2012 йилда “Тафаккур”, “Жаҳон адабиёти”, “Гулистон”, “Ёшлик”, “Шарқ юлдузи”, “ЎзАС” сингари нуфузли адабий нашрларда чоп этилган ҳикоялар сони эллик иккитани ташкил этади. Маъсума Аҳмедова, Луқмон Бўрихон, Исажон Султон, Ахтамқул Каримларнинг шу йили нашр қилинган ҳикоялар тўпламларидан олтмиш еттита ҳикоя жой олган. Бунга адабиётга бевосита алоқадор бўлмаган давлат нашрлари, хусусий газета-журналлар, вилоят вақтли матбуоти материалларини ҳам қўшадиган бўлсак, ўтган йили энг ками икки юз эллик, уч юзта ҳикоя эълон қилингани маълум бўлади.
Мазкур йилда эълон қилинган ҳикояларнинг мавзу ва мундарижаси, умуминсоний қамров кўлами, бадиийлиги – структураси, образлари ва услуби кейинги эллик йилларда ёзилган ҳикояларникидан сезиларли даражада фарқ қилади. Уларда халқ ҳикоячилиги тажрибаларини ҳам, мумтоз адабиёт анъаналарини ҳам, жаҳон, жумладан, турк, япон, рус, Лотин Америкаси, инглиз, француз, Америка прозаси унсурларини ҳам кузатиш мумкин. Муҳими, бугунги ҳикояларимизда мана шундай улкан тажриба омилларини адабиётнинг туганмас манбаи, Яратганнинг санъати – ҳаёт воқелиги билан синтезда ифодалашга уринишлар бор.
2012 йил ҳикояларини кузатиш, бундан бир неча йиллар бурун бошланган, воқеликни истиоравий ифодалаш жараёнининг бугунга келиб муайян босқичга кирганини кўрсатади. Ушбу йил ҳикояларининг бир қисми истиорага (метафора) қурилгани фикримизни тўла тасдиқлайди.
Ўтган йилда чоп этилаган ҳикояларда истиоравийликнинг икки шаклини учратамиз. Уларнинг биринчиси, бутунича истиорага қурилган кичик эпик жанр намунаси – ҳикоя-истиоралардир. Бундай ҳикояларда ёзувчи томонидан танланган бирор мавзу ҳамда воқеа бир бутун истиора тизимига айлантирилади. Сюжет ва образ умумлашма (типологик) моҳият касб этади. Ҳикоя тили рамзлар силсиласига қурилади. Асар композицияси ўрнини истиора қолипи (метафорик модел) эгаллайди. Натижада ҳикоянинг макон-замон қамрови улканлашади. Маъно кўлами универсаллик касб этади.
Ёзувчи Нуруллоҳ Муҳаммад Рауфхонинг 2011 йилда чоп этилган “Этакдаги кулба” ҳикояси ҳикоя-истиоранинг ёрқин намунасидир. Шунга яқин ҳикояларни 2012 йил ҳикоячилигида ҳам кузатиш мумкин. Мазкур ёзувчининг “Оддий ҳақиқат”, Неъмат Арслоннинг “Туманли минтақа”, Луқмон Бўрихонинг “Темир сандиқ”, Раҳимжон Раҳматнинг “Адашвой”, У.Ҳамдамнинг “Сафар”, Исажон Султонинг “Сувдаги коса” асарларини ҳикоя-истиора сирасига киритиш мумкин. Нуруллоҳ Муҳаммад Рауфхон ҳикоясидаги кўча, касалхона, миршабхона, йўл чизиғи, рўмолча, ҳатто қаҳрамон шошилинчда оёғига илиб чиққан шиппак ҳам истиоравий тизим бўлаги сифатида “оддий ҳақиқат”ини очишга хизмат қилган. Н.Арслон метафорик маконнинг кутилмаган, истиоравий харитасини чиза олган. Айниқса, ундаги “туман” метафорасининг мазмуни жуда чуқур. Л.Бўрихонинг “Сандиқ” ҳикоясида улкан маданий-психологик тарих ягона қаҳрамон (образ-истиора) ва сандиқ детал-истиораси атрофида умумлаштирилган. “Адашвой” ҳикоясида эса макон-замоннинг янги истиоравий шакли кўзга ташланади. Ҳикоя қаҳрамонининг исмидан тортиб, бошқа персонажларгача, мулоқот шаклларидан турли интеръерларгача истиоравий моҳият касб этади. “Сафар” ҳикояси ассоциатив бадиий макон воситасида одам “эго”си ҳақидаги синоатни тушунишга қаратилган бўлса, “Сувдаги коса” истиораси беихтиёр ёдимизга Эрнест Хеменгуэй асарини ёдга солади. Аммо айтиш жоизки, бу тур ҳикоя муаллифларининг деярли барчаси тор ижтимоий муаммолар доирасида ўралашиб қолишган. Ҳолбуки, адабиётнинг, қолаверса, истиоравий талқининг қамров кўлами бугина эмас.
