Абдурауф Фитрат. Шарқ сиёсати (1919)

Бир кун қон тенгизларинда ботған, тамуғ ўтларинда кўмилган Шарқ бир кун тинчлик ва тараққий бешиги эди. Бу кун оёқлар тагинда эзилган Шарқ бир кун маданиятнинг йўлбошчиси, билим ва ҳунарнинг ўчоғи эди. Оврўпа дунёси ваҳшат ва билмаслик чўлларинда обдираб[1] шовқин-тошқиғ! юрар экан, Шарқ дунёси бутун инсоният оламини саодат ва тинчлик ўчоқлариға эришдурмак учун иш кўруб турар эди. Оврўпа(да) бир маҳалла оқсоқоллиғи йўқ экан, Шарқнинг «кўзқучинос», «бараҳма», «исо», «зардушт» ва Муҳаммадлари бутун одам ўғулларини бир нуқтада тўплаб тўғри ва билгили йўлға киргузмак учун тиришар эдилар. Чинлилар ёзиш учун қоғоз ясағанда оврўпалилар ўнг-сўл қўлларини бир-бириндан айира олмас эдилар. Замон бузғунлариндан қутулуб тарих дунёсинда қолған Хитой маданиятининг излари бу кун даҳи оврўпалиларни ҳайрон қилмоқдадир. Бу кун тирикликнинг ҳар ёғиндан қарағанда тараққий ва саодатнинг сўнг босқичини босиб ўтган оврўпалилар орасинда Ҳиндустонда бўлиб ўтган маданият замонларини кўрмагани учун қайғурған билғучилар бордир. Оврўпалилар дин ва килисо[2] таассублариға берилиб, билмасликнинг энг теран чуқурлариға тушған чоғда араблар, мусулмонлар, Юнон, Эрон ва Ҳиндустонда кўмулуб қолған маданиятни тиргуздилар. Ҳинд ва Юнонда унутилиб қолған билим, ҳунар, ҳикмат ва фалсафани бир ўрунда тўпладилар. Андалус, Миср(ни) бирор маданият мактаби, тараққий ўчоғи, билим бешиги қилдилар. Бағдодда — араб санъатчилари соат ясаб, Оврупаға йубарғанда Париснинг[3] у палладағи ангеллари[4] «бу қути ичида шайтон»лар бор деб соатни ташлаб қочған эдилар. Бугунги маданият ва мағрур Оврупанинг шаҳарларинда қам тинчлик ва осойиш йўқ экан, Бағдоддан Туркистонғача тинч ва осуда бормоқ мумкин эди. Мусулмон маданиятининг эгалари ёлғуз ўзларининг эмас, бутун бошарият дунёсининг тинчлик, тараққий ва саодати учун тиришар эдилар. Унлар ҳозирғи маданий йиртғучилар[5] каби ўзлариндан бўлмаған миллатларни ҳайвон санамас эдилар. Тўғридурким, мусулмонлар даҳи бошқа миллатларға қаршу уруш очдилар: тўғридирким, мусулмонлар дахи бошқаларнинг ўлкаларини олурға тиришдилар ва олдилар, лекин унларнинг жаҳонгирлиқлари бу кунги маданий Оврўпанинг жаҳонгирлиғи каби олинган ўлкаларнинг улусларини таламоқ, эзмак, йиқитмоқ учун эмас, унларни янглиш йўлдан қайтармоқ, унларнинг орасинда кириб «ҳақ» дея топилган ўз фикрларини унларга қабул этдирмак, бутун дунё улусини «ҳақ» ва «ҳақиқат» теграсинда тўпдамоқ учун эди. «Байтулмуқаддас»ни, Мисрни, Андалусни, Истанбулни олған мусулмон ҳуқуматларининг у ерлардаги халққа берган ҳуқуқлари, қолған ривоятлари тарих бетлариндан ўчурилмақдадир. Араб бошлиқлари бир ўлкани олғанда у ердағи улуснинг тинчлигини сақламоқ учун бироз қўшун қўяр ва шул қўшуннинг чиқимлари учун бироз солуғ олар эдилар. Бироқ ёвнинг юрушиға чидамасдан шул ўлкани ташлаб чиқмоқчи бўлғанда улус оқсоқолларини чақуруб «биз бу солуғ оқчаларини тинчлигингизни сақламоқ учун сиздан олған эдик. Бундан кейин тинчлигингизни сақлай олмаймиз, шунинг учун бу оқчаларингиз бизға ҳаромдир» деб олған солуғларини қайтариб кетар эдилар. Африқоға кирган мусулмонлар Амриқо ва Африқони босқон маданий оврупалилардек ерли халқни битирмак учун тиришмадилар. Унларға маданият бердилар. Амриқоға қўноқ бўлуб кирган Оврупа маданийлари Амриқо ерли халқини битираёздилар, буни билмаған йўқдир. Африқони босиб олған Оврупа жаҳонгирлари у ердаги қора халқни ўлат каби ўлдуруб туралар. Ҳолбуки, мусулмонлар Африқонинг Жазойир, Тунис, Фас[6] каби ўрунларини олғач, у ерларни тараққий этдурдилар, халқини тинчлантурдилар, унлар I дан буюк одамлар етушдирдилар. Шарқ ўзининг тарихи, сиёсати, ҳунари, инсофи, адолати, ахлоқи ва хидмату эътиборлари билан унча юксалмиш, у қадар тараққий этмиш эдиким, тасаввури ҳам бизнинг мияларимизға сиғмайдур. Шарқ маданий йиртғучи эмас эди. Шарқ бошқаларнинг халқларини олмас эди. Шарқ башариятнинг юксалиши учун тиришар эди. Шарқ маданият ўчоғи, инсоф бешиги, ахлоқ мактаби, билим мадрасаси эди. Биз, шарқлилар, башариятга қилған хидматларимиз учун бу кунги қонли Оврупаға қарши яхшиғина махтана олурмиз. Биз, шарқлилар, маданият йўлинда тутдигимиз хидматларда давом этганда букун башарият дунёсини кўб юксак мавқеъларда кўрмак мумкин эди. Негаким, Шарқ билим, ҳунар йўлинда Оврупа жаҳонгирларидек ўртоқ қони ичмак ва орқадош уйин таламоқ учун эмас, инсонлик дунёсини юксалтирмоқ учун тиришар эди. Ёзуқлар, эсизларким, Шарқ ўз йўлинда давом эта олмади, маданият тарихининг энг буюк ва энг тугал қоидатариндан бири шудир: бир улус тирикчилигининг ҳар тўғрисинда юксалиб, тараққий қилиб тинчланса, бирор ёқда кучлироқ бирон бири кўринмаса, ўлкаси кенгайиб, оқчаси кўпайса, ул улуснинг бора-бора ахлоқи бузулур, тотлиғи