Ўзбекистон мустақил бўлгандан бери орадан 22 йил вақт ўтди. Бир авлод туғилиб, вояга етгулик фурсат бу. Демак, Истиқлол даврида дунёга келган фарзандларимиз ҳозир балоғатга етиб, авлод бўлиб шаклланди, сафга турди. Айни дамда, катта авлодлар ҳам бу вақт мобайнида Истиқлол мафкураси асосида ўз дунёқарашию мақсад-муддаоларини Ватанимиз манфаатларига ростлаб, белни маҳкам боғлаган кўйи хизмат қилмоқдалар. Зеро, икки ўн йилдан мўлроқ давр ичида юртимизда амалга оширилган, оширилаётган ислоҳотлар ҳар бир фуқаронинг турмуш ва онгида улкан ўзгаришларни содир этгани кўз юмиб бўлмас ҳақиқатдир. Ҳаётимизнинг ҳамма соҳаларида жадал суръатларда бораётган модернизация жараёнларини олинг. Жамиятни демократлаштириш, иқтисодни эркинлаштириш каби илдизли ислоҳотлар салмоғини, жамият аъзолари онгу қалбига таъсири кўлами ва теранлигини тасаввур этинг. Ёки она тилимизга ўша мураккаб 1989 йилда Давлат тили мақоми берилиши билан миллий ўзликни англаш сари дадил қадам қўйилганинию қишлоқ хўжалиги соҳасида ер ислоҳоти сиёсати натижасидаги азим ўзгаришларни иссиқ танангизга тафаккур айлаб кўринг. Бу жараёнларнинг барчаси Мустақилликнинг илк кунларидан то ҳозирга қадар – бир кун бўлсин, тўхтагани йўқ. Бинобарин, бугун юртимизда истиқомат қилаётган ҳар бир кишининг онгида Истиқлол мафкурасидан кучлироқ, таъсирлироқ, кўламлироқ ва аҳамиятлироқ ўзга бир мафкура йўқ. Ана шу омилларнинг барчаси бирлашиб эса, ижодкор бадиий тафаккурида ҳам жиддий эврилишларни содир этиб улгурди. Ўзгаришларнинг моҳияти шундаки, ижодкор тафаккури миллат менталитетига ёт мафкура асоратидан озод бўлди. Айни дамда, у бир томондан, собиқ Иттифоқ замонида тақиқланган Қуръон, Инжил, Таврот, Забур каби муқаддас китобларни, муаззам Шарқ дурдоналарини, бошқа томондан, Ғарб ва умуман, бутун дунё фалсафаси ва адабиётининг ноёб битикларини ўқиб ўзлаштирди, ўзлаштирмоқда. Қолаверса, мавзу танлаш ва ифода қилиш эркинлигини ҳис этди. Натижада, Истиқлол даври ижодкорлари Мустақиллик берган улуғ неъмат – озод тафаккур меваси ҳисобланмиш асарларини ёза бошладилар. Бу асарларнинг асосийлари, албатта, анъанадан узилган ғуддалар эмас, аксинча, ўша силсиланинг давоми ўлароқ дунёга келдилар, келмоқдалар. Шу билан бирга, эркин бадиий тафаккур маҳсули сифатида ўзини (олам ичра олам, яъни бир бутун тизим ўлароқ) намоён қилаётгани кишини беҳад қувонтиради. Бугун юртимиз ижодкори ўз нуқтаи назарини, кўҳна Шарқ адабиётида бўлгани каби, олами суғро – мукаррам Инсонга, унинг қалбига қаратган. Ҳамда ботиндаги мураккаб жараёнларни баёнчилик йўли билангина эмас (бундай усул бор, бўлади ва бу ғоят табиийдир), айни пайтда, умуминсоний ва умумзамоний мезонларга суянган ҳолда Мажоз воситасида ҳам қоғозга туширмоқдалар, санъатга айлантирмоқдалар. Муҳими ҳам шу, аслида! Чунки адабиёт ўз табиатига кўра, масалан, тарих предметидан ажралиб туради. Тарих – давлатлар ва жамиятлар фаолиятининг, асосан, ташқаридан кўриниши солномаси бўлса, адабиёт кўпроқ ана шу давлатлар ва жамиятлар фуқароси – Инсон фаолиятининг ичкаридан олинган сувратларидир. Шу маънода улар ўзаро бир-бирларидан қувват олганларидек, ўрни келганда, бир-бирларини тўлдирадилар ҳам. Бугунги Истиқлол даври ўзбек адабиётининг умумий манзаралари нафақат оддий ўқувчини, балки соҳанинг энг талабчан мутахассисининг ҳам дилини равшан торттира олади. Чунки у ғоят хилма-хил ва умидбахшдир. Хилма-хиллиги – адабиётдаги турфа йўналишларнинг ўзаро бағрикенгликка асосланган уйғунликда яшаши бўлса, умидбахшлиги – ана шу ранг-барангликни вужудга келтирган ижодкорнинг озод тафаккури билан белгиланади.
