Шаҳноза Назарова. Янги қиссачилик сарҳадлари (2012 йил қиссалари таҳлили) (2013)

Қисса миллий китобхонликнинг, адабий жараённинг қиёфасини кўрсатувчи ўта муҳим жанр. Романга етмаган, ҳикояга сиғмаган оралиқ ижодий қувват қиссада акс этади. Айнан қисса чинакам китобхонларни саралаб, тарбиялаб, романга тайёрлаб берувчи оралиқ жанрдир.

2012 йилда умумий ҳисобда 30 дан ортиқ қиссалар эълон қилинди. Улар, асосан, “Ёшлик”, “Шарқ юлдузи” журналлари, “Extremum press”, “Янги аср авлоди”, “Шарқ” нашриётларида чоп этилган.

Қисса ижодкорда романик тафаккурнинг шаклланишидаги пиллапоя. Қиссанавислар эртанги романнавислардир. Ушбу мезонлар асосида, қиссанависнинг ижодий кучини асари орқали аниқлашга ҳаракат қиламиз.

Ғулом Каримийнинг “Карвон” тарихий-биографик қиссасида Маҳмуд Кошғарий ҳаёти қаламга олинади. Қисса тарихийлик талабларига тўла жавоб беради. Макон ва замон масаласи тарихий мантиқ асосида ҳал этилган. “Девону луғотит-турк”да мавжуд қўшиқ, мақоллардан қаҳрамонлар нутқини, характерини яратишда унумли фойдаланилган. Психологик тасвирлар тарихийликни бадиийликка олиб ўтган. Қаҳрамонлар нутқидаги сўзга тежамкорлик ифода маромини юзага келтирган. “Девону луғотит турк”дан олинган мақоллар мазмуни ҳавола қилинган. Аммо ичсўз, “илон ярбуздан қочади” жумласидаги ярбуз сўзлари изоҳи ҳам берилса, маъқул бўлар эди.

Яна шу муаллифнинг “Турон қоплони” тарихий драматик қиссасида Хоразмшоҳ нутқида зўраки илтифотлар бордек: “Довюрак саркардам, Инолчиқ, мажлис аҳлига айт: тузимизни оқлай оласенму? Мўғул галасини тўхтатиш қўлингдан келадурму?” Хоинлар Девонбеги ва Қамчибек диологида драма кўтара олмайдиган баёнчилик мавжуд. Қаҳрамонлар нутқида – Девонбеги ва Қамчибекнинг махфий суҳбатида драма режасини (Чингизхонга хоинона мактуб битиш режаси) бериб қўйиш ижодкорни ўқувчи, томошабин қизиқишларини тутиб туриш имкониятидан маҳрум қилади.

Муаллифнинг “Соҳибқирон ва аллома” тарихий драматик қиссаси илиқ маърифий кайфият уйғотади. Мулоҳазалар, суҳбатларнинг қаҳрамонларга тақсимланиши, узвийлиги ижодкорнинг чуқур, изчил билимга таянганини кўрсатади. Аммо баъзи ўринларда кичик сакталиклар сезилади. Амир Темурнинг баёнчиликка оғган монологи (237-бет) драматик вақтга сиғмайди. Соҳибқироннинг мусаввир Зейлига билдирган ишончи сабабига ишора қилинмаган. “Мусаввир Зейли” ниқобидаги яширин хабарчи соҳибқирон томонидан унутилади, у асарга бошқа кириб келмайди. Бу нуқсон яратилаётган ҳушёр, оқил, донишманд соҳибқирон характерига мос эмас.

Ғози Раҳмоннинг “Шукуҳли карвон” қиссаси вақт нуқтаи назаридан тарихий, аммо ҳеч бир ибратга эга эмаслиги билан тарихийликка хос эмас. Асар қисса талабларига ҳам у қадар жавоб бермайди. Воқеаларни тутиб турувчи сюжет бутунлиги, мақсад муайянлиги кўринмайди, шу сабабдан асар ора йўлда қолиб кетгандек таассурот қолдиради. Бундай йўқчилик билан қиссани ҳикояга айлантиришнинг ҳам имкони йўқ. Шева сўзларни қўллашда зўриқиш бор. Мисқол ва Тошбой учрашуви тасвири итлар тасвири билан параллел келади. Бу параллеллик, сўкинч сўзларнинг очиқ ифодаси жирканиш ҳиссини уйғотади.

Луқмон Бўрихоннинг “Олис қўрғон фуқароси”, “Бир томчи ёш” қиссалари чоп этилди. “Олис қўрғон фуқароси” қиссаси Нўъмоннинг кўнгил қўрғонидаги зиддиятлар ҳақида сўзлайди. Воқеалар хотирлаш, айтиб бериш тарзида ҳаракатланади. Бу усул Нўъмоннинг ёшлик, ўсмирлик психологиясини очиб беришга қаратилган. Муаллиф ҳар икки қиссасида ифода услубига тушиб олгунча бир неча саҳифаларни бой беради. Шундан сўнг фақат ўзигагина хос бўлган услуб ичида эркин ва гўзал ҳаракат қила бошлайди. Асардаги болаларнинг қўй ўғрилаши, вақт ечими (тунда содир бўлиш), қариянинг эҳсони Ш.Холмирзаевнинг “Ўзбеклар” ҳикоясини ёдга солади. Муаллиф бу ўринда бошқа деталлар топгани маъқул эди.