йўлдан чиқа бошлар. Биз, шарқлилар, даҳи тинчлик ва роҳат сўнгинда бузулиб қолдиқ, йўлдан оздик, эзгу тилакларимизни унута бошладик. Билим ва ҳунардан юз қайтардик, бирлик ва ахлоқдан айрилдук, оқчаға берилдик, оқчаға сотилдук, шунинг сўнгида Хитой, Турк, Форс, Араб ва Ҳинд мамлакатлариндан ҳар бири ўз қўнуғи билан, ўз навбати билан тинчлик ва тараққий босқичлариндан қуллиқ, йўқсуллиқ чуқурлариға юмалаб туша бошладилар. Шарқнинг бутун ишлари онгсиз беклар, тушунчасиз хонлар, миясиз муллалар, билимсиз эшонларнинг қўлиға ўтди. Бунлар Шарқнинг бутун тузук ва интизомини бузуб юбордилар. Хонлар ўз қоринларини тўйдирмоқ учун халқни бир-бири билан урушдирдилар, мамлакатнинг жонли ва муҳим ўрунларини сотдилар, муллалар ўз иставлариға «дин» отини тоқиб бозорға чиқардилар, дин, тангри, пайғамбар, учмох ва тамуғ орқали Шарқ халқини талай бошладилар. Шарқнинг тараққий йўли кўмулди. Саодат ва тинчлик эшиклари боғланди, саодатнинг энг юксак тепасига чиққан Шарқ йўқсуллиқнинг энг теран чуқуриға тушди. Шарқнинг Хитойи, Эрони, Турони, Арабистон билан Ҳиндустони бариси бир туртки ўт билан, билмаслик ва ғафлат ўти билан ёниб битди. Шарқ ғафлат ва билимсизлик тамуғлариға юмалаб ётатурған чоғда Оврупа кўзи уйқусиндан янгигина тура(р) эди. Оврупалилар узун ва зарарли ғафлат уйқусидан уйғонгач, оч қолған йиртғучилар каби Шарқ устига отилдилар. Дунёнинг энг ёғли бир бўлаги бўлган Шарқ йиртғучи ҳайвонлар орасинда қолған семиз, лекин кучсиз бир қўй ҳолатини олди. Оврупа йиртғучилари Шарқнинг ҳар ёниндан солдурдилар. Тиш, тирноқлариға илинган ерларини йиртиб, узуб олабердилар. Бояқиш Шарқ ўз жонини қутқарғали кўб тиришди, тебранди, қичқирди, додлади, югурди, ҳамла қилди, қочди, қўрқутди, ялинди, эсига келган ҳар йўлға кириб кўрди. Бирор осуғ[7], бирор унум, бирор фойда кўра олмади, нега-ким, унга охсум[8] бўлған йиртғучиларнинг кучлари кўб, тиштирноклари ўткир эди. Англизлар Ҳиндустонни ютдилар, Мисрни босдилар. Аданга келиб Арабистонға қўл узатдилар. Рус империалистлари Қафқасиёни таладилар, Туркистонга кириб, Хитой, Афғонга, Эронга кўз тикдилар. Франсўзлар Тунис билан Жазойирни ғасб этиб, Фаластинга юкундилар. Ўзининг ибтидоийлиги билан тинчгина яшаб турған бояқиш Африқо қитъаси Оврупа жаҳонгирлари орасинда бўлинди. Бу олиш-беришларнинг ҳеч бири урушсиз бўлмади. Оврупанинг оч «қирғий»лари ўзларининг билимсиз, жоҳил деҳқонларининг бошлариға нўхталар[9] солиб Шарқға тортдилар, унлар бирор нарсани онгламасдан Шарқдағи ишчи ва деҳқонлар узра солдурдилар, унларнинг ёзуғсиз тинчгина ётған орқадошларини урдилар, ўлдурдилар, таладилар, талатдилар. Шарқнинг ёзиғсиз кишиларини ўз бойлариға қул қилиб бердилар. Оврупанинг ишчи ва деҳқонлари бу олиш-беришдан нима қозондилар? Битмас яралар, туганмас қайғулар, бошқа ҳеч йўқ…! Оврупа жаҳонгирларининг Шарқ сари юришлари бошқаларнинг қонини тўкуб ўз қурсоқларини тўлдирмоқ, ўзгаларнинг уйини ёндуруб, ўз қозонларини қайнатмоқ учун эди. Лекин унлар тилакларини улусға билдирмас эдилар. «Шарқ халқи ваҳшийдир, уларни маданийлашдурмак учун борармиз», «Шарқ халқи билимсиздир, унларға билим тарқатмоқ учун борармиз», «Шарқ халқини хоч буйруқлариға[10] бўйсундирмак учун борармиз», деб ўз ишчи ва деҳқонларини алдаб, бизим устимизга юборур эдилар. Унлар бу ёлғон баҳона ва сўзларни ёлғуз ўз аскарлари орасинда эмас, биз шарқлиларға ҳам уялмасдан айтиб туралар: «Сиз, шарқлиларға маданият йўқдир, сизлар ибтидоий ваҳший кишилар эрурсиз, сизни ислоҳ этмак, тартиб бермак, ўқутмак, маданийлашдурмак керақдир, бу иш бизнинг (яъни Оврупанинг) вазифаларимиздир. Ер юзининг энг обдон бўлаги бўлған Шарқни ишга солмоқ, башарият дунёсининг энг катта йиғини бўлған шарқлиларни ваҳшатдан қутқармоқ бизга фарздир. Мана шунинг учун биз (оврупалилар) Шарқға келдик. Шарқ ҳукуматларининг бир қисмини олдик ва қолған қисмини ҳам олмоқчи бўлуб турамиз» деярлар. Бу сўзларнинг Шарқ тўғрисиндағи бир қисми тўғридир. Воқеан, билимсиз қолмишдир, Шарқ Оврупаға қарағанда кўпдан-кўп орқада қолмишдир. Лекин Оврупанинг Шарққа маданият бериши ёлғондир. Оврупа жаҳонгирлари Шаркдан олған мамлакатларда тараққий ва маданият деган нарсани қатъиян кўргузмадилар, кўргузмакка тиришмадилар. Оврупанинг бизга берадиган нарсалари белгилидир: сафоҳат, ахлоқсизлик, қумор ва шаробхўрлик. Шарқнинг дин ва одатлариға қатъиян тўғри келмаган фоҳишахоналарни ўлкамизда Оврупа жаҳонгирлари очдилар. Бутун башарият ҳаётиға, маишатиға, ишига раҳналар солғучи шароб дўконлари юртимизға шул Оврупа бойлари «ҳиммати» билан қурулди. «Фаранга»[11] деган қўрқунч касал Шарқға Оврупа жаҳонгирларининг босқинлари билан келди. Хулоса: Оврупа жаҳонгирлари Шарқға бугунгача ахлоқсизлиқ ва бузуқлиқдан бошқа бир нарса бермадилар.

