Кўраманки, баъзи одамлар саёҳат қиладилар. Жарида ва журналларга қилган саёҳатларини, кўрган-кечирганларини оқизмай-томизмай, игнасидан ифигача ёзадирлар. Ман уларнинг ёзганларини кўруб, аччиғим чиқуб айтур эдимки, «саёҳат нима деган гап, мундан нима маъно чиқар?» деб. Эмди бир оз ақлимни бошимга йиғиб ўйлаб кўрсам, тушунсам, кўз олдимга аллақанча фойдали ишлар ва манфаатлик шайлар келуб чиқди. Масалан, бир киши ўз шаҳридан чиқуб, ўзга бир вилоятга борса, ул ердаги инсонларнинг турмушидан, илм ва маърифатидан, ҳунар ва санъатидан, тил ва адабиётидан, қиёфат ва ҳайъатидан, шаън ва шавкатидан, ҳол ва қутидан, қадр ва қийматидан, савдо ва тижоратидан хабардор бўлуб, ўзига ва ўз миллатига фойдалик аллақанча ҳисса ва маълумотлар олур экан. Эмди мен ҳам ўзумга жазм қилдимки, бир саёҳат қилсам деб. Лекин бир тарафдан йўқлигим, икинчи тарафдан ёрдамсизлигим асар қилуб, бир тарафга бормоқға йўл бермас эди. Ҳимматлик бир киши йўқки, «Мана, Индамас афанди, бу оқчани ол, сен ҳам бир саёҳат қилиб кел!» – деса. Эмди, нима қилай, бошқа вилоятларга бормоқға кучим етмаса, Худо бир мўмайроқ пул берганда қиларман-де. Унгача ҳеч бўлмаса ўз шаҳримни айлануб, саёҳат қилуб турай, деб, уйимдан чиқуб, раста ва бозорларни айланмакчи бўлдум, йўлда кетатуруб, кўнка аробасига туштум. «Юрганда юрагим эланур» деганидек шундоғ каттиғ совуқда кўкраги ва елкалари очуқ бир неча мусулмонларни кўруб онларга боқуб:
Байт:
Динингиз Ислому исмингиз мусулмон сизи, Шаклингиз инсониятдан қанча ўзғондир сизи, –деб, кўнкадан тушуб йўлимга жўнаб кетдим.
Андоғ нарироғ борсам, қайси кўз ила кўрайки, бир мусулмон бир баққол ила ёқалашуб, муштлашуб хотун демай, қиз демай, оғиз демай, бўғиз демай сўкишуб турибдурлар. Ва бир неча мусулмонлар орачилаб ўртага тушуб, оларни зўрға ажратуб қўйдилар. Сўрадимки, баққол ака, нима талашуб урушдингиз?
Баққол: Эй ўртоқ, нима сўрайсан? Олти ой бўлди, насяга мол олгониға, эмди пулни бер десам, ёқалашуб кетди.
Байт:
Бировга нася қилма, эй дўкондор, Олур вақтингда муштлашмоқ на даркор, —деб, йўлимға жўнаб кетдим. Мундан нарироғ борсам, бир самавар — чойхона ичи тўла мусулмон, бир-бирлари ила чағир-чуғир сўзлашурлар, оғизлариға боди кириб, шоди чиқадур. Сўзлашвотган сўзлари авбошнинг кафшига ўхшаш пойма-пой.
Ўйла бир «яхши» ва «мазали» сўзлар сўзлашурларки, курак бир тарафда турсун, занбилда ҳам турмайдир. Хайр, бизим миллатнинг ёшларининг аҳволи шундай бўлса, кимдан яхшилик умид қиламиз.