Айни тур ҳикояларнинг иккинчи кўринишини истиоравий ҳикоялар деб номлаш мақсадга мувофиқдир. Бундай ҳикоялар тўлиғича истиорага қурилмайди, балки улардаги бирор мотив, образ ёки деталь истиоравий функция бажаради. Ёзувчи бадиий ниятини намоёнлашда, асар бадиий ғоясини ёрқин ифодалашда ҳикояга киритилган мана шундай истиора бўлаклари муҳим роль ўйнайди. Хуршид Дўстмуҳаммаднинг “Шабада”, Нодир Норматовнинг “Гулдурак даштларида”, Нортўхта Қиличнинг “Зилзила”, У.Ҳамдамнинг “Пиллапоя”, И.Султонинг “Авлиё”, “TODD”, Бахтиёр Нуриддиновнинг “Мусаввир”, Муҳаммад Шарифнинг “Кулдиргич”, Гулноз Авезованинг “Кутиш” ҳикояларида шундай хусусиятлар кўзга ташланади. Ёзувчи Х.Дўстмуҳаммад ўз ҳикоясини бошдан-охир “Оила барбод бўлса, Оллоҳнинг арши ларзага келади”, деган ягона самовий ақидага қуради. Бу илдизи теран шарқона тезис орқали бугунги дунёнинг барча ҳудудларида кечаётган маънавий инқироздан ўқувчини огоҳлантиради. Ҳикоядаги олов детали, истиора элементи сифатида, бадиий-психологик таъсир субъекти вазифасини бажаради.
Учинчи тур ҳикояларни шартли равишда мистик ҳикоялар деб оламиз. Ҳикоянинг бу шакли, умуман, жаҳон адабиёти тажрибасида бор. Айни шакл кейинги йилларда бизнинг адабиётда ҳам учраётган экан, буни табиий бир жараён деб қабул қилиш керак. Бундай асарлар сирасига шартли равишда: Н.Арслонинг “Сояда ухлаётган толеъ”, Назар Эшонқулнинг “Сибизға воласи”, Собир Ўнарнинг “Сафура холамнинг сири”, И.Султонинг “Қисмат”, “Боғи эрам”, “Ойдинбулоқ” ҳикояларини киритдик. Н.Эшонқулнинг “Сибизға воласи” асари нашр этилгани заҳоти енгил-елпи баҳс-мунозараларга сабаб бўлди. Ҳикоя халқ орасида юрадиган Искандар ҳақидаги мистик ҳикоят(чўпчак)нинг бадиийлаштирилган баёнига қурилган. Натижада, жўн бир мистика ҳам маъно, ҳам хронотоп кўлами нуқтаи назаридан поэтик универсалия касб этган. Ҳикоя сюжети, Искандар ва сартарош образлари типологик қиёфа олган. Аммо ёзувчи шу ўринда бир нозик масалани – рецепция жараёнидаги ўқувчи ассоциатив қамровининг чеки йўқ ва тизгинсизлигини, у ҳамма нарсани қўйиб, тўғридан-тўғри ҳазрат Навоий “Хамса”сидаги Искандарга, қолаверса, “Қуръони карим”да зикр этилган Зулқарнайнга қадар даҳл қилиши мумкинлигини, оқибат ўлароқ, чўпчак талқини кечириб бўлмас бир ёлғонга айланиб қолишини эътиборга олмаган. С.Ўнар ҳикояси бадиий ростгўйлик мезонига қўйиладиган бўлса, фақат боланинг хос мистик тасаввури диапозонидагина ўзини оқлаши мумкин. Асардаги Сафура хола, ота-она ва бола тўртлиги қондошлик тизимидаги характерлар чамбарагини ҳосил қилгани эса ҳикоянинг муҳим ютуғи бўла олади. Мистикага мойиллик И.Султон ижодининг дастлабки намуналариданоқ кузатилади. Улардаги пари, жин, дев, арвоҳ каби элементлар кўпинча муҳим ҳаётий муаммолар ечимига қаратиладики, бундан ҳатто мистика ҳам, ёзувчи эътиқодига кўра, турли йўриқларга юриши мумкинлиги англашилади.