Шарқға маданият мактаблари, инсоният мадрасалари очармиз деб келган Оврупа жаҳонгирлари фоҳишахона ва майхонадан бошқа бир нарса очмадилар. Ажабо, Оврупа жаҳонгирлари бу ишларини билибми қилдилар, билмасданми қилдилар? Албатта, билиб қилдилар, жўрттага қилдилар. Унларнинг тилаклари бизға маданият бериб, бизда маориф тарқатиш, бизни тараққий этдурмак эмас, турли фоҳишахоналар, майхоналар очиб, бизнинг ахлоқимизни бузмоқ, бизнинг соғлиғимизни хароб этмак ва уруғимизни қурутуб, бизни ишдан чиқармоқ ва ўз қўллариға муҳтож қилиб қўймоқдир. Унлар Шарқхалқини бутун йўқ қилиб, Шарқни ўзларига моя[12] қилмоқчи эрурлар: Оврупа жаҳонгирларининг бир «кулгули» ва «йўқ этур» сиёсатлари Шарқнинг мусулмон дунёсининг ҳар ёғинда бир турлигина жорийдир. Англиз бойлари Ҳиндустон халқини битирмак учун қандай тадбирлар кўриб, қайси йўллар билан кетсалар, франсузлар Жазойир ва Тунис халқини битирмак учун шулгина тадбирларни кўриб, шулгина йўллар билан кеталар.

