Абдулла Авлоний. Тиётр хусусида мунозара

I

Кунлар баҳор фасли ўлдиғиндан дарахтлар уйғонуб, яфроғлар орасидан ранг-баранг гуллар чиқармиш, ер олти ойдан бери қорнида сақлаган алвонларини юзага чиқаруб, кўм-кўк бахмал каби ёзмиш. Ҳар тарафга қишнинг зулмидан қочган қушлар келуб, ҳар хил овозлар ила нағма ва фарёд бошламиш. Гўё бутун олам уйқудан уйғонган каби ҳар бирининг юзидан янги бир «ҳис» — туйғу ва ҳаёт асари кўринур эди. Ўлтурган ерим бир яқин дўстимнинг боғи ўлуб, мендан бошқа ики меҳмон ҳам келуб қолди. Саломлашуб ҳол сўрашуб ўлтурдук. Дўстим хонасида йўқ ўлдуғидан бир оз кутмакға тўғри келди. Келган меҳмонларнинг бири муллогина, аҳволи оламдан хабардор бир киши эканлиги сўзи ва қиёфасидан маълум эди. Икинчиси эса, ўқумаган, чапан, қизиқроқ бир киши кўринурди. Суҳбат орасида сўздан сўз урунуб кетуб тиётр хусусида сўз очилуб кетди. Буларнинг мунозараларига бир оз қулоқ солмак менга лозим бўлди.

Ч а п а н (и): — Мулло ака! Ман ул куни тиётрга бориб эдим. Хўб яхши томоша бўлди. Кейинроқ бориб қолган эканман, арзон билет тополмай, ики ярим сўмга билет олиб кирдим, сиз ҳам бориб эдингизми?

М у л л о: — Ман ҳам борган эдим, ўйинлари кўб яхши чиқди. Ҳеч бир тиётр ўйнамаган кишилар қандай бўлур экан? Бошқа миллатлар назарида қулги бўлуб қолмасалар эди, деб хавотирда эдук. Жуда хурсанд бўлдук. Бошқалар қошида бутун мусулмонларни обрўларини олуб бердилар. Тиётр кўнгилдагидек бўлуб ўтди. Шул тиётр хусусида Тошканд одамлари етмиш фирқага бўлиндилар. Баъзилари: «Тиётр ҳаром, тиётрдан келган оқча ҳам ҳаром», — дерлар. Ҳолбуки тиётр ҳаром эрмас, бидъат. Бидъат бўлса ҳам «бидъати ҳасана». «Бидъати саййиа»лардан эмас. Тиётр ҳар бир миллатнинг ямон урф ва одатларини йўқ қилмак учун, ўзини аҳволини тузатмак учун боқадургон ойинасидир. Ўшал ҳаром дегон кишиларнинг ўзлари мадраса ва ё меҳмонхоналарда бировни қиздан сулу(в) боласини кўзларидан мўлдир-мўлдир ёшларини оқизиб, бошига кокил солуб, «айлансун-ўргулсун» деб юрган кишилар! Ёки даллол ва яллочиларни(нг) ўйнатуб, тишларини оқини кўрсатуб, танга ташлатуб турган кишиларга билмайман, нима учун бул ибратхона маъқул бўлмабдир.

Ч а п а н (и): — Йўқ, мулло ака, тиётр ҳаром бўлмаса керак. Мани бир акам ҳажга борган эди. Истанбул, Миср, Қуддуси Шариф, Қозон, Ўрунбургни уч-тўрт йил юруб, саёҳат қилуб келди. Тиётр тўғрисида анинг бирлан ҳам сўзлашган эдим. Ул Қозон, Миср, хусусан Истанбул тиётрларини кўб мактайдир. Ўзинг боруб, кўзинг бирла кўрмагунча, гафуруб берган бирлан тушунмайсан, дейдир. Агар ҳаром бўладирган бўлса, Қозон, Миср, Истанбул уламолари нима учун манъ қилмаганлар? Ул ерлардаги уламолар бизнинг Тошканд уламоларини бир чўқишда қочирадирлар, дейдир. Уни-муни қўйинг, шул куни тиётрдан қанча фойда қолибдир?

М у л л о: — Салкам бир ярим минг сўм соф фойда қолибдир.

