Бир асрнинг икки даҳоси (Ваҳоб Раҳмонов билан суҳбат) (2013)

– Сир эмаски, бугунги глобаллашув даври­да ёшларни гоҳ кўнгилочар компьютер ўйин­­ла­ри, гоҳ қизиқарли мультфильмлар ёки саргузаштнамо китоблар шаклида кириб келаётган бўҳронлардан, дину диёнатимиз, яшаш тар­зи­­миз, қарашларимизга зид бўлган ваҳший ғоя­­лар­­дан асраш масаласи кун тартибида тур­ган муҳим мавзулардан биридир. Инсон онгини асраш эса қалбни асрашдан бошланади. Буюклардан бири айтганидек, қалб айниган жойда бутун вужуд хасталикка юз тутиши та­­биий. Хўш, қалбни қандай асраш мумкин? У кўзга кўринмаса, шоирлар тасвирлаб берган мав­ҳум суратларидан бошқа шаклу шамойили бўл­ма­са?

Бу ўринда бизга бой адабиётимиз, унинг умр­­боқий мавзулари, инсон камолотига доир ўл­­мас асарлар ёрдамга келади. Хусусан, ўзбек мум­­тоз адабиёти тарихидаги икки буюк сиймо –­ Алишер Навоий ҳамда Заҳириддин Муҳаммад Бобур ижодини ўрганиш орқали чинакам инсон ҳаёти қандай бўлиши кераклиги ҳақида етарлича тасаввурга эга бўлиш мумкин. Навоий ва Бобур асарларининг туб моҳиятига етиш учун уларни тушуниб ўқиш керак бўлади. Кўриниб турибдики, жараён ўз-ўзидан мумтоз адабиётни ўқитиш масаласига бориб тақалади. Таассуфки, ҳалигача мактаб ўқувчиларининг Алишер Навоий ва За­ҳириддин Муҳаммад Бобур ижоди ҳақидаги тасаввурлари “Ғурбатда ғариб” ёки “Толеъ йў­қ” деб бошланувчи рубоийлардан ёхуд “Шер би­лан Дуррож” ҳикоятидан нарига ўтгани йўқ. Аминманки, қоракўз фарзандларимизга адабиёт фанидан сабоқ бераётган муаллимларнинг мумтоз адабиёт борасидаги билимлари ҳам талаб даражасида эмас. Ҳолбуки, адабиёт муаллими мумтоз адабиётимизда мавжуд вазнлар, шеърий санъатлар ҳақида етарлича маълумотга эга бўлиши, мактаб дарслигига киритилган шеъ­рий матнлар ва ривоятларни таҳлил қила оли­ши зарур. Бу борада сизнинг фикрларингиз қандай?

– “Қалбни қандай асраш мумкин?” Бу жуда жиддий савол. Руҳшунослик нуқтаи назаридан ёндашсак, ёш китобхонлар қалбини асраш ёки аниқроғи, эгаллаш учун уларни мумтоз адабиёт намуналарига қизиқтириш керак. Менинг жаҳон адабиёти ҳақидаги телекўрсатувларимиз анча қизиқарли экан­­лигига ҳа­­­­­­васим келади. Биз навоийшунос ва бо­буршунос­лар ҳам чиқишларимизда қизиқарлилик билан му­ҳим­ликни қориштира олсак, бунга эришамиз. Қу­­­­йидаги мисол қизиқтиришга икки асос беради: би­рин­­­­чиси, ҳикоянинг ўзи қизиқ, иккинчиси, чала билим хавф­ли эканлигидан огоҳлантиради. Мир­зо Аб­дул­қо­дир Бедил “Чала билим билимсиз­ликдан ёмон”, деган. Мактабда аъло ўқиш, билимларни асосли, ҳар то­монлама теран эгаллаш лозим. Алишер Навоий “Лисон ут-тайр” достонида “Кўрлар ва фил” ҳи­коя­си­ни келтирган. Саноийнинг “Ҳадиқатул ҳақиқа ва шариат ул-тариқа” (“Ҳақиқат боғлари…”) ва Жалолиддин Ру­мийнинг “Маънавий мас­­навий”ларида мазмуни кел­тирилган бу ҳикоятни да­ҳо шоиримиз ўз дос­тони орқали ўзбек адабиётига олиб кирди.

