ЗЎРАКИ БОЙ
Охирги вақтларда биз — туркистонлилар тижорат, ҳатто, зироат ва дўкондорлик ишларинда на учун синармиз, яъни ифлос этармиз. Мунинг энг биринчи сабаби илмсизлик, тўғриси ақлсизлигимиздур. Оре, билиб туруб ўз зарарини қилмоқ ақлсизликдур.
Чунончи, «Зўраки бой» жанобларини ўн минг сўмлик мероси, боғ ва хонаси бор эди. Бу одам агарда боғини яхши ишлатса, мувофиқи шариат ва инсоф тириклик қилса, исрофгарлик этмаса, тўй ва азо деб ўзини барбод этмаса, албатта ортдурарди. Бу одам ўзидек ва ҳатто, ўзидан оз нимарсалик кишиларни кўрарга ўғул тўйиға икки-уч минг сўм сарф этар. Ўғлиға хотун олиб берса яна бир, икки, уч минг сўм сарф этар. Бир ўлук кўмса, беш-олти юз сўм харж этар. Ҳатто, олти ойлик баласини сочини олганда ва ё олти кунлик баласини бешикға боғлаганда бир-икки юз сўм сарф этар. Фотиҳа, чанлади[1], дубора-талабон, калутапўшон[2], мўйлабгирон… ва бошқаларини нари қўйдук, хулоса, бечора ўн минг сўмлик мулкдор қарайдурки, иш бўлмайдур. Ўғул ва қизлар катта бўлуб турубдур. Тўй лозим, хатна, никоҳ, унинг орқасидан кети узулмас бир сурук маърака ва қоидалар лозим. Кўбдан чиқиб бўлмайдур. Бечора одам ўйлавға тушар. Тўй қилмоқ учун бир-икки таноб боғдан ва ердан сотса, кўзи қиймайдур. Тўй қилмаса, бўлмайдур.
Бас, ноилож ўйлаб-ўйлаб, дўкондорлик, яъни баззозлик ва чойфурушлик ва ё бошқасини қилмоқчи бўлуб дўкон очар. Бонкалардан кредит (эътабар) очар. Ўн минг сўмлик меросий мулки бор экан, беш бонкадан уч минг сўмдан 15 минг сўм қарз олур. Чой, қизил мол, газвор, чиннивор, канап-чарчинвор, хуллас, ҳар навъ кантур ва фермалардан ҳам бир-икки йилға етмасдан бир ўн беш минг сўм урар. Бир вақт кўрарсан 30 минг сўм ишлатгучи қиб-қизил бир катта бой. Ўзини муфт деҳқонлиги ила рўзгор қилур экан, бир минг сўмни бутун умриға синамаган 30 минг сўмлик мол ичинда кўмганини кўруб, бизни деҳқонбойни аввалги торгина ақли ҳам учди-кетди. Қавму қариндошдан вексел олиб бонкаға қўяр. Сасиб ётган ва аларни сўзинча, эгасиз фабрикант молини тўғри келган кишиға нася берар. Бир тарафдан яхши от ва аробаларға ҳаваси кетар. Экипаж файтунлар ва маскав отлари олинур. Дигар тарафдан, ҳовлиға замона одами ўлтуратургон иморатлар қилинур. Усти темур, ости тахта, девори рангоранг шишакори шаҳнишинлар, бир неча меҳмонхоналар ва онда замона асбоблари олинур. Бу иморатларни ва дастгоҳни одамларға кўрсатмоқ учун зиёфатлар, базмлар керак. Ферма ва бонкаларни мудир ва аъзоларини-да алафранг шам-панскилик зиёфатлар қилмоқ керак.
«Зўраки бой» жанобларини(нг) хотун ва ўғли ҳам мундан ранг олиб, исрофға юз қўяр. Чунки Худо берган давлат қаердан келиб, қаерға кетар? Зўраки бойни ўзи ҳам билмас. Бир вақт тўй навбати етти. Энди терламоқни замони келди. Машваратлар, прўграмлар тузалур. Ҳўқанд, Андижон, Туркистон ва Тошканддан бошлаб, Марв, Бухоро, Карки ва Афғонистон ҳудудинча шуҳратлик бойлар ва кўрмаган ошнолар рўйхат бўлур. Ол-а… Мунча одамға хат ёзмоқ мушкул. Босмахонада зарҳаллик хатлар сипориш берилур. Ёддан чиқгони тилгиром ила таклиф қилинур. Хивадан, Фарғона ва Бухородан машҳур жувон ва, мутриб ва хонандалар чақирилур. Базмда фирмаларнинг мудир ва бонкаларнинг мубошири, ҳатто, ражоли ҳукумат таклиф қилинур. У қадар исроф, у қадар беҳуда масориф бўлурки, ҳисоби сингандан сўнгра маълум бўлур. Бу тўйни базми, жувони, кўбкариси, фашанги, инъоми у қадар кўб, у қадар қизиқ бўлдики, мунга ўхшаган бошқа бир зўраки бой ҳам ўзини анга ўхшатмоқ, балки ўткармоқ учун ўзини жардан ташламоқға ҳозирланур. Яъни мундан зиёда этмоқчидур. Биз аввалги зўраки бойнинг тўйи сўзини тамом қилган йўқ эдук, бойға яна бир никоҳ тўйи воқеъ бўлди, яъни жаноблари ёш хотун олдилар. Табиий, эллик-олтмиш яшарға 15 яшарни икки-уч минг сўм масорифсиз берилмайдур.
Сўзни қисқа қилайлук. Бир вақт эшитилур, зўраки бой; бонкаға пул еткуролмайдурлар. Имонсиз сарроф ҳам тақа-тақ шилдирни билиб, пул бермайдур. Иш «праваучўт»ға қолди. Бир неча вақт сўнгра яна эшитилурки, векселлар «пратест» бўлди. Ўн минг сўмлик мулк ила дўкондаги беш-олти минг сўмлик мол ҳажз (арест)ға олинди. Ҳисоб қилиб кўрулса, билинурки, 30 минг сўм қарз майдонда. Отадан қолган мулк ила тўрт-беш минг сўмлик ароба ғалтак оту тек дўкон мол энди нима бўлур дерсиз? Олти ой бир йилғача аввалги мулклар судға сотилиб, бечора зўраки бой аҳлу аёли ила дарбадар қолур. Чунки ақалли мартаба синган яҳудийдан ибрат олиб, биргина ҳавлисини ҳам хотуни отиға ўткармаган эди. Инолло ло юҳиббул мусрифин. Яъни Аллоҳ таоло исроф қилгувчиларни дўст тутмайдур. Зероки, бой жанобларйни таржимаи ҳолидан «Ойна»да кўб кўрунгон эди, аммо қисқартиб ёзилди. Балки бақияси бўлур.
«Ойна» журнали, 1914 йил, 16-сон, 270—273-бетлар.
[1] Чарлари.
[2] Аёллар киядиган бош кийим.