Ч а п а н (и): — О… Аскиёчилари… Ўзлари ўн беш кишича бор эдилар. Бир кечада ҳар бирлари бир юз сўмга яқин тушурубдурлар. Мендек одам буларни бир кечада топган пулларини бир йилда қанча меҳнатлар қилуб зўрға топарман.

М у л л о: — Булар ўз нафсларининг фойдасига ўйнаганлари йўқ, миллат фоидасига, яъни жамияти хайриянинг фоидасига ўйнаганлар. Тиётрдан келган соф фойдани, ўзлари бир тийин олмай, ҳаммасини жамиятга берибдурлар. Аввалги Томоша боғидаги бўлган тиётрни ҳам, рамазонда мозорда бўлган Шарқ кечасидан келган оқчаларни(нг) ҳам жамиятга берган эдилар.

Ч а п а н (и): — Айтгандек, эсимда борида сиздан сўраб қолайин, Томоша боғидаги тиётрга ҳам борган эдим. Ўшал куни ҳам томошада халқ кўб эди. Муллолар, бойлар ҳам бор эдилар. Нимага ўшал тиётр ҳаром бўлмай, пули ҳам ҳалол бўлуб, ҳеч ким лом-лум демасдан ўтуб кетди. Эмди бул тиётр нимага дуруст бўлмай, пули ҳам ҳаром бўлуб чиқди. Мунда нима сир бор, биласизми?

М у л л о: — Ман сирини яхши билмайман, лекин эшитаманки, баъзи фирқалар бизларнинг ота-бобомиздан қолуб келган одатий тўйларимизни шеърга солуб ўқуб, ҳажв қилдилар, чилонбонка деб бойларимизни масхара қилдилар, болангни ўқутмасанг, қорнинг ёрулуб ўласан, деб кулги қилдилар, дер эмишлар.

Ч а п а н (и): — Мен бир кун Пиёнбозорга чиқуб эдим, бир баққолни дўконида бир неча киши жамъ бўлуб, сўзлашуб турубдирларки, «Курер» газетада Қуръони каримни бир жуҳуд шеър бирла ҳажв қилуб ёзибдур, деб. Мана ул, тиётрда бизни ҳажв қилди, деб ул бечораларга тишу тирноқлари бирла ёпишган ботирлар, Қуръони каримни ҳажв қилғон жуҳудни тегишлик жойда сўралмоқ учун биргина ариза ҳам қилуб бера олмадилар. Мунга нима дерсиз?

М у л л о: — Эй биродар, «Ямонни кучи япалоқға етар» деган сўз тўғридир. Ул жуҳуд, булар ўз мусулмонларидир. Биз, мусулмонлар ҳар вақт бир-бирларимизни чинишмоқдан бошқа қўлимиздан бир иш келмайдир.

Ч а п а н (и): — Мулло ака, ўшал куни яна миллат, миллат деб бир шеър ўқудилар. Шул сўзга яхши тушунмадим, лекин қулоғимга яхшигина кирди. Бир оз йиғлаб ҳам олдим, ёнимда ўлтургон баъзи мулла ва бойлар ҳам фирқ-фирқ йиғлашуб ўлтурдилар. Аммо баъзи шул сиз айтган қўрумачиларми ё тош юракларми қиқир-қиқир кулишуб ўлтурдилар. Шундай аччиғим чиқдики, қўлимдан келса ҳаммасини тиётрдан чиқаруб юборур эдим.

М у л л о: — Бизларнинг миллатимиз ислом миллати, русларники насоро миллати, жуҳудларники яҳуд миллати деб айтилур! Шул куни бизлар нимага бошқа миллатлардан кейин қолдук, нимага ҳаракат қилуб ўқумадук, ҳаммага оёғости бўлдук, дунёда яшамоқчи бўлсак, ҳар хил илмларни ўқийлук, ҳар хил янги ҳунарларни ўрганайлук, биз ҳам бошқа миллатлар бирла бир…[1] кетайлук, деган мазмунда шеър ўқиғон эдилар.

