Кичик фелетўн
Мулла Карим Ҳожининг ёши етмиш ёшларда эди. Ёшлиқда бошига кўб жабр-жафолар тушмиш, дунёдаги ҳамма азобларни тортмиш эди.
Балки сиз «Мулла Карим Ҳожи жуда камбағал бўлған экан, шунинг учун фақирлик азобини, очлик жафосини тортғандир», деб ўйларсиз. Йўқ, Карим Ҳожи камбағал эмас эди. Жуда бой бўлмаса ҳам, беш-ўн минг оқчаси, ўн-ўн беш ботмон шоликор ва бир қўраси, яна булар устига хатми кутуб ҳам қилған, замонадан хабардор, мусулмонларнинг фойда зарарига тушунувчи эди.
Энди мендан «Ўзига етарлик дунёси, хатми кутуб қилған, замонадан хабардор бўлса, нима учун жабр-жафо чеккан?» — деб сўрарсиз, албатга. Мулла Карим Ҳожининг жафо чекувига ҳалиги замонадан хабардорлиги, мусулмонларнинг фойда-зарарига тушунувчилиги эди. Мулла Карим Ҳожининг қисқача таржимаи ҳоли мана бу:
Бир вақт мулла Карим Ҳожи охунднинг шаҳрида қози сайлови бўлған эди (бу вақт қирқ ёшларида эди). Савдогар қозилар элликбошиларга ва ҳокимларга минглаб, юзлаб пора тиқиб, қозилиқни сотиб олғач, бизнинг Карим Ҳожи қози бўлувчилар ила этишган ва уларга «Хоинлар, золимлар, золим ёрдамчилари!» деб қичқирған эди.
Қози бўлувчилар нафсониятка кетиб, юқори ҳукуматка мулла Карим охунд устидан: «Сиз — ҳукумат, золим экансиз, биз — қозилар, сизларнинг хоин ёрдамчингиз эканмиз, шаҳримиз муллаларидан мулла Карим охунд, сиз—ҳукуматимизни «Золим» ва бизларни «Золим ёрдамчилари» деб атади. Жазосини берувингиз маржудир. Мундоқ ҳукуматка қарши кишиларнинг йўқ қилувингизни ўтинамиз», деб ариза бердилар. Ҳукумат бу аризани кўруви билан дарров жандарма юбориб, Мулла Карим охундни турмага олдирди. Тўғри сўзлик жазосини тортиб, сўровсиз, несиз, икки ой ётди, уч ой ётди, тўрт ой ётди. Бешинчи ойда сўроқ бўлди. Карим охунд тўғри сўзлик ўлдиғидан сўнг:
— Ҳукуматни золим дебсан, — деб сўраган саволига:
— Жуда тўғри дедим, чунки ҳукумат жамоатнинг сайлаған кишисини жамоат ишига киритмайдилар, ўз тиловинча иш юритадир.
Жамоат бирор фойда-зарарни ажратувчини сайловга қарор берса, дарров ҳукумат ва ҳукумат бўрилари сапчийдилар. Мундай ҳукуматни такроро «Золим» ва ҳукумат тарафидан қўйилган маъмурларни «Золим ёрдамчилари» дейман, — деди. Суд ўлим жазосини буюрса ҳам, баъзи суддагилар девона ва телбаликка қарор бериб, ўн беш йил катр жазоси ила кифояландилар.
Ой ўтди, йил ўтди. Мулла Карим охунд дунёда кўрмаған азоблар ва жафоларни тортди. Ва ҳамиша Аллоҳ таолодан золимларнинг жазосини тилади. Ўн беш йилни азоб-уқубат, ҳасрат ва болаларининг фироқида ўтказиб, жамоат ишина аралашмаслик вазифаси ила ватанина қайтди. Болаларни ёнида кўбда турмади. Ҳаж ниятида сафар қилди. Муқаддас зиёрат жойларида Аллоҳ таолодан золимларнинг жазосини тилади. Ҳаждан ҳам қайтди. Жамоатка аралашмаслик вазифаси ўлдуғиндан, золим ҳукумат зулмидан ҳаммаслаклари ила бирликда шикоятланув ила кифояланди. Мундан сўнг ҳукумат жафосина илинмади. Илинганда ҳам Қора тўрага (пристав) ўрнидан туриб, таъзим қнлмағани учун уч ой турмада ётған эди.
Энди четдангина ҳукумат зулмига, мусулмонларнинг эзилганларига, шу золим ҳукумат иш бошида турар бўлса тез вақтларда мусулмонларнинг инқирозга юз тўтувларина чин-чиндан ачиниб, куйиниб золимлар ҳақиға дуойи бадлар ила кифояланди.
Бу золим адолатсизлик мулла Карим Хожини жабр-жафо, ҳасрат, афсус ила қартайтирди, ёши етмишга етди.
Ҳар кун ўғли бозордан қайтғанда янги хабарлар сўровчи бўлғанлиқдан бу кун ҳам янги хабарлар сўради. Ўғли суюнган тусда: — Суюнчи беринг ота! Халқ ва аскар бир бўлиб, ҳукуматни ўриндан туширган, ҳамма иш халқ қўлига ўткан, эски ҳукумат маъмурлари ўриндан туширилиб, қўлга олинған, министрлар ҳам ҳибс этилған, подшо ҳам қамалған, ҳуррият эълон қилинған, деди. Мулла Карим ота:— Ҳуррият?! — деди, орқасига йиқилди. Ўғиллари юзига сув сепдилар. Лекин ул ҳушсиз эмас эди, балки шодмарг[1] бўлған эди.
Абдулла Қодирий
«Нажот»[2] 1917 йил, 21 март, 2-сон, 3-бет
[1] Шодмарг — шодлик кайфиятидан ўлмоқ.
[2] «Нажот» газетаси 1917 йилнинг март ойидан муваққат ҳукуматнинг нашр афкори бўлиб чиққан, газета феврал инқилобини мақтаб, эски ҳукуматни танқид қилган, 20-сони чиққан, муҳаррири — Мунавварқори.