Ярослав Гашек. Арзанда Ксавера (ҳикоя)

Ксавера деб аталган бу чўчқа боласини лимон ўт билан боқишарди. Унга Ксавера деган номни қўрғон соҳиби муносиб кўрди. Бошқача айтсак, мецкералик профессор, озуқашунослик илмида катта обрў қозонган олим Ксавера Кельнер хотираси шу йўсинда шарафланди. Бу олим ўзидан кейинги авлодларга қуйидаги ҳикматни мерос қилиб қолдирган: «Мен ҳар тарафлама олиб борган кузатишларимга таянган ҳолда, дадил айта оламан: лимон ўт шу қадар хушхўр ўсимликки, ҳеч бир емиш унинг ўрнини боса олмайди».
Чўчқа бола Ксаверага лимонўт жудаям ёқиб қолди. У кундан-кунга тўлишиб борарди. Тумшуғини шу ўтга тиқиб, уни серқаймоқ сутга омухталаб тановул қилгани-қилган эди. Мулк эгаси граф Рамм вақти-вақти билан Ксаверадан хабар олиб турар ва бот-бот унга:
— Сиз, болагинам, кўргазмага борасиз-а. Ақлли бўлинг, овқатдан асло ўзингизни тийманг. Мени уялтириб қўйманг, тағин, — дея панд-насиҳат қиларди.
Гоҳ-гоҳида графиня ҳам Ксаверани йўқлаб турарди.
— Оҳ, қандай жуссали ва ёқимтой, менинг Ксаверам! — хитоб қиларди хоним юз-кўзлари меҳрдан товланиб.
Хайрлашув чоғида ҳар иккалалари Ксаверага шундай ният қилишарди:
— Тунинг хайрли бўлсин, лўппигинамиз. Тинч, осойишта ухлаб тур…
Чўчқа бола Ксавера ўзидан узоқлашаётган меҳрибонларини жимитдай кўзларини очиб-юмиб ва оҳангдор «хўр-хўр»лаб кузатиб қолар, унинг товушини жон қулоғи билан тинглаган графиня эса эрига дерди:
— Ксаверанинг овозини эшитиб, мен беихтиёр руҳнинг танадан-танага кўчиб юриши мумкинлигига ишониб кетаман…
Ксаверанинг ҳузурига хўжайиннинг меҳмонлари ҳам ташриф этиб туришарди. Улар нодир зотли чўчқача билан кўришувдан қалбларида уйғонган завқ-шавқ ларини французча, немисча, инглизча сўзларда ифода этишар, эсдалик учун у билан ёнма-ён туриб суратларга тушишарди.
Ксавера доимо ҳозиргина ҳаммомдан чиққан болакай сингари ял-ял товланиб турар, бўйнидаги йирик бахмал боғич уни янада истарали қилиб кўрсатарди.
Ксаверангиз, кўргазмада, албатта, биринчи совринга сазовор бўлади, дея башорат қилишарди графнинг барча дўстлари, жентльменлар, зодагонлар.
Сертакаллуф эри графинянинг таваллуд кунида бошқа кўпгина совға-саломлар қаторида Ксаверани ҳам унга туҳфа этди. Шу тариқа, Ксавера энди бутунлай ва фақат графиня бисотига айланди. Графиня Ксаверани йўғон, боқибеғам, лоқайд жонивор деб эмас, балки, аксинча, кўркам ва ёввойи бир мўъжизадай қабул қилди ҳамда унинг юз-кўзларини ютоқиб ўпа бошлади.
Чўчқа бола графиня ихтиёрига ўтгач, унинг сиҳат-саломатлиги устидан назорат чоралари янада кучайтирилди. Арзандани алоҳида бинога кўчиришди. Бу бино вақти-вақти билан шамоллатиб турилар, унга ҳавони мунтазам равишда тозалаб турадиган ускуна ўрнатилган эди.
Ксаверанинг чўмиладиган ўз ваннаси бор эди, яна графнинг назокатли дидига монанд тарзда жиҳозланган унитазли ҳожатхона ҳам чўчқа боланинг хизматида эди. «Чўчқахона» деб аталмиш кошонанинг у-бу жойига термометрлар осиб қўйилган, кечаю кундуз оёқда туриб хизмат қилаётган Мартин эса чўчқа бола учун ажратилган сув ва сутнинг ҳарорат даражасини ўлчаб туриш бўйича масъулиятли топшириқ олган эди. Мартин, аввало, байтар белгилаган ҳароратнинг аниқ меъёрда сақланиб туришини таъминлаши шарт эди. Ахир Ксаверадай мўрт, нафис жониворнинг ичак-чавоғи шамоллаб касалланиб қолса, графиня буни кўтара олмайди, агар шундай бўлса, Худо кўрсатмасин, хуноби ошиб, унинг эртаю кеч йиғидан қўли бўшамай қолади-я.