Мазмуни: бир гуруҳ кўрлар тақдир тақозоси би­лан Ҳиндистонга бориб қоладилар. Сўнгра ўз ватанларига қайтганларида, бир киши улардан: “Филни кўр­диларингми?” деб сўрайди. “Ҳа” дейишади улар. Савол берган киши: “Далил келтиринг-чи” дейди. Улар айта бошлайдилар: Филнинг олдинги оёқларини ушлаб кўрган басир: “Устун” дейди. Қорнини пайпаслагани: “Устунсиз” дейди. Хартумини ушлагани: “Аждаҳо” деса, тишларини тутиб кўргани: “Икки суяк” дейди. Қуйруғидан тутгани: “Бир илон осилиб турибди” деса, филнинг бошига қўл ургани: “Бир қоянинг тумшуғи” дейди. Қулоғини ушлаб кўрган басир эса: “Қимирлаб турган икки елпуғич!” дейди. Бу сўзларни тинглаб турган ҳиндистонлик филбон элга қараб: “Булар филни ўз кўзлари билан кўрмаганлар, лекин ҳаммалари тўғри айтаяптилар. Ана шу айтилганларнинг ҳаммаси йиғилса, фил ҳақида тўғри тасаввур ҳосил бўлади” дейди. Бу ҳикоя ҳақидаги хулосалар:

– филбон басирларни хижолат қилмади. Андиша қилди. Комил одам ўзгани мулзам қилмайди.

– уларнинг гапларини тасдиқлаб, фил ҳақидаги ҳа­қиқатни айтди.

– шунча кўрлар, яъни билими чалалардан кўра, битта филбон-билимдон одам ҳақиқатни билар экан, билими мукаммал экан. Шунинг учун кўп ўқиш ва ўқи­ганини уқиш керак экан.

Энди худди шу воқеани эслатадиган иккинчи бир қизиқарли ҳолатга мурожаат этайлик. Ҳатто илмнинг энг мураккаб соҳаси – матншуносликка ҳам ўқувчини қизиқтириш мумкин. Чунончи, мен “Рубоий ичидан одам чиқди!” десам, балки сизнинг энсангиз қотар… Бироқ мен матншунослик – сеҳргарлик ва донишмандликдир дея гап бошласам сиз балки қизиқарсиз.

Бобурнинг ярим аср давомида китобдан китоб­га ўтиб келаётган қуйидаги рубоийси, (балки бу­ниси ўнинчи маротаба такрор нашридир) тўғри ўқил­ма­ган, бунда на соғлом мазмун бор ва на қо­фия, деб даъво қилсам-чи?

Гар руҳ дам этса оҳанги на ғам,
Мажлиста не ҳузн қолур эрдию не ғам,
То борғали руҳ дам беринг мажлисдин,
Мажлис элига не руҳ қолдию, не дам.

(“Шоҳ ва шоир Заҳириддин Муҳаммад Бобур” “Шарқ”, 1996, 93- бет)

Биринчи мисра мазмуни: Арвоҳ мусиқа чалса на ғам?! Ие, арвоҳ мусиқа чаладими? Қофиялар: ғам- ғам-дам… Рубоийнинг бирор мисраси Бобур аслиятига мос эмас. Демак, олимларимиз Бобур матнини тўғри ўқий олмадилар. Ҳолбуки, улар Навоийга нисбатан Бобурни тушуниш осон деб даъво қиладилар.

Мен шоир аслияти – араб ёзувидаги Бобур қўлёзмасига қарамасдан бу рубоий таҳририга киришаман ва эпақага келтиролмаган жойда аслиятга қараб оламан. Бунда менга Бобур ва унинг муҳитидаги кишилар ҳақида билишим ва луғат со­ҳасидаги тажрибам асқотади.

“Бобурнома”да уч-тўрт ўринда Бобур базмларининг гули – хушовоз ҳофиз Руҳдам ҳақида сўз боради. Бу ҳақда мен “Бобур мажлисларининг Масиҳоси” номли мақола ҳам ёзганман. Таҳрирга киришдим; нағам – нағма, куй, ашула; оҳанг – бошламоқ.

Гар Руҳдам этса оҳанги нағам,
Мажлиста на ҳузн қолур эрдию на ғам.

Мазмуни: базмда Руҳдам ашула бошласа, базмдагиларда ғаму ҳазинлик деган нарса қолмайди.

Ана шунақа сеҳрли овоз соҳиби бўлган Руҳдам! Балки бу исм ҳам эмас, лақабдир, ким билсин… Руҳдам нафаси жон бағишловчи демакдир. Бу сўз (Руҳдам) Исо алайҳиссаломга нисбатан қўл­ла­ни­лар эди, холос.

Учинчи мисрага интуициям кучи етмайди: “беринг” сўзи хато! Буни тузатолмайман. Ночор Шафиқа Ёрқин ва Билол Южел тузган Бобур “Девон”ларидан шу рубоийни топаман. Мана, гап қаёқда: “беринг” эмас, “бизинг” экан! Бизинг – бизнинг демакдир. Ма­на бу масала ҳам ҳал бўлди ҳисоб.

