Ижтимоий тараққиёт ибтидоий инстинктга, фаҳшга берилишни чеклаш зарур деган қарорга келган, шу тариқа проститутсияни қораловчи аҳлоқий, маъмурий ва ҳуқуқий нормалар яратилган. Шаҳвоний истакларни эр-хотин муносабатлари, оила, фарзанд кўриш нияти доираси билан чегаралаш ижтимоий ҳаётда инсоният эришган энг улкан ютуқ эди.
Аммо ижтимоий тараққиёт одам зотидаги шаҳватпарастликни, ибтидоий инстинктларга берилишни тўла жиловлай олмади, ахлоқий ва ҳуқуқий нормалар жиндек унутилган заҳоти ҳайвоний ҳирсини қондиришга муккасидан кетган кимсалар, гуруҳлар пайдо бўлаверди. Бугун оммавий ахборот воситаларида, адабиётларда “глобал инқирозлар”, “глобаллашув жараёнлари” билан ёнма-ён, “глобал аёллар савдоси” иборалари ҳам ишлатилмоқда. Секс-трафикнинг инсон шаъни ва ҳуқуқларини, ижтимоий-аҳлоқий нормаларни топтовчи, “қадимий касб”ни улуғлаб, гендер нотенгликни авж олдирувчи воқеликка айланаётгани соғлом фикр эгаларини ташвишга солмоқда.
2003 йили канадалик журналист ва тадқиқотчи Виктор Маларек “Наташалар сотилади. Янги глобал аёллар савдоси” деган китобини чоп эттирди. Китобда келтирилган мисол-далиллар, ўртага ташланган муаммолар киши вужудини титроққа, қалбини ваҳимага солади. “Бугун одамлар савдоси, — деб ёзади В. Маларек, — яширин қуроллар ва наркотик моддалар сотишдан кейин учинчи ўринда турадиган даромадли бизнесга айланган. БМТнинг ҳисоб-китобларига кўра, у жиноий гуруҳларга йилига 12 миллиард АҚШ долларида соф фойда келтирмоқда”. Демак, ижтимоий тараққиёт, жамиятни инсонийлаштириш жиддий тўқнашувлар, қаттиқ курашлар натижаси бўлади. Инсоният бир томондан, ҳаётини гўзаллаштиришга, демократик қадриятларни қарор топтиришга, шахс ва жамият муносабатларида қонун устуворлигини таъминлашга интилаётган бўлса, иккинчи томондан, унинг ушбу олижаноб саъй-ҳаракатларини йўққа чиқаришга, ўзининг нафсини ва ҳирсини қондириш учун ҳар қандай жиноятларга шай кимсаларнинг ҳудудий, ҳатто трансмиллий уюшмаларига дуч келмоқда. Сивилизатсия одам зотидаги зўравонликка, табоҳликка, фаҳшга мойиллик иллатларини бартараф этиши зарур эди, минг афсуски, у ушбу иллатларни янги глобал воқеликка ҳам айлантирмоқда. Виктор Маларекнинг китоби ушбу янги глобал воқеликни келтириб чиқараётган омиллар, улар негизида ётган нафс, фаҳш, зўравонлик, дискриминатсия каби густоҳона иллатлар ҳақидадир.
Маълумотларга кўра, бугун “ишлаб келиш” баҳонасида собиқ иттифоқ ҳудудидаги республикалардан ҳар йили 175 минг хотин-қиз чет элларга боради. Москва ва Санкт-Петербургнинг ўзида турли республикалардан келган 150 минг хотин-қиз тунги клубларда “хизмат кўрсатади”. Ушбу клублар нафақат тунда, “хизмат ҳақи”ни тўлашга тайёр ҳар бир эркак учун кундузи ҳам эшикларини очишга тайёр.
ХХ асрни тсивилизатсиянинг чўққиси сифатида қанча улуғлашмасин ё айнан ушбу даврда аёллар савдоси, секс-трафик, проститутсия глобал воқеликка айланди. Бу воқеликни 70-йилларда Жанубий-Шарқий Осиёлик (тай ва филлипинлик) аёллар Европа ва АҚШга оммавий кўчиш билан бошлаб берган бўлсалар, 80-йилларда улар сафига Гана ва Нигериялик, кейинроқ эса Лотин Америка (Колумбия, Бразилия, Доминикан Республикаси)лик аёллар ҳам қўшилди. Секс-трафик ва проститутсия сотсиалистик лагер ва СССР тарқалганидан кейин ҳақиқий глобал ҳодисага айланди. АҚШ ва Европа фоҳиша бозорларига аввал Венгрия, Чехия ва Полша, кейин Украина, Молдова, Россия, Белорусия, Руминия, Грузия ва Болгария хотин-қизлари қатнашди. 90- йилларнинг охирларига келиб ушбу бозорни Арманистон, Озарбойжон ва Марказий Осиё республикаларидан келадиган хотин-қизлар тўлдирди. Шу тариқа ХХИ аср арафасида дунёнинг деярли барча давлатлари ва минтақаларида расмий ё норасмий бўлсин фоҳиша бозорлари юзага келди. Ушбу бозорда фақат бир нарса сотилади ва сотиб олинади — аёл танаси, унда фақат бир нарса эъзозланади — аёл танасини сотишдан келган даромад, доллар.