Оврупа жаҳонгирлари Шарққа туткан сиёсат йўллари шунлардир: Шарқнинг ахлоқини бузмоқ, кўнглини диний ва миллий муқаддасатиндан[13] совутмоқ, шарқлилар орасинда айрилиқ ва ёвлиқ солиб бир-бирлариға қилич чекдурмак, шарқлини ишсиз, ялқов, оч ва яланғоч қилиб ўзлариға қул этиб олмоқ, ювош-ювош шарқлининг қўлиндан ер ва қимматли нарсаларини юз турли ҳийлалар билан тортиб олмоқ, Шарқ халқини турли йўллар билан секин-секин йўқ қилмоқ…! Англиз ва франсуз жаҳонгирлари томонидан Хитой, Ҳинд ва Мисрда очилган фоҳишахона ва майхоналар, йуборилган пўплар ва миссионерлар, очилган мактаблар, бариси шунинг учундир. Русия Николай ҳукумати бизнинг Туркистонимизда ҳам шул тадбирларини кўрмадими?

Оврупа жаҳонгирлари дунёнинг энг ёмон зулмини қилатуруб, ўзларини одил ва инсонпарвар айтдилар. Қани, кўрайлик-чи, бунлар бизнинг мусулмон ва Шарқ дунёсиға қандай адолат қонунлари тутуб, қандай инсониятпарварона ишлар қилғанлар? Оврупа жаҳонгирларининг қоидалари, буюк қурсоқлилари, Шарқдан кўб ер олғанлари англиз ҳукуматидир. Шарқнинг олтун хазиналари бўлған Ҳиндустон қитъалари англизлар жаҳонгирининг қўлидадир. Лекин бу ҳокимлик адолат қонунлариға мувофиқ тенглик негизларига қараб кўрулмаган. Бу қаров қонли ҳокимликнинг асоси зулм ва инсофсизлиқдир. Ҳиндустоннинг эгалари бўлған ерли халқ билан қўноқ бўлуб келган икки-уч қадрсиз англиз орасинда тенглик йўкдир. Ҳиндустонда ерлилар учун бошқа, англизлар учун бошқа маҳкамалар бор. Ерлилар учун айри зиндонлар, англизлар учун айри турмалар бор. Англизлар учун ясалган маҳкама, турмалар қонунли, адолатли, ҳафз сиҳатиға[14] мувофиқ ва тинч ясалган. Ерлилар учун қурулған маҳкама ва зиндонлар эса тартибсиз, бузуқ, золимхона, қоронғу ва қўрқунч бир шаклда қурулған. Ерлилар учун тузанган «жазо» қонунлари англизлар учун тузулган қонунлардан кўп фарқлидир. Бир пичоқ кўтариб юрган, бир англиз итига тош отган, бир товуқ ўғирлаган бир ерли тутулса, неча ойлик қоронғу ва кирли турмаға буюруладир. Бир ҳиндлини ўлдурган, бир бонкани урган англизга эса энг қулай, энг кичкина бир жазо бериладир ёхуд авф этиладир. Ҳиндустонда бир англиз итига тош отиб, олти ой зиндонга буюрилган ерли кўбдир, лекин юз ҳиндлини ўлдуруб, қонун ёнинда масъул бўлған бир англиз топилмайдир. Англиз жаҳонгирларинингҲиндустондағи пилонлари Ҳиндустон халқини оқчасиз, яп-яланғоч қўюб ҳалок этмақдир. Англиз ҳукумати Ҳиндустондан йилда 4 юз эллик милйўн сўм оладир. Оврўпанинг сиёсати қонунлариға қарағанда ҳар ўлкадан ҳукумат хазинасиға кирган оқчанинг шул ўлканинг ободлиғи ва тараққийси учун сарф бўлиши лозимдир. Англиз ҳукумати шул оқчадан милйўнғача сўмини Ҳиндустон маорифи йўлинда сарф қиладир. У ҳам Ҳиндустондағи англиз болаларини ўқутмоқ учундир. Икки юз милйўн сўмини Ҳинд англиз бўйунтуруғи остинда сақлағучи Ҳинд аскарийга сарф қилиб, қолғанин ўз қопчуғига тиқадир. Шунча оқчадан Ҳиндустон халқи учун бир чақалиқ фойдё йўқдир. Ҳар йили Ҳиндустон халқининг юздан учтаси очлиқдан ўлуб кетадир. Ўзларини инсоният ошиғи атаган англиз жаҳонгирлари бунга кулубгина қарамокдан бошқа иш кўра олмадилар. Унларнинг Ҳиндустонда қозониши кунда йигирма сўм, ҳиндлиники кунда бир сўмдир. Бунинг сабаби нимадир? Англизнинг қўлини бунча очиб, ҳиндлининг қўлини бир-бирила боғлаған кимдир? Бир ҳиндлини бир англизча ишламақдан манъ қилған қувват қайси қувватдур. Шубҳа йўқким, англиз ҳукуматидир. Англиз жаҳонгирларининг Мисрда юрутған сиёсатлари Ҳинддағи сиёсатлариндан яхшироқ эмасдир.