Ч а п а н (и): — Балли тақсир. Байт:

Қаромуғ донаси бўлгунча, буғдойни сомони бўл,

Ямонни яхшиси бўлгунча, яхшини ямони бўл, —

дегон байтни бир мулло ўртоғим ўргатуб, ҳар вақт муллолар бирла ҳамсуҳбат бўл, чапаниларга жўрабоши бўлганингдан муллоларга ошфазлик қилганинг яхшироқдир. Чунки муллолардан ҳикматлик сўзлар эшитуб, яхши хулқлик киши бўларсан, чапанилардан баччабозлик, ичкулик, қиморбозлик, самовардан самоварга юруб, сафсатабозликдан бошқа нимани ўрганурсан, деб эди. Ҳозир ман сизнинг олдингизда тавба қилдим, эмди асло муллоларнинг суҳбатидан айрилмасман. Ўзум мусулмон бўлуб туруб, ҳозиргача биргина миллат деган сўзга тушунмайдургон даражада нодон ва жоҳил бўлуб юрган эканман. Афсус, ўтган умрларимга эмди сиз гувоҳ бўлинг, миллат деган жойда жонимни ҳам аямасман, деди. Кун кеч бўлдиғиндан бошқа фирқалар хусусида маълумот бермоқни мулло бошқа бир кунга ваъда қилди. Бир-биримиз ила хайрлашуб, боғдан чиқуб кетдик.

II

Ахшом соат бешда мулло ва чапан биродарларимиз топушуб, икинчи бир ўртоғимизнинг боғига бордук. Борган боғимиз Тошканднинг энг ҳаводор, энг яхши ерларидан баланд бир тепалик усти бўлуб, атрофининг манзараси (кўриниш) гўё бошқа бир олам каби ёхуд Исвичра[2] мамлакатининг манзараси каби кўринур эди. Рўбарўмизда ўн тўрт кечалик ойнинг бизнинг мажлисимизга электр каби ишиқ ва зиё вериши, бир тарафдан, тоғларнинг устида чўкуб ёттан бам-баёз қорларнинг, ики(нчи) тарафдан, кўм-кўк дарахтларнинг орасидан намоён бўлиши кўк бахмалга ўралмиш маҳбуб каби кўринур эди. Бир тарафдан, катта бир наҳр — йилғанинг суви ойнинг шуъласи ила оппоқ сут каби бўлуб, чоғлая-чоғлая оқуб келиши, жаноби Ҳақнинг қудратини исбот этмакда, табиатни(нг) хурсанд қилмоқда эди.

М у л л о: —

«Ажаб ибратномадир бу жаҳоннинг боғу саҳроси,

Тўлин ой сайр этадир-да, ит ҳурардин йўқту(р) парвоси», —

деб сўзга киришуб, бу байтни ўқиди:

«Умринг ўтса, хуш ўтсун, дунёда аҳли дил ила,

Меҳнати жондир вале ўлтурма ноқобил ила».

«Ўхшатмай учратмас» деганларидек, биз бир-биримиз ила хўп яхши танишдик, тез-тез суҳбат қилишуб, дилларимизнинг чигилини ёзишиб турайлук.

Ч а п а н (и): — Аввалги мажлисда менга тиётрдан тушкан оқчаларни жамиятга берурлар, деб эдингиз. Ул қайси жамият? Руснинг жамиятими ёки мусулмонларнинг ўзлари бошқа бир жамият очканларми?

М у л л о: — Вой-бўй! Ҳозиргача билмас экансиз, бу йил беш йил бўлди, мусулмонлар ўзларига махсус «Жамияти хайрия» очганлар. Тиётрдан тушган оқчаларни шул жамиятга берурлар.

Ч а п а н (и): — Жамият бу оқчаларни олуб, қаю ерларга ва нималарга сарф қиладир?

М у л л о: — Жамият тарафидан очилган камбағалхоналарга, бева-бечораларга, мактаб ва мадрасаларга, муҳтож ўқувчиларга ёрдам қиладир ва шуларга ўхшаш ерларга сарф қиладир.

Ч а п а н (и): — Ой… дуруст. Қаландархонага яқин кўнка йўлида очилган камбағалхона шул жамиятникими? Бир кун бориб кўрган эдим, беш-олти кўр, шол ва камбағаллар ётар эканлар. Ҳар бирларига алоҳида карават, жойлари озода, ҳар ҳафта кийимларини ювдуруб, ўзларини ҳаммомга олиб бориб турар эканлар. Махсус бир хизматчи ҳар куни палов-ош қилиб берур экан. Иттифоқо, бир куни бошқаларини сўзлари ила хидматчи сўк оши қилиб берган экан, бир кўр «Ман сўк ошини ичмасман!» — деб аразлаб кетибдир. Хидматчи боруб, они Хадрадан зўрға қайтаруб, олиб келибдир. Мундай яхшиликни кўрларга оталари ҳам қилган эмасдир. Тақсир, бу жамиятнинг бошлиқлари ким?

