Қаландария (қаландарийлик, қаландарлик) тариқати XI-XII асрлардан эътиборан шакллана бошлаган. Илмий манбалар бу тариқатнинг асосчиси Жамолиддин Совий (ваф. 1232) эканлигини таъкидлайди. Қаландария ўзига хос урф-одатга эга бўлган тариқат бўлиб, кўп олимлар уни маломатийликдан ажаралиб чиққанлигини эътироф этишган. Москвадан чиққан “Ислом қомусий луғатида” ҳам шундай дейилган. (Ислам. Энциклопедический словарь. – М.: “Наука”, 1991, 129-130 стр.). Қаландарийликнинг пайдо бўлиши ва келиб чиқиши ҳақида турли-туман фикрлар йўқ эмас. Қаландарлик – тасаввуфга алоқаси бўлмаган, ташкиллашган бир жамоадир, деган олимлар ҳам бор. Қаландарлик тарихига назар солсак, дастлабки даврларда уюшган ва маълум қонун-қоидалар асосида қурилгани, аъзоларининг махсус либослар кийиб юргани маълум бўлади.
Қаландарлар орасида диёнатлилари ҳам гиёҳвандлари ҳам бўлган. Уларнинг кўпи мужаррад, яъни бўйдоқ юрган. Қаландарлар айнан мана шу уйланмасликлари ва тиланчилик қилишлари учун баъзи мутасаввифлар томонидан танқид остига олинган. Чунки Ислом динида уйланмаслик ҳам, тиланчилик орқасидан кун кўриш ҳам гуноҳ саналган. Даврлар ўтиши билан уларнинг қонун-қоидаларида, либосларида ва қаландархоналардаги тартибларида ўзгаришлар рўй берган.
Қадимги луғат ва илмий манбаларда қаландар атамасининг бир неча маънолари берилган. Жумладан: “эшик тез очилиб кетмаслиги учун орқасидан қўйиладиган тарашланмаган (йўнилмаган) ёғоч”; “диний ғазаллар ўқиб, ҳам динни тарғиб қилувчи, ҳам дарбадар кезувчи дарвеш”; кўчма маънода “дунёдан воз кечган, тарки дунё қилган киши, зоҳид”; “ўзбек халқ куйларидан бирининг номи”; “эркакларга қўйиладиган ном”. Қаландарбачча – қаландарнинг шогирди. Қаландархона – қаландарлар йиғиладиган ва тунайдиган жой.
Саййид Жаъфар Сажжодий деган Эрон олимининг фикрига кўра: “Қаландарликдан мақсад, икки дунёдан ўзини йироқ тутиш ва икки олам уйидан четга, узлатга кетиш. Қаландар бирор мансаб, мақомга эга бўлмаган, дунёнинг ортиқча ғам-ташвишларидан фориғ бўлган кишидир. У жамиятга ичдан эмас, ташқаридан таъсир кўрсатади, жорий урф-одатларни бузади. Шу сабабдан айрим манбаларда улар “сўфиёни хориж”, яъни тасаввуфдан, жамиятдан ташқарида бўлган сўфийлар, деб номланган. Сўфий, маломатий ва қаландар орасидаги қисқача фарқ шундай: сўфийнинг қалби халқ билан эмас, доим Ҳақ билан боғлиқ бўлади; Маломатий қилган ибодатини халқдан яширади, халқнинг таънаю маломатидан чўчимайди, ҳазрат Муҳаммад алайҳиссаломни маломатийларнинг сардори билади; қаландар эса халқ урф-одатларини ошкора бузади. Фақат мажбурий фарз амалларини бажариб, ортиқча тоат-ибодатга майл кўрсатмайди. Қаландар ва қаллошни тажрид ва тарк аҳли, дейдилар”.
Қаландарийлик, – дейди тожик олими Қурбон Восеъ, – маломатий таълими асосида ўсиб, риндлик, жавонмардлик ва ҳуруфийликка бир қадар ҳамоҳанглиги (монандлиги, уйғунлиги) бўлган. Бу ҳамоҳангликни ҳаммадан олдин расмий ислом ва тасаввуфга бўлган муносабатда кўриш мумкин.
