Сирожиддин Саййид. Ватан барчамизга буюк онадир (2013)

Кўп учрашувларда такрор ва такрор “Болалигингиз қандай ўтган”, “Шоир бўлишни болаликдан орзу қилганмисиз”, “Болалигингиз ҳақида ҳам гапириб беринг” деган саволлар ёғилади.

Ҳамма нарса муқоясада, қиёсан солиштирилганда аён бўлади, билинади. Жумладан давру замонлар ҳам.

Ақлимни таниган пайтим деб беш ёшимни оладиган бўлсам, демак бир кам эллик йил аввал, ўтган ХХ асрнинг 1964 йилида олти ёшимда мен биринчи синфга борган эканман.

1991 йилда она диёримизнинг Мустақиллиги билан бир пайтда туғилган, ҳозирги кунда ўспиринлик, балоғат ёшига кириб бораётган, яна чиннидай оқ, тоза-озода мактабларда, қасрлардай кўркам коллежлар ва университетларда таълим олаётган бутунлай янги авлод, Истиқлол навниҳоллари, чечаклари ва мевалари бўлмиш азиз ука-сингилларим учун бизнинг болалик давримиздаги кўп ҳолатлар, гаплар ва манзаралар, қандай мактабларда ўқиб, қандай шароитларда яшаганимиз, албатта чўпчак-латифа бўлиб туюлиши табиий.

Муқоясанинг маҳсули, қиёслаб, таққослаб кў­ришдан келиб чиқадиган натижа, хулоса шак-шубҳасиз иб­рат ва ҳикмат ўрнини боса олади.

Менинг гоҳ маҳзун, гоҳ ўкинчли, баъзан рангли, баъзида оқ-қора болалик лавҳаларимдан бугунги замонда етук инсонлар бўлиб етишмоқлари учун барча амалий ва маънавий-маърифий шарт-шароитлар, имкониятларга мушарраф, онгли, идрокли укаларим ўзларига керакли хулосани чиқариб оладилар деб ўйлайман.

Яқиндагина замонавий мактаблардан бирида бўлган учрашувда кўзлари чақнаб турган, пўримгина кийинган олти яшар бир билағон болакай дона-дона қилиб “Биринчи синфдалигингизда сизларда ҳам компьютер бўлганми?” деган саволни берди. Полапондай болачанинг кутилмаганда ташлаган енгилгина саволидан оғир-оғир ўйларга ботдим. Бу савол менга эмас – болалигимга, менинг эллик йил бурунги илк ўқувчилик паллаларимга берилган эди…

* * *

Шоирлик менга онамдан ўтган.

Албатта, “Худо юқтирмаса…” деган ҳукм-ҳик­мат­лар ҳам бекорга келмагани рост.

Улғайгандан кейин болалигим ҳақида ёзганим “шоир бўлиб кетсам гар /бунга шу дашту қирлар/ осмонларнинг қўли бор” деган гапларимда ҳам маълум маънода жон бўлса бордир. Бироқ мен шу онанинг фарзанди, онам бўлмаганларида менга бундайин саодат икки дунёда ҳам насиб этмаслигини комил ишонч билан айта оламан.

Мен шоирликни ўчоқларидаги ўтлардан, тандирларига ёққан оловлари, улардаги чўғлару қўрлардан юқтирдим десам асло ҳайрон бўлманг.

“Бу нонингизни емайман!” деганимда, қийин, қа­боҳат замонларнинг тахир зоғора нонларини уриб-уриб едирганлари кўзимга ёш, кўнглимга сўз берган бўлса ажабмас.