Ҳар доимгидек 2012 йил ҳикояларининг ҳам асосий қисмини воқеий ҳикоялар ташкил этади. Айни далил ўзбек насрида ҳамон ушбу анъана етакчи мақомда турганидан далолат беради. Аммо шуни махсус таъкидлаш жоизки, бугунги ижтимоий муносабатлар, халқимиз турмуш тарзидаги жиддий муаммолар, глобализация жараёнида пайдо бўлаётган янги тип одам образи, аввалги даврлар учун хос бўлмаган тамомила янги сюжетлар, деталлар, янгиланаётган тил ва услуб элементлари ҳам айнан шу йўлдаги ҳикояларда кўпроқ кўзга ташланади. Гарчи, бу ўринда барча воқеий ҳикояларни ягона истилоҳий тасниф остида қайд этаётган бўлсак-да, уларнинг ҳар бири эстетик салмоғи, қўйилган бадиий концепцияси, танланган воқеаси (сюжети), образлари, айниқса, услуби жиҳатидан фарқланади ва шу сабабдан жиддий ички таснифни талаб этади. Шу боис реалистик ҳикояларни қуйидаги ички таснифда беришни лозим топдик:
Ноанъанавий сюжет, образ ва услубдаги воқеий ҳикоялар:
Омон Мухторнинг “Кекса муаллим ёки Наполеон ҳайкали”, Неъмат Арслоннинг “Яшаш ҳуқуқи”, Абдуқаюм Йўлдошевнинг “Пуанкаре”, Дилшод Нуруллаевнинг “Байрамдан кейинги байрамлар” ҳикояларида мана шундай хусусиятлар кўзга ташланади. Масалан, О.Мухтор ҳикоясида бадиий образнинг ассоциатив шакли кўзга ташланса, Н.Арслон ҳикоясида одамзод турмуши деган реал воқеликнинг ботиний манзаралари тасвирланади. А.Йўлдошевнинг “Пуанкаре” асари чоп этилар-этилмас, уч тўрт мақолада тилга олинди. Асарнинг илк талқинларидаёқ фикрлар ранг-баранглиги кузатилди. Мана шунинг ўзи ҳам ҳикоянинг ноанъанавий йўлда ёзилганига далил. “Пуанкаре”нинг гоҳ неореалистик, гоҳ неомодернистик, гоҳ постмодернистик асар тарзида баҳоланаётгани ҳам айнан шу ноанъанавийликда бўлса, эҳтимол. “Пуанкаре” замонавийлиги, ўзига хос ҳикоялаш услуби, бадиий муаммонинг долзарблиги ва, энг муҳими, асар марказидаги жумбоқнинг антиқалиги, аниқлиги, тарихий-илмий асосга эга эканлиги билан муносиб ўрин эгаллайди. Аммо шунча фазилатларга эга эканлигига қарамасдан, бу асарнинг ҳеч қандай постмодернизмга алоқаси йўқ. Эҳтимол, асарнинг янгилиги, ўзига хослиги ҳам шундадир.
