Бошқалар тарафиндан ҳуқуқингнинг топталмови, четларга маҳкум, мазлум бўлмаслик, чет миллатларга ўз товушингни эшитдируб эшитмоққа мажбур этувға шубҳа йўқким, қўлингдаги қуролингға, аскарий кучингға қараб бўлур.
Кўрамизким Оврупо, Омриқо миллатлари бунчалиқ шаън-шавкатни фақат ҳарбий куч ила қозонмишлардир. Оврупо, Омриқо империалистлари Шарқ халқини фақат қурол кучи ила ўзлариға асир этмишлар ва ҳали ҳам ҳарбий куч ила Шарқ мазлумларини занжирда тутарлар.
Аммо биз шарқли мазлум мусулмонлар эса шу қуролсизлик, аскар йўқлик ила шу золим хунхўрлар занжирига банд бўлмишмиз. Дуруст, биз шарқлилар ғарблиларга қараганда маданиятча бик тубандамиз, бизим мазлумиятимиз маданиятсизлигимиз учун дейилса мумкин. Лекин шундоғ бўлса ҳам истиқлол олиб, аскарсиз яшамоқ бутунлай мумкин эмас. Натижаси бошқа қуролли мамлакатларга қул асоратда юрилувдир. Бунинг учун далил қилиб афғон қариндошларимиздан кўрсатилса мумкиндирки, афғон халқи ҳозирда ва мундан элли-олтмиш йил илгарида ҳам маданиятча биз туркистонлилардан ортиқ бўлмай юрар эди. Лекин бошқа маданий миллатларнинг тахт ҳокимиятига ўткани йўқдир. Бу нимадан эди?..
Кўз олдимиздадирким, шу маданиятсиз афғон халқи бутун дунёга ҳокимлик даъвосига етишкан Онглиядан ўзининг озгина ҳарбий кучи ила ўз тилагини имзо этдирди[1]. Аммо биз Туркистон ишчиларига келганда оғзимизға қўюлган тайёр ошни ҳам эблаб ичолмаймиз. Қурол, кийим, жой ва овқат ҳозир бўлган ҳолда аскар бўлувдин фарсахларча йироқға қочамиз…
Дуруст, бизим бу қўрқоқлигимизни ҳам ўрни бор, мундин элли йиллар илгари ор-номусли Алимқулимиз, Қаноатшоҳларимиз ва ….ларимиз бўлган, ватанимиз чор ҳукумати тарафиндан забт этилгач, энди ўз истибдоди остинда қул этиб қолдирмак нияти золимонасинда ёнимизда пичоқ тақиб юритувни ҳам манъ эткан. Шу золимона политика орқасинда ҳозирги қўрқоқлик ҳолига таназзул этканмиз.
Биз мусулмон меҳнаткашлари буюк Ўктабр инқилобидан сўнг ҳурриятни, истиқлолни яна эгаллаш ила бошладик. Ўзимиз учун маҳкумиятдан қутулиб яшовнинг мумкинлиғин сездик. Бошлаб қўлдан кеткан ҳуқуқларимиз ўз қўлимизга кира бошлади. Сўнгғи вақтларда ватанимиз бўлган Туркистон идораси ҳаммаси бўлмаса ҳам ярмиси деярлик ўз йигитларимиз қўлиға ўтди.
Демак, мамлакатнинг ярим идораси ўз қўлимизда. Туркистоннинг бутун меҳнаткашларининг имони комил бўлса керакки, яқинда рус меҳнаткаш биродарлар: «Шу кунгача биз сизнинг ўз вазифангиз бўлган бу ишларга узвий биродарлик учун ёрдамлашиб келдик. Энди марҳамат этиб, ўз ишингизни ўзингиз ишлангиз, мундин сўнг биздан сизга ёрдам бўлмаяжак!», дебдурлар. Бу бир табиий иш.
Юқорида ҳам сўйланиб ўтилди: «Мамлакат идораси аскарсиз мумкин эмас». Идора ўз қўлимизга ўткач, табиий, ватанимизнинг душмандан муҳофазати ўз устимизга тушажак. Бунинг учун ўз аскаримиз бўлурға керак. Табиийдирки, мамлакат идораси бизнинг қўлда бўлиб аскарликни бошқалар қилмаяжак. Бу мумкин ҳам эмас. Шунинг учун агарда биз мустағил, қуллиқдан қутулиб яшовни хоҳлар эканмиз, яқин истиқболимиздаги бахтли кунлар учун аскар бўлувимиз, ватан муҳофазасига ҳозирланувимиз лозим. Лозимгина эмас алзамдир. Мусулмон ишчилариндан аскарлар ҳозирлов эҳтиёжи энди сиз ёшларга бўлса керакки, мусулмон ишчилариндан кўнгилли аскарлар йиғмоқ ҳақинда Марказ мусулмон бюроси тарафиндан Эски шаҳар синфий иттифоқлар шўросига бир мурожаатнома тушурилган экан. Бу мурожаатнома мазкур шўронинг шу сўнгғи умумий мажлисинда кўрилиб, тубандаги қарор берилганки, аҳамиятига кўра шу қарорни айнан кўчириб ёзаман:
«Мусулмонлардан кўнгилли аскар йиғмоқ Туркистон ўзбак ишчилар ҳаётини таъмин ва четлар тарафиндан топталган ҳуқуқини тиргизу деган сўздир. Биз бу аскарлик масаласини шундоғ онглаб, Марказ мусулмон бюросининг мурожаатини тамом шодлиқ ила қарши оламиз. Остинда эзила-эзила тамом ишдан чиқған аскар бўлув сўзини бир ваҳималик ва … деб онглий бошлаганлар. Шунинг учун мусулмон ишчилариндан аскар йиғувга зўр ташвиқот лозимдир. Биноан алайҳи, бизнинг ўттуз тўрт минг меҳнаткаш намоёндалари Марказ мусулмон бюросига мурожаат этамизким, кўнгилли аскар йиғув ташвиқотига бизим ёнимизга муқтадири мушаввиқлар бериб, бизим ташвиқот ишимизга ёрдамлашсун. Эски шаҳарга таълим жойлари очиб ҳарбий муаллимларни мусулмонлардан қўйсун. Мусулмонларнинг ўзидан аскарий муаллимлар еткузмак учун курслар очиб, шу кундан эътиборан Эски шаҳар синфий иттифоқлари шўросига бир нафар ўз ҳарбий вакилини доимий этиб тушурсун».
Мана бу қарор ғоятда кўнгилли бир иш, лекин бошқа қарорларимиз каби бунда — қоғаздагина қолиб кетмови матлубдир. Яхши соатда!
Жу-бой
«Иштирокиюн» 1919 йил, 4 ноябр, 211-сон
[1] Ўша вақтда Афғонистон подшоси Омонуллохон (1892-1960) юртининг мустақиллиги учун кескин кураш олиб бориш ниятида эканлигини баён қилиб, Совет ҳукумати билан дипломатик ёзишмалар олиб боради. 1919 йил май ойида Совет қукумати Афғонистоннинг давлат мустақиллигини тан олади. Ўша кунларда инглизлар Афғонистонга қарши қуролли ҳужум уюштнради. Лекии улар мағлубиятга учраб, афғон халқининг мустақнллнгини тан олишга мажбур бўлади.