Болалигим ўтган Кўҳна қалъани ҳануз кечагидай хотирлайман. Бир-бирига туташиб кетган, пасту баланд синч уйлардан иборат эди у. Шифтига қўл узатса етгудай икки хонаю бир даҳлиздан иборат уйимизнинг поли ўрнига пишган ва хом ғишт аралаш терилган эди.
Отам уруш қатнашчиси, юк машинаси ҳайдовчиси, онам оддий уй бекаси эдилар. Улар бировнинг кўнглини қолдиришни ўзлари учун гуноҳ ҳисоблашарди. Шу сабабли, янгиариқлик қариндошларимизнинг сўзини ерда қолдирмай бир хонани уларнинг педагогика институтига ўқишга кирган ўғиллари – икки талаба учун ажратишганди. Бу албатта, оғир шароитни янада мушкуллаштирди. Аммо, охир-оқибат яхшиликка бўлди. Талаба йигитлардан мен шашка ўйнаш ва китоб ўқиш “касаллиги”ни юқтириб олдим.
Ўйин ва мутолаа кўпинча бир-бирига мувофиқ келмайди. Аммо менинг ҳаётимда улар бир-бирини тўлдириб борди. Тахта узра ютиш йўлларини излаган каби, китоб ўқиб воқеа-ҳодисаларнинг ривожланиш занжирини ҳис қила бошладим.
Институтни тамомлагач, йигитлар хайрлашиш олдидан, менга оқ ва қора доналар солинган шашка тахтаси ҳамда Абдулла Қодирийнинг “Ўткан кунлар” китобини ҳадя қилишди.
Вақтни тўғри тақсимлашга ҳаракат қилардим. Эрталаб бир муддат Отабек ва Кумушнинг муҳаббати ҳақида ўқисам, мактабдан кела солиб болалар билан шашка ўйнашга киришиб кетардим. Уларнинг барчасини ютиб, яна китобга шўнғирдим. Охир-оқибат китоб ҳисси устун келди. Уни тамоман ўқиб бўлмагунча, ўйин тўхтаб турди.
Шашка бўйича шаҳар ва вилоят биринчилигида бир неча бор ғолиб бўлиб, Республика мусобақасида тўртинчи ўринни эгаллаганим ва спорт усталигига номзод даражасини қўлга киритганим ҳамон эсимда. 60-йиллар охирлари, 70-йилларнинг бошларида вилоят газеталарида шашка мусобақаларидаги муваффақиятларим кўп қайд этилган.
Пушкин, Лермонтов, Сергей Есенин, Маяковский шеърларини жуда ёқтирардим ва ёд билардим. Навоийни, Бобурни, Фузулийни, Огаҳийни ўқиб турардим. Сўнгра замондошларимиздан Абдулла Орипов, Эркин Воҳидов, Омон Матжон шеърларини ёд олишни бошладим…
Раҳматлик ўқитувчим Ҳожар опа Раҳмонова менинг адабиётга қизиқишимни доимо рағбатлантиришга интиларди. Бадиий асарларни ролларга бўлиб ўқирдик. Шунда менга кўпинча ижобий ва асосий қаҳрамон роли топшириларди.
“Хоразм ҳақиқати” газетаси таҳририяти ҳамда Ёзувчилар уюшмасининг вилоят бўлими жойлашган муҳташам бино Урганчнинг қоқ ўртасида. Шу бино ёнидан кунда бўлмаса ҳам, кун ора ўтиб тураман. Унга суқланиб боқиб, шу даргоҳда қандай бахтли, омади келган инсонлар хизмат қилишади деб ўйлайман ўзимча. Уларни ҳамма танийди. Ёзганлари кетма-кет газета ва журналларда босилиб туради, китоб бўлиб чиқади.
Таниқли шоирлар Эгам Раҳим, Раҳим Бекниёз, Фозил Зоҳид, Рўзмат Отаев, Неъматжон Солаев, Уллибиби Отаевалар, айнан шу ерда хизмат қилишарди. Уларнинг ёнига яқинлашиб шеърларингни кўрсатиш осон иш эмас. Айниқса, газетада шеъринг чиқиши осмондаги ойни узиб олишдай гап. Аммо, кўнгил шу даргоҳга, ҳеч бўлмаса унда хизмат қилаётган бахтли инсонларни кўриш учун боришга бетўхтов даъват этади. Бу даъватга қулоқ солмасликнинг, шу ишни бирёқли қилмасликнинг ҳам иложи йўқ гўё…
Кунлардан бир куни юрак ютиб таҳририят жойлашган тўртинчи қаватга кўтарилдим. Ҳаяжон босди. Бир даста қоғоз ушлаб бораётган қиздан, шеърларимни кимга кўрсатсам бўлади, деб сўрадим. У ҳам “бир сен қолувдинг шеър ёзмаган” дегандек боқди-да: “Раҳим Бекниёзга” деди.