… 1999 йили германиялик икки “тадбиркор” болалар уйларига, етимхоналарга ҳомийлик кўрсатувчилар ниқоби остида Карелияда пайдо бўлишади. Улар мактабни битираётган 16-17 яшар қизларни Хитойда ўқитиб, Германияда нуфузли муассасалар ва ресторанларда ишлатамиз, деган ваъда билан олиб кетишади. Ота-онасиз ўсган ёш қизларни касб-корга ўргатиб, кейин иш билан таъминлашни ўз устига олган ҳомийлар топилганидан ҳамма беҳад шод эди, улар қизларни тантана билан кузатиб қўядилар. Ҳомийлар қизлар минган автобусни Хитойга эмас тўғри Германияга ҳайдашади. Содда, ҳали ҳеч нима кўрмаган қизларни “тадбиркорлар” фоҳишахоналарга сотишади. Куну тун ўнлаб эркаклар билан ётишга мажбур қилинган қизлардан бир нечтаси қочишга муваффақ бўлади, шу тариқа “тадбиркорлар – ҳомийлар”нинг жинояти очилади.
Яна бир мисол. ЛА СТРАДА инсон ҳуқуқлари нодавлат ташкилотининг хабарига кўра, 2000 йили германиялик “ҳомийлар” қизлардан тузилган ансамблга Европа бўйлаб гастрол ўтказишни, шу тариқа доллар ишлаб топишни таклиф этишади. Йўл сарф-харажатларини “ҳомийлар” ўз устига олишини билдиришади. Соддадил, ўз иқтидорини Европа санъат шинавандаларига кўрсатиш имкони туғилганидан қизлар хурсанд эдилар. “Ҳомийлар” қизларни Германияга олиб келиб исловатхоналар ва бошқа давлатлардан келган сутенерларга сотиб юборишади. Шу тариқа эндигина ҳаётга қадам қўйган ёш, ўсмир қизлар фоҳишаларга айлантирилади.
В.Маларекнинг далиллар келтиришича, Сербия, Босния, Гертсоговина ва Болгария бугун Европа исловатхоналарига, сутенерларига хотин-қизлар етказиб берувчи бозорларга айланган. Масалан, Сербияда алдаб олиб келинган хотин-қизлар эркаклар ҳирсини қондириш усулларига ўргатилади, кейин бошқа давлатлардан келган сутенерлар олдига яланғоч олиб чиқилади, истаган эркак уларнинг танасини ушлаб кўриши, тишларини текшириши мумкин. Руминиялик 17 яшар София исмли қиз бошига тушган кўргиликларни гапириб беради. Икки эркак унинг бўйнигача пичоқ тираб, машинасига ўтқазишган ва соҳилга келтириб, серб сутенерларига пуллашган. Серб қизни юртига келтириб исловатхонага сотади. У ерда Украина, Молдова, Руминия ва Болгариядан алдаб ва зўрлаб келтирилган қизлар ҳам бор экан. Қизлар қоронғу, зах хоналарда гоҳо овқатсиз, сувсиз ушлаб турилган. Исловатхона эгаси Софияни албаниялик сутенерга, албаниялик эса Италияга сотиб юборади. Италия исловатхоналарида “хизмат қилишга” мажбур этилган София бир куни қочишга муваффақ бўлади.
Косовада тинчлик ўрнатиш мақсадида келган канадалик полиция офитсери Гордон Мун деярли 300 та ёш аёллар ва қизларни исловатхоналардаги тутқунликдан озод қилган. Беихтиёр савол туғилади: наҳотки, ХХИ асрда, тағин Европада қул бозорлари бўлса? Ахир аёллар дискриминатсиясига қарши курашга даъват этаётган Европа эмасми?