Шу боисдан, хизматкор Мартин чўчқа боланинг таомлари ҳароратини ҳафсала билан кузатиб борарди, Ксаверанинг овқатини вақти-вақти билан ё талаб қилинган даражада иситар, ёки бўлмасам, совутарди.
Кўп ўтмай, чўчқа боланинг оромгоҳи электр чироғи билан ёритила бошланди, шунингдек, уни ичига жун тўлдириб қаппайтирилган юмшоқ тўшакда ором олишга ўргатишди. Тўшак, табиийки, микроб-бактерияларга қарши дорилар пуркаб, ишончли, тоза ҳолатга келтирилган эди. Ксавера бу ғамхўрликларни оқилона қабул қилди ва кун сайин қорин қўя бошлади.
Кунлардан бир куни графиня эри билан ўз овунчоқларини тағин кўргани келишди. Ксавера худди шу кезда қудуқдан олинган тиниқ, зилол сувнинг ичига тўртала оёғи билан кириб олиб, уни хўрил-латиб ичмоқда эди. Сув бактериологик текширувдан ўтказилган, таркибида зарарли бактериялар мутлақо йўқ эди. Кимёвий таҳлил эса сув таркибида саломатлик учун фойдали бўлган барча унсурлар мавжудлигини тасдиқлади (бу — чўчқа зоти учун айни муддао эди).
Граф, одатига кўра, термометрни сувга тиқди ва … кўзларига ишонмай қолди! Сувнинг ҳарорати белгиланган 8 С ўрнига 7,5 га тушиб қолган эди. Графинянинг ранги оқариб кетди. Бўлиши мумкин эмас! Наҳотки, ярамас хизматкор ҳароратни ўлчамаган бўлса?
Граф ва графиня таҳликага тушганларича, жон ҳолатда биргалашиб Ксаверани сувдан чиқаришди. Вужудингизни шамоллатиб қўйишингга сағал қопти-ку, деб ёзғиришди ўтакалари ёрилгудай бўлиб. Кейин идишдаги сувни қопқоқ билан шошилинч бекитишиб, хизматкорнинг кулбасига қараб югуришди.
— Сен Ксавера ичадиган сувнинг ҳароратини нега текширмадинг, тўнка, — Мартинни кўриши билан тутақиб кетди граф.
Хизматкор Мартин эса дераза ёнидаги тўшакни қўл ишораси билан кўрсатди.
— Ўғлим оғир бетоб, жаноби олийлари. Иситмаси баланд, унга дори ичиряпман.
— Ҳой, мен сендан сўраяпман! Ксавера ичадиган сувнинг ҳароратини ўлчаганмидинг?
— Унутиб қўйибман, жаноби олийлари. Болам, мана, ётиб қолди. Унга дори тутяпман. Бошим гангиб…
— Нима? — ўшқирди граф. — Ҳали сен ўз ишингга шундай муносабатдамисан? Мен сенга хўжайин бўлмай қолдимми, ярамас? Хоҳлаганингча яшамоқчимисан? Ҳозир, лаш-лушингни йиғиштир. Бундан кейин менинг хизматкорим эмассан. Кечгача бу ердан қорангни ўчир!
— Қандай аблаҳ! — графиня уни қўллаб-қувватлади.
Жони ҳиқилдоғига келган хизматкор Мартин ўша куниёқ чўчқахонага бориб Ксаверани пичоқлаб ташлади. Зудлик билан чақирилган байтар чўчқа боланинг ўлимини расман қайд этди. Графиня бу фалокатдан қаттиқ қайғуга тушиб, ақлдан айрилаёзди ва узоқ вақт беҳуш ҳолатда ётди. Жандарм хизматкор Мартиннинг қўлини орқасига чийириб боғлаб олиб кетди. Қотилнинг бетоб ўғли қўрғондан ташқарига чиқариб ташланди.
Газеталарда қуйидаги хабар чоп этилди: «Ҳайвонларча шафқатсизлик. Таниқли зодагон граф Раммнинг хизматкори Мартин, кўрнамаклиги боис, ишдан ҳайдалди. У қасоскорлик жазаваси оғушида зотдор чўчқанинг қимматбаҳо боласини чавақлаб ташлади. Ўвуз кимса судга топширилди. Атрофда мавжуд гап-сўзларга қараганда, у ҳеч қандай динга эътиқод қилмас экан. Агар бу миш-мишлар рост чиқса, кимки Худога ишонмас экан, бундай одам албатта энг ашаддий жиноятларга қўл уради, деган қараш яна бир марта ўз тасдиғини топади».