То борғали Руҳдам бизинг мажлисдин,
Мажлис элига на руҳ қолдию, на дам.

Мазмуни: базмимиздан Руҳдам чиқиб кетгач, базм аҳлининг ҳаловати бузилди. Эътибор бер­яп­сизми? Мен сеҳргарлик қилиб Бобур рубоийси ичидан Руҳдам исмли машҳур ҳофизни тортиб чи­қардим-а! Энди хулоса: бу ҳикояда олимлик закоси тантанаси ва шарафи бор! Балки ўқувчи шу бир мисол кашфидан олимликка бироз қизиқа бошлар. Ахир мен ўнлаб олимлар ҳал қилмаган матн муаммосини ҳал қилдим-а?! Ахир, Руҳдам масаласини жаҳон олимлари, ҳатто Билол Южел ҳам тўғри ҳал қилолмаган. Биргина “Бобур “Девон”ида (1994 йил, “Фан”) бундай матн нуқсонлари юзлаб топилишини айтсак, миллатимиз чинакам синчков олимларга муҳтож эканлиги маълум бўлади. Буни ҳам ёшлар билишлари лозим.

Қизиқтиришнинг иккинчи усули: ёшларни жид­дий равишда комилликка чорлашдир. Айтиш мум­­­кинки, мум­тоз адабиёт жавоҳирлар кони. Бу ха­­­­зинага тушганлар ахлоқ-одоб жаннатига тушади­лар ва ҳақиқий адабий-эстетик лаззат туядилар, ҳис-туйғулари, му­шоҳадалари баркамол Шахс бў­ла­­­дилар. Бунинг учун улар аввало ўз олдиларига юксак орзу қўйиб олмоқлари керак. Юксак орзусиз бола – одам эмас! Одам ҳайвондан орзулари билан ажралиб, фарқ қилиб туради. Ватанга Шахслар керак! Шахс бўлиш учун ҳар томонлама мукаммал билим керак. Шахс – инсоният гултожи! Эй фарзанд, келажакнинг масъулиятли фуқаросисан, деб эслатиб турайлик ёшларга!

“Навоий ва Бобур асарларининг туб мо­ҳиятига етиш учун уларни тушуниб ўқиш керак”. Бу – ҳақ гап. Бироқ бунинг ҳозирча иложи, имкони жуда оз. Бунинг учун Навоий ва Бобур асарларининг асосий қисми ҳозирги ўзбек адабий тилига табдил қилиниши керак. “Хамса” достонлари, “Лисон ут-тайр”, “Маҳбуб ул-қулуб” ва “Бобурнома” табдили бор, холос. Мумтоз адабиётни китобхонга етказишнинг кўплаб усулларини ўйлаб топмоғимиз лозим. Профессор Анвар Ҳожиаҳмедовнинг “Хамса” достонларини ҳикоя қилиш асосидаги янги талқинларини мен табриклайман. Бу “Хамса” “Янги аср авлоди” нашриётида 4-5 маротаба қайта нашр этилди. Энди бу эстафетани “Шарқ” ҳам давом эттира бошлагани жуда яхши иш бўлди.

Энди дадиллик билан “Хамса” достонларининг жанрини сақлаган ҳолда ҳозирги тилга ўги­риш масаласи ҳам долзарб бўлиб қолди. Муаммо шундаки, олимларимиз халқдан Навоий ва Бобур асарлари аслиятини тушунишни талаб қил­моқдалар. Табдилга юзлаб айб қўймоқдалар. Тўғри, буюк ижодкорларнинг йирик ҳажмдаги асарларини ҳо­зир­ги ўзбек тилига ўгириш асносида хатоликларга ҳам йўл қўйилиши мумкин. Шунинг учун табдилни мукаммаллаштирайлик, саралайлик! Ҳол­­буки, ўзлари олим бўлатуриб, асл матнни тўғри ўқиёл­маяптилар-у, малакасиз, лу­ғат билмайдиган китобхонга даҳоларни аслиятдан тушуниб олинглар, де­моқдалар. Ана холос! Билим босқичма-босқич эришиладиган жараён бўлади. Китобхон аввал асар­нинг ҳозирги тилдаги табдилини ўқисин, қизиқ­са, аслиятга интилади…

“Адабиёт” фанидан сабоқ бераётган муаллимларнинг мумтоз адабиёт борасидаги билимлари талаб даражасида эмас”лиги қанчалик аччиқ бўлмасин – бу ҳақиқат. Бунга ҳам биз, табдил душмани бўлган олимлар айбдормиз. Навоий ва Бобурни уларга ҳам аввал табдилда тушунтириш лозим. Минг таъна қил­майлик, улар аслият нашрини ўқимайдилар. Бу со­ҳада юз йилни зое қилдик, десам муболаға бўлмас. Агар биз олимлар, Навоий ва Бобур дўсти, халқ дўсти бўлсак, биринчи навбатда Навоий ва Бобур асарларининг жанрини сақлаб, ҳозирги тилга тўла табдил қилмоғимиз керак. Шундагина ўқитувчи ўқийди, ўқувчи ўқийди, миллат ўқийди.