М у л л о: — Раиси ҳурматлик Боқихонбой Додахонбой ўғиллари. Муовин: Мунаввар қори Абдурашидхон ўғли. Хазинадор: Илҳомжон Инъомжон ўғли, муовини Ҳусанхўжа Додахўжа ўғли. Саркотиб: Башириллохон Асадуллахўжа ўғли. Муовин: Абдусамиъ қори Ҳидоятбой ўғли. Идора аъзолари: ҳурматлик Абдували ҳожи Абдулмаликбой ўғли, ҳурматлик Тожимуҳаммад Исомуҳаммад ўғли, Мунаввархон Абдурашидхон ўғли, Низомиддин қори Мулло Ҳусайн ўғли, Убайдуллахон Асадуллахўжа ўғли, Карим қори Кўчакбой ўғли, Абдусамиъ қори Ҳидоятбой ўғли, Каримбек Норбек ўғли ва мулло Абдуллоҳ Авлонийлардир. Тафтиш аъзолари: ҳурматлик Кошифхон эшон, Орифхўжа қози ва Тошҳожи Туёқбой ўғлидирлар.

Ч а п а н (и): — Балли, тақсир, жамиятни яхши билдим, Худо хохласа, қўлимга пул тушса, олти сўм беруб, ман ҳам аъзо ўлурман. Эмди тиётрга қаршу бошқа фирқалардан маълумот берингиз.

М у л л о: — Тиётр хусусида баъзи фирқалар шамъ каби ўз этларини ўзлари еб, куюб, ўртануб, ичларидин қиринди ўтуб юрган эмиш. Ўзларининг куюб ўртанганлари бир сари, тиётр ўйновчи бечораларни ҳам тинч қўймай, қора қўнғиз каби ҳар бир ерда сосуб, куракда турмайдургон сўзлар ила мактублар ёзуб, ул бечораларни(нг) яқин кишиларига махфий тарқатиб юрган эмишлар. Ҳозирда буларнинг қўлларига ул виждонсизларнинг ёзған хатларидан йигирмага яқин тушган эмиш. Ул мактубларни кимлар ёзғанлиғи, конвертларини қаю ердан олинғанлиғи, адрисларини кимлар ёзғанлиғи сезилуб қолибдур. Аммо булар ҳар бир ишни очуқ-ойдин ва ошкор қилуб юрган кишилар ўлдиғиндан бу ишни ҳам тейишлик жойларда майдонга чиқарсалар керак.

Ч а п а н (и): — Мен ҳам эшитган эдим, тиётр ўйнаган кишиларнинг ҳақларида ямон сўзлар ёзуб, уёт жойларига тил текизибдурлар.

М у л л о: — Нима дедингиз?

Ч а п а н (и): — Уёт жойларига тил текузубдурлар. …Тил! …Тақсир! Мулло бўлуб туруб шунга тушунмайсизми? Яъни ямон жойларига оғиз солуб, чайнамишлар. Буларни қўяберинг, ўзларидан ўзлари куюб, кул бўлуб ёки сил бўлуб, ўлуб кетурлар. Бошқа фирқалардан сўйлангиз.

М у л л о: — Баъзи фирқалар тиётрларнинг ҳаром эканлиғига фатво сўраб, эшик баэшик саргардон бўлуб юрган эмишлар. Аммо тиётр ўйновчи кишиларнинг қўлларида Тошканднинг машҳур муфтилари тарафидан қилуб берилган фатволари бор эмиш. Мард киши майдонда сайлансун! Мана ҳозирда, нуфуси Тошкандда турки тилда чиқадургон газетамиз ики бўлди, баним фикримча кучлари бўлса, қоронғу ва ҳеч киши йўқ уйда туруб бақирмасдан, матбуот воситаси ила кўнгилдаги ғарази ҳабжўшоналарини ёхуд хаёли фосидоналарини жаридаларга ёзуб, очуқдан-очуқ сўзласалар, яхши бўлур эди.

