Кўкча даҳаси билан Бешёғоч даҳаларининг ораларидағи сиёсий муносабат қутулмаган жойда бузилиб кетиб, сан-манга боришиб қолдилар. Бу бузилишнинг ибтидоси Кўкчанинг Чиғатойи билан Бешёғочнинг Чақаридан ит урушдириш масаласидан чиқди. Чиғатойнинг ўн йилдан бери сув ўрниға сут бериб, зўрайтириб келган олапарини Чақарнинг аҳамиятсиз гуржиси қочируб қўймасунми. Бу воқиъадан кўкчаликнинг катта-кичиги ҳаяжонга келиб Маллахоннинг тарихий итларидан бўлғон «даванги»ни майдони ҳарбга чиқардилар. Бу воқиъага ҳар икки тарафдан ўн минглаб киши тантана ва дабдаба билан иштирок қилиб урушдириш маросими махсус дуолар билан бошланди. Гарчи уруш майдонларида бўлиш хавфлик бўлса ҳам на чораки, тўғри хабар олмоқ учун муҳораба устида ҳозир бўлмоққа мажбур эдим.
Ярим соатлик қонли «Ғов-в-в-в-в, ғув-в-в, ов-в-в, ов-в-в»дан сўнг Маллахоннинг давангиси мағлуб бўлуб, фажеъ бир суратда яраланди, баъзиларнинг тарбузлари қўлтуқларидан тушуб, кўнгил озишлар ҳам воқиъ бўлди. Бешёғоч оға-иниларининг бу вақтдағи қувончлари ичларига сиғмас ва паҳлавон итларининг оғзидан ўпишлари ҳам ғайри ихтиёрий эди. Уруш вақтда олинған расмлар бор. Агарда журнолға мувофиқ кўрсангиз юборурман.
Бу кунларда кўкчалик оға-инилар қаёқдан бўлса ҳам паҳлавони забардаст ахтармоқдалар. Сиёсий доираларнинг сўзларига қарағанда, паҳлавон топилса, нурун алонур, бўлмаса фидойи йигитлардан биттасини ит суратига киргузиб майдонга киргузар эмишлар.
Ҳозирда «таб бости» учун ҳар икки томон хўроз, каклик, қўчқор каби уруш олатлари орқали иш кўриб турсалар ҳам, лекин булар ит ўрнини босолмайдир.
Бундан уч-тўрт кун илгари Самарқанд оға-иниларидан иккитаси Кўмирсаройда туя урушдириб кўрсатди. Каминангнз туя урушини умрида биринчи мартаба кўришиданми, «Ҳар ҳолда бу хил томоша ҳам бизнинг Тошкандга керак экан», деган фикрга келдим. Бу томошада ўн минглаб халқ иштирок этса ҳам, лекин итникидек ўзаро чиртинг-пиртинглар бўлмади.
Думбулбой ўғли
«Муштум» — 1923 йил, 2-сон, 3-бет