Яқинда бир танишим, тўсатдан, янги ҳовлига кўчаяпман, деб қолди. Рости ҳайратга тушдим. Ваҳоланки, унинг эски уйи ҳам бор-йўғи уч-тўрт йилча олдин қурилганди. Боисини сўраганимда “Э, нимасини сўрайсан, ваҳмак деганлари уйдаги ҳамма ёғочни еб битиришига оз қолди. Устимизга устун синиб тушмасдан бошқа жойга кўчишга қарор қилдим”, деди афсусланиб.
Илмий номи “термит” бўлган қишлоқ одамларини ваҳимага солувчи бу ҳашарот халқ орасида “сариқ чумоли”, “оқ чумоли”, “ваҳмак”, “овсизув” номлари билан маълум. Термитлар Марказий Осиё республикаларида, айниқса, кўп учрайди. Жумладан, Ўзбекистоннинг Хоразм, Бухоро, Қашқадарё ва Сурхондарё вилоятларида анча кенг тарқалган. Қишлоқ шароитида уй солиш учун ёғоч маҳсулотлари қанчалик зарурлигини инобатга оладиган бўлсак, ваҳмак кишилар учун шунчалик “бош оғриғи”га айланаётганлигини тушуниш мумкин. Одамларнинг унга биноларни харобага айлантирувчи, маҳв этиб бўлмас душман сифатида қараши ҳам бежиз эмас.
— Халқ орасида ваҳмак ё сени кўчиради, ё ўзи кўчади, деган гап юради, — дейди Қашқадарё вилояти Қарши тумани Ширкент қишлоғи фуқароси Эркин Жўраев. — Бироқ шу гап ҳам аслида ҳақиқатга унча тўғри келмайди. Чунки ваҳмак бор жойдан одамлар қочиб қутулишлари мумкин, аммо унинг ўзи ҳеч қачон кўчиб кетганини эшитмаганман. Мана, масалан, бизнинг ширкентликлар шу зараркунанданинг дастидан ҳатто ҳовлиларимизга қарагимиз келмай қолган. Баъзи уйларнинг томи ўпирилиб тушаяпти. Тўғри, бу “сариқ чумолисимон ҳашарот” керосин ёки бензинда осонгина ўлади. Лекин бензин қурғур қиммат, бунинг устига ушбу усул билан ҳам ваҳмакнинг ҳаммасини қириб битиришнинг иложи йўқ. У яна осонгина кўпайиб кетаверади.
— Ваҳмак жуда хавфли зараркунанда, — дейди Ширкент қишлоғининг яна бир фуқароси, уй солганидан бери ваҳмакдан зарар кўриб келаётган Жамшид Собиров. — У кўпинча одамларнинг кўзига кўринмайди, чунки ер остида, анча чуқурда ин қуради. Шунинг учун ҳам аҳолига томорқа учун ажратилган ерлар аввало яхшилаб текшириб чиқилса ва ҳашарот борлиги аниқланган тақдирда, чуқур ҳайдалиб, икки-уч марта суғорилса, бу яхши самара бериши мумкин. Қолаверса, қушлар, чумолилар ҳам ваҳмакнинг йўқ қилишда инсоннинг табиий ёрдамчилари ҳисобланади. Лекин, минг афсуски, бу ҳашаротни барибир юз фоиз йўқотиб бўлмаяпти. Ёрдам сўраб кимга мурожаат қилишни билмаймиз. Ваҳмакка қарши курашувчи бирорта ташкилот йўқ экан. Ўтган йили бир-икки киши ёрдам берилади деб, ваҳмак тушган уйларни рўйхатга олиб кетганди, аммо ҳалигача ўша ваъда қилинган ёрдамдан дарак йўқ.
Ваҳмак — миттигина сариқ қурт маҳалла ва қишлоқларга шу қадар катта зарар келтирар экан, уни батамом йўқ қилишга аҳоли ожизлик қилаётган экан, наҳотки бу зараркунандага қарши курашувчи бирор-бир мутасадди ташкилот бўлмаса? Бу савол билан ЎзРФА Зоология илмий текшириш институти лабораторияси мудири, биология фанлари доктори, профессор Аловиддин Ҳамроевга мурожаат қилдик.
