Мен – тошкентликман. Менга юртимнинг ҳар тупроғи – қишлоғу кенти азиз. Аммо кўз очиб илк бор таниганим шаҳри азим – Тошкент бўлгани учун унга меҳрим бўлакча. Шу боис, аввало, ғурур ҳақида сўзлагим келади. Яқин ўтмишда Ўзбекистонни фақат аграр ўлка сифатида кўриб, уни, асосан, пахта етиштиришдан нарига ўтолмайди, деганларга жавобан биз бугун оғир саноат борасида хаёл қилиш қийин бўлган воқеликларга гувоҳ бўлиб ўтирибмиз. Ўзимизда “ISUZU”, “MAN” русумли автобус, чиқинди ташийдиган ҳайбатли оғир машиналар ҳамда трактор, прицеп, автокран каби халқ хўжалигига зарур машиналар ишлаб чиқарилаяпти. Яна уларни лизинг ва имтиёзли кредитлар йўли билан олиш имконияти бор. Қолаверса, ана шундай техника имкониятлари Тошкентдек улкан шаҳарда озодаликни сақлаш учун муҳим омил бўлаяпти. Айни чоғда, имкониятга мувофиқ муқобил бошқарув тизимининг жорий этилиши бу “Мегаполис” тусини олаётган шаҳримиз учун энг асосий муаммолардан бирининг ҳал қилиниши демакдир. Ҳа-да, қарийб 2,5 миллион аҳоли доимий истиқомат қиладиган (кунда келиб кетадиган меҳмону хизматчилар билан бу рақам 4 миллионга яқинлашади), 475 маҳалладан иборат, 135838 та якка тартибда, 9155 та кўп қаватли уй-жойлари бор, 33 та олий таълим муассасаси, 80 та касб-ҳунар коллежи, 41 та академик лицей, 325 та умумтаълим мактаби, 505 та мактабгача тарбия муассасаси, 826 та шифохона, 114 та касалхона, ўнлаб театр-томоша муассасалари, музею истироҳат боғлари бор 335 кв. км. майдонни шаҳар агламерацияларидан иборат “Мегаполис” десак, муболаға эмас, албатта. Зеро, турли луғатларда юнонча “megas” – катта, “polis” – шаҳар сўзларидан олинган Мегаполис “ёнма-ён жойлашган бир қанча шаҳар ва аҳоли яшайдиган масканларнинг ўсиб ривожланиши ва қўшилиб кетиши натижасида ҳосил бўлган улкан шаҳар”, дея изоҳланади. Хўш, бу сифатнинг қай бир жиҳати бугунги Тошкент шаҳрига хос эмас?! Қолаверса, Тошкент дунёнинг юзлаб буюк шаҳарлари орасида яшаш қулай бўлган шаҳар сифатида 58-ўриндан жой олгани ва бу кўрсаткич Буюк Британиянинг “Экономист” журнали эълон қилган рейтинг бўйича белгиланганининг ўзиёқ юқоридаги фикрларимизга яна бир шаҳодат.
Ўзбек кундалик ҳаётини тонг саҳардан туриб ҳовли-рўя, эшик олдини сув сепиб супуришдан бошлайди, ўтган-кетганнинг ва аввало, ўзининг таъбини равшан этиб, кунни хуш кайфиятда ўтказишга чоғланади. Бу – бир қадрият, авлоддан-авлодга ўтиб келаётган ўзига хос турмуш тарзи. Ана шу каби қадриятлар, аввало, оила маънавияти бўлиб ота-онадан фарзандларга ўтса, сониян, маҳалла-кўй, атроф-жамоа бари бу ишларга азалан камарбаста, посбон. Юртбошимиз “Юксак маънавият – енгилмас куч” номли китобида маҳалла институтининг жорий этилишини изоҳлаб, “Давлатчилигимиз тарихида биринчи марта “маҳалла” тушунчаси Конституциямизга киритилиб, унинг жамият бошқарувидаги ўрни ва мақоми қатъий белгилаб қўйилди” дея, маҳаллани миллий маънавиятни шакллантирувчи асосий мезон – энг муҳим омиллардан эканини алоҳида таъкидлайди, “азалдан ўзбек маҳаллалари чинакам миллий қадриятлар маскани бўлиб” келаётганини айтади. Дарҳақиқат, бизнинг “ҳақиқий демократия дарсхона”миз ҳам айнан маҳалла. Хўш, ким қаерда бир инсоннинг ўзга бир бегона инсонга беғараз, шунчаки мурувват, эътибор, инсонийлик юзасидан қайишганини кўрибди? Балки битта-яримта бўлса бордир. Аммо бу фазилатнинг бутун бир миллатга хос хусусият экани фақатгина ўзбек халқига тегишли бўлса керак.