Ўзларини дунёнинг энг маданий, энг инсофли ва инсонпарвар деб топилган Фарансия жаҳонгирларининт зулмларини кўрган киши англизларга раҳмат айтмасдан тура олмайдир. Қирқ-эллик йилдан бери усмонли ҳукуматиндан тортиб олдиғи Тунис ва Жазойир мусулмонлариға қарайлик, унларнинг ҳолларини кўз олдина кетурайлик. Фарансиянинг жаҳонгир ҳукумати ўзининг бутун маъмурлари билан Тунис, Жазойир мусулмонларини йўқ қилмоқ учун онт ичганга ўхшайдир. Ҳуррият, мусовот[15] ва ҳуқуқи башарнинг бешиги бўлған Фарансиянинг қонунлари Жазойир билан Тунис кунига солмаган, Тунис ва Жазойир ҳавосинда тириклик қилиб юрган мусулмонлар ҳуррият ва инсоният ҳомийси бўлған – фарансузларнинг боғланган қўллари ва бўғозланган тутқунлари эрурлар. Фарансиянинг энг яқин бир қишлоғинда солинган мактабининг изи ҳам Туниснинг энг катта бир шаҳринда топилмайдир. Фарансиянинг энг аҳмоқ бир боласига берилган сўз эрки (сўз ҳуррияти) – Жазойирнинг энг улуғ бир файласуфиға ҳам берилмайдир.

Тунис, Жазойир мусулмонлариға «ҳуррият», «ҳуқуқ», «адолат» деган анқо қушлари қўлға солмайлар. Фарансиянинг маъмурлари ва юзбошилари Туниc ва Жазойирга келганда илон каби оғули, шайтондек ёвуз, сомондай енгил, «Қорунға» ўхшаш бой бўлуб қоларлар. Тунис ва Жазойир халқининг номуслари билан ўйнаб, жонлари билан тижорат қилиб турарлар. Туниснинг экин ерлари мусулмонлариндан бутун олунуб фарансуз бойлариға берилган, ерли халқнинг қўлинда экин ери сира қолмаған, барисини фарансуз бойлари алдаб-сулдаб, қўрқутиб, уриб олғанлар.

Бу кун бутун Тунис экинчилари фарансузнинг энг қадрсиз хидматчилари бўлуб ишлайлар. Фарансузларнинг бутун фикрлари Тунис ва Жазойир мусулмонларини иш қилиб йўқотмоқ ва унларнинг ерларига эга бўлмоқдир. Оврупа жаҳонгирлари бир миллатни йўқ қилмоқ учун ҳаммадан бурун у миллатнинг миллий ва диний ахлоқини бузалар. Ундан кейин миллий тилини чуруталар. Фарансузлар Жазойир ўлкасинда бу ёвуз фикрларини бироз юрута олмишлар. Бундан олти йил бурун Тунис ва Жазойирға саёҳат учун борғани мисрли бир ёзғучи ўз саёҳатномасинда шул сўзларни ёзадир[16]: «Фарансия бузуқлиғи Жазойирнинг кентларинда унча таъсир қилмаған бўлса ҳам, шаҳар кишиларига хўб ёмон таъсир этган. Миллий ахлокдарин, дан асар йўқ, миллий тиллари йўқола ёзған, Жазойир халқининг бир бўлаги ўз тилларини сира билмайлар. Фарансузча гапуралар, бир бўлаги билсалар ҳам, тугал билмайлар. Гапурсалар сўзларининг ярими арабча, ярими фарансузча бўлуб чиқадир. Яна шу мисрли сайёҳ айтадир: «Бир яғинчоқларига[17] бордим. Яғинчоқда ҳозир бўлған кишиларнинг бариси араб эди. Бироқ сўйлашлари фарансузча бўлар эди. Танишларимдан бирига айтдимким: мана шул мажлисда бироз гапирсам бўлурми?

Танишим: Қайси тилда гапурасан?

Мен: Арабча.

Танишим: Бунлар бирортаси ҳам арабчани онгламайдир.

Мен: Бунлар араб эмасларми?

Танишим: Араб, лекин ўз тилларини унутганлар…!

Мана шул сўзларнинг ҳар бири фарансузларнинг туб тилакларини яхшиғина билдирадир.

