Абдулҳамид Чўлпон. Ватанимиз Туркистонда темирйўллар (1914)

Ушбу сана ўтган апрель ойидан бошлаб Андижоннинг кўб қишлоқлариға темирйўллар ғоят тезлик билан ишлануб турмоқдадур.
Чунончи:
Биринчи. Намангандан келуб, Андижонға, Андижондан Ҳазрат Айюбга*, ҳазрат Айюбдан чўзулуб Олмота тарафлариға кетадур.
Иккинчи. Андижондан бир шох чиқуб Хўқандқишлоқ, Моси, Бозорқўрғон тарафларға.
Учинчи. Андижондан Ўш, Жалолобод, Ўзганд билан Қитойнинг Қашғар ҳудудиғача борадур. (Ўш, Жалолобод, Ўзганд темирйўллари ҳозир ишланса ҳам, Қашғар ҳудуди темирйўли бир неча йиллардан кейингина ишланмоқға бошланса керак.) Бул йўллар ҳаммаси Ўрта Осиё темирйўллариға туташиб, ғоят мукаммал бўладур. Бул темирйўлларнинг кўб экин жойларни босуб ўтмоғи, масжид ва хоналарни вайрон қилуб ўтмоғидек зарарлари бўлса ҳам, фойдаси яна кўброқдур. Йўл босмачилар ва бошқа ўсалларнинг* ҳужумидан қутулмоқға фойдаси тегар, қишлоқлар яқинлашар, обод бўлуб маъмурлашар, арзон ерлар қиймат бўлур. Фақат газета муҳибларимиз ва темирйўл бўйидағи бахтли қариндошларимиз «Садои Фарғона»нинг 18-нўмерусидағи андижонлик Убайдуллахўжа Сулаймоний жанобларининг «Туркистондағи ва билхосса, Фарғонадаги мусулмон қариндошларимизға хитоб» унвонлу мақоласининг мазмуниға қараб амал қилмоқларингиз керакдур. Темирйўлнинг бормоғи билан таноби 100 сўмлик ерлар, албатта, 1000 сўмгача чиқар. Фақат, Убайдулла афандининг айтганича, «бебақо мингларга* қизиқмаса керак», оқча битар, қадр кетар, аммо ул ерларни топиб бўлмас. Замонамиз шундоғ замондурки, тирикчилик билан рақобот қилмоқға, маишат зулмидан қутулмоқға қўлда ер бўлмоқ керакдур. Ер сотган пулға қизиқғанларни маишат, тирикчилик тошқини ва тўлқуни келуб уруб, парча-парча қилмоғида шубҳа йўқдур. 100 сўмлик еримиз бора-бора обод бўлуб, 5 – 10 минг сўмға ҳам чиқар, буни яхши ўйламоқ керак.
Ер ва тупроқ сотган бола-чақа ва наслини сотган билан баробардур. Бир ота ерини сотди демоқ бола-чақа ва наслини то қиёмат оч ва яланғоч қолдурди демоқдур. Ватан, тупроқ шундоғ онадурки, буни хўр қилдук, ўзимизнинг ҳам хўр бўлмоғимиз кўз олдидадур. Ер сотуб хонавайрон бўлганлардан ибрат олайлук! Жаноб Ҳақ икки кўз ва ақл берубдур. Кўзларимиз ила кўруб, ақлимиз илан ўйлайлук! Ўзимиз дунёға яланғоч куюнча келуб, онамиз, ватанимиз, тупроқимиз бизни боқар, ризқ берар, катта қилар, дунёда яшатар, ул онани сотганлар, албатта, неъматнинг қадрини билмаган куфрони неъмат қилган бўларларки, кўб ёмон гуноҳға ботарлар.
Тупроқдан яратилдук, демак, тупроқ танимиздур. Ўз танимизни ўзимиз сотсак, беақллик эмасму? Ажабо!
Ватанимиз аввал обод эмас эди. Мана, темирйўллар келмоғи ва солинмоғи билан обод бўлар, қишлоқларға ҳам маданият кирар.
