Эски шаҳар ижроқўмининг ёрдами билан ўзбек давлат труппаси ва қишлиқ «Турон» биноси яхши йўлға солиниб келмакдадир. Ижроқўмдан белгиланган вакилларнинг ташаббуси орқасида ҳозир «Турон» саҳнасининг декоратсиялари учун икки рассом ишлаб турадир. Саҳнанинг бошқа кам-кўстлари учун яна иккита дурадгор уста солинди. Бундан сўнг саҳнада қор, ёмғир ёғдириш, ой-кун чиқориш, шамол, булут қўзғотиш, ёруғлик, қоронғилик қилиш учун керак бўлғон асбоблар буюртилмоқдадир. Шу ишларнинг ҳаммаси январнинг яримларида тамом бўлгусидир.
Декоратсияларнинг кўпайиши, жиҳозларнинг ортиши саҳнанинг тузалиши натижасида Эски шаҳар халқи январь ойидан бошлаб ғоят жиддий ва зўр санъат асарларини томоша қилмоққа муваққат бўладилар. Январь ойида декоратсия ва янги жиҳозлар билан тўла мукаммал қилиниб ўйналатурғон асарлар шунлардир.
7 ва 8 январда турк адибларидан Шамсиддин Сомибекнинг қадим эрон асотиридан олиб ёзғон «Коваи оҳангар» отли томошоси 14 январда машҳур немис адиби Шиллернинг «Макр ва Муҳаббат»и, 16 январда мазкур адибнинг «Босмачилар»и, 21 ва 22 январда Ғози Юнуснинг Эрон асотирига оид «Заҳҳоки Морон»и, 28 январда яна Шиллернинг «Босмачилар»и қўйилғусидир. Бу асарлар маданий миллатларнинг энг юксак саҳналарида ҳам кўп ўйналатурғон, жиддий ва оғир нарсалардир. Бунларни ўйнамоқ, халқ олдида шу қадар жиддий нарсаларни жонлантириб кўрсатмак бизнинг ёш труппамиз учун катта бир имтиҳон кабидир. Ўзбек труппаси шу нарсаларни ўйнамоқ билан ўз кучига бир кўриш (маневра) ясаб ўткан бўладир.
Ўзбек труппаси феврал ойи ва ундан сўнгги ойлар учун ҳам «Фарҳод ва Ширин», «Ёрқиной», «Чин Темур ботир», «Узунқулоқ бобо», «Шайх Санъон» каби жиддий асарларни белгиламишдир.
_______________________
Ўзбек давлат труппасида — «Янги Фарғона», 1928 й. 22 октябрь.
Муваққат — матбаа хатоси бўлса керак, муваффақ.
Қадим очун — қадимги дунё, антик дунё.
Шиллер (1759—1805) — немис шоири, драматурги, санъат назариётчиси. «Босмачилар» — тўғрироғи, «Қароқчилар» драмаси 1781 йилда, «Макр ва муҳаббат» 1784 йилда ёзилган.
«Фарҳод ва Ширин» — Хуршид пьесаси.
«Узунқулоқ бобо» — мақола мазмунидан англашиладики, Чўлпоннинг мазкур пьесаси саҳналаштирилган ёҳуд шунга тайёр бўлган.
«Чин Темур ботир» — бу ўринда қайси асар назарда тутилганини аниқлашга муваффақ бўлмадик.