…Раҳим Бекниёз пешонасига кўтариб қўйган кўзойнагини тушириб, шошилмасдан дафтаримни варақлай бошлади. Эринмай бешта шеъримнинг ҳаммасини ўқиб чиқди. Бу чинакам эътибор эди ва шунинг ўзи ҳам мен учун етиб ортарди. Лекин у бу эътиборнинг устига марҳамат ҳам кўрсатди.
– Тузук… Аммо, энди шеърга жило бериш керак. Яъни, ёзавериш, ёзавериш, кейин бадиийлаштириш лозим.
Унинг “жило” деган бир сўзи хотирамда бир умрга муҳрланиб қолди.
Ҳар сафар шеър устида ишлаётганимда унинг жилоси борми деб ўз-ўзимга савол бераман. То шу жилони шеърга бахш этмагунча ва уни ўзим чуқур ҳис қилиб, қалбдан эътироф қилмагунча шеърим тугал бўлди деб ҳисобламайман.
Орадан икки-уч ой вақт ўтди. Бир нечта янги шеърлар ёздим. Қофияи, туроқларигача ҳаммаси жойида. Жило бахш этсин дея, ўхшатишлар, истиоралар ҳам қўшганман. Аммо Раҳим Бекниёзнинг олдига боришга бироз истиҳола қилдим. Ахир, жило бундай бўлмайди, деса нима қиламан? Барибир таҳририятга бориш истаги ғолиб келди. Раҳим Бекниёз таътилда экан. Шу сабабли шеърларимни бошқа бир ходимга кўрсатдим. У таҳририятда илмий ва шеърий асарлар таҳлили ва таҳрири бўйича катта эътибор топган Отамурод Пирматов экан.
У қисқача салом-аликдан сўнг шеърларимни шунчаки ўқий бошлади. Бир неча лаҳзада бутун дафтарни кўриб чиқди. Ниҳоят “қолдириб кетинг” деди. Бу менга “йўлингдан қолма” дегандек туюлди. Ахир у шеърларимга шунчаки нигоҳ ташлади холос. Энди дафтарим таҳририятда оддий қоғоз бўлиб ётаверади. Ҳеч бўлмаса, жило беринг ҳам демади-я. Барибир чиқаришмайди, деган қатъий хулосага келдим.
Орадан икки ҳафтача ўтди. 1969 йилнинг май ойи, тўғрироғи 1 май куни “Хоразм ҳақиқати” газетасида илк шеърим босилиб чиқди. У анча ўзгартирилган, тўлдирилган, ҳақиқатан ҳам ўз жилосини топган эди. Шеър учун “жило”нинг аҳамиятини шу куни тушундим. Бу Отамурод Пирматовнинг иши эканлигини билдим. У кўзимга авлиёдек бўлиб кўринди.
Орадан бироз вақт ўтиб, вилоят газетаси таҳририятида бирга хизмат қилган давримизда аслида устознинг ўзи чинакам шоир эканлигини ҳам англаганман. У илми, идроки зиёда бўлганлиги боис ўзининг ёзганларини нуқсонли ҳисоблаб, ҳеч кимга кўрсатмасди. Аммо бир қатор илмий мақолаларнинг, танқидий-таҳлилий ишларнинг муаллифи сифатида пешқадамликни қўлдан бермай келарди.
“Урганч оқшоми” газетасини ташкил этишда ва фаолиятини кенг йўлга қўйишда ҳам яқиндан ёрдам кўрсатди. Мушкул туюлган кўплаб масалаларни ҳал этишда унинг ташаббускорлиги, билимдонлиги қўл келган.
Отамурод Пирматовнинг сўнгги нафасларида ҳам қандайдир қалбни титратгувчи рамзлар кўргандай бўлдим. У мўъжазгина боғчасида кўкка бўй чўзаётган дарахтлар остини юмшатиб, қийғос очилган гулларнинг япроқларини ювиб, уйига кираверишдаги зинага ўтирганча мангу уйқуга кетибди. Дарахтлар бўйи эгилиб, гуллар бошларини сарак-сарак қилиб қолишгандир шу онда. Бу унинг хотираси ҳали кўп вақтлар хира тортмаслигидан даракдай туюлса не ажаб.
