Абдулла Қодирий. Шўх байтал (1923)

Шўх байтал ҳар бир миллатда ҳам бор. Фаранг шўх байталлари[1] ҳақида ажиб ривоятлар эшитамиз.

Англиз сиёсиюнлари Лўндўн шўх байталларини Шарқ амир ва шоҳларини ёввошландириш учун Арабистон, Эрон ва Ҳиндистонларга йўллар эканлар.

Лўрд Керзўн ўз сиёсатини Шарқда амалга ошириш учун қизчасини Эрон ҳукмдори Аҳмад шоҳға назир тортқан, деб ҳам сўзлайдирлар.

Кобулда ётқан собиқ Бухоро амирининг бутун қайғу кулфатларини унутдириб турган эрмакларнинг биринчиси англиз шўх байталлари бўлса, иккинчиси ўзимиздан чиқған шўх айғирлар[2], дейдирлар.

Чет элларда бўлған шўх байтал масаласи мана шу йўсинда. Аммо бизнинг мақсадимиз бунда эмас.

— Ички Русиядан олиқ-сотиқ учун бу ерга келгучи ўрус қарқуноқлари[3] бор-гап булар устида ҳам эмас.

— Шариф афанди Бойчура деганча наша солинган палов ошаб, эсириб[4] юрган татар олатўғаноқлари ҳам йўқ эмас — буларнинг ҳам бизга аҳамияти йўқ!

Бўлмаса гап сойда-ю, қайси қирда?

Берди Худо Тошканд учун бир пари

Эсанкираб кетди гўдак ҳам қари!

—      Тисс!

Дуруст, Ўктамхоннинг Тошканд келганига энди анча йиллар бўлди, унинг базмини, ҳуснини кўрмаган Тошканд меҳмонхонаси энди эҳтимол сира қолмағандир. Тўй-тўкунларда унинг бир пиёла чойини ичиб, чаккасига юзталик қистирмаған эҳтимол сиз билан биздирмиз. Аммо шунчалик давру давронлар ўтқузилған ва ўтқузилмоқда бўлған бўлса ҳам бунчалик очуб… тисс!

Ёпиғлиқ қозон-ёпиғлиқ… Туя кўрдингми-йўқ…

Тузуқ, Ҳофизкўйки маҳалласидаги кейинги жанжаллар билан ишнинг усти бир оз очилуб кеткандек ҳам бўлди, шўх байтал масаласи ҳатто меҳроб жанжаллариға ҳам айланиб кетди. Лекин биз шунда ҳам ишни ёпилуб қолмоғини тилаймиз. Чунки бу неъмат осмонининг устида кўб махлуқларимизнинг насибалари бордир. Қурт-қуримсқа, ола қўнғуз-қора қўнғуз, баковилу ясовулларимизнинг хиссалари бордир.

Биттаю битта бўлуб етишкан шўх машрабимизнинг субҳи шом, балки аладдавом дуойи жонини қилуб юрган:

—      оқ саллалик варасатуланбиёлар ва азиз авлиёлар ҳақ-ҳурмати,

—      шўх байтални деб молидан, жонидан кечкан, энг охирда уйидаги хотунини қўйған бойлар ва бойбаччалар ҳурмати,

—      тўйларда, базмларда шўх байталнинг бир пиёла чойига ўлиб-ўлиб етишатурган йигит яланглар ҳурмати.

—      Тисс! деймиз, туя кўрдингми йўқ! деймиз.

Муштум

«Муштум» —1923 йил, 5-сон, 2-бет


[1] Байтал — урғочи от.

[2] Айғир — эркак от.

[3] Қарқуноқ — бу ерда: ўғри; хуфия маъносида.

[4] Эсирмоқ — (татарча) маст бўлмоқ.