Беш ёшларда бўлсам керак – опам, акам ва мен ўчоқ атрофида ғуж бўлишиб, чўғнинг остидан чи­қадиган мўъжизани кутяпмиз. “Ҳозир пишиб қолади” дея онам ниҳоят ярми куйиб қорайиб кетган газит-қоғозга ўралган бир нимани қўр тагидан ковлаб оладилар. Тозалаб, пуфлаб, катта толтовоққа соладилар-да, бир бўлак, бир бўлак кесиб ҳаммамизга тақсимлаб берадилар. Болаликдаги қанча маталлару эртаклар эсимдан чиқиб кетди, “Кўмоч” деб аталмиш у сеҳру синоатнинг таъми билан тафти, унинг қувончларию изтироблари ҳамон мен билан. Бу менинг шоирлик қисматимдаги онамнинг меҳри билан муҳтожликлари қўрида пишган, гўдак чоғларимдаёқ маънисига етганим, англаганим, фаҳмига бориб онг ва қалбимга жойлаганим илк ёмби сўзим эди деб ўйлайман.

Онамнинг печкагами, ўчоқ ё тандиргами ўтин қа­лаб, ўт ёқишларини жуда яхши кўрардим. Бунинг боиси, биринчидан, совуқни, совқотишни ёмон кўр­ганлигимдан бўлса, иккинчи сабаби болалигимизнинг энг тансиқ неъмати – имкони бўлди дегунча онам бизга пишириб берадиган кўмма қўркабоблари эди. Тандир қўрига ҳам, ўчоқ қўрига ҳам бундай тотли кабобларни Ойбиби момом билан онамдан бошқа ҳеч ким улардай мазали қилиб пиширолмасди. Гўштни тузлай бошлаганлари баробарида сўлакларимиз ҳам ёппасига ишга тушар, бетларимиз чўғ рангида, ўчоқ ичи лоларангида қизиб товлангани сайин биз ҳам жонсарак тамшаниб турардик.

Ҳақиқий томоша гўшт қўр тагига кўмилгандан кейин бошланарди. Қўр остидан, чирс-чирс чўғлар орасидан чиқаётган кабоб иси билан “жиз-жиз” “биз-биз” товушлар, чўғнинг дамбадам жизиллашларию биззиллашлари чинакамига мазамизни қочирарди. Энди кабобни чиқармасдан иложи йўқ эди. Онам аҳволимизни тушунгандек “Ай болаларим-ай!..” дейдилар-да, қўрни ковлаб, кабобни бир-икки ағдаргандан сўнг, товоққа оладилар. Бу – болалигимизнинг жуда тез тугайдиган, биз тўйиб-тўймай қоладиган катта байрамларидан энг тотлиси эди. “Тўймадингларми? – дердилар онам бир пасда бўшаб қолган лаганни кўриб ва нима учундир менга қараб: – Парво қилма балам, отанг яқинда қора қўчқорни сўяди, насиб бўлса ҳамманг маза қилиб тўясан” дея қўшиб қўядилар.

Ичимда ўзи бадқаҳр, сузонғич, лекин кўзлари нимагадир доим мунгли боқадиган қора қўчқорга раҳмим келади.

* * *

Қишнинг совуқ-рутубатли кунларида тонгги уй­қумизга ором бағишлаб аввалига “чирс-чирс” товушлар келар, бу товушлар аста-аста, чирсиллаб-чирсиллаб бирданига гуриллаб кетганида, у саҳарларнинг энг ажойиб мўъжизаси – печка устидаги қора қумғон жўшиб-тошиб биқир-биқир тилга кирарди. Ота уйимизда кеч куздан то кўкламга қадар, тонгда ҳам, шомда ҳам бир пайтда бир хилда янграйдиган бу тарона, бу наво – болалигимизнинг давлат мадҳияси эди. Унинг матни ота-онамиз меҳри билан ёзилган, тайёрловчиси ўтин, ижрочиси эса олов билан шу қумғон бўларди. Биз оловнинг илк чирсиллаб аланга олганидан тортиб то вариллаб ёнгунигача, ундан сўнг қумғоннинг жонли ижросига қадар кечадиган бу “тонгги концерт”ни ширин тушларимизга ўраниб интиқ-илҳақлик билан кутар, уйқу аралаш жон-жонимиз билан тинглаб роҳатланиб ётардик.