Республика мактаб, коллеж ва лицейларидаги тил ва адабиёт ўқитувчиларининг тенг ярмини мен ҳайдовчига ўхшатаман. Улар диплом олгач, бадиий асар ўқиш ва ёдлашни йиғиштириб қўйиб, фақат тирикчилик кўйида куймаланадилар. Лекин уларни ҳам ғалвирга солиш пайти яқинлигини қайд этгим келади. Ўзига талабчан бўлмаган адабиёт ўқитувчисига куни қолган миллатга раҳмим келади.

Устозлар, ўз-ўзимизга талабчан бўлайлик! Бу ўриндаги талабчанлик Навоий ва Бобур асарларини луғат орқали мукаммал ўқиб чиқиш ва юзлаб шеърларни ёд билиш демакдир. Бунинг устига, устозга таъмагирлик эмас, талабчанлик фазилат!

– Алишер Навоий ҳамда Заҳириддин Му­ҳам­мад Бобур ўзбек мумтоз адабиётини ёритиб турган икки ёруғ юлдуздир. Уларнинг за­мондош бўлиши, битта асрда яшаши Яратганнинг бу­юк ҳикмати бўлса ажаб эмас. Ижодининг илк бос­қичларида Навоий Бобур учун унинг ўз таъбирича айтганда, “назири йўқ устод” вазифасини бажарган. Тарихий китоблар Алишер Навоий ва Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг ўзаро мактуб ёзишганлари ҳақида маълумот беради. Бобурнинг ўзи ҳам “Бобурнома” асарида Наво­ийдан мактуб олгани ҳақида ёзар экан, “Бу иккинчи навбат Самарқандни олғонда Алишер ти­­­рик эди. Бир навбат манга китобати ҳам ке­либ эди. Мен ҳам бир китобат йибориб эдим, орқасида туркий байт айтиб, битиб йибориб эдим. Жавоб келгунча тафриқа ва ғавғо бўлди”, деган сўзларни келтиради. Мазкур асарида Алишер Навоий ижоди ва шахсияти ҳақидаги фикрларини очиқ-ойдин ёзгани, Навоийнинг тур­­кий тилда битган ғазалларига юксак баҳо бергани ҳам унинг Навоийга бўлган чуқур эҳ­тиромидан далолатдир. Лекин айни пайтда Бобур ростгўй танқидчи ҳамдир. Чунончи у Навоий рубоийларининг вазнлари ҳақида фикр билдирар экан, айрим ўринларда хатолар борлигини таъкидлайди. Шунингдек, буюк шоирнинг форсий девонидаги ғазаллар анча бўш эканини айтади: “Яна “Мезон ул авзон” номли аруз китобини битган, анча мулоҳазаталаб: йигирма тўрт рубоий ваз­­­нининг тўрт вазнида хато қилган. Баъзи баҳрларнинг вазнларида ҳам янглишган. Бу аруздан хабардор одамга маълум бўлади. Форсий девон ҳам тартиб берган. Форсий назмда “Фоний” тахаллусини қўллаган. Баъзи байтлари ёмон эмасдур. Бироқ аксари суст ва бўштобдир”. Уму­ман олганда, Бобурни Алишер Навоий асарлари ҳақида тан­қидий фикр билдирган кам сонли ижодкорлардан бири дейиш ҳам мумкин.

– Бобурнинг Алишер Навоийга нисбатан танқи­дий муносабати сири ҳозиргача кенг оммага маълум эмаслигида биз олимлар ҳам айбдормиз. Маълум бир асарни баҳолашда икки хил фикр бўлади. Биринчиси, умум илм аҳли фикри. Иккинчиси, шахсий фикр.

Аввало, Бобурнинг рубоий вазнидаги Навоий ха­толари ҳақидаги фикри бир жиҳатдан андиша­та­лаб. Котиб хатосини Бобур Навоий хатоси деб ҳи­соб­лаган. Арузшуносларимиз бу масалага қизиқиб, об­дон текшириб кўрганлар ва Бобур хулосасига қў­­шилмаганлар. Навоий котибларининг кўпчилиги фор­сийзабон кишилар бўлганини ҳисобга олсак, буни тушуниш қийин эмас.