Бир йили Россия телеканалида ўтган асрнинг 60-80-йилларида миллионлаб томошабинлар суйган, ниҳоятда машҳур бўлган актёр Алексей Смирновнинг сўнгги кунлари ўта қайғули кечгани хусусида кўрсатув бўлди. “Ы операцияси ёки Шурикнинг саргузаштлари” фильмидаги безори-давангирни ўйнаган актёр касалликка чалиниб, кимсасиз бир аҳволда ўз квартирасида ўлиб қолгани айтилди. Агарки, мамлакатнинг барчага таниқли, хизмат кўрсатган фуқаросининг аҳволи шу бўлса, оддий одамларнинг ҳоли қандай экан деб, ўйланиб қолади киши. Бу хусусда халқимизда шундай мақол бор: “Туяни шамол кўтарса, эчкини осмонда кўр”. Ана шундай ҳолатларда маҳалла деган ижтимоий уюшманинг қанчалар муҳим, бетакрор ҳодиса эканини англайди киши. Сўзимиз исботи учун бир-икки мисол: Тошкент шаҳрида жорий йил давомида 530 нафар ёлғиз нафақахўрга 166,9 млн сўмлик озиқ-овқат маҳсулотлари текин тарқатилган, 682 нафар фахрийларга совғалар улашилган ва ҳоказо. Шундай ҳолатларни тизимли шаклга киритиш хусусида ҳам Тошкент шаҳар маҳаллалари ва унга мутасаддилар йил оша турли ташаббус ва тажрибалар қилиб, фуқаролар йиғинларининг жамиятдаги, якка олинган ҳар бир инсон ҳаётидаги ўрни ва иштирокини кучайтирмоққа эришаяптилар.
Биз сўз юритмоқчи бўлган янгилик: “Маҳалла фуқаролар йиғинларида жамоатчилик ва давлат идораларининг ҳамкорликдаги фаолият тизими” хусусида. Бу жараёнда ҳамкорлик бир неча босқичда олиб борилиб, унинг бошида туман хотин-қизлар қўмитасининг раиси ҳамда “Нуроний” фонди, “Камолот” Ёшлар ижтимоий ҳаракатининг жойлардаги вакиллари ва албатта, маҳалла фуқаролар йиғини вакиллари иштирокидаги жамоатчилик гуруҳи турадилар. Дастлаб 1-босқичда ана ўша ташкилотлар вакиллари ва маҳалла фаолларидан иборат “Ишчи гуруҳ” тузилади. 2-7-босқичларда “Саломатлик”, “Таълим-тарбия”, “Оилага кириш”, “Бандлик” ва “Жиноятчилик профилактикаси” каби 5 та гуруҳ-сектор шакллантирилади. Буларнинг ҳар бири ўз номи бўйича белгиланган йўналишларда маҳалла фуқароси ҳисобланган ҳар бир конкрет одам билан иш олиб боради. Демак, каттаю кичик бирорта киши эътибор ва жамоа назоратидан четда эмас.