Оловнинг зўридан қумғон жуда тез қайнар, сувнинг вақирлашларию вишиллашлари уйқумизни бузмасин деб онам унинг қопқоғини очиб қўяр, шунда концертнинг қумғон ва қайнаётган сув иштирокидаги сокин ва ёқимли мумтоз ашулалар қисми бошланарди.

Ақлимни таниб дастёр бўлганимдан бошлаб то мактабни битиргунимга қадар мен шу ҳовли, шу қадрдон уйга ўт-алаф ташиб, ғўзапоя ғамлаб, ўтин тах­лаб улғайдим.

Ҳовлимизда – ўчоқ, тандир, ёғоч сўри, ўтинхона ва оғилхона оралиғида, томорқамиз билан ошхонамиз ўртасида эрта тонгдан то кечга қадар, йил ўн икки ой катта бир рўзғор-мамлакатнинг қизғин ҳаёти давом этар, бу мамлакатнинг тинчи, ош-нони, иссиқ-совуғини таъминлаб туриш отамнинг зиммасида, унинг саранжом-саришталигига эса онам кайвони эдилар.

Ўт-ўтин, ўчоқ-олов, тандир-нон яна ўт, яна ўтин – болалигим мана шу азиз ва қадрдон сўзлар қуршовида ўтди.

Ўтиним, ўтинларим – болалик ўтинчларим, ўс­мир­лик ўкинчларим.

Менинг тилларим чучук, унинг тиллари олов эди.

Ёғочнинг ҳам тиллари бор экан. Ўтиннинг ҳам ланғиллаб ёнгувчи ёлқин забонлари бор экан, жўралар.

Болаликнинг юракни эзадиган қийин ва дилгир кунлари ғўзапоя ташиш мавсуми эди. Ота-онам, опам, акам ва мен – ғўзапоя то ғарам бўлиб, деворимиз ортида тахланмагунча уйда ҳеч биримизга кун йўқ эди. Қўлларимиз қабариб, тирналиб-ёрилиб кетганлари эвазига, кейин онам йил бўйи тандирдан узиб берадиган иссиқ нонлар, ширин кулчалар албатта тансиқ мукофотдай бўлиб туюларди.

Тириклик алифбосининг илк ҳарфларини мен шу заҳматкаш азиз инсонлардан ўргандим.

У дашту далалардан ҳарф териб катта бўлдим.

Дийдираган пайкалларда дийдираган ғўзапоялар мендан сўз, юпанч тиландилар.

Кузнинг, сўзнинг жунжикканларини кўрдим мен. Сўз ҳам одам боласидай совқотаркан, ёронлар. Сўзга ҳам таскин-тасалли, одамзоддай меҳр керак экан, сўзни ҳам иситиш керак экан, дўстлар.

Кейин умрим давомида ҳаёт ва кўнгил кўчаларида катта-кичик хатолиғларга йўл қўйганимда бот-бот ўйлайман: шу тандир, шу қўрларчалик онамга хизмат қилолдимми? Тандир ёнида, ёнгиналарида куйиб тутаб ётган косовчалик бўлолдимми? Тилим лол, дилим ғаш-хижил – гоҳида бир сўз деёлмай қоламан.

* * *

Кетмонлари, онамнинг кетмонлари.

Дунёда меҳнатлари қаттиқ, бераҳм ва бемеҳр сўзлар бор экан. “Кетмон”, “Чопиқ”, “Кўсак”, “Ғўзапоя” деган серташвиш сўзлар бизнинг болалик идрокимизга бутунлай сингиб кетган эди.