Бобурнинг “Девони Фоний” ҳақидаги танқидий фик­рига келсак, бунда ҳам икки жиҳатни ҳисобга ол­моқ жоиз. Биринчидан, бу танқид Бобурнинг шах­сий фикри. Бу – умум илм фикри эмас. Навоий за­мондош­лари, устоз ва шогирдлари, кейинги асрлардаги форсийзабон олимлар, эрон олими Саид Нафисий ва академик Абдулғани Мирзоевлар “Девони Фоний” ҳа­қидаги тадқиқотларида Навоий шеърларини Ҳофиз ва Саъдий шеърлари даражасида маҳорат билан ёзилганлигини қайд этганлар. Улардан бирор киши Бобур фикрини ёқламаган.

Иккинчи бир жиҳатни мулоҳаза қилайлик. “Хазойин ул-маоний” барча темурий ҳукмдорларга совға тариқасида элчилар орқали юборилган. Бобур Навоийнинг она тилидаги шеърлари болидан баҳраманд бўлиб камол топган шоир. Афтидан у 1506 йили Ҳи­ротга келгандан сўнг “Девони Фоний” билан танишган ва иккинчи тилдан Бобур аввалги асални то­па олмаган. Асал еб юрган одам шакарни писанд қилмайди. Қолаверса, жаҳон Бобурдай иккинчи бир қаттиққўл адабиётшуносни билмаса керак. Унинг бирор шоир ҳақидаги “Ёмон ёзмайдур” деган баҳосини олий даражадаги мақтов тарзида қабул қилмоқ керак. Масалан, Муҳаммад Солиҳнинг “Шайбонийнома” достонига ниҳоятда салбий баҳо беради. Уни ўқиган кишининг Муҳаммад Солиҳ шеъриятидан кўнгли совийди, дейди. Шунингдек, достондан биргина тузук байт топади:

Бўлди Танбалга ватан Фарғона,
Қилди Фарғонани танбалхона.

Ҳолбуки, мен Муҳаммад Солиҳни Муҳаммад Шай­­­­бонийхон маддоҳи сифатида қанчалик ёмон кўр­майин, унинг достонини мақтагим келади. У ўн ет­­ти ёшли Бобурни илк маротаба ўз достонига қаҳ­рамон қилиб олди ва унинг ҳаққоний, тўлақонли ижобий образини яратди. Бироқ достонни даштли ўзбак ўқувчиси дидига мослаб ёзганини ҳам инобатга олмоқ керак бўлади. Муҳаммад Солиҳни умрида бир маротаба кўрган Бобур эса уни ярамас, золим деб баҳо беради. Алишер Навоийнинг Муҳаммад Солиҳга берган баҳоси ҳам ижоди, ҳам шахсига нис­батан ижобийдир.

Демак, Бобур фикри билан умум фикри кескин фарқ қилмоқда…

– Мақсуд Шайхзоданинг Алишер Навоий ва За­ҳи­риддин Муҳаммад Бобур муносабат­ларига доир сўзлари кўпчиликка ёд бўлиб кетган: “Албатта, Навоий Бобурсиз Навоий бўлиб қолди, лекин Бобурни Навоийсиз тасаввур қилиш қийин”. Заҳириддин Муҳаммад Бобур Навоий яратган адабий ва шеърий анъаналарнинг давомчиси са­налади. Айтайлик, Навоий шеърий вазнлар хусусида “Мезон ул-авзон” асарини ёз­ган бўлса, Бобур аруз қоидалари ҳақида “Муфассал” номли бебаҳо асарни битди. Маълумки, Навоий ижодида ҳаёт моҳиятини англашга уриниш истаги устунлик қилади. Шоирнинг қатор достонлари, “Тарихи ҳукамо ва анбиё” номли тарихий асари, айниқса фалсафий мазмундаги “Лисон ут-тайр” достони шундан да­рак беради. Айни хусусиятдан Бобур ижоди ҳам ҳоли эмас. Чунончи, у исломий ақидалар, шариат қонунлари ҳақида “Мубаййин” номли асарни яратди. Темурийлар салтанатида катта обрў-эътиборга сазовор бўлган Хожа Убайдуллоҳ Аҳрорнинг “Волидия” асарини кат­­та қунт билан таржима қилди.

“Бобурнома”да у ҳатто мана шу асар хосияти туфайли оғир хасталикдан тез кунда оёққа турганини баён қилган. Навоий ва Бобур ижоди ўртасида муштарак жиҳатлар борлиги кўпчиликка маълум. Лекин айни пайтда бу икки муҳташам ижод олами ўртасида бир-биридан фарқ қиладиган ҳолатлар ҳам мавжуд. Мисол учун, гарчи улар ўртасида давр нуқтаи назаридан катта фарқ бўлмаса-да, “назмий тиллари” турлича. Навоийни тушунишимиз қийин-у, Бобурни осонроқ тушунамиз. Ғазалларининг вазнлари эса бир-биридан кескин фарқ қилади. Навоий ижодида тўққиз байтдан кам ғазалларни деярли учратмайсиз. Бобур ғазаллари эса ол­ти ёки етти байтли, беш байтлилари ҳам бор. Бу тафовутнинг сабаби нимада?