Айрим мисолларга мурожаат этайлик. Жорий йилнинг 10-17 октябрь кунлари Ишчи гуруҳлари томонидан аниқланиб, ҳал этилган масалалар:
– Бектемир тумани, “Бектемир” маҳалласи, Ихлос кўча 50-уйда истиқомат қилувчи Пак Надежданинг ўғли касаллиги учун касалхонага ётқизилгани, “Олтинтепа” маҳалласидан Санобар Тошпўлатованинг ёлғиз ўзи 4 фарзандни тарбиялаётгани учун яқиндан моддий ёрдам ҳамда қизининг коллежга қатнаши учун бепул йўл чиптаси берилгани, Мирзо Улуғбек туманидан ёлғиз яшовчи ногирон аёл Лидия Фёдоровага коммунал қарзлари тўлаб берилгани, Сирғали, Учтепа, Чилонзор, Олмазор туманларида кимнидир эндокринология диспансерига ётқизилгани, яна бошқа бир фуқарони ишга жойлаштирилганлиги, боқувчиси йўқ бир аёлга “Саратон” касаллиги бўйича моддий ёрдам қилингани, Яккасарой туманидаги Қушбеги мавзесидан Зубайда Қаландаровага тикув машинаси берилгани ва ҳоказо. Умуман, ана шу каби олиб борилган иш натижалари ҳар ҳафтада бир марта пайшанба куни маҳалла фуқаролар йиғини Кенгашларида муҳокама этилади. Ўз навбатида, Шаҳар хотин-қизлар қўмитаси томонидан бу маълумотлар ҳафталик мониторинг жадваллари шаклида умумлаштириб борилади. Мана, дастлабки хулосалар: 2013 йилнинг октябргача бўлган даврида юқорида қайд этилган ишчи гуруҳлар томонидан Тошкент шаҳридаги 400000 оила ўрганиб чиқилган. Шулардан 11000 га яқини ҳақиқий эҳтиёжманд, муаммоли оилалар; 150000 дан ортиғи ўрта ҳол ҳаёт кечиради, ўзларининг катта-кичик ҳаётий ташвишлари билан машғул; 55000 дан ортиқ оилаларга ижтимоий, 40000 дан ортиқроғига моддий ва 42000 дан ортиқ оилаларга ҳуқуқий йўналишларда ёрдамлар кўрсатилган. 120000 дан ортиқ оила маънавий қўллаб-қувватланган. Ана шу ишлар натижаси ўлароқ, нотинч оилалар, балоғатга етмаган қизларни турмушга бериш, фоҳишабозлик, гиёҳвандлик, одам савдоси, турли шаклдаги бошқа жиноятчиликларнинг олди олинган. Шаҳримиз ва ундан ўтиб мамлакатимиз фуқароларининг соғлом турмуш тарзи барқарор бўлиши учун бағоят таъсирчан амалий чоралар кўрилган.
Шу теграда мазкур тизимнинг 8-босқичини ташкил этган “Ораста қизлар” ахборот-маслаҳат гуруҳлари ҳақидаги тажрибалар ҳам эътиборни тортади. Бу йўналишда ҳам ишчи гуруҳлар тузилиб, унинг таркибига маҳалла маслаҳатчисидан бошлаб оилавий поликлиника бош шифокори, мактаб директори, мактаб психологи то отинойигача киради. Улар ҳар бир маҳалладан танланган 5-15 қизга маслаҳат ва йўлланмалар бериб, шу қизлар етакчилигида тўгараклар фаолият юритишига, турли тадбирлар уюштирилишига кўмаклашадилар. Бу тадбирлар мавзулари: “Хушмуомалалик зийнати”, “Рўзғор ўгитлари”, “Кийиниш маданияти”, “Остонаси тиллодан” ва ҳоказо. Қизларни ҳаётга тайёрлаш, улар ўртасида соғлом турмуш тарзини қарор топтириш, турли оилавий турмуш кўникмаларини шакллантиришда “Ораста қизлар давраси” муҳим аҳамият касб этмоқда. Қизларни кўриб ҳавасланган йигитлар ҳам эндиликда ташаббус кўрсатиб, “Ораста ёшлар давраси” тўгаракларини ташкил этмоқдалар.