Тупроқ кўчамиздан елкаларида кетмон, ранги униққан гарди рўмоллар билан ўранган чопиқчи аёлларнинг ҳорғин юриб боришлари, сўлғин қиёфалари кейин бир умр ёдимда сақланиб қолади. Улар оқшом пайтлари янада ҳорғинроқ қайтардилар. Шу аҳволда яна сигир соғишлари, нон ёпишлари, қозон қайнатишлари керак эди. Ҳусну тароватлари сонсиз эгатларга ем бўлган, аёллик нафосати, орзу-умидларини саратон қуёшлари тушликка тановул қилган гулдай қиз-жувонлар, юзлари чанг-ғубор, киприклари ойларга тегиб турган менинг мунис, меҳнаткаш Ойбарчинларим.

Эртакларим эгатларга эврилдилар.

Эгатлар. Пахта. Яна эгатлар, яна пахта. Дунёдаги энг тошбағир, тошдан ҳам қаттиқ юмшоқ, момиқ сўз. Томимиз устида баҳорда очиладиган биттагина лолақизғалдоққа жой қолган, холос.

Мактабга, биринчи синфга боришим керак эди. Кийишга кийимим йўқ, оёғимда резинка этик, онам чўпонлар желак ва чалвор қилиб киядиган дағал йўл-йўл тик матодан “бурук”, китоб-дафтарларим, сиёҳдонимга ҳам худди шу матодан жилдқопчиқ тикиб бердилар. “Бормайман!” дедим. Дод солдим. “Патинка, бурук об бермасанглар мактабларингга бормайман!” деб туриб олдим. Онам аввалига толхивич билан роса саваладилар. Кейин, барибир муродимга етдим – мактабга янги ботинка, шим ва кўйлакда бордим. Бутун мактаб, ҳамма менга қараётгандек ўзимда йўқ шод эдим. Бу – менинг олти ёшга кириб шу пайтга қадар илк маротаба кийган ҳақиқий росмана сарполарим эди. Ҳаммаёқ пахта билан тўлиб-тошиб ётибдию мен биринчи синф ўқувчиси, озғингина болакай – ота-онам ун билан гуручга деб тишларининг кавагида асраб келган пулга сотиб олинган янги либосларда, завқу шавқим ичларимга сиғмай, оламдаги энг бахтиёр ўқувчи бўлиб синфхонага кириб бораман.

Ярми тўқ-сариқ, ярми қорага бўялган парталарнинг ёқимсиз бўёқ ҳидини тез орада далалар ғубори кўмишини, янги дафтар ва сиёҳ иси эса кейин умр бўйи орзиқтириб димоғимдан кетмаслигини мен ҳали билмайман.

Ўз инларидан мажбуран кўчирилиб 1964 йил янги ошёнга келиб қолган қушчалардай бир-биридан бегонасираб ўтирган синфдошларимга мен ҳам ётсираб қарайман.

Кейин, чамаси икки ойлардан сўнг бизга “Алифбони ўргатган, тўғри йўлни кўрсатган” синф раҳбаримиз Озода опа синфдош қизчаларни бир қаторга тизиб шундай ашула ўргатади:

Осмондаги юлдузни санаб этоман дема,
Юракларни куйдириб ташлаб кетоман дема,
Ҳо-о-о,
Ташлаб кетоман дема.
Пахта экомиз бирга, терлар тўкомиз бирга.
Олтин териб Ватанга совға этомиз бирга,
Ҳо-о-о,
Совға этомиз бирга.

Озода опа – лўмбиллаган навжувон келинчак, ўзи тили билан мусиқа чалиб, бармоқларини қар­силлатганча ўйинга тушиб кетар, парталарда ўтирган биз ўғил болалар ҳайрон, синфхонанинг очиқ саҳнида сочлари пилтажамалак қилиб майда ўрилган синфдош қизлар опанинг нағмасини такрорлаб бир овозда давом эттиради:

Ёрим етган ерларга мен ҳам бормай қолмайман,
Йўлларига кўз тутиб, соғинчидан толмайман,
Ҳо-о-о,
Соғинчидан толмайман.
Пахта экомиз бирга, терлар тўкомиз бирга…

