Абдулла Қодирий. Хусусий мактублардан (1923)

Ҳангама

Каминалари хусусий кабинетларида ўлтуруб, янгигина пўчталйўн томонидан топширилған дўст-душман мактубларини ўқуб, гоҳ кулар эдилар, гоҳ йиғлар эдилар. Дўст-душман мактубидан бир неча нусха:

«…Оёғингға қараб юр!.. Кечаги газетда ҳақимда алжиганингни бу галча бола-чақанг ҳурматига кечирдим. Йўқса битта каллакесарга заказ берилган эди… Имзо…»

Резалютсия: ўзим ҳам жондан тўйганман!

* * *

«Биродар! Қўчқор подачининг сигири тескари туғубдир. Шуни ўхшатуб газетингга ёзмайсанми? Ў зи жуда қизиқ гапда!..

Имзо…»

Резалютсия: саники ҳам маъқул!

* * *

«Ўртоқ! Ман санинг шаҳарнинг четроғида туришингни биламан. Шунинг учун сандан бир илтимос бор. Худо учун илтимосимни рад қилма. Оилам ила яқинғинадан бери бир балоға йўлиқдиқ. Ёлғиз мангина эмас, бутун маҳалла аҳли йўлиқдилар. Бу воқиъага энди уч ойлар чамаси бўлди. Кундузлари ҳарчику нотинчлик билан ўткурамиз. Аммо кечалари! Сўрама биродар, бизнинг ҳолимизга мушуклар йиғласун! Бир чимдим ухлаш йўқ, бутун кечаси жонсараклик. Ўзимизни ҳам қўябера, ҳаммадан ҳам бешикдаги болани айт… Эй, бечора-бечора, санинг нима гуноҳинг бор эди?!

Товушинг ўчкурнинг товушини эшиткан сайин бешикда ётқан гуноҳсизнинг ўтакаси ёрилиб шайтонлайдир. Эртасига бутун кун домла хўжа қилуб умримиз ўтадир…

Бунинг маҳалласига дев дориган экан, деб ўйлай кўрма. Бу унинг олдида ҳеч нарса. Аждарҳо пайдо бўлғандир, деб ҳам ўйлама. Чунки биз аждар деганингдан … оламиз, бу ўзи ажиб бир бало, хунук бедаво!

Энди бўлмади, энди уйни ташлаб қочаман. Йўқ, у турсун — йўқ ман турай. Санга илтимос шулки, ўзингга яқин ердан бир ҳовли топ, ман кўчай шу маҳалладан, бошимни олиб кетай шу уйдан. Бир мангина эмас, бутун маҳалла кўчиш қасдида. Бечоралар: «Шаҳардан ҳовли топилмаса уязга бўлса ҳам чиқиб кетамиз»,дейдилар.

Ўзи ажиб бир бало, ишонмасанг бир кун кел, бутун тун мижжа қоқтирса, ҳар нарса де. Санга байталмоннинг отини айтишка ҳам юрагим йўқ. Хайр нима бўлса ҳам айтай: «Шарқ» саҳнаси билан «Турон»нинг[1] тўртта карнайи ға-а-а-а-ат, ға-а-а-а туу-у-ға-а-а-аат! Ғарт-ғарт-ғарт! Ҳа товушинг ўчкур, ҳа, эгасиз қолғур!

Махсидўз маҳалла: Имзо…»

Резалютсия: шу гапингга номаъқул бузоқнинг гўштини ебсан. Жимгина қимирламай уйингда ётабер. Товуши санинг маҳаллангга ёқмаған карнай «Шарқ» «Алт мусиқия»сидан[2] бир навъидурки, унинг инсонга уч турлук фойдаси бор, дейдирлар. Чунончи:

  1. Ҳар инсон, форсийча «хар», ўзбекча «эшак» деган ҳайвоннинг нағмаи жонсўзини эшитсун ва ё карнай товушини!
  2. Мусиқийшуносларнинг сўзларига қарағанда, бу икки жонворнинг товуши ижрои таъсирида баробар бўлуб, кишининг миясини тўлғузар экан ва яна руҳига озиқ бўлуб табиъатини ҳам нозиклашдирар экан!
  3. Хусусан, карнай бизнинг халққа гипнўтизм қабилидан таъсир бериб, беихтиёр карнай товуши чиққан томонға югуртирар экан. Шу муносабат билан «Турон» ва «Шарқ» саҳналарининг картина белатлари чақа пул бўлуб, мурод-мақсадга етилар экан.

Мана укажон, кўрдингизми, карнай деган «Алт мусиқия»нинг «Ҳикмати комедия»сини! Кўчаман-нетаман деб ўлтурмангки, миянгиз тўлсун ва ўзбек миллатига оз деганда бир маҳалла мусиқийшунослар етишсун!

Торт-ей, карнайингни, садағанг кетай!

Жулқунбой

«Туркистон» — 1923 йил, 6 феврал, 57-сон


[1] «Шарқ» ва «Турон» саҳнаси — Тошкентнинг Эски жўва майдонидаги Махсидўзлик кўчасида, эски ҳарбий комиссариат биносида бўлган.

[2] «Алт мусиқия» — паст овозда чалинувчи асбоби.