Абдулла Қодирий. Сарт оға-иниларга (1922)

Ҳангама

Бир сиркуляр

«Тарихий ҳалокат олдинда» мақоласининг эгаси машҳур Олимжон Иброҳимовга бағишланадир

Тепа чочинг тик турдими, ўзбек ака? Бу галча кечирасан мани, чунки юқоридағи ғайритабиий сарлавҳамни Остромумов тўра даврини эска туширмак учун ва бу кундаги баъзи қозоқ, тотор, нўғой зиёлиларининг хотири шарифларини олмоқ тилагида ёзиб юбордим. Йўқса манда ҳад бўлғаймики дўндиқ ва шинам «ўзбек» сўзининг бир тола мўйини хам қилай ва ё «ўзбек» сўзининг алифини тескари қўяй?!

Тангрим сақласун бундай озғунлиқдан, тўзғунлиқдан!

Бундаги «Ўзбек оға-иниларга» ўрниға «сарт» … деб кетувим юқорида саналған баъзи озғунлар тушинсун учун, билсун учун «ўзбек» сўзини онгламасдан «Чиғатой луғоти»ға мурожаат ва қадам ранжида қилмасунлар учундир.

— Ёинки сизники чаккими?.. Шу балияга гирифтор бўлған ўзбек оға-инилардан каминага ҳамиша зорланиш хатлари ва бу балодан қутулмоққа тадбирлар сўраб мурожаатномалар кела бошлағач умумий равишда ушбу сиркуляримни ёзмоқға мажбур бўлдим. Хафа бўлмангиз ўқувчи; сиркуляримнинг «Мулла Насриддиннинг думи хуржинда»сига[1] ўхшаб кетканига ҳозир ўзим ҳам тушуниб қолдим. Энди қозоқнинг бир мирилигидак қилиб белингизга тугуб берай:

Сойи Идил бўйидан очиқиб Туркистонға келган татар қариндошларниш хотун-қизлариға бизнинг ўзбекларнинг баъзилари «Ўзимизнинг мусулмон-ку» деб ва баъзилари «Томиримиз, ҳаммамиз бир отанинг ва бир туркнинг боласи-ку» деб уйлана бошлаған ва татар қариндошларға куёв бола бўлмоқ истаган эканлар. Келиннинг Идил бўйидан кийиб келган увадаси ўрниға янги кийим, янги зийнатлар ҳам олиб бериб хотунлиқға олур эканлар.

Лекин «Сут билан кирган жон билан чиқар» мақоли билан ўсканлари учунми ва ё «сарт»нинг ўзи шундай жазога мустаҳиқми, нимадан бўлса ҳам ҳалиги сартға эрга чиққан Идил бўйи келини узоқ чидаса икки кун, бўлмаса биринчи куннинг ўзида ё ошға қорни тўюб, кекириб эрининг кўзини шамғилат қилиб бекиниб, бутун янги кийимларини кўтаруб, тўғри келтурса тағин бошқа нарсаларини уруб алла қаёққа қочиб кетар экан. Бизнинг ўзбек «Энди оғзим ошға, бошим бошға тегди» деганда пулдан, молдан, келиндан ажраб қолур экан…

Мана мундан тадбир сўраб мурожаат қилғучилар шу йўсундаги ўзбеклар эдилар.

Шундай положенияга тушкан ва мундан кейин Идил келинига уйланмакчи бўлған оғаларға васиятим:

1)       — Биринчи мартабадан уйланатурғанингиз Идил бўйи келинининг сизни ким деб билганини илгари билиб олингиз. «Ўзбексан» деса қулоқ қоқмай уйлана берингиз. «Сартсан» деса ундай никоҳдан ҳазар қилингиз! Чунки татарлар «сарт» сўзини «Алдовға қобил» бир маънода англайдирлар.

2)       — Шу тажрибани ўтказмасдан уйланиб қўйған бўлсангиз, бутун иш кучингизни ташлаб Идил бўйи келинини пойлангиз. Чунки сизни алдаб қочмоғи яқин эҳтимоллардандир.

3)       — Яхшиси Идил бўйи қизиға уйланмангиз, негаки «Тепкан билан қўшулмайдир» мақоли кўб тажрибалар сўнгида айтилгандир…

Жулқунбой

«Қизил байроқ» 1922 йил, 3 июн, 180-сон, 4-бет


[1] Афанди эшагини сотиш учун бозорга олиб кетаётган экан, йўлда ботқоқдан ўтаётиб думи лой бўлибти. «Шу арзимаган нарса учун харидорга хунук кўринмасин» деб эшагини думини кесиб хуржунига солиб олибти. Бозорда бир харидор: — Хўп яхши эшак экану, думи йўқ экан-да, — деган экан, Афанди унга: — Ёққан бўлса савдосини қилавер, думи хуржунда, — дебти.