Абдулҳамид Чўлпон. Тиётру танқидларига аҳамият (1927)

Бизнинг чинакам тиётрумиз қурилиш арафасида бўлса ҳам, бу кунга етгунча хийла мазгиллар отдиқ. Орқамизда тахминан 12 – 13 йиллиқ ҳаваскорлик йўли қолди. Чин маъноси билан тиётрумиз эмас, саҳна билан ошнолиғимиз бош­ланғичликдан чиқди. Шу учундирким тиётрумизға энди жиддий талаблар берилиб, муҳим вазифалар юклатила бошлади. Демак, биз саҳнада (қайтариб айтаман: саҳнада!) анча ўсдик.
Фақат танқид жиҳатимиз тиётрумиз билан бирга бора олмай ётибдир. Танқидчиларимиз нима учундир тиётру санъа­тини яқиндан англаёлмаған ҳолда майдонга чиқадирлар. Бунинг сабабини нимадан ақтарамиз? Менимча, саҳнамиз унинг ўз ичига кирганлар томонидан зўр ғайрат билан илгари олиб борилмоқда; ўша саҳна хизматчиларининг фаолияти билан юксалтирилмакдадир. Аммо саҳна аҳли, саҳнани севганлар ва севдим деганлар ўйин ўйналған куни бир томошачи қаторида залга кириб ўлтириб, ўйин битгач, ўша кунлик таассуротни кўтариб мубоҳаса йўли билан уйга қайтадирлар. Эрта билан ухлаб турканларида кечаги таассуротларидан ҳеч нарса қолмайдир. Чунки улар ўз ишларига кетадирлар. Баъзи бир саҳна аҳли ёки «санъат муҳиблари» текин белат (кантрамарка) олиш учунгина санъатга севги баслайдирлар. Бу ярамас жараён ҳатто тушунчали йигитларимизни ҳам, таассуфга қарши, ҳануз ўз оқишиға солиб кетмакдадир.
Мақсаддан жиндак узоқлашдиқ. Мен демак истайманким, тиётру танқидчилари ҳам ҳалиги «муҳиблар» ва аҳллар орасидан чиқадир, шу учун танқидимиз ўйимиздан кейинга қолиб борадир. Танқидни, бошқа бир таъбир билан айтсак, яланг «рўбару келган» (случайный) кишилар ёзалар. Табиий, бундан саҳнанинг юксалиш ва тузилишига фойда эмас, зараргина келадир.
«Зарафшон»нинг 425-сонида «Сургун» пиесасининг танқиди* босилған. У, менингча, танқид эмас, оддий бир томошачининг санъатдан йироқ таассуротидан иборатдир.
«Қўлини ундай қилмади, мундай қилди», – деган танқидлар… «Теразанинг синиши чиройлиқ бўлди», – деган таҳсинлар… 7 – 8 йил бурун келишса келишарди. Бу кун ўйналған асарнинг руҳини очиб ташлаш керак. Бу кун қўйишдағи асосий камчиликларни кўрсатиш керак. Бу кун ўйновчининг тубли хато ва фазилатларини кўрсатиш керак. Бу кун, ниҳоят, тамойил (уклон)ларни очиб бериб, йўл-йўруқ кўрсатиш керак. Йўл-йўруқ кўрсатиш ҳам яна аъзо-баданни қимирлатишға оид бўлмасдан, умумий асосларда бўлмоғи керак. У қўл-оёқ қимирлатиш масалалари режиссўр ва ўйновчининг ишидир. «Оҳ!» «Ўлдим!» «Куйдим, ёндим!» – деганда мутлоқ кўкракни ушлаш керак эмас; шундай қилмаған ўйновчини айблаш танқид эмасдир. Режиссўр ва ўйнағувчи ҳар кимга ва ҳар онда ўзига, ўз шахсига ярашар қилиқ қилдириға ихтиёрлидирлар. Бу қилиқ ва бир ҳаракатни ушлаб олиб ҳар қайда ва ҳар онда шуни қила бериш «муҳрли» (штампованный) ҳаракат аталадирким, саҳна оламида ярамас фазилатлардандир.
Саҳна хизматчилари саҳна муҳиблари, саҳна аҳллари ва, умуман, санъат севганларнинг эътиборларини танқидимизнинг бу қизғинч аҳволига жалб қиламен.

__________________
«Зарафшон» газетасининг 1927 йил 4 январь сонида «Чўлпон» имзоси билан босилган. «Адабиёт надир» мақолалар тўпламида қайта чоп этилган.