Абдулла Қодирий. Нафси шайтон (1922)

Ҳангама

Ҳангама талаб бўлсанг,
Шайхантаҳурга йўрта бер,
Бир ноз эгаси қанжуқ —
Минг думсизни ўйнатур.

Ўқуғучи ўртоғим! Агар сиз манинг бу мақоламдағи мавзу масаламга тегишлиги йўқ бир эски мусулмон бўлсангиз ўзингизда иқрори сариҳи саҳиҳи мўътабари шаръий қилурсиз!

Нимага дейсизми?

Ҳар кун кечаси Шайхантаҳур бозори шабида учрайтурганингиз маржалар’ орқасидан эргашиб юритурған ўзимизнинг занжирсиз исковичларимизга!

Яна нимага дейсизми?

Волидаси билан ҳамширасининг упа-элиги ва ўсма-сурмасини ўғурлаған навнусха ёшларимизға ва ўзларининг сунъий дийдори шарифига мафтун акаларнинг оғзидан оққан сўлакайларига!

Ол-ҳа, ҳайитингиз муборак!

Бу сўнгғи синф вофурушлар ҳақида марҳум парикмахер Ҳожининг қачондир манга: «Ўзлари матоъларини бозорға солсалар на қилай?» деган узуромуз сўзининг тўғрилиғиға имон келтуруб, ҳаммамиз ҳам файласуф Ҳаким Ҳожининг руҳига дуо қилайлиқ.

Домлаларча этканда олам ҳодис-де…

Ҳо-ҳо-ҳо-ҳо… Олам ҳодиснинг уйи куйсунки, ҳар кун кечаси шу ҳангама юз кўрсатса, ҳар бозори шаб бир мартабагина эмас, юз марталаб юз берса!.. Агар эсингиз бўлса, бунинг ўзи охир замон аломати…

Ёки бўлмаса нафси шайтон!..

Нафси шайтон? Агар нафси шайтон эндиги кунларда шундай киши танимаслиқ бўлуб ўзгарган бўлмаса… астағфуруллоҳ… Бизнинг илгариги замонларда нафси шайтон деган нарса Мирза Бекёнтиснинг чиройлик пивохонасида бўлар эди. Наинки Шайхантаҳур бобонинг гумбази устида!.. Сиз ҳам ҳар кун кечаси кўрарсиз: милитсанинг гўристонлиқдан ушлаб чиқатурған туппа-тузук одамшаванда сочи таралған, думи юлуқ, қиб-қизил баркашдаккина юзлик сунъий афандихон ҳазратлари билан ўзини фиръавн қизи билган дилбархон…ларни!..

Бали, бали, юзингдан нур томадир-а афандим?..

Бу ҳолни кўрганлардан қайсидир бир янги мусулмон эски мусулмонларға хитобан:

Номига мусулмонлар,
Ҳақлиқда қуруқ жонлар!
Булгатди бобонг устин,
На бўлди мусулмонлиқ! — дейдир.

Яна бирови Шайхантаҳур бобоға қараб:

Устингда ўтар ҳар тун
Бир минг жўра ҳайвонлиқ!
Эрдинг-ку валийлардан
На бўлди бузурвонлиқ?! — дейдир.

Лекин бу хитоблар ортиқ бир таассуб, аммо ҳақиқатка келганда: «Нафси шайтон!»

Жулқунбой

«Қизил байроқ» 1922 йил, 20 май, 176-сон, 3-бет