Мактабни тамомлаш арафасида ўзимни бир мевасиз дарахтдай сеза бошладим. Ҳаракат кўп, аммо ҳосили қани? Бу савол мени ҳар хил кўринишда ўртар эди. Ҳазрат Навоийнинг “Эл нетиб топгай мениким, мен ўзимни топмасам” деган ҳикмати хаёлимдан кетмасди. Қолаверса, Лермонтовнинг:
Замондош наслимга қарайман ғамгин, Унинг келажаги нурсиз, шарафсиз. Дунё, таниш-билиш, гумонлар юкин, Кўтариб кексаяр бекор ва нафсиз,каби мисралари тинчлик бермасди. Институтга албатта киришим кераклигини чуқур ҳис қилардим. Киролмаслик фожеага ўхшаб туюла бошлади.
Биринчи йили институтга киролмадим. Тўғрироғи, барча кириш имтиҳонларини яхши топширсам ҳам “резерв”га олиб қолишди. “Резерв”дан ҳам ўтиш насиб бўлмади. Хуллас, кейинги йили кирдим.
Биринчи курс. Биринчи семестр. Биринчи имтиҳон. Бу қил кўприкдан ўтишдай гап. Яна устига устак лангарсиз ҳолда. Ахир имтиҳонни институт ректорининг ўзи – филология фанлари доктори, оғзингни очишинг билан ўпкангни кўра оладиган тилшунос олим Отаназар Мадраҳимовнинг шахсан ўзлари оладилар.
Имтиҳон вақтида домланинг кўзларидаги майин табассум катта умид бахш этди. Берилган саволга жавобан тилдаги ассимиляция ҳодисасини китобий қоидалар қолиб ўзим тушунганимча айтиб бердим. Домланинг чеҳраси ёришди.
Домланинг ўша кунги гаплари сўзма-сўз ёдимда турибди: “Сизга беш баҳо қўйсам, ярим баҳо ҳақим кетади. Тўрт қўйсам, сизнинг ярим баҳо ҳақингиз менда қолади. Майли, менинг ҳақим кетса кета қолсин. Лекин сиздан яхши тилшунос чиқиши мумкин”.
Ректорнинг аъло баҳосидан кейин тўрт йил давомида ҳеч бир домла ундан кам баҳо қўйишни ўзига эп кўрмади. Ҳамиша домланинг баҳосига муносиб бўлишга ва қарзни такрор-такрор узишга интилдим. Кўп йиллар давомида бевосита тилшунослик билан шуғулланмасам ҳам тил устида, тил соҳасида ишлаб келаяпман. Ниҳоят “Мадраҳим Шерозий” китобини Отаназар Мадраҳимов билан ҳаммуаллифликда ёзганда устоз-шогирдлик илдизлари чуқур кетганлиги кўпчиликка аён бўлди.
* * *
Ниҳоят орзуимга етишдим. “Хоразм ҳақиқати” газетаси таҳририятига ишга қабул қилишди. “Маданият ва турмуш” бўлимида фаолият бошладим. Ўтирган хонамиз ҳеч кўз олдимдан кетмайди. Узунлиги чамамда 3 метр, эни ундан сал каттароқ бўлган мўъжазгина хонада уч киши ўтирамиз. Тўрда бўлим мудири Неъмат Солаев, ундан кейин Уллибиби Отаева ва мен.
Уллибиби опанинг нурафшон чеҳраси кичик хонамизга чирой бағишлаб турарди. Унинг дарёдай қалби эса одамларга обиҳаёт тутиб чарчамасди.
Таҳририятга энг кўп ташриф буюрувчи ва кутиладиган меҳмонлардан бири Матназар Абдулҳаким эди. У оҳиста, гўё ўзининг ташрифи ҳеч нарса англатмаслиги ва ҳеч кимни безовта қилмаслигини истагандек, тасодифан кириб келарди. Оҳистагина салом-аликдан сўнг бошини сал қуйи эгган ҳолда, энг муҳим масалаларни сўрай бошларди. Агар хонада бир ўзим бўлсам, у нима ўқиётганлигимни суриштирарди. Шунда хориж ёзувчиларининг асарларидан гап бошласам, мавзуни оҳиста Навоий ёки Огаҳий ғазалларига бурарди. Бошқа гап-сўзга мутлақо ўрин қолмасди.
Агар Неъмат ака жойида ўтирган бўлса, улар тезда Навоий ғазаллари шарҳига киришиб кетишарди. Бир куни Матназар Абдулҳаким байт айтди.
Кўнгиллар нақдини тарож этарға, ёпмоғинг бурқаъ Анингдек турки юз боғлар қароқчи карвон кўргач.– Вой бўй, – хитоб қилди Неъмат ака. – Нақадар аниқ ва тиниқ. Шундан ўтказиб айтиб бўлмас.
Матназар Абдулҳаким эса айнан шу гапни чуқурроқ ўзанга бурди.