Малумки, дарвешлик тариқатлари орасида қаландарийлик ҳам ўз уюшмасига эга бўлиб, улар одамларнинг хайр-эҳсони ҳисобига яшар эдилар.
Туркистонда расмий ислом дини билан бир қаторда тасаввуф ҳам кенг тарқалди, оммалашди. Яссавийлик, нақшбандийлик, кубравийлик, қодирийлик каби машҳур тариқатларнинг фалсафаси, ахлоқи ва қонуниятлари ҳалққа яқин бўлганлиги учун бутун халқ оммасини ўзига жалб этди. Қаландарийликнинг бир қатор қонуниятларини халқ ўзига сингдиролмагани учун ҳам бу тариқат халқ орасида оммалашмаган.
Тарихий ва илмий манбаларнинг гувоҳлик беришича, қаландарийлик Эронда XVI асрнинг охирларигача мавжуд бўлган. Сафавийларнинг сиёсатдон диний вакиллари тариқат аъзоларини Туркия ва Ҳиндистонга кўчириб юборадилар. Туркияда эса бу тариқат XIII асрнинг биринчи ярмида пайдо бўлиб, то XVIII асрнинг охирига қадар фаолият кўрсатган. Қаландария Ҳиндистонда XIII аср бошларида пайдо бўлиб, унинг баъзи тармоқлари XX асрга қадар етиб келган. Тариқатнинг Ғарбда Сириядан то Мароккогача, Шарқда Ҳиндистонгача ҳамда Мовароуннаҳр ва Хуросон ўлкаларида ёйилганлиги тасаввуф тариқатлари ичида ўз мавқеи борлигидан далолат беради.
Қаландарлик таълимоти айрим хусусиятига кўра бошқа мусулмон тариқатлари назарияларидан бироз фарқ қилади. Унга будда ва монийлик анъаналарининг жиддий таъсир этганлиги ҳақида ҳам фикрлар билдирилган.
Тасаввуфий манбаларда айтилишча, датлабки қаландарлар фақирона ҳаёт кечириб, хайру садақа эвазига кун кўрар эдилар. Муайян манзил-маконлари бўлмай, кўпинча, кўчиб юришарди. Бу таълимот асосида фоний дунёдан безиш туйғуси, ботиний қаноат, ўзни кўз-кўз қилмаслик, шуҳратпарастликни қоралаш, жорий урф-одат ва расму русумларни бузиш, хайру садақа йиғишда ҳаддан ошмаслик, нафс поклигига, руҳ ҳотиржамлигига эришиш, ҳар бир амалда ихлос қилиш каби қатор тушунчалар ётади.
Улар исломнинг мажбурий фарз амалларини бажариб, нафл (қўшимча тоат-ибодат)ни бажаришга эътибор бермасдилар. Жамоат намозларига, шунингдек, Рамазон ойида ўқиладиган “таровиҳ” намозига ҳам қатнашмас эдилар. 30 кунлик фарз рўзани, кўпинча, адо қилмас, нафл рўзаларини тутишдан умуман бош тортардилар. Арзимас нарсаларни, буюмларни ҳисобламаганда, бойликка ҳирс қўйиш уларга ёт одат эди. Қаландарларнинг бир қисми мужаррад (бўйдоқ) яшаш учун аҳду паймон қилишарди ва уйланмаслик, васвасага берилмаслик чораларини излашарди. Дунёни ўткинчи ва нисбий билиб, руҳий эркинликка интилган қаландарлар маломатийларга акс тарзда хулқ-атворини қандай бўлмасин намойиш қилиш, кўз-кўзлаш иштиёқида бўлишган, маломатга қолиш пайида жамият ҳаётининг, ахлоқнинг белгиланган нормаларини бузиш учун ошкора баҳона излаганлар. Жамолпарастлик ва ишқбозликни ҳаддидан оширганлар.