Бироқ йўналишлар ҳақида гап кетганда, масаланинг назарий жиҳатига оид бир гапни алоҳида таъкидлаб қўйишга эҳтиёж туяди, киши. У ҳам бўлса, адабиёт, айрим авангард оқимлар даъво қилаётганидек, бошқотирма ўйинлардангина иборат эмас. Тўғри, унда ўйинлик хусусияти бор, лекин “ўйин” адабиётнинг ўнлаб сифатларидан биттаси, холос. Чинакам адабиёт ҳамиша одамлар билан бирга бўлади, уларнинг қувончу ташвишини тараннум этади ва шу тарзда уларга елкадош, тақдирдош, дилдош бўлади, бўлиши керак. Яъни адабиёт эрмак эмас, асло! Шу маънода, менинг қаноатимча, ҳаёт ҳақиқатига таянган реализм бу – адабиётнинг Шоҳ Кўчасига ўхшайди. Қолган барча йўналишлару “изм”лар, агар таъбир жоиз эса, мана шу Шоҳ Кўчага туташган тақдирдагина юзига қон югуриши, яъни аҳамият касб этиши мумкин. Йўқса, уларнинг томирларида қон ивиб, алалоқибатда ҳалокатга юз тутгуси. Демак, реализм замин бўлса, қолган барча йўналишлар шу тупроқ бағридан ўсиб, кўкка бўй чўзгувчи турли-туман, катта-кичик дарахтлардир.
Кеча – шўролар замонида адабиётда шакл мазмун(ғоя)га қурбон қилинаёзган эди. Модернизмда эса, кўпинча, бунинг тескарисига дуч келамиз: шакл кетидан қувилиб, мазмун бой берилади. Аслида, ҳар иккови ўртасидаги заргарона мутаносиблик ҳамда бунинг оқибатида келиб чиқадиган бузилмас мувозанат бадиий асарнинг яроқлилиги ва завқ ила ўқишлилигини таъмин этади. Бундай асарларга даврлар ва улардаги ўзгаришлар жуда кам таъсир қилади. Мумтоз адабиёт намуналарини олинг, улар бир даврга эмас, ҳамма даврларга хизмат қилади. Истиқлол даври ижодкори ҳам худди шундай асарлар ёзиш имкониятига эга бўлиб турибди, дея яхши ният қилгим келади менинг: чунки озод тафаккур алалоқибатда ўз мевасини мутлақо беражакдир!
Шу маънода бугун мен юртимизда ёзувчига ижтимоий буюртма берилаяпти деб билмайман, аксинча, бадиий тафаккур эркинлиги бор деб ишонаман ва буни чинакам ижод учун бирламчи шароит деб ҳисоблайман. Худди шу эркин ижод иқлими негизида Мустақиллик даври ўзбек адабиётининг талай намуналари яратилди, яратилмоқда. Лекин улар қандай асарлар, мазмун-моҳиятию шаклу шамойили нимадан иборат, қайси булоқлардан сув ичиб, қайси ўзанларга қараб оқаяпти? – буларнинг барини чуқур ва кенг таҳлиллар асосида тушуниб олмоғимиз зарур бўлади. Зеро, 2009 йилда Ўзбекистон Президенти “Адабиётга эътибор – маънавиятга, келажакка эътибор” рисоласи билан ўзбек адабиёти зиммасига, барча ижодкорлару олимлар уҳдасига азим масъулият юклаган эди. Шуни ҳисобга олиб, журналимиз саҳифаларида Истиқлол даври ўзбек адабиёти ҳақида давра суҳбати (“Янги авлод овози”) ташкил этдик. Ахир, ўтган қарийб йигирма йиллик адабиётимиздаги мазмуний ва шаклий изланишларга сарҳисоб нигоҳини ташлаб олмоғимиз керак эди. Суҳбатга адабиётимизнинг барча жонкуярларини таклиф қилдик ҳамда акс-садо билдирганларнинг шахсий фикр-мулоҳазаларига ҳурмат кўрсатдик. Қарашлар турли-туман бўлди, бўлаяпти. Қайсидир мулоҳазаларга қўшилиш, қайси бирлари билан жиддий баҳслашиш мумкин. Бу ҳам табиий, албатта. Лекин муҳими, адабиёт ҳақида, унинг муаммолари, тадрижи, қонуниятлари тўғрисида, кечаги ва бугунги манзараси, эртаси борасида қатнашчиларнинг ҳаммаси дилидаги ўй-фикрларини бемалол изҳор айламоқда экан, мана шу эркинликнинг ўзи тенгсиз бир неъмат эканлигини чуқур тушунмоғимиз, унинг қадрига етмоғимиз керак, деб ўйлайман. Чунки ижодкор ва олим учун ўз фикрини эркин баён этишдан, асарларининг эса ўқилишидан ортиқ бахт йўқ бу дунёда. Тафаккурдаги озодлик бу – чинакам мустақиллик дегани. Улуғ ўзбек адабиёти ва бу адабиёт ҳақидаги илм ҳам айнан мана шундай иқлимдагина ўсиб-унади, камол топади.