“Бир томчи ёш” қиссасида мусаввирнинг руҳий олами ёритилади. Ўз ўрнида қўлланган, ўқувчининг маълум руҳий тайёргарлигидан сўнг айтилган “Юзларингиз жуда тиниқ экан, хаёлкаш қизларнинг юзлари шундай нурланади”, “Кўзларингни севаман, Ражаб”, – дея пичирлади йигит қоп-қора тун қараб турган деразага тикилиб”, жумлаларида кайфият бериш борасида муаллиф анча баландликка кўтарилган. Аммо Ражабгулни фавқулодда портретда бериш орқали эътиборни тортиш баландлик эмас, фикримча.

Мусаввир мавзуси Элдор Бобоевнинг “Мусаввир” қиссасида ҳам қаламга олинади. Ифода равонлигига интилиш кучли. Қиссадаги мусаввир сири масаласи кучли психологик роман кенглигини ҳам бераолади. Табиийки, бундай асар енгил ифодага сиғмайди. Бу йўл жаҳон тажрибасида синалган. Бунга мисол, С.Моэмнинг “Ой ва сариқ чақа” романи.

Истам Ҳамроевнинг “Тазарру” қиссаси чавандоз ҳаётига бағишланган. Қиссада жумлаларнинг айнан такрори (“…бир неча йил ҳузур-ҳаловатда, ғам-ташвиш нималигини билмай яшади”, “…бир неча йил қандай ўтганини ҳам билмади”), тасвир ва баёндаги узилишлар, шева сўзлар чигаллиги, нутқнинг сохталиги, тубан сўзларни осонгина қўллаш, интим муносабатларнинг ғашлик берувчи очиқ саҳналари, грамматик нуқсонлар мавжуд.

Наби Жалолиддиннинг “Мажнун” қиссаси қизиқиш билан ўқилади. Аммо бу қизиқиш иккинчи бор ўқишда ўз кучини йўқотади. Мажнун ҳолатининг давомли баёнини биргина ҳаракат, биргина сўз билан ифодалаш имкони матнда яратилган, аммо фойдаланилмаган. Ўқувчи чиқариши керак бўлган хулосани муаллиф айтиб қўяди: “Калласи бўм-бўш эди, бирон жўяли ўй келмасди – бу ўзига хуш ёқарди. Албатта, у хуш ёқиш ёки ёқмаслик маъносини тўлалигича тушунмасди”. Иккинчи жумлага, бизнингча, ҳожат йўқ эди.

Ижтимоий-маиший қиссалар сафида “Қишлоқдаги бувижоним” (Динора Раҳмонова), “Оқтепалик ўғри” (Акбар Мирзо), “Сўнгги чора” (Акбар Мирзо) асарларини келтириш мумкин. “Оқтепалик ўғри” қиссасида қаҳрамонлар нутқи шаклланмаган ўринлар кўп. Саккиз йилини қамоқда ўтказган қаҳрамон ҳавойи адабиёт муаллимидек сўзлайди: “Чунки хат сал бўлса-да, умид бахш этарди. Шу руҳда ёзилган эди”. Сийқа сюжет қолдиқларидан фойдаланилади: сўнгги вазиятларда Йўлдош мерганнинг Эсонгулга қачонлардир ошиқ бўлгани маълум бўлади. Натижада, бу муҳаббат бўлса ҳам эриш туюлади. “Сўнгги чора” асарида қаҳрамонлар мантиқсиз гапиради, хаёлни лойқалатадиган очиқ саҳналар бор. Қисса якунидаги “Бироқ… Қиёмат ҳақ гап” жумласи нима мақсадда келтирилгани англанмайди.

Юмористик йўналишдаги “Жонгинам, шартингни айт” (Худойберди Тўхтабоев), “Култепада кечган ҳангомалар” (Исмоил Шомуродов) асарлари эълон қилинган. “Култепада кечган ҳангомалар” асарида қаҳрамонлар характерига яқинлашиб келиш бор, аммо биронта ҳам характер йўқ.

Инобат Султон Бегимнинг “Шаввозлар” саргузашт қиссаси бадиий бутунлик эмас, ижодий тайёргарлик жараёнида ён дафтарга ёзиб бориладиган парчалар ҳолатида қолиб кетган. Уларни саралаш, тартибга солиш зарур, асарда милт этган инсоний қадрият йўқ.