Уларнинг ташқи кўриниши ва кийим-кечаги ҳам ғайриоддий эди. Соч, соқол-мўйлов ҳатто қошларини ҳам қиртишлаб юрардилар (баъзилари мўйловни қиртишламасдан қолдиришарди). Ўзига хос тўн, ҳирқа, паҳмоқ юнгли кулоҳ, ҳар хил жез безаклар-мунчоқлар, ҳалқалар, билагузуклар, узуклар тақиб олишарди. Қўлда асо, белда качкул билан қаландарона мавзудаги ғазалларни ўқиб юришарди.
Алишер Навоий “Маҳбуб ул-қулуб” асарида зоҳиран қаландар, аслида инсоний ғурурини оёқ ости қилиб тиланчилик ва гадолик билан машғул бўлувчи кимсаларни нафрат билан тилга олиб, одамшавандаликдан йироқ, ҳайвонсифатлар, деб баҳолайди: “Булар орасида ўзига қаландар от қўйғон малъун одамийлиғдин мағбун. Ва дев ва шайтон олида матъун. Инсоният ва мусулмонликдан йироқ, тўнғуз ва айиқ одамийлиғда алардин яхшироқ. Шакл тағйири била одамийлиғдин карона, пўстин эвура киймаклари ҳайвонлиғ ва сабуъиятдин нишона. Улуғ кичикдин ҳар турлукда гадойи муваҳиш фосил хавотирдек софий кўнгулга мушавваш”. Бобур эса “Бобурнома”да халқни дин йўлидан чалғитишга уринган Шаҳбоз қаландарнинг қабрини текислаб ташлагани ҳақида ёзади. Абдураҳмон Жомий уларни: “Ислом камандини бўйнидан олиб ташлаган сохта қаландарлар” деб атаса, эронлик олим доктор Али Асғар Ҳалабий қаландарларни шаробхўрлик ва қорадори истеъмол қилишда айблайди.
Исломда тиланчилик қилиш ва шу асосида кун кўриш қаттиқ қораланган. Шунинг учун қаландарлар танқид остига олинган. Чоримизнинг рус истилочи қўшинлари билан бирга қўшилиб Ўрта Осиёга келган мусаввир В.В.Верешагин “Из Оренбурга до Ташкента” деган китобида (СПБ. “Всемирного путешественника”, 1874, 46-56) Тошкентда қаландархоналарни кўргани ва улардаги банги, кўкнорихўр қаландарларнинг кулгили ва аянчли аҳволларини тасвирлаб беради.
Мумтоз адабиётда образ сифатида келган қаландарлар эса бу бошқа гап. Баъзи тадқиқотларда таъкидланишича, мумтоз адабиётимизда қаландар лирик қаҳрамон сифатида бир неча маънавий қиёфаларга эга бўлади: Биринчиси – ошиқ қаландарлар. Булар чинакам Ҳақ ошиқлари. Ботинни обод килиш учун зоҳирнинг хароб бўлишига парво қилмайдиган, шафқат ва мурувват соҳиблари. Иккинчиси – мажзуб қаландарлар. Булар қисса, маноқиб, тазкира ва айрим шеърий асарларда таърифу тавсиф этилган валийсифат зотлар. Учинчиси – ужб ва риёдан поклана олмаган, адаб талабларидан чекинган, тиланчилик билан кун кўришни одатга айлантирган қаландарлар.
Абдурауф Фитратнинг ёзишича: “Қаландарлик мусулмон тасаввуфининг шўъбасидир. Бу маслак бизнинг ўлкамизда сўнг кунларгача давом этди”. Шунга диққат қилайликки, ўзбек халқ оғзаки ижоди ва ёзма адабиётда тасвирланган қаландарлар кўп жиҳатдан ибратли зотлардир. Масалан, “Алпомиш”, “Ширин билан Шакар”, “Рустамхон”, “Орзигул”, “Маликаи айёр” каби достонлардан ўрин эгаллаган қаландарлар яхшилик ва эзгуликка содиқ, каромат соҳиби сифатида халқнинг хоҳиш ва истакларини, идеал орзу-умидларини юзага чиқарувчи қаҳрамонлар сифатида намоён бўлади. Ёзма адабиётда ошиқ қаландар ёки қаландар ошиқларнинг мақомлари янада юксак. Шу боис қаландарларнинг ташқи кўринишини характерлайдиган “кулоҳ”, “асо”, “жанда”, “камар” кабилар ҳам ички маънога эга поэтик тимсолларга айлангандир.