Биз ўзимизни мактабда эмас, гўёки пахтазор далада – эгатлар орасида ўтиргандек ҳис қилардик. Сатҳи тупроқ зах синфхонада, эндигина қатқалоқни ёриб чиққан нозик-нимжон ғўзабарглардай дийдираб турган, тизилишиб ашула айтаётган ғўзадеккина, майсадеккина синфдош қизлар. Ашула айттиргани ҳам майли, Озода опа ўзи гурсиллаб рақс тушаркан, қизларни ҳам ўйинга тушишга мажбур этди. Бошларида чамангина дўппичалари, майда пилтажамалак кокилчалари чарх уришлари баробарида гир айланаркан, айвонимизда ин қурган, ёзда кўрганим қалдирғоч полапонларининг ёйилган қора қанотчаларига ўхшаб кетарди. Бу дардли манзара, соғинчли-армонли бу саҳна кейин умрим бўйи мени таъқиб этади, кўз олдимдан кетмайин, оромимни ўғирлаб, йиллар ўтгани сайин болалигимнинг маҳзун, мунглуғ хотирасига айланиб қолади.

Эгатлар. Эгатлар. Умр бир пайкал эса, йиллар эгатларга ўхшаркан. Азиз синфдошларим – Гулнор, Гуландом, Асилаю Ҳурматой, Ойниёзу Тўхтахол, Хурсанойлару Чиннигуллар – синфимизнинг оқиш-қорача, қизғиш ва пуштиранг капалакчалари, қайдасиз, қай­лардасиз?

Оналаримиз, опа-акаларимиз ёнида биз ҳам пахта терамиз. Онам чаққон, ғайратчан теримчилардан эдилар. Бир этак пахталари 15-20 килогача чиқарди. Баъзан чарчагандай бўлиб онамнинг ўқариқ бошига қўйилган тўп-тўп этаклари устида чалқанча ётган кўйи мовий чексиз осмонларга қараб ҳар хил нарсаларни ўйлайман. Мисол учун, осмондаги паға-паға, хирмон-хирмон оқ булутлар бекор тургандан кўра ерга – далага тушса бўлмайдими? Оппа-осонгина этакларга жойлаб, топширардик қўярдик. Ёки ер – осмон, осмон эса далага айланса нима бўларди? “Осмондаги юлдузлар” ҳам синфдош қизларга ўхшаб бир пахта териб кўрсин-чи…

“Ҳўв бола!..” Меликбобо табилчининг қўпол, бад­жаҳл овозидан бир пасда осмони фалаклардан ерга тушиб, ўзимни эгатлар ичига ураман…

Улғайгандан кейин ўқиганимиз устозимизнинг 1964 йилда ёзилган “Ушоқ чигитни ҳам этмай деб увол /Миллион эгатларга эгилган халқим”, “Менинг нигоҳимни тортади такрор/ Миллион эгатларга сочилган ўзбек” сатрлари аро, ўша сўнгсиз туганмас пайкаллару адоқсиз эгатлар ичида йиртиқ-ямоқ чопон-желакчаларда бизнинг болалигимиз ҳам кўсак чувиб юрибди.

* * *

Худди ўша 1964 йили кундалик ҳаётимизга, ҳамишаги гурунгларимиз билан юмушларимизга кумуш тангадай ярқираб бир ғаройиб жозибали сўз оралаб қолди. Уруш кўрган отамдан бошқа етти пуштимиз эшитмаган етти ёт бегона бу сўз, сеҳрли бу ном бир кунда пайдо бўлдию бирданига ҳаммамизнинг туғишган қадрдонимизга, оилавий меҳру соғинчимизга айланди.

Будапешт. Будапешт.