– Ҳар сафар шу байтни ўқиб, янги маъно топаман. Илоҳий муҳаббатнинг инсоний муҳаббат билан уйғунлиги шу даража бўлар. Шоир кўнгиллардаги мавжуд мулкни тарон-тарож қилиш учун юзингга рўмол боғлаганинг, қароқчининг карвонини узоқдан кўриб, юзини яширишига ўхшайди демоқ билан барча хатти-ҳаракатлар қисмат олдида катта қийматга эга эмас, муҳаббатсиз ҳаёт йўқ. У барибир бир лаҳзада забт этгувчидир. Шу сабабли, кўнгилни эзгу ҳисларга тўлдириш умр карвонини яхшиликлар билан бойитиш лозим, деган. Унинг фикридан ҳар куни янги фикрлар униб чиқади.
Агар Матназар Абдулҳаким фақат илмий ишлар билан шуғулланса, у фалсафа бўйича фан доктори бўлиши муқаррар эди деб ўйлайман, ўзимча. Ахир унинг “Иккинчи муаллим сабоқлари” китоби ғиж-ғиж фалсафа, илм. У илмлар илми ҳақида шоирона фикр юритар экан, барибир дунё эътироф этган илмий таҳлиллар, якун ва хулосалар ҳудудларидан нари кетмайди. “Иккинчи муаллим сабоқлари”нинг энг муҳим жиҳатларидан бири муаллиф илм-фанда ҳали кам қўл урилган, деярли тадқиқ этилмаган соҳага мурожаат қилганлигидадир. Матназар Абдулҳаким бу асарда Паҳлавон Маҳмуд рубоийларини улуғ Форобий илмий нуқтаи назарлари билан муқояса қилади. Энг қадимги юнон файласуфларининг илмий асарларидаги бетакрор кашфиётлару назариялар Паҳлавон Маҳмуд ижодида талқин қилинишини чуқур тадқиқ этади.
* * *
Ўзимнинг энг яхши шеърларимни, насрий асарларимни мустақиллик даврида ёзганман деб фахрланиб юраман. Бу бежиз эмас. Чунки, юрт истиқлоли билан бирга илмимиз ҳам, ёшимиз ҳам ортди. Жуда кўп устозларнинг сабоқларини олдик. Ана шундай устозларимдан бири Анвар Обиджон бўлди.
Анвар Обиджон билан бирга Ичон қалъадаги Паҳлавон Маҳмуд зиёратгоҳини зиёрат қилдик. Шу даргоҳнинг кираверишидаги кичик бир ҳужрани ҳам кўздан кечиришини сўрадим. У ерда ўтган асрнинг бошларида олинган Муҳаммад Раҳимхон II Феруз ҳамда Исфандиёрхоннинг набираси Темирғози тўранинг одам баравар келадиган фотосуратлари сақланарди. Устоз хонларнинг суратини шунчаки кўздан кечирди-ю, Темирғози тўранинг расмини кўриб, жуда ҳайратланди. Кичкина тўра бошида дубулға, қўлига милтиқ ушлаб, шижоат билан боқиб турарди.
– Бу ким?
– Темирғози тўра, Ферузнинг набираси.
Орага бир лаҳза жимлик чўкди. Мен уни бузмоқчи бўлдим.
– Хоразмнинг Мўмин мирзоси…
– Сотимжон, қандай ижодкорсизлар? Шу йигитча ҳақида китоб ёзмайсизларми? Ахир бу сурат журналларимиз, китобларимиз муқовасини безаши керак эмасми?
Очиғи, хижолат бўлдим. Устознинг таънаси бош устига. Аммо нега энди бу ҳақда ўзимиз ўйламаганмиз.
– Шу йигитча ҳақида бир китоб ёзинг, сиздан илтимос.
Кўп ўтмай ишга киришдим. Аммо, Темирғози тўра 12-13 ёшида вафот этганидан бошқа ҳеч қандай маълумот йўқ. Уни заҳарлаб ўлдиришган деган гумон бор, холос.
Ниҳоят орадан бир неча йил вақт ўтиб, “Темирғози тўра” қиссаси дунёга келди. Унда асосан, бадиий тўқималарга таяндим. Мақсадим, шу кичкина тўра баҳонасида даврнинг талотўпларини, айрим армонларни ҳам ифодалаш бўлди.
Китобга устознинг ўзи сўзбоши ёзди ва у “Шарқ” нашриётида эълон қилинди.
Илму ҳикматнинг чегараси йўқ. Ҳар бир жойдан, ҳар бир инсондан унинг зиёсини топиш мумкин. Энг муҳими уни топишда. Унинг остоналарини танишда. Умр бўйи илм излашга интилиб, янглишмаганимни ҳис қиламан.
“Ёшлик” журнали, 2013 йил, 2-сон.