Муҳтарам Хонтолишский* жанобларина!
Русия катта. Русия, унда яшайдиган кўб милюнлар халқ 300 йиллик оғир бир тожни тагидан зўрға қутулди. Бир одамнинг қўлида тақдири ўюнчоқ бўлуб юрған кўб милюнлар халқ золимнинг қўлидан тақдирини тортиб олуб, ўзи идора этмакка бошлади.
Зулмнинг энг оғирини тортқон руслардан кейин энг кўб бўлған илмий ва маданий жиҳатдан Русиядаги ҳамма қавмлардан кейинга қолган мусулмонлар учун бу воқеа иккинчи бир яратилиш, иккинчи бир туғилиш, иккинчи бир дунёга келишдир. Юқорида айтилганча, илмий ва маданий кучка* жуда фақир ва камбағал бўлған мусулмонлар букунги кунда ўзларига берилган, ўзларининг миллий ва маданий ишлариға йўл очадирған бир қанча ҳуқуқ ва праволарин эблаб жойлаб ола олурларми? Бу саволнинг жавобини ўзум қисқагина бериб ўтаман:
Русия мусулмонлари ўшал ҳуқуқ ва праволарни сақлаб қолуб, ишлата олурлар шул вақтдаки, унинг ҳамма зиёли ёшлари ўзларига букунги кунни «Иш вақти – ишлаш вақти!» деб шиор қилиб олсалар. Шукрлар бўлсун улуғ Тангриғаки, мусулмон ёшларининг ҳаммаси деярлик бошқа ватандошлари, биродарлари каби юқоридаги қисқа, фақат маъноси узун тирикликдан иборат бўлған сўзни шиор қилиб олдилар. Кеча-кундуз тинмасдан ўзларининг хусусий ишларини ташлаб, бўйинларига 5 – 6 турли иш олуб, шул шиорни кетидан қувлаб кетдилар.
Бу энди ҳозирги куннинг оқ тарафи! Бир тарафда кўб эмас, озғина қора тарафи ҳам бор. Ул қора катта дарё ичида кичкинагина бир қуруғликдай, кенг ва кўкмак* осмонда бир парча булутдай бўлса ҳам, замон ва аҳволнинг тақозоси шиорнинг «Иш вақти – ишлаш вақти!» бўлуши ул кичкина қуруғликни дарёға ёки ул кичкинагина булутни кўкмак кенг осмонға қўшишни лозим қиладир. Тўғри, кенг, кўкмак осмонда майда бир булут кенг ва кўз етмаслик дарё ичида кичкинагина бир қуруғлиқ, мингларча ғайратлик ишчи-мардикорлар ичида биргина хушёқмас, ёлқов ишсиз мардикор қолмасун! Чунки замонамизнинг шиори аълами (байроғи): «Иш вақти – ишлаш вақти!»
Петроград, Масков, Қозон, Уфа, Урунбурғ, Тошканд, Боку, Тифлис ва бошқа ҳар бир шаҳарлардаги мусулмонлар, оларнинг ғайратлик ёшлари «Ҳуррият ойим» бетларидаги қора чиммат – зулм ва истибдод пардасини олуб ташлаб, ҳамма оламни кўзига «Адолат ва мусовот ҳамма миллатларнинг миллий ўсишларига кенг йўл!» деган муборак, пок сийнасидаги ёзувни кўрсатиб чиққандан бери ўзларининг хусусий тирикчиликларини тамом ташлаб, «ойим»нинг сочқон гулларини теришга, улардан кўчатлар олуб, миллат боғчасининг муборак, пок сийнасига ўтқузушка урундилар. Муҳаррир қаламини, шоир шеърини, мудир идорасини, муаллим ўқутишини, артист ўюнини бир неча кунга ташлади. Югуриб, чопиб кетди «ойим»нинг муборак гулларини теришка!
Бу орада қофқосияли артист Хонтолишский жаноблари атрофига бир неча «артист»ларни тўплаб тиётр ўйнаб юрубдур. Ажабо!
Дуруст, тиётр деган нарса – санойи нафисанинг* энг олий қисми. Улсиз бир миллатни бор деб бўлмас. Маданий миллатларнинг ўсиш даражаларини билмак учун тарозуга солинганда тарозунинг ўртасида ярқираб турадурған санойи нафиса ва унинг бир қисми бўлган тиётр. Бир миллатда мукаммал ул саҳна, тиётр олами йўқ бўлса, ул миллатни «Ер юзида бўлмасун!» деган фикр Оврупода хийли кучлик. Аммо шул нарсани вужудга келтириш учун кенг ҳуқуқлик миллий ва маданий ўсишиға ҳеч бир моне бўлмайдирған бир миллат бўлиш керак. Ҳолбуки, биз, мусулмонлар, ва, балки, бутун Русия илгари шундай эмас эдик. Унинг мактабига, мадрасасига, тилига, музикасига, тиётрига урулиб турған оғир бир зарба бор эди. Биз мактаб очдик – бекитдилар. Мадрасаларимизни ислоҳ қилишка йўл бермадилар. Тилимизга «бало» аралашдирмакчи бўлдилар. Музикамизни тараққий қилдиришка йўл бермадилар. «Падаркуш» деган тиётр ўйнаганларни «охран»ларда* судрадилар, ҳосили миллий ва маданий ўсишимизга оғир зарбалар туширдилар. Ҳозирги вақт мазкур зарбаларнинг ўрнига келадирған «дору»ларни танларга, сийналарга яхши жойлаб олиш вақти. Букунда ишланган ва ишланадирган ишлар келадирган замондаги тиётрга кенг бир заминий тошдай бир фундамент бўлур. Дуруст, Хонтолишский яхши бир артист, ондан умидим кўб, орқасидаги «артист»лар ҳам, эҳтимол, дурустдирлар. Аммо ҳозирги ўйланиб турган «ҳуқуқ ва праволарни жойлаб олиш» номлик мингларча пардалик драмдан рўль олмаған артист, тўғриси, «орсиз»дир.
Хонтолишский жаноблари келуб ҳозирги драмадан рўл олсун. Ишласун! Эргашганларини ҳам ишлатсун! Миллатнинг боғига, унинг муқаддас сийнасиға «ойим» тарафидан сочилган гулларни ўрнатсун, ўсдирсун! Кейин келсин тиётрни тараққий эттиришка! Ман ва маним бутун биродарларим ҳам суюклу миллатим ёрдамға ҳозир.
Келингиз, биродарлар! Букунғи куннинг шиори, байроғи:
«Иш вақти – ишлаш вақти!»
_________________
«Турон» газетасининг 1917 йил 22 апрель сонида «Абдулҳамид Сулаймон» имзоси билан эълон қилинган. «Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетасининг 1997 йил 21 ноябрь сонида қайта нашр этилган. Нашрга тайёрловчи – адабиётшшунос Бойбўта Дўстқораев.
Хонтолишский Аҳмад – озарбайжон театри арбоби, режиссёр.
Кучка (русча) – тўда, гуруҳ.
Кўкмак (шева) – кўм-кўк.
Санойи нафиса (араб.) – нафис санъатлар, ҳунарлар.
«Охран»лар (охранка) – чор ҳокимиятининг матбуот, маърифат ва маданиятни, шу соҳаларда хизмат қилган миллий халқ вакилларини сиёсий назорат остига олган муассасаси.