Менинг болалик соғинчларим, “соғинчилик салом хатларим” Будапешт. Ойбиби момомнинг осмонга тарвақайлаб кетган қари тутлари, унинг тагидаги тупроқ супа кечалари Будапешт деб шовуллаб, шивирлаб чиқади. Гир-гир айлангувчи урчуқларининг ғир-ғир товушларида, аллалари ноласида шу интизорлик. Тобора кичрайиб-тугаб бораётган калаванинг ипларида кунлар, ойлар айланиб камайиб бораётгандек. Тандирларидаги лаққа чўғлар, унда қизараётган нонлар Будапешт дейди. Чорбоғдаги тезпишар олмалари Будапешт дебон гулга киради, зардолилар ғўралигидан ғўлинг бўлгунга қадар Будапешт дейди. Момомнинг “Олакўзим говмишим, ҳеш-ҳеш, туёқлари кумушим, ҳеш-ҳеш” дея сигир соғишлари ҳам қулоғимга “Будапушим”дай эшитилади. Тут шохига осиғлиқ қатор сузма халталар шу соғинч, шу орзиқиш билан “чак-чак” ёш тўкаётгандай. Момом қурбонликка сўйдирган қўйларнинг қотиб қолган очиқ жонсиз кўзларига қараб йиғлагим келади. Нон ейилса ҳам, сув ичилса ҳам роппа-роса уч йил – бир минг тўқсон беш кун муттасил кечаси ҳам кундузи ҳам шу гурунг, шу қўмсов: Будапешт. Будапешт.

“Камолиддин худди Вингирга, Будапуш деган шаҳарга тушибди” дея хабар бердилар онам ҳарбийга кетган тоғамдан ниҳоят икки ойлар деганда илк мактуб келганда. Онам “Будапешт”ни ўзимиздаги Бўйрапўш қишлоғига менгзаб гапирганларига отамнинг жаҳллари чиқади: “Бу сенинг Бўйрапўшинг эмас, Будапешт бу, немисдан жанг қилиб олганмиз!” Ўша кунлар тоғамга хатлар ёзиш – менинг энг севимли машғулотимга айланиб қолди:

“Соғинчилик салом хат. Қайсиким ул гўзал Будапешт шаҳрида гулдай очилиб, булбулдай сайраб хизмат қилиб юрган Камолиддин тоғамга Ойбиби момомдан, Холбиби онамдан соғинчли саломлар бўлсин…”

Хатнинг бошланиши андозасини опамнинг мактубидан сездирмайгина кўчириб олган эдим, буёғига нима ёзишни билмай анча қийналдим. Бирдан оғил­хонамизда рўй берган хурсандчилик воқеа, энг катта янгилик эсимга тушиб, давомига шуни қўшиб қўйдим: “Тарғил сигиримиз иккита бузоқ, қартанг сигиримиз битта бузоқ туғди”. Ундан сўнг “мен биринчи синфда ўқияпман” деган хабар билан саломномамни якунига еткизаман.

Будапешт. Будапешт.

Ойбиби момомнинг ғўзапояларини ғарам­лаёт­га­нимизда ичимда ўз-ўзидан савол туғилади: “Будапештда ҳам ғўзапоя ўсармикан?..”

* * *

– Юр балам, Соро момонгни кўриб келамиз, – дедилар бир куни онам.

Соро момо кимлигини мен ҳали билмайман, бироқ онам у кишини кўргани мени ҳам олиб бораяптиларми, демак бир яқин хешлиги бўлса керак-да.

Ости ҳам, усти ҳам бўйро нимқоронғи бир уй. Лойшувоқ деворларида сомонлар сарғиш игналар­дай хира ялтирайди. Уйдаги намат, эски-тус­ки кўрпачаларни ҳам элас-элас эслайман. Бироқ аниқ­роғи, энг қизиғи – бўйро, четлари кўрпачалардан чиқиб кўриниб турган бўйро, ёғоч синчларнинг устидан шифт қилиб тайланган бўйро, таги ҳам, шифти ҳам бўйро бир уй. Қамиш-бўйро ҳиди, лойшувоқ ҳиди менга жудаям таниш.