Жанубий кореялик Туризмга ихтисослашган ассотсиатсия президенти Ким Кенг Са ҳам секс-туризмни ривожлантириш учун бошқа давлатлар аёлларидан фойдаланиш ғоясини илгари суради. Унинг фикрига кўра, мамлакатда жойлашган АҚШ ҳарбий кучлари Жанубий Кореяга жойлаштирилганида мамлакат қашшоқликни ўз бошидан кечираётган эди. АҚШ ҳарбий базалари яқинларида бар, клублар очилиб, уларга қашшоқ яшаётган корейс хотин-қизлари ёлланган. Бу маҳаллий аёлларни АҚШлик ҳарбийларнинг жинсий эҳтиёжларини қондиришга хизмат қилишга ундаган. Кейинроқ иқтисодий аҳвол яхшиланди, корейс аёллари “қадимий касб”- сиз ҳам оиласини боқиш имконига эга бўлади. Натижада барлар, клублар аёлларсиз қолади, ушбу аҳволни тўғирлаш учун барлар ва клублар эгалари бирлашиб туризмга ихтисослашган ассотсиатсия тузадилар. Улар 1990 йили ҳукуматдан Е-6 рақамли чет давлатлардан келадиган аёллар учун виза олиш ҳуқуқига эришадилар. 1999 йили чет давлатлардан келтирилган аёлларга 2522, 2000 йили 4317, 2001 йили 6980, 2002 йилнинг биринчи ярмидаёқ 6230 виза берилган. Уларнинг 4200 таси ҳарбий базалар ёнидаги барлар, тунги клубларда ишлаши қайд этилган. 2002 йилги маълумотларга кўра, Жанубий Корея барлари ва тунги клубларида ишлаётган хотин-қизларнинг 1813 таси рус, 1471 таси филлипин, 126 таси хитойлик, 113 таси украиналик, 44 таси болгариялик ва 34 таси қозоғистонлик бўлган. Корея полициясининг очиқ тан олишича, Е-6 визаси “проститутсияни ниқоблашдан бошқа нарса эмас”. Ҳарбийларнинг барлар ва тунги клубларда нималар билан шуғулланишидан АҚШ қўмондонлиги ҳам яхши хабардордир.
Бундай мисолларни Бирлашган Араб Амирлигидан ҳам келтириш мумкин. Масалан, Саудия Арабистонилик йирик амалдорлар, бадавлат кишилар Париждан гўзал, ёш хотин-қизларни келтиришга буюртма беришади. Сешанба куни келадиган чет эллик хотин-қизлар арабларга «хизмат қилади» ва келаси душанба куни қайтиб кетади. Ҳатто баъзи жойларда араб эркакларига хизмат қиладиган юзлаб аёллар сақланадиган исловатхоналар мавжуд.
Маълумотларга кўра, 90-йилларнинг бошида Грецияда икки мингга яқин аёл “қадимий касб” билан шуғулланган. Кейинги ўн йил ичида улар сони 20 мингдан ошиб кетди. Бугун Гретсия, Туркия, Яқин Шарқ ва Европа давлатларига “жонли товар”, исловатхоналар учун собиқ иттифоқ ҳудудларидан хотин-қизлар етказиб бериш маконидир. Бутун Гретсия полиция офитсерлари конфедератсиясининг президенти Дмитрис Кириазидиснинг очиқ айтишича, Гретсия полицияси “чет эллик аёлларни яширин тарзда мамлакатга олиб келишни уюштиришга тортилган”.
Шубҳасиз, БМТ инсон ҳуқуқларини дунёда қарор топтириш, тенглик, биродарлик ва эзгулик ғояларини тарғиб этиш борасида беқиёс лойиҳаларни ҳаётга татбиқ этмоқда. Аммо юқоридаги мисоллардан аён бўладики, унинг тасарруфидаги айрим ҳалқаро уюшмаларда ва ташкилотларда ўз нафсини ҳамда ҳирсини қондиришга мойил шахслар ҳам йўқ эмас. Шунинг учун В. Маларекнинг қуйидаги фикрлари ва таклифларига тўла қўшилиш мумкин. У ёзади: “БМТ нинг одам савдоси — трафик масалаларига бетарафлик сиёсатига асло йўл қўйиб бўлмайди. Ташкилот муаммонинг қанчалик жиддийлилигини англаши ва қаътий, ҳал этувчи чоралар кўриши зарур. “Тинчлик ўрнатувчилар”нинг ўзи алданган аёлларга ғайриинсоний зўравонлик кўрсатмоқдалар… Ёрдам кўрсатишга юборилган хайрия ташкилотларининг ходимлари ўз маошини аёллар сотиб олишга сарфламоқда. Улар шахсан фойдаланиш мақсадида аёллар сотиб оладилар ва уларни қулфда уйда сақлайдилар. Бу ўз мавқеини суиистемол қилишдир. БМТ ҳақиқатга чин дилдан қараши, зўравонликка, аёллар савдосига чек қўйиши керак”. Бу аслида нафақат БМТга, шунингдек, ўзида инсонийликни йўқотмаган барча кишиларга қаратилган даъватдир.
Аёллар савдоси секс-трафикни глобал тарзда тақиқлаш лозим. Аёллар дискриминатсиясини, гендер нотенгликни ҳеч қандай баҳона — этномаданий, этнопсихологик ва генетик сабаблар билан оқлаб бўлмайди. Секс-трафик ва дискриминатсия зўравонлик усулларидир. Шунинг учун тарбиядаги, ижтимоий муносабатлардаги гендер нотенгликни бартараф этмай инсонпар демократик жамият қуриш амри маҳолдир.
“Ҳуррият” газетасидан олинди (2008).