Байт:
Миллатинг авлоди сизлар бўлсангиз, эй ёшлар, Сўзларингизға йилонлар пўст ташларни бошлар —деб, йўлимға жўнаб кетдим. Мундан бир оз юруб, бир мадрасанинг эшикига бориб етдим. Мадрасанинг ичига кириб бир муллабаччаларнинг аҳволини, дарс ва мунозараларини, такрор ва мутолааларини, имтиҳон ва муколамаларини кўрмоқчи бўлдим. Мадрасанинг ҳужралари бутун муллабаччалар билан тўлғон, ҳар бир ҳужралардан мунозара ва муколама қилғон муллабаччаларнинг товушлари қулоқларингизни жангарлатуб юборадур. Бутун ҳужра гумбазларини бошлариға кўтарадирлар. Бир ҳужранинг эшикиға боруб, қулоқ солсам, биргина «алиф-лом» тўғрисида аллақанча жанжал ва муноқашалар чиқарурлар. Бири: «Бу ердаги алиф-лом «аҳди хорижи», бири деюрки йўқ, «аҳди зеҳний», бири деюрки, «йўқ, жинс», яна бири: «йўқ бу ердаги алиф-лом «истиғроқ», — деб, ҳар бирлари ўз сўзларин мақбул қилмак хусусида қанча далил ва мисоллар келтирар эдилар. Икинчи ҳужрага боруб қулоқ солсам, бир жумла хусусида бир неча муллабаччалар суғро ва кубролар тартиб этуб, мунозара ва муноқашалар қилур эдилар. Мундан боруб дарсхона эшикиға қулоқ солсам, домла ҳазратлари бир неча муллабаччаларга «Шарҳи мулло»дан бутун хавашлар ила жиҳор қироат қилуб, дарс бериб турубдирлар. Ва ул дарс ўқуб тургон муллабаччаларнинг аксари ила тонишдиғим борлиғидан қувваи илмиялари манга маълум, фақат матн ўқумоқға зўрғагина қучлари етадурғон кишилар эди. Домла ҳазратларининг беруб тургон дарслари қозоқға Бедил ўқуб берган қабилинда ўлса керак, деб хаёлимға келуб тургон вақтда, бир муллабачча ёнимга келуб: «Кимда ишингиз бор, нима қилуб юрубсиз?», — деди. Ман муллага: «Мадрасангизда фиқҳ, ҳадис каби улуми диниядан дарс этадирғон домла борми?» — десам, муллабачча: «Йўқ, биродар бизлар аввал шул сиз айтган илмларнинг арра-тешасини, яъни асбобини ўқуймиз. Бизлар шул наҳв, сарф илмини яхшилаб билуб олсоқ оят, ҳадисларға ҳам маъно беруб кетаберамиз», — деди. Ман: «Мулла ака, шул сиз айтган даражада билабилмак учун неча йил ўқумоқ керак?» Муллабачча: «Агар Худо лойиқ кўрган бўлса ўн беш, йигирма йилда тамом қиламиз». Ман: «Нимага биргина наҳву сарф учун шунча кўб умр керак бўлсун, тезроқда тамом қилиб бўлмайми?» Муллабачча: «Бизнинг йигирма йил деганимиз «ҳисобда бор, ҳамёнда йўқ» қабилиндан бўлуб, фақат йил ҳисоби илагина йигирма бўладир. Аммо кун ҳисобиға келганда ҳисобимиз чатоқ». Ман: «Нима учун чатоқ бўлсун, бир йил ўн икки ой, қамарий ҳисоб бирла 354 кун, шамсий ҳисоби бирла 366 кун бўладир-да». Муллабачча: «Эй биродар, бир йил 366 кун бўлишини бизлар ҳам яхши биламиз. Сиз бутун йил, бутун ой ва тун-кун ўқийдир деб ўйлайдиргондирсиз, йўқ, бизларда олти ой таҳсил, олти ой таътил, яъни ҳафтада тўрт кун таҳсил, уч кун таътил деган гап бор. Мана шул тўрт кун ичида ҳар кун бир соатдан дарс ўқусак, бир йили комилда неча кун дарс ўқуғон бўламиз?» Ман: «Олти ой, ҳафтада тўрт кун, ҳар кун бир соатдан дарс ўқусангиз, бир йили комилда 136 соат дарс ўқур экансиз. Аммо тартибли мадрасадарда бу сизнинг бир йилда ўқуғон дарсингиз ҳафтада олти кун, ҳар кун олти соатдан ўқуб, тўрт ҳафтада тамом қилурлар». Муллабачча: «Биродар, бу айтвотган сўзингиз тушингизми, ўнгингизми? Қайда ул сиз айтган мадрасалар? Бизнинг Тошканд мадрасаларининг ҳар бирида шул тариқа ўқиладур. Балки Бухорийи шарифда, Ҳўқанд, Андижонда, Марғилонда, Наманганда ҳам шундай тартиб бирла ўқуладур?» Ман: «Мулла ака, ман сизга Туркистон мадрасаларини айтмайман, Қозонда, Уфада, Ўринбурғда, Истанбулда, Мисрда, Маккаи Мукаррама, Мадинаи Мунавварада ҳам шул тариқа ҳафтада олти кун, ҳар кун олти соат дарс берадирғон тартиблик мадрасалар бор. Мана кўб узоғга кетмасдан яқинғина ҳукуматимиз ўлан Русия мактабларининг ҳам ибтидойисидан бошлаб то дорилфунунлариғача ҳафтада олти кун ҳар кун 5-6 соатдан дарс ўқуладур». Муллабачча: «Биродар, сиз манга рус мактабларини кўрсатасиз, ман русча ўқимоқчи эмасман, аввал сиз айтган Қозон, Уфа мадрасаларида ҳам русча ўқитиладир деб эшитаман. Аммо ман русча ўқуб тилмоч бўлмоқчи эмасман. Худо хоҳласа, ўқушимни тамом қилуб, мулло бўлғонимдан сўнгра бир ерга имом бўлмоқчиман», — деди-да, нафасини ичига олуб, узун бир оҳ тортуб юборди. Ман: «Хайр, жаноби Ҳақ умрингизга, илмингизға баракат берсун, тезгина тамом қилуб мақсудингизға етингиз».
Байт:
Ҳар кимни иши эмас улоғ овламоқ, Мадрасада ётуб тупроғ ёламоқ, –деб, индамасдан тўғри уйимга қараб жўнаб кетдим.
————————
* Мақола сарлавҳасиз босилган, шартли равишда шундай номланди. (О. Т.)