Юқорида тилга олинган “Ҳамкорлик” тажрибалари азбаройи яхши самара берганидан Хоразм ва бошқа вилоятларда ҳам қўлланиб, Республика бўйича қанот ёймоқда. Булар бари – Тошкент маҳаллаларидаги ижтимоий йўналтирилган маънавий-маърифий ишлар. Қурилиш, бунёдкорлик ишлари, кичик бизнес ва тадбиркорлик, маиший хизмат кўрсатиш, транспорт, йўллар, турли қулайликлар яратиш борасидаги олам-жаҳон ишларни санасанг, саноғига етиш қийин. Шунга қарамай, турмушимизда воқе бўлаётган яна бир янгиликни айтмаслик мумкин эмас. Бу – Тошкент, балки пойтахт орқали бутун Республика бўйлаб оммалашиб бораётган намунавий “Спорт майдончалари” барпо этиш тажрибалари.
Мен яқинда 17 ёшгача бўлган ўспирин футболчиларимизнинг Бирлашган Араб Амирликларидаги жаҳон чемпионатида Европадаги энг бақувват жамоалардан ҳисобланган Хорватия футболчиларини енгиши ва умуман, бу мусобақада муваффақиятли иштирок этишини мамлакатимизда Юртбошимиз томонидан спортга кўрсатилаётган ниҳоятда катта эътибор натижаси ўлароқ барпо бўлаётган маҳалла – жойлардаги “Спорт майдончалари”нинг оммалашаётгани билан ҳам боғлагим келади.
Дастлаб, Юнусобод бозоридан кейинги халқадан айланиб ўтиб, Ҳасанбой кўчаси йўналишига кетиб боришда 7-даҳа “Астробод” маҳалла ҳудудидаги кўп қаватли бинолар қаторида йўл бўйида ўз ҳолича ташлаб қўйилган мўлгина майдончанинг текислаб, чор-атрофи ўралаётганига кўзим тушган эди. Тўғриси, ҳайрон бўлиб, ўша атрофдаги танишлардан суриштирдим. Улар бу ерда мини футбол майдончаси ва қаторасига баскетбол, теннис майдонлари ҳам қурилаётгани, булар тез орада битиб, атрофдаги 7 ёшдан 70 ёшгача барча ғайратли одамлар учун очиқ бўлишини айтишди. Ҳақиқатан ҳам, орадан кўп ўтмай, бу майдонлар битди. Ердаги чимидан панжараю тўригача кўзга хуш ёқадиган кўм-кўк рангдаги сунъий қопламали бу майдончаларни ҳаво очиқ кунлари бирор оқшом гавжум бўлмай турганини кўрганим йўқ. Ёш болалардан тортиб, ўзимиз қатори ўрта ва ҳатто кекса ёшдаги кишилар ҳам тўп суриб ёки коптокча ўйнатиб, вақтларини хуш ўтқазаётганларининг гувоҳи бўлдим. Ҳар сафар кўнглимдан бир ўй ўтади. Мамлакатимиз раҳбари бизга, аввало, фуқароларимизнинг соғлиғи муҳим дея, спортни оммалаштиришга алоҳида эътибор бериб, қуруқ – бўш ётган ёки турли чиқиндилар ташланиб, ҳудуд мутасаддиларига қўшимча ташвиш туғдираётган майдончалардан оқилона фойдаланишга рағбат уйғотди. Тошкент шаҳрида сўнгги бир-икки йил чамаси бошланган ташаббус росмана қанот ёзди. Ўтган йил ноябрь бошларида мамлакатимиз Бош вазири Ш.М.Мирзиёев томонидан барча манфаатдор мутасаддилар, шаҳарлар ва туманлар ҳокимлари ўша дастлабки намунавий спорт майдончалари ҳудудларига таклиф этилиб, бу тажрибани кенг ёйиш, майдончаларнинг бир неча намунавий лойиҳаларини яратиш, уларда зарур бўладиган барча қўшимча шаҳобчаларни назарда тутиш ва бундай ишларга қўл ураётган тадбиркорларни ҳар жиҳатдан қўллаб-қувватлаш бўйича кўрсатмалар берди. Қарабсизки, буёғи Мирзо Улуғбек, Чилонзор, Шайхонтоҳур, Миробод, Яккасарой, Ҳамза, қўйингчи, барча туманларда ва Республикамизнинг барча вилоятларида “Спорт майдончалари” барпо этиш хайрли пойга тусини олди.