– Бобур ва Навоийнинг дин, дин арбоблари ва аҳкомларига муносабатларида ҳам яққол сезиларли фарқлар бор. Бобур – мусулмони комил, фиқҳ олими, дин ва пирларни икки олам халоскорлари, нажоткорлари деб биладиган, дин амалиётига катта аҳамият берадиган шоҳ. Дин уни кўпроқ амалий фаолият жиҳатидан қизиқтиради. Бобур динга чуқур кирмоқчи эмас, Навоий сингари сўфий ва тасаввуф арбоби ҳам эмас. Шу жиҳатдан уларнинг қарашлари бир-биридан фарқланади. Агар Бобур тасаввуфга қизиққанида эди, Бадриддин Ҳилолийнинг “Шоҳу дарвеш” достонига (жинсдош ошиқлар масаласи) танқидий ёндашмаган бўларди. (Композиция ҳақидаги фикрида Бобур ҳақ, албатта) Кишилар ҳақида келажак одамларига маълумот беришда Бобурни дунёвийлик, Навоийни сўфиёна сеҳрлилик банд этади. Буни муҳтасиб Шайх Ҳусайннинг Бобур ва Навоий талқинидаги кескин фарқи кўрсатиб туради.

“Бобурнома”дан: “Яна Мавлоно Ҳусайн Шайх эди… Ҳикмат илмини, ақлий илмлар ва калом (“Қур­ъон”) илмини яхши биларди. Оз сўздан кўп маъно то­­пиб, диққат билан нозик фикр юритмоқ унинг их­ти­ро­си­дир… Муҳтасибликни (диний ва дунёвий тартиб назорати) ҳам ҳеч ким ундан яхши бажарган эмас. Султон Абусаид мирзога яқин бўлгани туфайли Султон Ҳусайн мирзонинг замонида шундай мислсиз кишини таҳқирладилар”.

“Насойим ул-муҳаббат”дан: “Ҳусайн Шайх Ис­­моил ота фарзандларидиндур. Мустаҳсам му­ома­лалиқ киши эрмиш. Халқ анинг атворига маҳлиё бў­­луб­турлар. Дунё асбоби сари майл қилмайдур. Бовужуди фахр ўзни ул навъ ғаний кўргузур эрмишки, халқ риоят йўлин топмаслар эрмиш. Оламдин ўтган замонида (нақл қиладиларки) элдин ғойиб бўлғондур. Ҳозир бўлғоч боши устида бир қуш қўн­ғон эрмишки, ҳеч ким ул нақшу ранглик қуш кўр­маган эрмиш. Элни кўргач учубтур, валлоҳу аълам (Аллоҳ энг кўп билгучидир)”.

Бобур Ҳусайн Шайхни жамиятнинг энг фаол шах­­си сифатида, сўз санъатида соҳир киши тарзи­да талқин этмоқда. Салтанат ўзгариши туфайли таҳ­қирланганини баён этмоқда. Навоий эса уни фақр (дарвиш) аҳлига мансублиги ва вафотига доир афсонавий таф­силотлар билан шуғулланмоқда…

Ана шу биргина тарихий шахсга нисбатан Бобур ва Навоий қарашлариданоқ Бобурнинг дин­га фақат амалиёт тарзида ёндашгани, Навоийнинг дин­га чуқур кириб кетгани, ҳатто шахсни ило­ҳий­лаштиришга мойиллиги сезилмоқда. Чунки Навоий – сўфий, Бобур – подшоҳдир!

Бобур ва Навоийнинг “назмий тиллари” турли­чалиги ҳам тўғри. Бунинг сабабини мен бундай му­шоҳада этаман: ҳамма замонларда ҳам подшоҳ шоирлар китобхонни кенг халқ оммаси деб тасаввур этган ва омма тушунсин деган андишада тилнинг соддалигига аҳамият беришган. Бу масаланинг бир жиҳати. Лекин бу билан Бобур ўз маҳоратини пасайтирган эмас. Навоий назарида, афтидан, китобхонлар оммасининг идрок даражасини юксалтириш нияти ҳам бўлган. Навоиёна байтларнинг мазмун қамрови бениҳоят кенглиги, сўз гавҳарига маънолар денгизини жойлаш каби маънавий жасоратлар шоир даҳосигагина хос. Ҳатто ўзининг бу мислсиз улуғворлигини Алишер Навоий лўнда қилиб айтиб ҳам қўйган:

Дур бўлур баҳр ичра пинҳон назмидин шаҳ мадҳида
Баҳр ёшурмиш Навоий ҳар дурри макнун аро.