Навоийга қадар яшаб ўтган туркий адабиёт вакиллари ижодида қаландарийлик таъсири кенг миқёсда бўлмаса-да, мавжуд. Ҳофиз Хоразмий, Хўжандий, Юсуф Амирий Саййид Аҳмад, Саййид Қосимий, Ҳайдар Хоразмий, Лутфий, Гадоий, Атойи сингари шоирлар асарларида қаландарона руҳ ва оҳанглар билан суғорилган байтлар талайгина. Улар қаландарлик тариқати ҳақиқатларини тўғридан-тўғри тарғиб қилмасалар-да, руҳ ҳурлиги, фақру фанолик, аналҳақлик, ишқ изтиробларининг завқу ҳаяжонли манзараларини қаландарона усулда тасвирлаб берганлар. Ҳофиз Хоразмий ғазалларидан бирида ёзади:
Ҳофизо, ринду қаландарвашу қаллош ўлғил, Чун бу атворда йўқ мансабсанжи ислом.Алишер Навоий эса қаландарлик ҳақиқати ва тимсолларига кенг аҳамият берган. Улуғ шоир қаландарлик маслаги талабларини нақадар теран мушоҳада этган бўлса, унинг одобу шартларига ҳам алоҳида эътибор билан қараган. Навоийнинг “Бадоеъ ул-васат” девонидан жой олган “Қирқиб эрди қошин ул бодапараст худрой” сатри билан бошланган ғазали бошдан-охир қаландарлик истилоҳи ва тушунчалари асосида ёзилган. Тасаввуф таълимоти, қаландарлик одобларини яхши билмаган кишининг ушбу ғазалдаги нозик маъно ва ишораларни илғаб олиши маҳолдир. Шоирнинг ишқ таърифида қаландарлиқдан ҳам баҳс юритиши бежиз эмас:
Ишқ аро поку қаландарлик керак, Шуъла баҳрида самандарлик керак.Қаландарона ишқу ошиқликнинг йирик намояндаларидан бири – Бобораҳим Машраб. Унинг ғазалларида қаландарона руҳ етакчилик қилади. Шоир бир мухаммасида: “Кулоҳу жандани кийгил, қаландарликни хў қилгин”, деб ёзади. Унинг “қаландар бўл” радифли махсус ғазали ушбу байт билан бошланади:
Муродингга етай десанг, қаландар бўл, қаландар бўл, Ситам аҳлин ютай десанг, қаландар бўл, қаландар бўл.Мазкур ғазалда “оғиздан дур сочмоқ”, “шароби ишқ ичмоқ”, “ёмонлардан қочмоқ”, “фасод аҳлин қувмоқ”, “жаҳонни сайр этмоқ”, “разолатни куйдурмоқ”, “ҳақиқатни очмоқ”, “ҳаммани кулдурмоқ” учун қаландар бўлмоққа даъват қилинади. Зеро, шоир Ҳақни талаб қилиш йўлини қаландарликда кўради:
Нигорим васлини излаб талабда бир қаландарман, Кечиб дунёи фонийдин талабда бир қаландарман.Манбалардан маълумки, Машраб туғма валий, ориф ва юрт кезган қаландар шоир бўлган. Исҳоқ Боғистонийнинг “Тазкираи қаландарон” асарида Машрабнинг шогирди Пирмат Сеторий ва қирқ қаландар билан қилган саёҳатлари тасвирланади. Шоирнинг қаландарлиги – оддий тиланчилик, дарбадарлик эмас. Балки дунё севгисидан кечиб, тажрид аҳлидан бўлиш, “Бир Худодан ўзгасини ғалат билиб”, фақат Ҳақни севиш, висол умидида икки дунёни “пушти по уриш”, чинакам руҳ эркинлигига эришишдан иборат эди. Машрабнинг қаландарона руҳдаги шеърлари ишқ ва жунуннинг ёниқ эҳтирослари билан суғорилган.
