Абдулла Қодирий. Ижмоли саёсий (1922)

Кичкина фелетўн

Юқоридаги сарлавҳани ўқуғач миянгизга Генуя канференсияси[1], Лўйд Жўржнинг ич оғриғи-ю Пуанқаранинг итланиши ва бошқа шунинг каби бир бирисига зид бўлған фикрлар қаторлаша бошлар. Агар чиндан ҳам шундай фикрлар қаторлашқан, чўчиткан ва юрагингизни безиллаткан бўлсалар, сиз тинчлана кўрингиз. Чунки манинг «Ижмоли саёсий» сарлавҳаси остида ёзатурған мақолам бошқа тўғридадир. Агар ичингиз келмай «Ижмоли саёсий»имни ҳозирдан билиб олмоққа юрагингиз шопириниб, иштибоҳингиз кучайган бўлса, бердисини ҳам айтиб қўя қолай:

Отинг қуруб, эгасиз қолғур масаланинг таъбири ҳам қийин… нима деб таъбир этсам экан?!

Масаланинг мавзуи — «Имлойи ижмоли саёсий»; йўқ, бу келишинқирамади; «Ижмоли саёсийи имло»; энди бу таъбир уттасидан ҳам қўполроқ чиқди. Бундаги таъбирларнинг иккаласи ҳам ўзимга ёқмайдир. Лекин сиз бу икки тўмтоқда бир нарса сезган бўлсангиз фақирингизга етар. Жойи келганда шуни ҳам айтиб ўтай: фақирингиз жаноб Али ҳазрат дарвеш каби алсабаснаи, шарқияи, ғарбияи, қалмоқиялардан таъбирлар тўқумоққа ва сухан гулистонининг булбули хуш алҳони бўлмоққа қўлимдан келмас.

Мақсадға кўчайлик:

Шарқ сиёсат дунёсининг айнуқса, турклик оламининг миясини айландирган масалалардан бири ва биринчиси имло саёсатидир. Шарқ саёсиюнларининг баъзиларининг сўзлариға қарағанда Шарқнинг бутун озодлиғи ҳам шу имло саёсатига келиб боғланур экан.

Бу кунгача имло политикаси қочиқ урушувлари каби, ундан-бундан парт-пурт товиш чиқариб қўйса ҳам, лекин кейинги кунларда, айнуқса, Тошкандда жиддий суратка кириб кетди. Тошкандда маъориф қурултойи бўлуб, белгуланган қурултой «Имло-ҳарб майдони» тусини олиб юборди. Бутун қиш бўйи бир бирисига қарши тишини ғижирлатиб келган икки фирқа ихтиёрсиз суратда бир-бирига ҳужум қилишди.

Аҳволнинг битишига қарағанда, чапларнинг муваффақияти очиқ кўриииб қолди. Чунки чапларнинг аванғардларидан бўлған Фитрат халфа Бухороға кетканидан бери кеча-кундуз тинмай, ўзининг негиз қўйған масаласига муваффақият тилаб ҳазрат Баҳоваддиннинг дахмасидан бир қариш ҳам ажралмаған. Ривоятларга қарағанда, унинг дуоси мустажоб бўлған дейдирлар. Бироқ ўнгларнинг бошлиқларидан саналған Мунавварқори гарчи ҳазрат Шайхҳовандитахур мозоридан бир қариш ажралмай тунаб ва кунаб чиққан бўлса ҳам, лекин бузрукнинг назари асносида кўпинча мудраб ғофил қолди, дейдирлар. Хўқанд атрофи Ашурали Зоҳирий ишоратида бўлса ҳам, бироқ ул амалий ишлар ишлай олмаған. Чунки бу кунгача ул чаплар билан биринчи тўқнашувда олған жароҳатини тузатмак билан саргардон бўлуб, бошқа ҳозирлиқлар кўра олмаған экан.

Ишончлиқ манбалардан олинған хабарларга қарағанда, бу даҳшатлик фожиъани ўз фойдалари билан битирмак учун ҳар икки томон ўз вакилларини дуогўй Назир махзум узлатхонасига киргизиб, назир бериб, холисона дуолар олған эканлар. Биринчидан, Назир махзумнинг кўнглининг юмшоқлиғи, иккинчидан, ўзининг ҳам қайси ёққа ўтмакка бўлған тараддуди сабаблари билан ҳали бир тарафка ҳам дуои хайр қилғанлиғи маълум бўлмай, бир томоннинг муваффақияти ва иккинчининг мағлубиятига йўл бермай қолғанлиғи маълум бўлди.

Имло политикасидан бошқа масалаларга ўтканда қурултой ағзоларининг турлук томонға туруб кетиб, устол ёнида президиумнинг ёлғуз қолған вақтларидағи тинчликлардан кўз юмуб ўтилса «Мухораба — қонлиқ борди», демакка арзиғулиқдир.

Бу тўғридағи афкори умумияга келганда ишлар бундайдир:

Тошканднинг Яҳяхўжа эшон, Этемас эшон ва Чўпқўймас эшонлари кеча-кундуз йиғлаб-сихтаб Мунавварқори ва Авлоний ҳаққиға дуо қилиб, чапларга лаънат ёғдириб ётадирлар.

Шарқда имло саёсати ва хорижий давлатларнинг қараши масаласига тўхтағанда иш бундай борадир:

Лўйд Жорж лўрдлар палатасида: «Шарқдаги янги имло политикаси агар ишка ошса, Ҳиндистоннинг исёниға ҳам буюк таъсири бўлмай қолмас», деган. Пуанқара ўзининг олий шўрода сўзлаган сўзи орасида: «Генуя канференсияси биз учун на даража машъум бўлса, Шарқнинг имло политикаси ҳам шунчалиқдир» деган.

«Наримон Наримонов ўзининг бир тўрба лотин ҳарфларини орқалаб, Туркистон йўлиға чиқди», деган хабарлар юрса ҳам, бироқ бу ишончлиқ манбадан олинған хабарга ўхшамайдир.

Ҳар ҳолда имло муҳорабаси жуда даҳшатлик бир равишга кириб бутун дунёнинг диққатини ўзига тортмоқдадир.

Ҳар икки томоннинг қаҳрамонлари сафка!

Жулқунбой

«Қизил байроқ» — 1922 йил, 15 апрел, 164-сон


[1] Генуя конференцияси — 1922 йилнинг 10 апрел 19 май кунлари Италиянинг Генуя шаҳрида ўтказилган халқаро иқтисодий, молиявий конференция. Унда 29 давлат қатнашган. Конференция биринчи жаҳон урушидан сўнг Марказий ва Шарқий Европа иқтисодиётини тиклаш программасини ишлаб чиқиш мақсадида чақирилиб, унда асосан Совет ҳукуматини капиталистик мамлакатларга иқтисодий ва сиёсий жиҳатдан бўйсундиришга уринилган.