Ҳангама
«Туркистон»нинг 36-сонида «Мухбирларимиздан» битгаси бир нарсани ёзибдирким, ўқуб кўриб нах мухбирнинг оғзини ёриб юборғум келди.
Ахир, уйинг куйгур, сағал оғзингга қараб гапир-да:
— «Исрофлик тўй…» «Самарқандда ўртоқ Қурби ўғулларини кестирди, уч-тўрт кун тўй берди, бир-икки миллиард пул кетди… Тўйға исроф қилған ақчасию! «Кўмак» уюшмасига берганда фалон бўларди…»
Заб куракда турмаған ваҳмаларни қилибсан-да, иним! Сенинг «Кўмак» уюшманг бизнинг мулла Қурбининг кори хайрига қанча кўмак берди? Оғзинг бўлса гапир-чи, бетийиқ! Ва ё бу вағир-вуғуринг мулла Қурбининг тўйиға қилған тўёнангми? Ҳайф сенга-э!
Самарқандлик мулла Қурби билан камина тошкандлик мулла Жулқунбойнинг оналари нима учун туғуб ташлади? Доячимиз нима деб танғлайимизни кўтарди?
— Яхши бойларға куёв бўл, увалик-жувалик бўл, ўғулларингнинг тўй-томошасини кўр!..
Аммо «Тўй қилатурған пулингни «Кўмак»га бер!» дейилмабдику? Бас, шундай бўлғандан кейин биз ҳам беш кунлик дунёда бола-чақамизнинг орзу-ҳавасини кўрайлик. Чиқ эшикка-э, туф бетингга-э… Мухбир деган ҳар бир маза-бемазани хабар деб газетага ёзавермайдир. Андиша керак, риоя керак. Агар мен шундақангги беандишалик қилиб ёзаберсам-чи, нах бутун Тошкандни кийиб юбораман. Тағин меним ёзғанларимнинг энг кичкинаси туядек бўлур. Йўқ, мен сенларга ўхшаш беандиша эмасман. Агар мен беандиша бўлсам:
— Фалон даҳанинг бошлиғи, писмадончи ўртоқнинг ўзининг ёшғина хотунининг устига яна бир хотун олмоқ ҳаракатида бўлуб юрганини яхши биламан, шуни ёзсам бўлмасми эди?
Агар мен риоясиз бўлсам:
— Туппа-тузук ишбоши, яхшиғина онги бор бир тавия ўртоғим қайдандир пул топиб, иморат солди, унинг кетидан гуваладек пул исроф қилиб, ҳовли тўйи ҳам қилиб берди. Ўртоғимнинг қилган иши қип-қизил жиннилик, деб газетага ёзсам қўлимдан келмасми эди?
Агар мен андиша қилмасам;
— Эски шаҳардаги солинатурған театру биносининг мубоширлари кам харжу болонишин[1] деб «Жангоҳ»га солиб берган театруларида қурбақалар театру бошладилар деб хабар ёзмасми эдим?[2]
Агар Эски шаҳардаги пули кўпайган хунасаи нотантиларнинг бир оз андишалари бўлса:
—Беш кунлаб айқиртириб қилған тўйимизни, ўн миллиардлаб тўйга қилган исрофимизни маҳалламиздаги кўксини захга бериб ёткан оч-оғриққа бериб, олқишларини олсақ бўлмасму? — деб андиша айламасми эдилар?
Ҳар ҳолда оғизға қараб гапириш керак. Бунинг устига бир чимдим андиша ҳам керак?
Сўз узоқ эрди, мухтасар қилдиқ. Ёмон кўб эрди, муттаҳам қилдиқ.
Ҳозирча хайр:
Жулқунбой
«Туркистон» — 1922 йил, 26 декабр, 41-сон
[1] Кам харжу болонишин — харажати оз, кўриниши ҳашаматли.
[2] Бу кичкинагина театр Эски жўвадаги болалар театрининг жанубий ён бошида бўлган, 1940 йиллар арафасида бузиб юборилган.