Оврупалилар, айниқса, фарансуз ва англизларнинг тилаклари бизни битирмақдир. Биз унларға қанча дўст бўлсак, қанча яхшилик қилсак, ўз жонимизни йўлларинда қурбон этсак, яна бўлмас, унлар бизга яхши кўз билан қарамаслар, бизни битирмак фикрини ташламаслар, ниятиким, умумий урушнинг биринчи йилларинда Тунис мусулмонлари Фарансия ҳукуматиға мурожаат қилдилар: «Қанча аскар истасангиз берармиз, ҳаммамиз уруш майдонлариға бориб ёвларингиз билан урушармиз, жонимиз ва молимиз билан сизга кўмакчи бўламиз. Сиз ҳам бизга ўз фарансузларингизга берилган ҳуқуқни берингиз! Бизга ўгай кўзи билан қарамангиз, Фарансияда юрутулган адолат қонунларини бизнинг ўлкада ҳам юритингиз, дейлар. Фарансия ҳукумати қабул этмади.

Ҳиндустонлилар ҳам шул урушда англиздарға қанча хидмат қилдилар, қонларини англиз фойдаси йўлида сувдек тўкдилар. Ҳинд мусулмонлари ўзларининг халифалари бўлған Туркияга ҳужум этдилар, Дардония[18] ёнинда қанча диндошларини шаҳид этдилар. Англиз ҳукумати ёлғузғина шул ҳинд оқчаси ва шул ҳинд қўшуни[19] билан Олмония ва Туркияни енга билди. Уруш битгандан кейин англиз ҳукумати шул жонкуяр ҳиндлиларга қараб: «сизнинг кўмагингиз билан шунча иш бўлди, мана бу ҳақни олинг, сиз маним дўстларимсиз» дейдими? Албатта, йўқ…! Бу кун ҳинд халқининг уйи яна шул англиз тўпи билан йиқилиб ётар, бу кун ҳинд улусининг боши яна шул англиз қиличи билан кесилиб турадир.

Шул беш йиллик уруэдда Эрон ҳукумати англиз йўлдошлариға кўб яхшилик қилди. Диндошлари бўлған туркларга қўшилмади, қўшилған қабилаларға «ёғий» деб қаради, ёв муомаласи қилди. Англиз қўшиниға йўл берди. Уруш битгач, малъун англизлар унга хўппокда[20] бермадилар. Эрон вакилини сулҳ мажлисига киргазмадиларким, Эрон истиқлолини қабул этмадилар демакдир. Эрон шоҳини Лўндирага чақирдилар. Шоҳ Лўндирага бориб, эҳтимолким, англиз кучи остинда Эрон истиқлолининг ўлум қоғозинда қўл қўйуб келар.

Русия императўрлик ҳукуматининг бизга қилған зулмлари англизнинг Ҳиндустонда қилған зулмлариндан қолишмас эди.

Оврупа жаҳонгирларининг бунча ҳақсизлиқлари, бундай ёвузлиқлари ёлғуз мусулмон дунёсиға эмас, бутун Шарқға қарши эди. Неча юз йилдан бери чет ёқға чекилган «оч қорним, тинч қулоғим» деб ўтурған сиёсат дунёсининг ҳеч бир ишига қатнашмаган Чин халқининг дағи роҳати шул Оврупа жаҳонгирлари томонидан бузулди. Бундан қирқ-эллик йил бурун Жопўниё халқи ҳам шул Оврупа жаҳонгирлари томонидан эзилиб тура эди.