Тошкент шаҳри мисолида бу тажриба ҳам истиқболли, ҳаётбахш ҳодисага айланди. Назаримизда, мазкур тажриба амалиёти жуда кўп ҳаётий масалалар, хусусан, иқтисодий, ижтимоий, маънавий-мафкуравий жиҳатлардан ниҳоятда муҳим аҳамият касб этади. Жумладан, ҳудудлардан оқилона фойдаланиш, тадбиркорлик ва иш ўринларининг янги тармоғини ташкил этиш ва энг муҳими, аҳоли саломатлигини таъминлаш, ёшларни спортга қизиқтириш, бўш вақтини унумли ўтказиш, турли зарарли таъсирлардан сақлаш ва бошқалар.
Юқорида, асосан, “Обод турмуш йили”да кўпроқ жорий этилган амалий ишлар – ислоҳотлар, яратувчанлик, бунёдкорлик, ижтимоий-маънавий фаолиятга оид масалалардан сўз юритдик. Ободонлаштиришнинг бошқа тармоқлари, йўл, турар жойлар қурилишлари, коммунал маиший хизматлар, транспорт, дам олиш масканлари, истироҳат боғлари, янги-янги маҳалла гузарлари ва ҳоказо, ва ҳоказо ўнлаб, балки юзлаб йўналиш ҳамда тармоқлар ҳақида фикр билдиролмадик. Яна режамизда Тошкент кўчаларини, майдону хиёбонларини кўкаламзорлаштириш, яшил ҳудудларга айлантириш бўйича қилинаётган фавқулодда катта миқёсли ишлар ва айниқса, Тошкент фавворалари ҳақида сўз айтиш нияти бор эди. Пойтахтимиз Истиқлол йилларида фавворалар шаҳрига айланди десак, муболаға эмас. Турли мусиқа оҳангларига камалакнинг анвойи рангларида “хиром этадиган” энг замонавий технологиялар асосидаги улкан фавворалар шаҳар аҳли, меҳмонлари ҳайрату завқини оширибгина қолмай, серқуёш кунларда мўътадил ҳароратни сақлаш, дам олиш учун ёқимли имконият яратиш ҳамдир. Ана шу каби ҳар жиҳатдан қалбни қувонтирадиган яратувчиликлар ҳақида, Юртбошимиз айтмоқчи, “Эртасига ишонган мамлакат халқининг фаровонлиги” борасида тўлиб-тўлқинланиб ёзиш тилагимиз бор эди. Бироқ биргина мақола доирасида азим пойтахтимизда жорий йилнинг ўзида амалга оширилган барча бунёдкорликларни санаб, тўла қамраб, кўрсатиб бериш осон иш эмас, балки мумкин ҳам эмас. Бинобарин, ардоқли шоиримиз Муҳаммад Юсуф Тошкент васфида куйлаганидек, биз ҳам қарздорлик ҳисси билан битикларимизга нуқта қўямиз.
Эй, қуёшга қариндош шаҳар, Тингламассан балки арзимни. Қирқ йил қуллуқ қилсам ҳам агар, Узолмасман сендан қарзимни!..“Шарқ юлдузи” журнали, 2013 йил, 6-сон.