Ч а п а н (и): — Тақсир! Қоронғу уйда сўзламай, очуқдан сўзласунлар, дейсиз. Товушимни одамлар эшитсунлар, деб уйни томини очуб сўзлагунча, эшикларини очуб сўзласалар, бўлмасмукин?

М у л л о: — Йўқ, сўз унда эмас, буғдойда. Тиётр ўйновчи кишилар Жаноб губернатордан ижозат олуб, бош ҳокимларининг фармойишлари ила сўзлайдирғон сўзларини эъломномага ёзуб чиқаруб, ҳар кимга маълум ва ошкора қилуб сўзламишлар.

Ч а п а н (и): — Ул қоронғу ҳужрада хат ёзган кишиларнинг сўзлари ҳам маълум ва ошкор бўлибдурки, мана, сиз эшитубсиз, мен эшитубман. Бошқа одамлар ҳам эшитгандир. Ҳукуматимиз ҳам эшитган бўлса керак. Мунга эъломнома нима керак, эъломнома ёзуб, чиқаруб қорон-ғу ҳужрада маймун ўйнатиб берадирларми?

М у л л о: — Ман сизга қачон ҳужра дедим? Ман уй десам, сиз ҳужра дейсиз?

Ч а п а н (и): — Тақсир! Уй нима, ҳужра нима? Икиси бир маъни. Яъни масалан: уй бир оз каттароқ, ҳужра бир оз кичикроқ бўладур. Аммо уй бир оз ёруғроқ, ҳужра бир оз қоронғуроқ бўладур. Сиз қоронғу деганингизга маним хаёлимга ҳужра келуб, оғзимдан ҳужра чиқуб кетибдур. Афу қилинг, айбга буюрманг, тақсир!

М у л л о: — Айб сиз ва бизда эмас, Индамасда. Ўтган мажлисда ўзаро сўзлашган сўзумизни оқузмай-томузмай, ҳаммасини «Садойи Туркистон» жаридасига ёзиб чиқарибдир. Ул махфий мактуб ёзғучилар эшитиб қолуб, бизларга ҳам мактуб ёзсалар, нима қилурмиз?

Ч а п а н (и): — Ғам чекмангиз! Аларнинг ёзадурғон хатлари менга маълум. Конверти сариғ, маркаси йўқ, адриси ҳам билиниб турадир. Олмаймиз — қўямиз!

М у л л о: — Бизга ёзмаса, Индамасға ёзар, Индамас жаридага ёзар, онда нима қилурмиз.

Ч а п а н (и): — Ёзса ёзаверсун! Бизга нима ғам. Бизлар қоронғу уйда сўз сўйлашиб турганимиз йўқ, оп-очуқ сутдек ойдинда сўзлашуб турубмиз.

М у л л о: — Биламан, бизларга ғам йўқ, лекин бизни «хафа қиламан» деб, мактуб ёзган кишиларга ачинаман. «Қинғир иш қирқ йилдан сўнг маълум бўлур» деган сўз бор. Бир кун эмас, бир кун қилган ишлари юзага чиқуб қолуб, «бизлар учун қазиган чуқурларига ўзлари йиқилуб кетмасалар эди», деб қўрқаман.

Ч а п а н (и): — Ғам еманг, тақсир! Тифлисда чиқадирган «Мулло Насриддин» деган бир журнал бор. Шунинг бир мухбири баъзи вақтларда жаҳаннам чуқурига тушуб туруб, хат ёзадир. Бу махфий хат ёзадирган кишилар ҳам «Асфаласофилин»га тушуб кетсалар ҳам хатларини ёза берадирлар. Буларни қўё беринг, эмди икинчи тиётрнинг бўлишидан сўзланг!

М у л л о: — Икинчи тиётр яқинда бўладир, ҳозир муни қўюб турайлук, ўтуб кетган бир тиётр мунозарасини шунча чўзуб, хаёлий сўзлар ила умримизни ўтказдук. Эмдики мажлисимизда сўзланадурган сўзларимизни миллий, адабий, фанний, илмий ва ахлоқий сўзларга олиштирмоғимиз лозимдир, деб сўзига хотима чекди. Бир-биримиз ила «Ахшомингиз хайрли ўлсун!» деб боғдин чиқуб кетдук.

—————————–

[1] Газета саҳифасининг шул жойи уринган, ўқиб бўлмади.

[2] Швейцария.