Абдулла Қодирий. Бир йил (1925)

Жиддий

Ўйчи ўйини битирғунча, ишчи ишини қип қўяди, депти боболар. Шунга ўхшаш «Иттиҳоди ислом» ва «Иттиҳоди турк»[1] деб жовраб, бошини қовуштирса оёқиға ҳайрон бўлиб юрган ахди иттиҳодлар[2] истиҳорадан[3] бош кўтаргач кўрдиларким, арава лайлак! «Ла ҳавла валақуввата» ўқилди ва оҳистагина савол берилди:

Бу нима деган гап? Худоё тавба: қозоғи ўз олдиға хон, тожики ўз бошиға султон, ўзбеги ўз жўниға[4] бек! Бас, бизнинг иттиҳоди фалон отлиқ сассиқпопишагимиз[5] қани? Бу жониворнинг қанот-қуйруғини қайси уйинг куйгур мутади ва уйимизга ким ўт қўйди?[6]

Қопини йўқотқанларнинг ишини қип қўйған, албатта, биз эдик. Зеро, кўкармаган дарахтни, албатта, кесиш ва ўрниға янгисини экиш керак эди. «Иттиҳоди фалон» деб, дўконига вивиска қоққан бу бенаволар[7] юз йиллардан бери кўбчиликка қуриған ариғдан сув бағишлаб, шамолдан луқма берар эдилар. Байи бу дунё, пули охират бўлған бу «иттиҳод» хўлёлари[8] худда ваҳиманинг онаси ва лофнинг айни бемазаси эди.

Шубҳа йўқким, ўша «иттиҳод» жиннилари бу кун ҳам бизга бурчак-бурчакдан фисқ отарлар:

«Миллатларни қирқ тўққузга бўлиб, ўзбошимчалиқ кўйига солдингиз ва дард деса куйдирги айтадиган қилдингиз», деярлар. Ушбу бурчак иттиҳодчилариға бизнинг берадирган жавобимиз бир: «Биз ҳақиқатни ҳаётдан олдиқ. Ҳаммадан илгари шахс ўзини танисин, сўнгра бошқани! Зеро, «Ўзини билмаган ўзгани билмас», сўзи турмуш онасининг дард чекиб туққан тўнғич ўғлидир. Биз миллатларни озод ўсдирғач, доираси ғоят тор бўлған, иттиҳоди ислом ва ё туркгина эмас, балки бутун дунё меҳнаткаш ва деҳқонлари иттиҳоди; энг авжида бутун дунё инсонлари иттиҳоди вужудга келтирамиз!»

Озод Ўзбекистоннинг бир йиллик тўйида орамиздағи ўзбек, тожик ва қозоқлиқ иғволарини алангалатиб юрган дуварак[9] одамларни йўқотмоқ қасамини ичайлик.[10]

Шилғай.

«Муштум», 1925 йил, 22-сон.

[1] «Иттиҳоди ислом» («Ислом бирлиги») XIX аср охири ва XX асрнинг биринчи чорагида Ўрта Шаркдаги мусулмон мамлакатларида вужудга келган фикр. Асосчиси Жамолиддин ал-Афғоний Ғарбий Европа мамлакатларининг босқинчилик сиёсатига қарши курашда мусулмон халқларини бир-бирларини ҳимоя қилишга чақириб, ўзининг «Панисломизм ва пантуркизм» номли мақоласида; «Исломга қарши душманлик христиён халқларининг ҳаммасида бордир. Христиёнлар исломни йўқотиш мақсадида жуда кенг бўлған бир иттифоқ қилишга ҳозирдирлар. Ушбу аҳволлар бутун дунё мусулмонларининг ўз истиқлолиятларини сақламоқ ва Оврўпони кучайтиришка сабаб бўлған тараққиётни ҳосил қилмоқ йўлида мудофаа йўллук бирлик ясамоқларини илтизом (мажбурият) этадилар», деб исломчилик ғоясини баён этади. Бу фикр амалий тарқалишининг олдини олиб ғарб мустамлакачилари томонидан «панисломизм» атамаси (пан юнон.) қамраб олиш маъносини ифодалайди) сиёсат майдонига олиб кирилди. Россия миссионерлари 1908 йилдан бошлаб бу атамани Россия Давлат Думасига олиб кирдилар ва ўз адабиётларида тарғиб қила бошладилар. Бу воқеа 1906 йил 17 октябр манифестидан сўнг маълум бир эркинликка эришган Россиянинг мусулмон халқларини сиёсий жиҳатдан босимда ушлаш ва уларнинг ижтимоий-сиёсий фаолиятини тўхтатиш учун қаратилган ҳаракат эди.

