:
Модомики, дунёға келиб орзу-ҳавас кечирмакчиман, модомики, ипак гиламларда, шоҳона биноларда сайру гулистон этмак асли ғояи омолимдир; бас, энди нима қилай?
Албатта, биринчи галда эски шиорим бўлған «Қалам гуфтоки…»ни чурук латтага тугиб, тоқчаға ташлашим керак эди, ташладим ва қаламимни қарс этдириб иккига бўлдим, шунинг ила баракасиз ёзғучилик касбим билан видоълашдим. Аммо муроду мақсадга тезроқ етишмак учун восита бўлған янги касб сайлаш масаласида миям суйила бошлади.
Янги касбим учун деҳқончилиқни чоғлаб боқдим. Лекин бу касб, хусусан, шу замонда эпақалиқ ҳунарга ўхшаб кўринмади. Шундоқки, башарти деҳқончилиқ қилғанимда бир йилда бир юз пут ҳосил олсам, бир пут буғдой саксон тийин бўлса, мундан ўттуз пути капсанга[8], яъни пўстдумбага чиқиб кетса[9], сотиб пулига нохотшўрак олиб есам… «Йўқ», дедим: сан манга тўғри келмас экансан, дедим.
Сўнгра пахта экишни жўплаб кўрдим. Башарти икки ботмон ерга пахта эксам, пахтам бўлди, деб турғанимда, челаклаб қору ёмғурни қуйиб берса-да, биринчи сўрт пахтам иккинчи учунчига тушиб, яъни беш сўмим ярмига қолиб, орзу-ҳавасгина эмас, уйимдаги эски пўстагим билан бошқа қақир-қуқурларим ҳам пахтанинг ямоғига кетса… «Ла ҳавла»… ўқуб, деҳқончилиқ тўғрисида тавба-тазарруъ қилдим.
Савдогарчилик ҳам ёнбошқа келарлик кўринмади; «ур» дейишдан қичиған жойинг қаерда, деб нолўгини солиб берсалар борми, орзу-ҳавас қия-да, Худой кўрсатмасин. Тағин бу ҳунарнинг ёввойи чиқимлари[10] ҳам беҳисоб, деб эшитканим бор. Сўнгра ҳозирги мўзабзаб[11] замонада орзу-ҳаваснинг энг аъло даражасига бориб еткан ўртоқларнинг касбларини текшириб кўрдим: Уйингга буғдой тўлаберғурларнинг кунлари ё бир саркор[12] ва ё бита-яримта олақарғахўжанинг[13] ўчоғининг кулини олиб, ҳалигидек ўғлининг тувагини тўккучи инсон афт, тўнғузнамо, мағзава махсим ўртоқларим бўлиб чиқдилар. Дарҳол ман қарор бердим:
Отингни сот, тўнингни сот, шу иккининг бири бўл,
Бўлолмасанг, аё бахтсиз, бу кунингдан кўра унниқиб ўл!
Балки сиз: «Шу афти-ангоринг билан санга ҳам ҳеми?» деярсиз ва: «Яғир эшагингни чуҳ де!» деб куларсиз. Йўқ, ман бу ҳунардан энди ортиқ тўйдим, бу сўзимни Мадикаримнинг олдида ҳам айтаман, Абдикаримнинг олдида ҳам. Модомики, маним мақсадимга замон мусоид экан ва замин бор экан, ман нега умидсизланай?
Шул кеча кўрибман бир яхши туш,
Бошимда жиғам, қўлимда қуш!..
Сиз ҳозирга «Кўкнорини кўпроқ ичибсан», дерсиз ва ҳолимга куларсиз. Аммо бир йилдан сўнг уйимга бир меҳмон бўлингиз-чи.
Боришда ўнг қўлда, келишда чап қўлда шоҳона бир иморат. «Бу кимники?» деб сўрасангиз, албатта, фақирнинг исмим тантана билан қироат қилинур, дарбозадан ичкарига кирсангиз бир гулзор, тўрда худда амири Бухоронинг аркидек олий, мутантан бир зол; бу маним сизнингдек гўсхўрларни қабул қилатурған меҳмонхонам, етти зина орқалиқ юқориға чиқсангиз, олди ромлик кайвони айвон; лекин ҳозир бўлингиз, эсингизни йўқотиб қаршидағи ойнага тўқиниб пешонангизни қашқа қилиб қўйманг тағин!
Бу ойнани Маскўв шаҳридан бир ошнам келтириб берган, баҳосини билмасам ҳам лекин қиммат, деб эшитдим. Бу ёққа киринг, буёққа; гиламнинг устидан, ҳа-ҳа-ҳа, гиламни босишға ҳайф кўрдингизми. Тўрга, тўрга, ишкафнинг тегига!
— Янги ҳовли муборак бўлсин?!
— Қутлуқ бўлсин!
Қўлингизни фотиҳага кўтарганингизда, кўзингиз девордаги шу байтка тушар:
Замонимиз замон бўлсин,
Манманлари омон бўлсин!
Жулқунбой,
«Муштум», 1925 йил, 2-сон, 20 январ, 2-3 бетлар.
[1] Ўнқов — имкон.
[2] Маслаки шариф — шарафли йўл.
[3] Мусоид — мувофиқ, уйғун, қулай.
[4] Ғояи омол — мақсад.
[5] Қалам дейди, мен шоҳман жаҳонга,
Қаламкашни еткизурман давлатга.
Низомий Ганжавий.
[6] Хашпара — хаштпора, бир пул, арзимас.
[7] Сарзаниш — танбеҳ; койиш.
[8] Капсан — хирмон кўтарилганда камбағалларга бериладиган улуш.
[9] Чиқитга, яъни ўша вақтдаги Янги Иқтисодий Сиёсатга мувофиқ деҳқонлардан олинадиган солиғларга, демоқчи.
[10] Ёввойи чиқим — турли налог ва поралар.
[11] Мўзабзаб — нотинч, бетайин.
[12] Саркор — хўжайин.
[13] Олақарға — келгинди.