Д.Нуруллаев ҳикояси ўзининг услубий экспериментга қурилгани билан ноанъанавийликка даъво қилади. Ёзувчи ўз асарида феълнинг мажҳул даражасидан моҳирона фойдаланади. Бутун ҳикоя кириш сўзлар, ажратилган изоҳ бўлаклар ва бошқа бадиий тил воситалари, такрор гаплар тизими ўлароқ бир жумлага жойланган. Очиқдан-очиқ сунъий унсурлар, баъзи “адабий олифтагарчилик”(Н.Эшонқул) қусурларидан қатъи назар, бу ҳикоя ўз муаллифининг тилбилгичлиги, моҳирлиги, борингки, салоҳиятига далолат қила олади.
Анъанавий сюжет ва услубдаги ҳикоялар:
Носир Фозиловнинг “Полиз оқшоми”, Фарҳод Мусажонинг “Дарз”, Асад Асилнинг “Ташналик”, Қамчибек Кенжанинг “Лафз”, Абдуқаюм Йўлдошевнинг “Биз излаган тилсим”, “Дилноза”, Шодмон Отабекнинг “Агар ошиқлигим айтсам…”, Тўлқин Ҳайитнинг “Ошиқ”, “Одамнинг яхшиси”, Жўра Фозилнинг “Болалик боғлари”, Ашурали Жўраевнинг “Оқсоқол”, Луқмон Бўрихонинг “Қўноқ”, “Тун қаъридаги шуъла”, Қўчқор Норқобилнинг “Янги йил кечасида”, Маъсума Аҳмедованинг “Офтобли кун”, “Марказдаги қиз”, “Биллур гулдон”, Зулфия Қуролбой қизининг “Келин”, Ахтамқул Каримнинг “Момоқиз”, Холмуҳаммад Каримнинг “Ёнғоққа тушган қурт”, Исмоил Шомуродовнинг “Култепада кечган ҳангомалар”, Гулноза Эрназарованинг “Олмалар”, Суҳбат Афлотунийнинг “Гумроҳлар”, Неъмат Рафиқовнинг “Уста аканинг ўгити”, Турсунбой Боймировнинг “Мирзоқул”, Наргиза Жумамуродованинг “Момо дуоси”, Олланазар Абдиевнинг “Йртиқ этик”, Воҳид Исмоиловнинг “Қўшиқ ҳам сўнади”, Муҳаммад Шарифнинг “Ҳиргойи”, Холёр Сафаровнинг “Баҳор ифори”, Абдужалол Раҳимовнинг “Одамлар” сингари ҳикоялари шу тоифага мансубдир. Албатта, бир қаторда санаб ўтилган ушбу ҳикояларнинг ҳар бири алоҳида ёндашувга арзийди. Умумий ҳолатда махсус тадқиқотларга эҳтиёж туғдиради. Аммо, юқорида қайд этганимиздек, улардаги умумийлик, ягона реалистик пафос ўзбек халқининг бугунги турмуши манзаларини мозаикада ифодалашида кўринади.
Яна бир умидли ёш ёзувчимиз А.Суюновнинг “Ота ва ўғил”, “Йўқчи”, “Икки тонг ораси” ҳикояларини ўқиб, хаёлимдан Ватанимиз манзаралари, одамларимиз табиати, нуқтаи назари, энг муҳими, тили ва ифода йўсини “нақадар оригинал-а” деган фикр ўтди. Аммо ёзувчи ҳикоянинг қайси жойида бугунги формал тил таъсирига берилган бўлса, ўша нуқтада асар биз алқаб турган самимиятдан узилиб қолганки, бу масалани А.Суюнов жиддий ўйлаб кўриши керак.
“Она кўкёл”, “Кўккўл қўшиғи“, “Кўнгил тошқинлари”, “Жасорат”, “Чол ва қоратош” каби ҳикоялари билан нуфузли олимлар эътиборига тушган М.Тилавова қурган сюжетлари нисбатан ноодатийроқ, сирлироқлиги, услубининг китобийлиги, персонажларининг ўзгачароқ табиати билан ажралиб туради. Аммо шунга қарамасдан, бу ҳикоялар миллий манзара, миллий персонаж, миллий услубга рост келмаслиги, улардан қандайдир сунъийлик, бегона оҳанг, бегона одамлар, бегона макон-замонинг ҳиди келиб туриши кишини ҳайратлантиради.