— Кейинги йиллар ичида республикамизда термитларга қарши курашда эътибор бироз сусайгани туфайли уларнинг тарқалиши ва зарари тез суръатларда кузатила бошлади, — дейди А.Ҳамроев. — 1992 йили термитлар мамлакатимизнинг 3200 аҳоли хонадонларига тарқалган бўлса, 2008 йилга келиб бу рақам 18000 дан ошиб кетди. Қорақалпоғистон Республикаси Нукус шаҳри ва унинг атрофида яшайдиган 2,5 мингдан ортиқ хонадон термитлардан зарарланган, Тўрткўл туманида эса ана шу офат келтирувчи зараркунандалар ҳатто омбордаги дон ва полиз маҳсулотларига ҳам зиён етказмоқда. Энг ачинарлиси, ҳатто Хоразмдаги Ичан қалъа табиат музейида жойлашган 57 та маданий тарихий ёдгорликларнинг 31 тасида термитларнинг зарари аниқланган. Шунингдек, термитлардан Термиз шаҳридаги аеропорт ҳудуди ва бинолари ҳам зиён кўрган. Қашқадарёда эса 3,5 минг хонадон ваҳмакнинг зараридан азият чекмоқда. Фақатгина Китоб шаҳрида термитларнинг зарари ҳозирча кузатилмади. Бундай кўнгилсиз жараёнларнинг олдини олиш мақсадида вилоятлар ва туманларда жами 42 та гуруҳ фаолият тузилиши режалаштирилган эди. Аммо…
Ваҳмакдан асосан пойдеворсиз қурилган, кўпроқ ёғоч ва сомон ишлатилган иморатлар катта зарар кўради. Чунки бундай биноларда зараркунандаларнинг яшаб, кўпайиши учун қулай шарт-шароит мавжуд бўлади. Бунинг олдини олиш учун уй қураётган вақтда бино пойдеворларини бетондан ёки пишиқ ғиштдан қуриш лозим. Иншоот устига қўйиладиган ёғочнинг девор қисмида қоладиган ҳар икки тарафига солярка ёнилғиси шимдирилиши керак ва деворнинг барча қисмини қум аралаш тсементли қоришма билан сувоқ қилиш мақсадга мувофиқ. Шунда ер остидаги термитлар пойдевор орқали найчасимон йўл ясай олмай, нобуд бўлади. Баъзилар ушбу усулдан фойдаланадилару, пол остига ҳам пишиқ ғиштдан тиргак қўйиш кераклигини унутадилар. Бу ҳам ваҳмакнинг умргузаронлик қилиши учун қулай замин ҳозирлайди.
Олимнинг таъкидлашича, унга қарши курашишда кимёвий кураш усулларидан фойдаланиш ҳам мумкин. Жумладан, дурсбан препарати ҳамда заҳарли ем-хўракдан фойдаланиш айни муддао. Бу маҳсулотлар кимёвий ва патоген микроорганизмлар асосида тайёрланади. Заҳарли ем-хўрак бинонинг зарарланиш ҳолатига қараб, пол остига, девор орасига, шифт тўсинларга ва бошқа жойларга қўйилади. “Бромметил” гази ҳам анча фойдали ҳисобланади. Лекин, афсуски, у жуда қиммат ва ўта заҳарли бўлганлиги туфайли ҳозир ишлатилмайди. Ваҳмакдан қутулишнинг яна бир ишончли йўли — барқарор қурилиш материалларини яратишдир.
Сир эмас, одамлар шахсий уй-жой қуриш учун кўп йиллар давомида емай-ичмай пул йиғишади. Кейин минг машаққатлар билан бинони кўтаришади ва хонадонларини кўнгилдагидек кўринишга келтириш учун миллионлаб пул сарфлашади. Аммо ваҳмак деб аталувчи бу балои бад уйни, миллионларни, унга қўшиб, хонадон соҳибининг не-не орзу-удидларини ҳам бир неча йил ичида еб тугатиши мумкин. Демак, ваҳмак аҳолининг турмуш фаровонлиги, қолаверса, минтақа иқтисодиётига зилзила, сел ва бошқа табиий офатлар сингари зиён келтиради. Шундай экан, термитларга нафақат уйига ваҳмак тушган кишилар, балки тегишли мутасаддилар ҳам обдон бош қотиришлари керак. Ваҳмак балосига дуч келган одамларни бу муаммо билан яккама-якка қолдирмаслик лозим. Уларга ваҳмакка қарши курашишда кимёвий ҳамда биологик усулларни қўллашда кўмаклашиш талаб этилади. Имкони бўлса, уйларни ваҳмак тушишдан суғурталаш, баъзи бир ҳудудларда эса ваҳмакни йўқ қилиш бўйича ҳатто мажмуавий дастурларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш зарур. Ваҳмак алоҳида бир уйга эмас, балки бутун ҳудуд иқтисодиётига салбий таъсир кўрсатаётган зараркунанда сифатида таърифланиши ва шунга муносиб тарзда чоралар кўрилиши талаб этилаётир. Чунончи, кейинги ўн йил ичида ваҳмакдан азият чекаётган хонадонлар сони қарийб олти баробарга кўпайгани ҳам бугунги ҳафсаласизлик эртага янада ачинарли оқибатларга олиб келиши мумкинлигидан далолат бериб турибди.
“Ҳуррият” газетасидан олинди (2008).