– Хола яхшимисиз, соғ-саломат келдингизми? – дея сўрашадилар онам.

Шундагина қоронғу уйнинг ғира-шира бурчагида бош томони оқишроқ, қолган қисми қизғиш-жигарранг, муштдайгина бир кўланка аста ғимирлаб товуш берганини илғайман. Соро момо онамнинг холаси, Абдукарим амакимизнинг онаси экан. Жавзи узумнинг майизидай бужмайибгина қолган, қовжираб, кичрайиб кетган момо кўзимга жуда ҳам қари ва нимжон бўлиб кўринади.

“Бу қайси баланг бўлади Холиви?.. — деб менга қанд, майиз узатганида момонинг тери ва қоқ суякдангина иборат титроқ-қалтироқ панжаларидан ғалати аҳволга тушаман. Улар қўлдан кўра томорқамиздаги тупроқнинг ичидан чиқиб турган қуруқ томирларни эслатарди.

Момонинг бетлари шудгор қилингандай чўтир-чўтир ва ажинзор, қошу қабоқлари қўшилишиб уйқашиб кетган, чуқур ботган кўзлари опамнинг эски қора камзулидаги қора хира тугмачалардай зўрға кўринади. Ўшанда мен беш яшар болакай, Соро момо эса бир юз беш ёшда экан. Шу аҳволда “Холиви, шошма, мен бир нос чекиб олай” деб нос чекканларию, кўзларини юмиб олиб шу кўйи узоқ сукутга чўмгани, сўнгра бир фаслми, бир асрми гўё шундай ўтиргану, бирданига умрининг қолган давомини ҳам яшаши лозимлиги эсига келгандай ҳушёр тортиб, онам билан менга ажабсиниб қараганларигача, кейин эса бўйронинг бир четини кўтариб носини тупурганию оғзини чой билан чайганларига қадар кечган вақт – мен учун энг азобли, назаримда юз йиллардан ҳам узунроқ ва дилгирроқ бўлиб туюлади. Диққинафас бўлиб, билдирмайгина онамни турта бошлайман. Момо шуни ҳам сезибди. “Майли Холиви, баланг зерикиб кетди, Худонинг паноҳига…” Онам: “Бизнинг уйларга ҳам боринг-да хола” дегунларича ўзимни ташқарига ҳовлига отаман.

Ўша гурунгдан кейин Соро момо яна бир йил умр кўриб, бир юзу олти ёшда бу бўйрапўш дунёни тарк этди. Онамнинг айтишларига кўра, момонинг тўнғич ўғиллари Абдукарим амакимиз, Шарипов бобо жанозада “Хазон бўлган энам-а!” дея ёқаларини вайрон қилиб, роса фарёд солган экан.

* * *

…Соро момонинг ўша “Худонинг паноҳига…” деб берган дуоларидан кейин мана, орадан эллик йил ўтибди.

– Эллик йилда эл янги, қирқ йилда қозон янги, – дейдилар онам.

“Минг шеъру ғазал берган бу давру замон янги” дея онамнинг ҳикматли гапларини шеърий сатрларга тизаман. Кейин “Буғдойбўй Ватан” деган китобим чиқади. Бир пайтлар онамнинг калишларига бағишлаб шеърлар битган эдим. “Буғдойбўй Ватан” шеъримни телевизорда ўқиганимни кўрган онам: “Ёзсанг мана шундай буғдой ҳақида ёз балам, менинг калишларимни нима қиласан шеърга солиб”, дея китобимни кўзларига суртиб дуо қиладилар: “Йўлингни поклаб юр, сўзингни ҳамиша ўйлаб гапир, балам…”

Булбул яшай олмас чамансиз, она,
Инсон хор бўлгайдир Ватансиз, она.
Ватан барчамизга буюк онадир,
Сиз буюк Ватансиз, Ватансиз, она.

“Ёшлик” журнали, 2013 йил, 10-сон.