Ғарб маънавиятини, хусусан, адабиётини емириб, бугунги руҳий инқироз чоҳига ташлаган икки маданий-фалсафий фактор бор. Уларнинг бири, ҳинд ва хитойнинг буддавий эътиқоди асосида турувчи реинкарнация – руҳнинг бир жонзоддан иккинчисига кўчиши ҳақидаги таълимот бўлиб, қачонлардир унга эргашган беқарор Ғарб синов учун яралмиш инсоннинг тозариш имкониятлари чексизлигига соддаларча ишониб қолди ва кўп хатоларни хато билмай қўйди. Бу ишонч Ф.Ницше сингари сатанаология (шайтанат илми) вакиллари томонидан янада рағбатлантирилди. Одамдаги қон ва ёвузликка бўлган истаклар фалсафа ёрдамида чинакам ҳаётий ақидага айлантирилди. Иккинчи фактор З.Фрейднинг психоанализи, ундаги “Эдип комплекси” назарияси билан боғлиқ. Ушбу назария дастлаб тиббиёт амалиётга, бора-бора эса Ғарб ижтимоий турмуш маданиятининг илдиз-илдизларигача кириб борди. Бир сўз билан эндиликда фрейдизм психология ёхуд тиббиёт соҳалари таркибини эмас, балки Ғарб кишиларининг қалбини, руҳий аурасини эгаллади, улар учун ягона “эътиқодга айланди” (М.Г.Ярошевский таъбири). Оқибатда, “Маданий Ғарб” дунёси инсоний маънавиятнинг икки буюк таянчини бой берди. Уларнинг бири ОТА деган маънавий устун бўлиб, фрейдона афсунлар орқали у ўғилнинг потенциал душмани қилиб кўрсатилди. Рақиб ўғил эса, бахтиқаро Эдипга ўхшаб, ўз онасининг хуштори этиб “тарбияланди”, ягона мақсад – отасини маҳв этиш сари йўналтирилди. Натижада, инсоний турмуш учун муҳим иккинчи буюк устун – оила устуни ҳам қулади. Оқибат замонавий Ғарб фрейд афсунларидан дард чекиб, бошини қай тарзда чангалламасин, маънавий хазинасидан салмоқли қисмини бой бериб бўлди.
Кейинги йиллар ўзбек насрини бир кичик мутахассис сифатида кузатар эканман, ижодкорларимиз орасида шу каби ғайриинсоний ғояларга, шайтанат афсунларига билиб-билмай маҳлиё бўлиш кайфияти борлигини сезаман. Ҳатто киройи истеъдоди, маҳорати, ўз услуби, қолаверса, шундай улуғвор халқи бор баъзи туппа-тузук ижодкорларимизнинг-да “шу вартага” (Абдулла Қодирий) тушиб қолганларини сира тушунолмайман. Таассуфки, ўзининг қатор ҳикоя ва қиссалари билан китобхонлару мутахассисларда яхши таассурот қолдиришга эришган И.Султонинг, ҳисобот материали сифатида менинг чекимга тушган, “Қисмат” ҳикояси ҳам шундай қусурдан холи эмас. Аввало, ҳикоя марказидаги ўлиб кетган ота образи ўқувчи кўз ўнгида одам эмас, “тилла балиқ” шаклида гавдаланади. Аммо ушбу тилла балиқни на миллий поэтик тафаккур заҳираси, на муаллиф иерархияси (грек. hieros – илоҳий ва arche – ҳокимият), на ҳикоядаги образлар руҳий-маданий потенцияси нуқтаи назаридан бадиий рамз сифатида қабул қилиб бўлади. Чунки бундай талқин ҳар қандай ҳолатда, ҳар учала субъект учун ҳам, ғарбга тақлид ўлароқ, бегона, ғайриҳаққоний бўлиб қолаверади. Иккинчидан, ҳикоядаги катта ўғилнинг ўз отаси деб билган (?!!) балиқни отиши (Қадим ҳиндларнинг мифологик эътиқодида, маъбуд Вишну балиқ қиёфасида келиб, адашган, оч қолган одамларни тўйдиради, беморларга шифо ато этади, деган ботил эътиқод бор), уни бемор онаси учун қовураётиб “…Ана энди қозонда жизиллаб куйяпсан, ота. Дўзахда шунақа куйишингни орзу қилган эдим… Мана сенга! Жизилла жизиллайвер!”, дейиши, афсуски, фрейдизм афсунларига маҳлиёликдан бошқа нарса эмас.