Бироқ эркин тафаккур дегани хаёлга нима келса, шунинг барига эшикни очиб қўйиш дегани эмас. Эркинлик – масъулият, у, соҳамиз табиати ва мантиғидан келиб чиқиб айтадиган бўлсак, авваламбор, миллатимиз ва адабиётимиз манфаатларига хизмат. Турли мафкуравий курашлар жадал кечаётган бугунги зиддиятли дунёда чегарадаги аскар каби хушёр турмоқ, миллат руҳияти, анъаналари, урф-одатлари ва мақсад-муддаоларини ичдан емирадиган оқим ва уларнинг ғайриинсоний ғояларига қарши ўз миллий менталитетимиз ва қадриятларимизни ҳар томонлама қўриб-асрайдиган ҳамда қўллаб-кучайтирадиган тамойиллар ҳақида кўпроқ қайғурмоқ – давр талабигина эмас, виждон амри ҳам. Худди шу маънода, вилоятлардаги адабий учрашувлардан бирида адабиёт ихлосманди айтган мана бу гап менинг ёдимдан сира чиқмайди: “Навоийнинг этагидан маҳкам ушламаса, ўзини модернистман деяётганларнинг барчасини замонлар шамоли чирпирак қилиб учириб юборади”. Ҳаққу рост! Зеро, бадиий тафаккурдаги эркинлик дегани бу – собиқ Иттифоқ давридаги соц.реализм тушовларидан ва умуман, шу янглиғ бошқа қолиплардан, енгил-елпи “изм”ларга ўткинчи маҳлиёлик касалидан мустақил дегани, асло мумтоз Шарқ ва миллий адабиётимиз ҳамда уларнинг жонбахш анъаналаридан, хусусан, Навоийю Бобур, Машрабу Огаҳий, Қодирийю Чўлпонлардан мерос қолган ҳаётбахш адабиётдан мустақил дегани эмас! Рисолада “…ёзувчиларимиз ўз истеъдоди билан одамларнинг онги ва дунёқараши, маданий савиясини юксалтириш, халқ қалбининг куйчиси бўлишдек оғир ва мураккаб, улуғ бир вазифани зиммасига олган экан, аввало эл-юрт олдидаги фарзандлик бурчини, гражданлик позицияси ва масъулиятини чуқур сезиши, англаши ҳал қилувчи аҳамиятга эга” дейиладики, бу сўзлар замиридаги маъноларни, ўзини ижодкорман деган ҳар бир шоир, ёзувчи ва драматург жиддий тарзда мушоҳада қилиб кўриши, улардан тегишли хулосалар чиқариши барчамизнинг муштарак мақсадимизга мувофиқдир. Зеро, чинакам истеъдодлар яратган адабиёт бу – миллат кўнгли ва бадиий тафаккурининг тарихи бўлиб ёдларга муҳрланади, китобларга дарж этилиб, авлоддан авлодга ўтиб яшайди. Биз миллат сифатида кўнгил тарихимизнинг юксак ва боқий бўлишини хоҳлаймиз.
“Шарқ юлдузи” журнали, 2013 йил, 5-сон.