Мартин уч ой мобайнида суд арафасидаги қамоқда бўлди. Сўроқ пайтида тўхтовсиз қайсарлик кўрсатди, черковга ибодатга ҳам бормади. Тергов давомида эса унинг таржимаи ҳолида сир бўлиб келган яна талай қинғирликлар очилди. Аён бўлишича, у ўн тўрт ёшидаёқ кўча йиғинларини маън этувчи қонунларни бузганликда айбланиб, икки ҳафта ҳибсда бўлган, бу ғирром болакай ҳатто приставнинг «Тарқалинглар!» деган буйруғини эшитса ҳам сира пинагини бузмапти. Унинг ҳаётида рўй берган кейинги барча қинғирликларнинг илдизи айнан ана шу сурбетликка бориб тақалади, албатта. Кейинчалик у: «Эй, сиз пахмоқ соқоллар!» дея жандармларга қарши безориларча қичқирганлиги учун яна уч кун ўтириб чиққан… Қораловчи айбдорнинг ҳаётидан шу хилдаги ва бошқа яна кўпгина майда-чуйда гуноҳ ишларнинг барчасини аниқлаб, уларни айбланувчига қарши ишлатди. Сўзининг якунида эса қораловчи айбланувчининг ўтмишида кўзга ташланган жинояткорликка мойиллик аломатларини биттама-битта санаб ўтгач, ниҳоят, мабодо унинг қизиққон қўлига Ксаверанинг ўрнида графнинг ўзи тушиб қолса борми, униям бамисоли чўчқадай шартта сўйиб ташларди, деган даҳшатли хулосани баён этди.
Мартиннинг адвокати олдида мушкул вазифа турарди. Ўтмишни яшириб бўлмайди, айбланувчининг бемор ётган боласи эса бориб турган кўнгилчанлик билан боғлиқ, таъбир жоиз бўлса, арзимас бир нарса. Уни икки қулоғидан ушлаб тортиб юқорига кўтарганингда ҳам, вазиятни юмшатувчи бир далилга айлантириш амри маҳол.
Чексиз изтиробда ўтирган графинянинг аҳволини кузатиш эса янада осон эмасди. Графиня судда гувоҳ сифатида қатнашар, суд раисининг столи устида ётган бахмал боғичга назари тушган заҳоти тағин унинг чеҳрасини аччиқ кўз ёшлари юва бошлар эди.
— Ҳа, мен танияпман, танияпман уни, — деди афтодаҳол бир вазиятда ўтирган графиня суд раисининг саволига жавобан. — Бу боғич менинг азиз Ксаверамники, унинг мушфиқ вужуди эса қўрғон боғида, нилуфар гуллари пуштаси орасида, қаро ерда ётибди…
Айбланувчи содир этилган жиноятда ўзининг айбдор эканлигини тан олди, лекин хатти-ҳаракатидан ҳеч бир афсусланмаслигини ҳам маълум қилди. Пировардида, бошқа кишининг мулкига атайлаб зарар етказган шахс сифатида у бир кишилик камерада сақланиш шарти билан олти ойлик қамоқ жазосига ҳукм қилинди. Лекин бу ҳаммаси эмас. Ҳақ жойида қарор топади, деганлари шумикин — орадан кўп ўтмай айбланувчининг бетоб ўғли ҳам бандаликни бажо келтирди. Ҳа, қисматнинг тегирмон тоши ўз маромида айланиб, янчаверади. Лекин адашмай янчади.
Чўчқа бола Ксавера эса оппоқ гулли нилуфарлар остида тинч ва абадий уйқуда. Гуллар оғушида унга хотира мармар тоши ўрнатилган. Ярқироқ тош сийнасига шундай сўзлар ўйиб битилган:
«Бу ерда бизнинг қимматли Ксаверамиз ётибди. У қотил Мартин қўлида фожиали равишда ҳалок бўлди. Мартин бу айби учун бир кишилик камерада сақланиш шарти билан олти ойлик қамоққа ва олти кунлик оч-наҳорликка ҳукм этилди. Марҳум Ксавера 1907 йилнинг 8 май куни, бир ярим ёшида дафн этилди. Ўтган жойларинг тупроғи партўшак бўлсин!»
Граф Рамм бахтиқаро чўчқа Ксаверага аталган бахмал боғичдан бир бўлагини қирқиб олиб, ўзига бўйинбоғ буюртма қилди. Граф уни ҳар йили, нодир зотли чўчқа бола ҳалок бўлган куни маъюслик ила бўйнига тақиб юради.

Рус тилидан Михли Сафаров таржимаси
“Жаҳон адабиёти” журнали, 2011 йил, 5-сон.