Детектив асарлар нашри “Зулматдаги салтанат” (Ўткир Абдураҳимов), “Шайтанатнинг жин кўчалари” (Тоҳир Малик) қиссалари кетма-кетлигида давом этади. Умуман, 2012 йилда саргузашт, детектив, илмий-фантастик қиссалар кўплаб яратилди, нашр этилди. “Сомон йўли элчилари”, “Васваса” илмий-фантастик қиссалари (Тоҳир Малик) тилининг ишланганлик даражаси, пафоси, характерларнинг ўзига хослиги билан йил қиссаларидан анча юқори туради. Илмий-фантастика ичидаги нозик инсоний психологизм, психологик драматизм уйғун ҳолатда дидактик вазифани адо этади. Қисса қисмлари номланишида ҳам тажрибали ижодкор қалами кўринади. Ер ва Унет сайёрасидаги воқеаларнинг тенг кетиши якунловчи бир бутун хулосага олиб чиқади. Унетдаги донишмандлар мусофирхонаси, тараққиёт билан боғлиқ ижтимоий муаммолар Ердаги муаммоларни айтиш учун қўлланган яхши усулдир. Донишмандона мулоҳазалар Унет мисолида китобхонга сингдирилади. Фантастик кайфият ичидаги ўқувчи оғринмасдан тарбияланиб боради.

Умуман олганда, илмий-фантастик йўналиш чуқур психологик, тарихий ва сатирик йўналишларга ўқувчини олиб ўтувчи йўналиш. Шундай бўлиши керак. Аммо йил якунларига қарасак, мукаммал сюжет қурилиши, услубий ютуқлар Тоҳир Маликнинг шу йўлда яратилган бир неча қиссаларида акс этибди. Беллетристикага мансуб детектив, саргузашт, илмий фантастик йўл оммавий китобхонларга мўлжалланган. “Сомон йўли элчилари”, “Васваса” каби қиссаларнинг оммавий китобхонликни тутиб турганидан фойдаланиб, чинакам адабий қиссаларни яратишга улгуришимиз зарур.

Сентиментал йўлда яратилган қиссалар саноқли. Б.Саримсоқовнинг “Унутилган одам” тугалланмаган қиссаси, Ойдин Нисонинг “Ҳаёт дарахти” қиссалари чоп этилган. “Ҳаёт дарахти” қиссаси ҳисларни эркинлаштириш, туйғуларни тарбиялаш йўлидан боради. Улғайиш йўқотишлар эканлиги бола сезгиларида акс этади. Ўсмирнинг кўз ёши билан бойимоқчи бўлган шарпа, тўпори ўткинчи, биринчи бўлиб гапиришни истайдиган одам, саҳродаги одам билан учрашувлари Кичкина шаҳзоданинг (Антуан де Сент-Экзюпери) учрашувларини ёдга солади.

Зулфира Мисбахнинг “Сўфитўрғай” ҳужжатли қиссасини йилнинг энг яхши қиссаларидан бири дейиш мумкин. Миллий адабиёт ҳар қачон ўзини янгилашга эҳтиёж сезади. Қисса соф миллий руҳда ёзилмаган бўлса ҳам, инсон иродаси ва ҳаё, одобга бўлган ихлосини камситмайди. Миллий қаҳрамонлар масаласига бироз бошқачароқ ёндашишни талаб қилади. Қисса қаҳрамонлари ўта эркин яшовчанликка эга. Асардаги онанинг “Телба”ни ўқиб, ўзинг ҳам телба бўлиб қолма тағин! Дюма, Бальзак, Мопассанлар бор-ку! Ёшлигимда фақат француз романларини ўқиганман”, дея болалари билан китоблар ҳақида шундай гаплашаоладиган ўзбек аёлларини орзу қиламан. “Йўғ-э, ўша чучмал асарларга вақт сарфлаш зарилми? Ҳийла, хиёнат, алғов-далғовдан бошқа ҳеч нима йўқ уларда. Ахир, мен руҳи баланд рус адабиёти билан улғайдим-ку”. Мана шундай жавоб берадиган мактаб болаларини ҳам орзу қилишим рост.

Носир Зоҳиднинг “Қасос”, Наргиза Анорбоеванинг “Гоҳи шодлик, гоҳи ғам” қиссалари ҳам ўтган йилда эълон қилинган.

2012 йил қиссачилигининг умумий манзарасини қиссаларнинг мавзу ва йўналишлари ҳам белгилайди. Йил давомида маиший, детектив, саргузашт, илмий-фантастик, юмористик, тарихий-биографик, ижтимоий-психологик, ҳужжатли, сентиментал қиссалар нашр этилди.

Хуллас, ўтган йилги ўзбек қиссалари, ўз мавзулар кўлами, услуби, образлар нуқтаи назаридан замонавий насримизнинг ажралмас бир қисми ва қиссачилигимиз тадрижида муайян бир босқич бўлиб қолади.

“Шарқ юлдузи” журнали, 2013 йил, 3-сон.