Шоҳ мадҳидаги Навоий назмидан хижолат тортиб гавҳар денгизга яширинади. Чунки у (Навоий) ҳар бебаҳо гавҳар (сўз)га маънолар денгизини жойлагандир.

Бобурда бундай улкан даъво йўқ. У шоҳ ва шоир. Яъни, унинг асл орзуси – давлат, ҳокимият. Лекин кўн­гил хуши – машқий ижоди билан ҳам Навоий ёнида туриши унинг беқиёс маҳоратидан хушхабардир.

Бобур ҳаётидаги доимий ҳарбий сафарлар, қў­нимсизлик, вақт имкони билан боғлиқ ҳолатларга кўра Бобур ғазалларининг байтлари – 5-7 байтли бўл­ган бўлса ажабмас. Навоий бу томондан ҳамма имкониятга эга эди. Ҳатто девонни барча ҳарфларга тегишли қофияли қилиш ғамини ҳам ер эди у…

Мен Навоий ва Бобурни қайта-қайта синчиклаб ўқиб, шогирднинг устоздан икки маротаба ўзганини кўрдим. Биринчиси, аруз вазнлари талқинида. Навоий “Мезон ул-авзон”да 130 вазн атрофида фикр юритган бўлса, Бобур аруз рисоласида 537 вазнни кашф этган. Ҳатто ҳарфий санъатларни қўллашда ҳам бир маротаба мўъжиза кўрсатган десак бўлади. Санойиъ илмида истихрож (келтириб чиқармоқ) санъати бор. Шоир айтилган ҳарфлардан ёки сирли (назарда тутилган-у, айтилмаган) ҳарфлардан сўз яратади. Айниқса, қуйидаги байтларда нарсалар айтилган-у, уларнинг ўхшаш ҳарфлари айтилмай “Оллоҳ” сў­зининг яратилгани истихрож санъатидаги Бобур ихтироси, “сеҳри ҳалоли”дир.

Қадди била икки зулфу оғзи
Жонимға бало бўлубтур “Оллоҳ”.

Қад – алиф, икки зулф – икки лом, оғзи “ҳ”дир. Шу ҳарфлар йиғилса Оллоҳ сўзи ҳосил бўладики, Навоий тирик бўлса-ю, бу байтни ўқиса, қойил қолиб “Оллоҳ-Оллоҳ!” деб ҳайрат изҳор қилиши мумкин эди!

– Алишер Навоий “Муҳокаматул- луғатайн” асарини ёзиб, туркий тилнинг тарихий нуфузини тиклаб берди. Мазкур бебаҳо асарда у туркий тил феномени борасида тўхталиб, туркий фольклор ва этнографиянинг бойлиги ҳақида сўз юритди, туркий тилнинг ички имкониятларини, афзалликларини кўрсатиб берди. Хўш, она тилига муносабат масаласи Заҳириддин Муҳаммад Бобур ижодида, ҳаёт тарзида қай шаклда намоён бўлган? Маълумки, бир сафар Бобур ўғли Ҳумоюнга мактуб йўллаб, уни ёзиш услубининг баландпарвозлиги, ортиқча такаллуфлари учун койийди. Бундан кейин тушунарли ва равон ёзишга ундайди. Ҳолбуки, Ҳумоюн мирзо Бобурийлар салтанатининг вориси эди. Унинг учун равон жумла тузишдан ҳам муҳимроқ ишлар, айтайлик, сиёсат илми ва ҳарбий санъатларни пухта эгаллаш каби масалалар ҳам бўлганлиги шубҳасиз. Лекин подшоҳ отанинг ворис ўғлига ёзган мактуби уни тил ва ёзув масаласига жиддий ёндашувга даъват этишдан бошланади.

– Гарчи Бобур Навоий каби тил ҳақида махсус асар ёзмаган бўлса-да, қомусий “Бобурнома”да тил ва тилшуносликка оид ўз мулоҳазаларини баён этган. Ҳатто бу соҳада кашфиёт ҳам қилган. Учта турли тиллар оиласига мансуб тилларни қиёсий ўрганиш жаҳон тилшунослигида Бобурдан бошланган десак муболаға бўлмайди.

Бобурни кўпроқ этимология сўзларнинг келиб чи­қиш тарихи қизиқтиради ва бу соҳада ўрнак бў­ларли янги илмий хулосаларни ўртага ташлайди. Бундан ташқари сўзлардаги ассимиляция ва диссимиляция ҳодисаларининг турли тиллардаги амалиётига ҳам қизиқади.