Шоир Иброҳим Адҳам ва Мансури Ҳаллож тимсолига кўп мурожаат қилади. Бу икки Ҳақ ошиғининг ҳурлиги, ишқдаги камолот ва имкониятларидан баҳс юритади, моҳиятан инсонни ўзлигини англашга, англатишга ундайди. Унинг исёнкор ва шаккокликка ўхшаб кетадиган шеърларида инсоннинг “мукаррам”лиги ва Оллоҳнинг унга инъом этган шарофати, маъшуқи азал томонидан ошиқнинг ҳам севилиши, ошиқ ва маъшуқликнинг асл моҳияти кўрсатиб берилади. Шоир чин ошиқларга хос ҳамма ҳам тушунавермайдиган тавҳид, “висол”, “аналҳақлик”, “фақру фанолик” каби асл ҳақиқатлардан гапиради. Машрабнинг шеърий салоҳиятини, Холиқ ва маҳлуқотга бўлган муносабатини, ахлоқий-маърифий қарашларини очиб беришда қаландарлик маслагининг ўзига хос ўрни бор. Масаланинг диққатга молик яна бир жиҳати шундаки, қаландарлик маслаги фақат шоирларимизни эмас, балки шоираларимизни ҳам илҳомлантирган. Моҳларойим Нодира шундай шоиралардан эди. У “қаландар” радифли ғазалида:
Меҳри Худо – рафиқи, Ҳақ ёди – ошноси, Дунё муҳаббатидин бегонадур қаландар, –деб ёзади. Шоира “дунёдан бегоналар”, “Ҳақ ёди билан яшаш” туйғусини форсча ғазалларга ҳам сингдирди:
Кисвати ишқ дар барам, тожи мурод бар сарам, Гардиши чарх соғарам, ринди қаландар омадам.Яъни: Эгнимда – ишқ либоси, бошимда – мурод тожи, қадаҳим – чарх гардиши, ринд, қаландар бўлиб келдим каби байтларидан Насимий, Румий, Машраб ғазалларининг ўтли нафаси уфуриб туради. Шоира Ҳақ ва ҳақиқат кўйидаги ошиқона туйғуларини қаландарлик маслаги орқали рўёбга чиқаришга интилади. Туркий девонининг «Дебоча»сида қайд этилганидек, унинг шеърлари “шавқ ғалабаси ва жунун туғёнида айтилган, баъзиси бехудлик ва баъзиси беҳушлик ифротида ёзилғон”. Шунинг учун ҳам Нодира ғазаллари ишқ изтироблари, қалб кечинмалари, илоҳий туйғуларга бой. У ғазалларида ирфоний сирларни очишга уринади. Шоиранинг фалсафий хулосаларидан маърифатли ўзбек аёлига хос бўлган комилликка интилиш, зиёга ташналикни ҳис қиламиз. Нодира ижодининг энг муҳим қиймати ҳам ана шунда.
Қаландарлик ғоясини Ҳувайдо, Суфий, Қаландар, Хароботий, Қорий, Мажзуби Намангоний, Азим Хожа Эшон (Азимий) ва бошқа бир қатор шоирлар давом эттирдилар.
Тасаввуф фалсафаси ва ахлоқи мумтоз адабиётимизга узоқ даврлардан бери таъсир ўтказиб келган, халқ руҳи ва маънавиятидан чуқур жой олган. Шу боис ҳар бир тариқат ва унинг мумтоз адабиётимизга кўрсатган таъсир доирасини аниқлаш ва баҳолаш адабиётнинг бугунги ва келгуси ривожида алоҳида ўрин тутади.
“Шарқ юлдузи” журнали, 2013 йил, 5-сон.