Эй қариндошлар! Шаҳарликлар бўлдук! Бўлдук! Аммо қишлоқлилардан катта илтимосимиз шулдурки, Оврупонинг мўдасидан, шишасидан, бузуқ ахлоқидан намуна олмасдан ва бунларға бул жиҳатдан тақлид қилмасдан, балки илм, фан, ҳунар, саноатга ўхшашлик маданиятларидан намуна олуб, бул жиҳатдан тақлид қилмоқингиз лозимдур. Оврупонинг мў­даси ва бузуқ ахлоқи сизларни хонавайрон, беватан асир-қул қиладур. Бундан сақланингиз!
Оврупонинг мактаб, мадраса, илм, фан, санъат, ҳунарга ўхшаш маданиятлари сизларни обод, маъмур олим қилуб, жоҳилликдан, асорат-қулликдан қутулдурадур. Биродарлар, кўзларингизни очуб, яхши ўйланглар!
Мана шул Фарғона темирйўлида бир суюнадурган иш бордурки: 700 танобча ерга истансия вагзал ва скалад қилмоқ ишини (подратини) Намангандан туруб асл тошкандлик муҳтарам мулла Абдуллоҳ афанди Ҳамидуллаев олмишдур. Вагзални томоша қилмоқ учун борганимизда, мулла Абдуллоҳ афандининг укаси Абдулазиз афанди ила кўрушганимизда, Абдулазиз афанди таассуф қилуб дедики: Шундоғ катта муассасаларнинг фойдасини овруполилар кўруб, онларнинг қўллариға ўтаётганига ичимиз ачишуб, «Наманган» истансия­сини бино қилмоқға ҳам олган эдик. Энди, мана, Андижон катта истансиясини ҳам олдик», – дейдур. «Вагонлаб цемент келуб турмоқдадур. Цементдан хиштлар қўюб турадурлар. Биринчи бошлаб истансияларға армани ва руслар келуб ўтурмоқдадур. Бечора мусулмонлар бўлса ерларини ойлик қилуб бермоқдадурлар. Ҳозирдан ижарага берсалар, бора-бора оз пул билан сотуб ҳам қўярлар. Вагзалға яқин ерларда истансия атрофида энди ғайр миллат кўринмоқға бошлади», – дейдур. Мана шундоғ гапларни Абдулазиз афанди билан сўзлашиб ўлтурдик.
Қариндошлар, диққат лозим! Сўнг пушаймон бўлмоқдан фойда йўқлиги ҳаммамизға маълумдур. Ҳеч бўлмаса, Абдулла афандидек намуна кўрсатғучи фидокор савдогарларимиздан ибрат олуб ватанимизнинг бойлигини, тижоратимизнинг фойдаларини четлар чўнтагига солмасдан ва бермасдан ўз чўнтагимизда олуб юрмагимиз керакдур.
Бизга шундоғ ишларға кирушмоқға вақт!..
Биз ҳам инсонмиз, инсондек яшайлук!.. Маишат тўлқуни билан урушайлук! Қариндошлар!.. Вақт ғаниматдур.
«Садои Фарғона»: Аҳоли ризо бўлмаганда темир йўли масжид ва мадрасани ҳеч бир вақт вайрон қилуб ўтмас, ризолик билан ўтканда ҳам мунинг учун катта пуллар беруб ўтар.

________________________
Мақола «Садои Фар­ғона» газетасининг 1914 йил 6 июнь сонида «Чўлпон» имзоси билан босилган. Кейин «Ватан» газетасининг 1994 йил 5 октябрь сонида (нашрга тайёрловчи Улуғбек Султон), 2000 йили «Туркистон матбуот тарихи (1870 – 1917)» китобида қайта нашр қилинган.
«Садои Фарғона» газетаси асосида нашрга тайёрланди.
Ҳазрат Айюб номи билан аталган жойнинг ҳозирги номланишини аниқлай олмадик.
Ўсал – ярамас.
Бебақо минглар – бевафо пуллар маъносида.
Муҳиб (араб.) – севувчи, дўст тутувчи; газета муҳибларимиз – газетхонлар маъносида.