— Калникига ошға-а-а-а!!!
Гур-гур одам калникига туз ялаб чопадир…
— Айиқ полвон кураш тушадир, Жўра қизиқ маймун ўйнатадир, Фарғонадан Арава полвон келди, Жиззахдан Ит полвон келди…
Кўрубсизки, кураш ўрнини ижарага олған зарғалдоқ хўжаларнинг қилған фойдалари минди-минди…
— Чет эллардаги ўқуғучи ёшларимиз фойдасиға бу кун «Турон»да театру қўйиладир!
Ла ҳавла ва ла қуввата… Тошканд мусулмонларини… яйзара[1] ер ютубдир ва ё катта-кичик оға-ини ин-инларига кириб кетибдир…
Шунга ўхшаш «Шарқ саҳнаси» яхши ният ёрти мол, деб кино қўяр. «одамови»ларни йиғмоқ учун эшак ҳуркарлик қилиб, томға тўртта карнай ҳам чиқарадир; лекин шунчалик атторчиликлар, «Сурма кет, ўсма кет»лар бир пақир; саҳна хазинадорларининг оғизлариға пашша ўлтурған, ўюнхона эшикидан «ғинг» деган бир чибин учмайдир. Шу соатда шаҳарнинг барча чойхоналарида ғиж-ғиж чурвақа, лим-лим… бузоқ:
— Оғзингми, ўрпилган ўрми?
— Башарангми, бадбахтнинг даласими?
— Кўзингми, пўстакнинг йиртиғими?
— Энгахингми, йўлға чиқған ҳиндининг…ми?[2]
— Хо, хо, хо!
Топған-таянған совутмачоқ шу. Бошқа дастмоя йўқ. Бангихонада «ҳарб-зарб»[3] олуб юргучи бир ўртоғим нашанинг тутуни гуркураган чоқларда:
Харсак — марсак,
дарди йўқ — кессак
ишқи йўқ — эшшак![4] —
деб байт ўқуған бўлуб жоврар, ман бўлсам «Бу нима дегани тентакнинг» деб байтига тушунолмас эдим. Энди келиб-келиб бу байтнинг маъносини Эски шаҳар саҳналаридан топуб мавридсиз бўлсада, ўзим шу байтни яккахонлик қилмоқдаман:
Дарди йўқ — кессак, ишқи йўқ — эшшак!
Воқиъан, дард бўлмаса, ишқ бўлмаса одамнинг кесакдан нима фарқи бўлсин-у, эшакдан нима айирмаси!
Валлоҳи аълам биссавоб.
Жулқунбой
«Муштум» — 1923 йил, 5-сон, 6-бет
[1] Яйзара — яксара, биратўла.
[2] Бу айтишув такялардаги бангиларнинг ўзига хос аскияси.
[3] «Ҳарб-зарб» — ҳарбий стратегия жанги; бу ерда даҳанаки жанг маъносида.
[4] Бу байтни бангилар бангихонада қарсак чалиб айтиб кетидан бири: «Соқий самадий, эски пўстакни ямади, қўйга бўри келганда қўйчивон ҳайҳайламади» — деб «жаво-о» — дейди. Қолганлар унга жўр бўлиб «жаво-о» деб бақиришади (жаво (ҳиндча) — наша чекишга кел, дегани).