Инсон болалари энг эски замонларда йиртқич ҳайвонлардан ўзларини сақламоқ учун тоғ тешукларида, ғор (моғора)ларда яшаган вақтларида тинч ётмаганлар, жим турмаганлар.
Секин-секин тоғ тешукларидан бошларини чиқариб, табиатнинг ясаган ва ўсдирган, вужудга чиқарган жонлиқ ва жонсиз нарсаларини синчиклаб текшириб қарай бошлаганлар. Кўнгилларига ёқишган, кўзларига яхши кўрунган ҳайвон ва бошқа нарсаларнинг расм, ҳайкалларин (гавдаларин – А. А.) қандай қийинчилиқлар билан бўлса-да, тошларга, тошлардан ва темирлардан чўкичлар ясаб, суратларини, расмларини ўйганлар. Келгуси учун ёдгор қолдирганлар.
Масалан, ики кийик бир-бири билан сузишиб турганлиги ёхуд бир тоғ такасининг семируб кўграб юрганлиги ёки бир тоғ буқасининг бақируб, ҳайқируб, думини хода қилуб, озод ва сарсин юрганлиги ёки йиртқич ҳайвонларнинг бошқа ҳайвонларга қилиб турган зўрлиқ ва йиртқичлиқларин кўрганларда, мутаассир бўлганлар. Мана бу дилларидаги таъсир ва ҳиссиётни тўхтата олмаганлар ва шу ҳиссиёт тўлқунини ўзларидан сўнг қоладирган болаларига англамоқ нияти билан минг машаққатлар билан тошларга ўйиб қолдирғонлар. Мана бу гавда (ҳайкаллар – А. А.) лар бизларга ишланган (ёдгор — А. А.) эскартмалардир.
Барги дарахтон сабз дар назари ҳушёр, Ҳар варақаш табиати рўзгор —Мана бу дунё юзида инсон болаларининг саное нафисага қўйган биринчи одим (қадам — А. А.)лари ҳисобланадир. Олар шунинг билан тўхтаб қолдиларми?
– Йўқ!
Яна шул текшириш, синчиклашдиришларинда давом қилдилар. Ҳайвонларни текширувдан сўнг қушларни суришдиришга ўтдилар. Баҳор мавсумларида чечакларнинг ҳажрида маст бўлиб сайраган қушларнинг ёқимли товуш (садо — А. А.)лари ҳушларига ўтирди-да, онлар ҳам ихтиёрсиз равишда шу қушларга товушларин ўхшатмоқ, гўё қуш каби сайрамоқчи бўлдилар.
«Сайра булбул, сайра, чинорни шохи синсун, Ёр айриламан деди айрилиб кўнгли тинсун» —деюб улар ҳам нағма ашула қила бошладилар. Мана бу даврни саное нафисанинг адабиёт даври дейилур. Лекин аввалги санъатларига қараганда сўнгги санъатлари аввалидан муҳимроқ ва яхшироқ бўлиб, мутаассир бўлмоқ ҳар кимга насиб бўлмас эди.
Узоқ ерларда яшовчи ўртоқлари келуб кўрмоқлари лозим келарди. Аммо бул икинчи ишлаб чиқарган санъатларин шундоғ қулайлиги бор эдиким, тилдан-тилга, оғиздан-оғизга, элдан-элга кўчуб юрарди.
Шундоғ қилиб шодлик кунларин шодлик қўшиқлари билан тасвир қилсалар, ғамлик кунларин қайғулиқ ашулалари билан изҳор қилар эдилар:
«Булбулим учди қўлумдан қайда меҳмондир букун, Булбулимни йўқотиб, кўнглим паришондир букун».Гўзалларидан, маҳбубаларидан, борларидан ажралганликларин бошқа ўртоқларига ҳам маълум қилар эдилар. Бора-бора шунга ҳам қаноат қилмадилар.
Дарахтларнинг шохларига илиниб қолғон ҳайвонларнинг ичакларин ҳавонинг таъсири билан қуриб, шамолнинг таъсири билан «тинғир-тинғир» қилган товуши (садоси — А. А.) кўнгулларига ўтурди, хуш келди.
Ўзларининг ашула ва қўшиқларига жўр-жўравоз қилмоқ учун ҳайвон ичакларидан «тор» ясаб мусиқий асбобларин юзага чиқардилар. Бу санъатлари аввалгиларига қараганда энг нафис, энг муҳим, энг руҳлик бир санъат бўлиб чикди.
Лекин онлар бу санъатларни текширув ва қайғирув орқасида чиқордилар-да, бизларга ёдгор ўлароқ қолдириб, ўзлари кўздан ниҳон ўлдилар.
«Инқилоб» журнали, 1922, 1-сон, 41-бет.