Исмоил Гаспиралининг «Таржумон» газетаси чоп этилиши ва унинг Кавказ ҳамда Ўрта Осиёда, шунингдек, татарлар ва бошқирдлар орасида ҳам кенг тарқалиши, унда туркий халқларни ижтимоий жиҳатдан уйғонишга даъват қилувчи мақолаларнинг чоп этилиши муносабати билан ва бир миллат сифатида уюшишга интилаётган ўзбек, қозоқ, қирғиз, татар, бошқирд, қрим-татар, озарбайжон ва бошқа миллатларнинг бирлигини йўқотиш мақсадида «пантуркизм» атамаси сиёсат майдонига олиб кирилди. Аммо бу атамалар сиёсий жиҳатдан ғалаба қозонмади. Лекин болшевиклар ҳукумати миллий зиёлиларни ноқонуний жазолашлари учун бу икки атама ниҳоятда аҳамиятли бўлди. 1920, 1930, 1940, 1950 йиллар қатағони даврида давлат жазолаш ташкилотлари айблов учун бу атамалардан жуда унумли фойдаландилар.

[2] Иттиҳод — иттифоқ.

[3] Истиҳора намози — ухлашдан олдин бирон ният қилиб истиҳора намози ўқиб ётилса, жавобини Аллоҳ кишининг тушида аён қилар экан, Аллоҳдан илҳом сўраш.

[4] Жўнига — ҳақида, тўғрисида.

[5] Сассиқпопишак — Ҳудҳуд (Муал.). Атторнинг «Мантиқ ут-тайр», Навоийнинг «Лисон ут-тайр» достонларидаги етти водийдан Илоҳнинг васлига томон қушларни (солиҳ муридларни) олиб ўтувчи қуш (пири комил, доно йўлбошчи) тимсоли: бу ерда: озодлик сари мазмунида.

[6] Бу ерда муаллиф «Миллий иттиҳод» ташкилотини ким сотганидан куюниб ёзмоқда. Бу ташкилотнинг раҳбарлари Садриддинхон муфтий Шарифхўжа қози ўғли ва Ориф Каримийлар 1921 йилда қамоққа олинадилар. Гумон қилиниб Мунавварқори ва бошқа ўзбек зиёлилари ҳам қамоққа олинадилар. Гумон тасдиқланмагани учун Мунавварқори етти-саккиз ой ушланиб қамоқдан чиқарилади. Садриддинхон ва Каримий эса қамоқдан қочиб Афғонистон томон ўтадилар. Шундан сўнг Туркистонда «Миллий иттиҳод» ташкилоти (1919-1921 йил, январ) ўз фаолиятини тўхтатади. Гарчи аъзолиги тасдиқланмаса-да 37-йилги айбловда Қодирий ҳам шу ташкилотга аъзоликда айбланган эди.

[7] Бенаво — фақир, қашшоқ (ғоявий).

[8] Хулё — хомхаёл.

[9] Дуварак — хом, ғўр; фитна одам.

[10] Муаллиф сўз даромадини ўтган тарихий воқеалардан олиб келиб айтмоқчи бўлган мақсад-фикрини мақоланинг охирги жумласида ўқувчининг мулоҳазасига тугиб беради. Бу тугунни бу кунда очиқласак, кечаги тарихдан маълумки, Чор Россияси Ўрта Осиёдаги Қўқон хонлиги, Бухоро амирлиги ва Хива хонлигини босиб олгандан сўнг, кейинчалик эса Ленин бошлиқ болшевиклар бу хонлик ва амирлик ерларида Туркистон Совет Социалистик Республикаси (1918), Бухоро Халқ Совет Республикаси (1920), Хоразм Халқ Совет Республикаси (1920)ни ташкил қилган эди. 1924 йилнинг охирига келиб болшевиклар мустамлакачиликнинг «бўлиб ташлаб ҳукмронлик қил» қоидасига амал қилган ҳолда бу республикалардан ҳозирги бешта республикаларни ясаган эди. Муаллиф мақоласининг сўнгида бу фожиали таназзулни очиқ айтолмаса-да, лекин азал қадимдан бирга ўтириб, бирга юрган маҳаллий миллат халқларини бирдамликка ва улар орасига низо уруғини сочаётган миллатчи болшевик руслардан қутулишга даъват қилиб ўтади.