Оврупа жаҳонгирлари Шарқдан, тўғридан-тўғри ўз қўллариға ўткан ўлкаларигагина бу зулм ва бу инсофсизлиқларни қилмадилар. Бу кунгача қўллариға ўтмаган ўз бошли, мустақил Шарқ давлатларини ҳам эздилар, таладилар. Англиз, фарансуз жаҳонгирларининг Туркия ўлкасинда қилған ишлари давлатлар ҳуқуқиға, инсоф ва адолат қонуниға бутун мухолифдир. Букун ҳар эронлининг юрагини очиб кўрганлар англиз ханжари билан очилган кўб яраларни кўрарлар. Туркиянинг тошлар ва кесаклариндан ҳар бирини кўтариб қарағанлар Оврупа қиличи билан тўкулган қон томчилариға учрарлар. Туркиянинг доҳилий ишлариға қўл узатмоқ, Туркиянинг тараққий йўлини боғламоқ, Туркия ҳукуматининг эътиборини йўқ қилмоқ оврупалиларға ўйинчоқ бўлуб қолған эди. Мустақил, бетараф ва сулҳчи бўлған бояқиш Эрон ўлкаси Англиз ва Русия жаҳонгирларининг оқчалари билан ҳозирланган ихтилол[21] ва исёнлар ва ўз бошли бўлған бу ҳукуматнинг доҳилий ишлариға қўл узатмоқға кимсанинг, «бошқа бир давлатнинг» ҳақи йўқдир. Лекин, бу қонун Шарқдавлатлариға юрутулмайдир. Оврупанинг энг қадрсиз ва энг сойиғсиз[22] кичкина бир ҳукумати бўлған Қорабоғ ҳукумати Шарқни қадрли ҳукумати бўлған Туркиянинг дохилий ишларига қотиша, қўл узота эди. Оврупанинг инсофи, маданий давлатлари унинг бу ишига кулубгина қарай эдилар. Тунис ва Жазойирда мусулмонларни сойимлиги ва муқаддас шайхлари хонақоҳ ичиндан тортилиб, дор ёғочига осиддилар. Туркияга тобеъ бўлған «Қариб»[23] отасиндаги мусулмонларнинг ёзуғсиз болалари она қориндан чиқатуруб ўтга солиндилар, мустақил бир Шарқ давлати бўлған Эроннинг буюк мужтаҳид[24]лари Русия ва Англиз кўнсулларининг тилаклари билан дорға осилдилар. Николай ҳукумати замонида рус қўшини Имом Али Ризонинг[25] шарафина тўпга тутдилар, англизлар бутун мусулмон дунёсининг муқаддас имоми бўлған Ҳазрат Алининг равзасига[26] тўп отдилар, инсофли ва маданий (!) Оврупа давлатлариндан бирортаси ҳам товуш чиқармади. Лекин Туркияда бир арманининг бурниндан ёлғондан қон чиқғанда Истанбул соҳили Оврупа уруш кемалариндан тўлар эди. Бу маданий йиртғучилар Истанбулни олиб ваҳший мусулмонларни (!) у ердан қувмоқчи бўлар эдилар. Бунча зулм, бунча инсофсизлиқ ва бунча ваҳшийликдан Оврупа жаҳонгирларининг тилаклари ўлкалари олинмай қолған Шарқ давлатларини ҳам битурмак, бутун Шарқ ерларини олиб Шарқ халқини қул қилмоқ эди. Бу иш Оврупа жаҳонгирларига бир оз қийин тушди. Шарқ ҳукуматларини битурмак, Шарқ ўлкаларини босмоқ қулай эди, бироқ олинган ўлкаларни ўзаро бўлушмак қийин эди. Қайси мойли бўлагини ким олар эди, суяксиз таъмли ўрунлари кимга тегар эди. Оврупа жаҳонгирларини кўбрак тушундирган нарса мана шул улашмоқ эди.

Оврупа жаҳонгирлари шул масъалани эсга олгач, ишлари қийинлашди. Мойли бир кесим эт устига йиғилган оч итлар каби бир-бирига қарашлари ўзгарди, кўзлари қотиша бошлади, ҳар бири ўзгасига отилмоқ, уни эзмак етади. Шарқнинг энг ёғли қисмлари бўлған Миср ва Ҳиндустон англиз қўлинда эди. Шунинг учун бошқа жаҳонгир давлатлар шунга кўз тикдилар. Ҳар бирлари шул мойли кесимларни англиз тирнок дариндан тортиб оларга тиришдилар. Русиянинг Туркистонни олиши, Фарансиянинг Мисрга истиқлол тиловлари, Олмониянинг Туркияга яхшиликлари барчаси шул «Ҳинд учун кураш» деган масъаладан чиқған эди. Йўқса, Фарансиянинг Миср мусулмонлариға дўстлиги Олмониянинг Туркияга дўстлиги каби ёлғон ва бўш эди. «Ҳинд учун кураш» деган масъала бора-бора улғайди, «Шарқ учун кураш» шаклини олди. Оврупа жаҳонгирларининг ҳар бири бутун Шарқға ҳоким бўлмоқ учун ўзгасининг кўзини чиқармоқчи эди. «Шарқ» деган бу гўзал севгили хонимни бутун ўзиники қилиб олмоқ учун энг тиришган давлат Русия императўрлиғи эди. Русия жаҳонгирлари Қафқас ва Туркистонни олғандан кейин Ҳиндустон сари икки йўл ҳозирлаған эдилар: «Истанбул ва Миср орқали Ҳиндустон», «Афғонистон ё Эрон орқали Ҳиндустон». Англизлар Русия жаҳонгирларининг бу тушунчаларини онглаған эдилар, Шунинг учун бор кучлари билан Афғон, Эрон, Бухоро, Туркия ҳукуматларининг ўз бошлилик (истиқлол)ларини сақлашга тиришдилар, бироқ Русиянинг кучи кундан-кун кўпая бошлади. Русия шул ҳолға келдиким, бу кун-эрта Ҳиндустонга юруш қиларини ҳар ким сезди, Ҳиндустонни англизлардан тортиб олариға ҳар ким ишонди. Бу «бало»дан қутулмоқ учун англизларга биргина йўл қолған эди: ишқилиб, Русиянинг бошига бир таёқ урмоқ. Англизнинг шайтон сиёсати учун бу иш қийин тушмади. Англизлар Жопўниёга ёндошдилар. Жопўниёни Русия узра солдилар. Русия жаҳонгирлари тегишли таёқни Жопўниёдан еб, сулҳ қилғандан кейин англиз билан онглашмоқ ва келишмакнинг кераклигини билдилар. Англизлар билан сўйлашиб онглашдилар, мушоҳадалар ясадилар.