Энг муҳими, ҳикоя адабий-тарихий жараёнга доир уч замон хусусиятини мужассам эта оладиган ўзига хос бадиий жанр ҳисобланади. Жаҳон ҳикоячилиги контекстида бундай қараш ўзини тўла оқлаб келган. Айни пайтда, ўзбек ҳикоялари ҳам шундай фазилатлардан йироқ эмас. Бу фикрни ўтган йилги ҳикоялар мисолида ривожлантирадиган бўлсак, қуйидаги умумлашма-хулоса ҳосил бўлади:
1. 2012 йилда нашр этилган ҳикоялар, аввало, хронологик тартиб жиҳатидан тарихий, яъни ўтган замонга тегишлидир; иккинчидан, мазкур ҳикоялар у ёки бу даражада тарихий-маданий, тарихий-ижтимоий, тарихий-маиший, тарихий-психологик жарёнларни акс эттиради; учинчидан, ва, энг муҳими, 2012 йил ўзбек ҳикоячилиги туркий-ўзбек насрининг минг йиллик бадиий анъаналари вориси, Шарқу Ғарб классик поэтикаси ҳамда замонавий прозасининг қонуний бир узвидир.
2. Универсал макон-замон кўламида олиб қаралганда, 2012 йилги ўзбек ҳикоялари Ўзбекистон деган конкрет макон ва бу маконда ҳаёт кечираётган одамларининг бугуни, яъни айни замон воқелигининг бадиий талқинидир. Таъкидлаш лозимки, шу йили ёзилган барча ҳикоялар, ҳатто тарихий мавзудагилари ҳам, истисносиз тарзда бугунни акс эттиради. Давримизнинг маънавий, ижтимоий, маиший, руҳий эҳтиёжлари, энг долзарб муаммоларини бадиий акс эттиради.
3. 2012 йилда ёзилган муайян ҳикоялар (ҳаммаси деб бўлмайди, албатта!) келажакда ёзилажак қисса ва романларнинг дебочаси, асосидир. Гарчи қисса ва романга хос тафаккур қисман ўзгачароқ шаклларда намоён бўлса ҳам, яхши ҳикоя истеъдодли ёзувчи ижодининг кейинги босқичлари учун бир бадиий-психологик мақом вазифасини ўтайди. Одил Ёқубов, Асқад Мухтор, Шукур Холмирзаев, Мурод Муҳаммад Дўст, Тоғай Мурод, Эркин Аъзам, Назар Эшонқул, Луқмон Бўрихон, Улуғбек Ҳамдамлар ижодини бирбутун олиб текширган адабиётшунос бу фикрнинг шунчаки илмий гипотеза эмаслигига амин бўлади. Шу маънода бугун ҳикояларининг насримиз келажагига ҳам бевосита алоқаси бор.
Хуллас, ёзганларимиз ҳозирги ўзбек ҳикоячилиги, хусусан, ўтган йил ҳикоялари ҳақидаги дастлабки фикрлар, холос. Чунки бир ҳисобот-мақола доирасида барча фикрларни айтиш, йил ҳикояларининг ҳар бирига махсус анализ асосида ёндашиш мумкин эмас. Аммо шунга қарамасдан, нашр этилган ҳикояларга таяниб, бугунги ўзбек ҳикоячилиги ўзининг барча ютуқ ва камчиликлари билан келажакдаги улкан бадиий парвозлардан хабар беряпти, деган хулосани айтиш мумкин.
“Шарқ юлдузи” журнали, 2013 йил, 3-сон.