Абдулла Қодирий. Бозор суриштирмайдир (1920)

Кичкина фелетўн

Мен ўзим ишёқмас дангасаман. Бунинг устига бир оз ваъдараклигим ҳам бор. Тажрибалик кишиларга маълум бўлса керак, аксар ялқовлар ўзлари учун фойдалик бўлган ишларга дангасалик қилиб, фойдасиз бўлган ишлар орқасинда умр ўтказалар. Мен ҳам бир ишёқмас бўлувим сифатила баъзи ўзим учун фойдасиз, аммо кўбинча халалимни келтуруб юрган бир иш тўғрисида бир оз гапурмоқчиман.

«Ҳовлининг бир ёнида ётукчи қўшним бор. Уйқудан бўшаган вақтимда… ҳалиги этукчини ишхонасида ёнбошлийман».

Йўқ, сўзни мундоғ бошлаганда тузук чиқмайдирғанға ўхшайдир.

«Иштирокиюн» газетасиға баъзи вақт кўзим тушиб қоладир. Илгарироқ (агар ёдимдан кўтарилмаган бўлса) «Ишчи» деган буров Хуршидми-муршидми деганнинг ва тағи аллакимларнинг ёзган театр китобини танқидми-манқидми қилиб юрар эди. Аммо кейинги вақтларда ҳалиги «Ишчи» деганимиз сувга уриб кетдими, осмонга учиб кетдими, ҳайтовур танқидини ёзмий бошлаб, жимжит сув қуйгандак бўлди.

Энди ҳалиги сувга уриб кетканнинг ўрнига мулла Мирмуллами, домла Мирмуллами деган тағи бириси бош кўтариб: «Фалончи ўюн бўлди, пистончининг асари эди, орсизлар (орсизми, артистми чиранишга унча ақлим етмайдир) тузук ўйнамади, асар бузуқ эди, фалончи писмадончининг асари эди!», деб илгаригисига ўхшаш жовраб, оҳ-воҳ қилиб, бошини тоғ-тошка уриб келадир. Бу сўнгғиси «Театр музиқа» ёзганда бозор қули, мозор қули, тағи алланима бало қули тасонифи», деб ёзадир. Лекин «қули» деганига тушунмоқ учун — луғат кўролмадим. Мана маним энди шу «Театр музиқа» ёзиб, додвой қилувчига халалим келадир. Тўғрисини айтканда, бечоранинг ҳолига раҳмим келадир. Кўбдан бери шу додвойчини шу балодан қутқазишка бир чора излаб юраман ва ўйлаб-ўйлаб тегига етолмай бошим оғриб кетадир. Энди мундан сўнг «Театр музиқа»сини ёзмас, деб турганимда тағи лўп этиб додвойи ёзилиб чиқадир. «Бу бечоранинг боши оғримасмикин-а?» деб ачиниб, бечорани шу балодан қутқазув чорасини азтаҳидил излайман, аммо тополмайман. Тағи «Театр музиқа», тағи орсиз ўюнни бузди, тағи ҳазрат пистончи бир сафсата ёзди…

— Эй боши оғримаган бечора, ўзинг камбағал одамга ўхшайсан, бирор касалга чалиниб қолма, қўй! Орсиз бузса бузсин ўюнни. Сафсатами, папсатами ёзса ёзипти! Сен бечорага нима керак? Узингни бошқа касалинг йўқми? — дейман. Шу сўзим оғзимдан чиқиб ҳам тугамайдир, тағи бирини ёзиб «дод қароқчи» қилибдир!

Энди бечорага чинлаб бир ёрдам қилмасам бўлмас экан деб, кеча бир оз этукчининг ишхонасида ёнбошлаб ўйладим.

Ҳалиги «Театр музиқа»нинг бузуқлиги тўғрисида ўйлабман. Нега бизнинг «Театр музиқа» мундоқ киши бузуқ бўлур экан, дейман.

Этукчининг қўли қўлига тегмай билиска тақадир, бигиз тиқадир, кўва урадир, тери кесадир, тилиш тил, деб шогирдини койийдир. газан қайрийдир. Хулоса, шогирди ила ўзи жонлик мошина. Ман чалқанча ётаман. Этукчининг ҳаракати таажжубимни мужиби бўлди. Тиккан этугини олиб кўрдим: бахяси катта, этук чокиға қўл сиғадир, санъат йўқ. Кнйганда хизмат қилса, бир кунга чидайдир. Мандек ялпи одам Тошканднингтошсиз, қишки лой деганидан ўн қадам кечса иш тамом.

«Бу ўтукингни ким олади?» — дедим. Этукчи: «Хайф бўлмасин, бозор суриштирмайдир», — деди. Тағи чалқанча ётдим. Фикрим «Бозор суришгирмайдир»да тўхтади. Яна «Театр музиқа»чининг ташвишинига тушдим. Тўхта, дедим. Ҳозир «Театр музиқа»ни ҳам бозор суриштирмас экан, дедим.

Этукдўзнинг жавоби «Театр музика» ила азобланувчига наҳ тўғри жавоб эди. Бозор суриштирмаса, маним ҳам қўпол этук тикиб, уста фалончи бўлиб фойдалангим келди. Энди ҳалиги «музиқа»га қарши азобланувчига айтаман: Этукчи айткандак, орсизларнинг ҳам бозори кўтаргани учун ўюнни бузуқ ўйнайдирганлардир! Пьеса ёзувчилар ҳам бозор суриштирмагани учун қайдаги сафсата, чўб, ҳашак, супуриндилардан ҳар соат пьеса ёзса, дунёда ўзларидан «асар» қолдирмоқға ҳаракат қиладирганлардир.

Азобланувчи ўртоқ! Ҳозир маълумки, ҳар бир нимарсанинг бозори «Уста, манга бер!» Қўполдўз этукчи қўшнимнинг сўзидан маълум бўлдиким, бозор суриштирмас экан!

Ҳар ким бўлса ҳам ўтмас матоҳини ўткуриб қолсун. Вақт келур, бозор касод бўлур, халқ молнинг яхшисини тилар, ҳар касбда ҳақиқий усталаргина қолур, бошқалар ўз чоруғини судрар ва судрашка мажбур бўлур. Шунгача-чи ўртоқ, тишни-тишга қўйиб, дамни ичка олиб, тинчкина юрмоқ керак! Аммо ҳозир бозор суриштирмайдир! Тошка ёмғур кор қилмайдир!

Жулқунбой

«Иштирокиюн» – 1920 йил, 16 апрел, 76-сон, 2-бет