Оврупа жаҳонгирлари бир йўла бир-бирлари билан ёв бўлуб, бир-бирила уруша берганда бунинг сўнгги ўзлари учун яхши тушмас эди. Шунинг учун баъзилари ўзаро сўйлашиб келишдилар, уюшмалар ясадилар. Русия, Англиз, Фарансия давлатлари бирлашиб «илашган уч давлат» («эътилофи мусаллас» давлатлари) бўлдилар. Олмониё, Италия, Австрия-Можористон давлатлари бирлашиб «уюшган бир давлат» («иттифоқи мусаллас» давлатлари) ясадилар. Бу давлатлар сўздагина умумий сулҳни сақламоқ, умумий урушнинг йўлини боғламоқ учун ясалған бўлсалар ҳам ҳақиқатда буюк ва санкарсиз бу уруш учун тайёрлик кўруб тура эдилар. Бу икки «давлатлар тўдаси» («ҳайъати дувалия»)-дан ҳар бир топқон бойликлариндан кўбрагини уруш яроқлари тайёрламоқ йўлинда ҳормай, тинмай сарф қилар эдилар. Билим ва ҳунарнинг кўмаги билан шаҳар сингари кемалар, томуғ кўринишли тўплар, тоғ гавдали учғучлар ясаб тура эдилар. Бунларнинг бариси дунёнинг тараққийси учун эмас, кучсизларни эзмак учун, Шарқни ютмоқ учун эди. Бояқиш Шарқнинг ютулмаған давлатлари ўзлари учун энг осиғли йўл деб шуни топдиларким, Оврупада бир-бириға қарши ясалған шу икки тўдани орасиндағи душманлиқдан фойдаланиб, ўз борлиқларини сақласунлар. Бир кун англиз ва йўлдошлариға ёлбордилар, бир кун Олмония ва ўртоқлариға ялиндилар. Шул иш билан ҳурликли, қоронғулар орасинда ўз борлиқларини сақлай олдилар. Шарқ ва Ғарб ишлари шул йўлларда юруб келатурғанда 1914 да Сарой ўрамлариндан биринда «серб» йигитининг тўппончасиндан бир учқун чиқиб бутун дунё ёнғинига сабаб бўлди. Бутун Оврупа жаҳонгирлари орасинда очилган бу қонли уруш Шарқ мазлумларига кўб яхши фурсат беради, Шарқнинг қутулиш соати келган эди. Шарқнинг бунда вазифаси катта-кичик, мусулмон, мажус демасдан бирлашмак: бир-бирининг қонини ичиб турган Оврупа йиртғучилари қаршисиндан бир куч ва бир қўл бўлуб чиқмоқ эди. Билимсиз қолған Шарқ бу тўғри йўлни кўра олмади. Бу фурсатни ҳам қочирмас. Шарқли яхшиликни унутмас. Шарқли сиздан бир яхшилик кўргандан кейин сизга тирсак кўрсатмас. Шарқда сармояга эътибор билан оврўпа даражасинда капитализмчилик йўқдир. Шарқ Улуслари кўбчилик эътибор билан экинчи ва ишчи эрурлар. Шарқ экинчилари орасинда рус алповутлари янглиғ эгалари топилмайдир. Шунинг учун Шарқ уйғонгач, сутсиолизм асослариндан қаттиғ суратда бош тортмас. Тўғрисини айтғанда Русия хукумати Шарқ билан келишмак ва иттифоқ этмакка мажбурдир.

 


[1] обдираб — довдираб, аланглаб.

[2] килисо — черков.

[3] Парис — Париж.

[4] ангел — фаришта.

[5] йиртғучи — йиртқич.

[6] фас — Марказий Африка.

[7] осуғ — фойда.

[8] охсум — Бу ўринда «ҳамла» маъносида.

[9] нухта — тизгин.

[10] хоч буйруқлари — насронийлик талаблари.

[11] фаранга — таносил касаллиги.

[12] моя — сармоя жойи.

[13] муқаддасатин — қадриятлар.

[14] ҳафз сиҳати — гигиена қоидалари.

[15] мусовот — тенглик.

[16] ёзақдилар — қаратдилар.

[17] яғинчоқ — клуб.

[18] Дардония — Дардонел бўғози.

[19] Инглизларнинг Ҳиндистон ҳисобига орттирган бойликлари назарда тутилади.

[20] хўппок — ҳеч нарса, ҳемири.

[21] ихтилол — инқилоб.

[22] сийғсиз — фойдасиз.

[23] Кариб — орол номи.

[24] мужтаҳид — жиҳодга кирган.

[25] Имом Али Ризо — татар олими ва адиби Ризо Фахруддин.

[26] Ҳазрат Али равзаси — Ҳазрат Али барпо қилган боғ.