Янги ёзув ихтиро қилгани эса Бобурнинг новатор тилшунос сифатидаги ўктам қиёфасини намоён этади. Бобур наздида маҳорат шеърни ортиқча бежаш ва мураккаб ёзишда эмас. Бобур маҳоратли тилшунос бўлганлиги боис содда ва аниқ фикр назоратида маҳорат кўрсатишни муҳимроқ деб билади.

– Мумтоз адабиётни ўрганиш жараёни тад­­қиқотчидан чуқур билим, сабр-тоқат ва мус­таҳ­кам иродани талаб этади. Чунки арабий имлодаги қўлёзма асарларини ўқиш осон юмуш эмас. Яхши адабиётшунос бўлишни мақ­сад қилган, мумтоз шоирларимиз асарларини нашр этиш чоғида йўл қўйилган хатоларни тузатишга бел боғлаган инсон эса матншуносликдан ҳам яхши хабардор бўлиши зарур. Сўрамоқчи бўлганим шу­ки, бугунги ёш тадқиқотчилардан кўнглингиз тўляптими?

– Йўқ. Матн яратиш соҳасида 1970 йилги ҳолат билан ҳозирги нашрлар (мумтоз адабиёт ва тарихий манбалар назарда тутилса) орасида нуқсонларга бойлик жиҳатидан айтарли фарқ кўрмаганимдан ғоят афсусдаман. Бунда кек­саю ёшни ажратмаяпман. Би­­роқ ноумид шайтон. Биздан кейингилар биздан ақллироқ, до­ниш­ман­дроқ бўлишлари, биздек чалалик балосидан қути­лиш­ларига ишонаман.

– Истиқлол йилларида барча соҳалар каби ада­биётга муносабат борасида ҳам янгиликлар рўй берди. Мумтоз шоирлар ижодини ўр­ганиш, уларнинг асарларини тўлиқ шаклда нашр этиш ишлари йўлга қўйилди. Алишер На­воийнинг “Мукаммал асарлар тўплами” қай­тадан нашр этилди.

Муаззам “Бобурнома”нинг сиз ва Каромат Мул­лахўжаева томонидан ҳозирги ўзбек тилига табдил қилинган янги нашри амалга оширилди. Айтиш мумкинки, бу асарнинг барчага бирдек ту­шунарли бўлган шаклда нашр этилиши Бобур ижоди, шоир яшаган мураккаб тарихий шароит ҳақида етарлича тасаввурга эга бўлиш учун имкон яратди. Умуман олганда, бундай ишлар давомли бўлиши керак. Заҳматкаш олимларимиз­дан эканлигингиз кўпчиликка маълум. Сир бўл­­маса, айни кунларда қандай режаларни амалга оширяпсиз?

Истиқлол йилларида ўзбек мумтоз адабиёти намоёндалари асарларининг тўлиқ нашрлари чоп этилгани юзаки қараганда хушхабар ва кишини хотиржам қилгудек воқеа бўлиб кўринади. Аммо Алишер Навоийнинг йигирма жилдлик ва ўн жилдлик куллиётлари менинг матншунослик нуқтаи назаримда, яъни шахсий фикримча, яроқсиз нашрлардир.

Мен йигирма томлик ҳақида “Маърифат” газетасидаги (9 феврал, 2005 йил) мақоламда, томликка икки жилд тузатиш илова қилиш керак, деб даъво қилган эдим. Ўша тузатишларнинг асосий қисмини мен кейинги ўн жилдликка киритсам ҳам нашр барибир эпақага келмади. Ҳар бир жилдда юзлаб нуқсонлар содир этилган, юзлаб сўзлар 2, 3, 4, 5, 8 хил ёзилган нашр ҳақида мен ижобий гап айтолмайман.

Куни кеча “Бобурнома”нинг ҳозирги ўзбек адабий тилидаги табдили иккинчи маротаба нашр этилди. “Ўқитувчи” нашриёти бизни огоҳлантирмай такрор нашрни амалга оширган. Мен ҳам, олима Каромат Муллахўжаева ҳам бармоқ тишлаб қолавердик. Беш йил бурун йўл қўйган нуқсонларимизни бу нашрда тузатиш имкони бизга берилмади.

Чунончи Бобурнинг машҳур тошбитиги Бобур қўли билан тошга ўйиб ёзилган-у, мен буюриб ёздирган, деганман. Шунда яна бир жиддий нуқсоним бор: матнни “Гулистон”дан деб кўрсатганман, ҳолбуки “Бобурнома”да зикр этилган уч байт шеър “Бўстон” асаридан экан…

Кароматхон ҳам асар аслиятига ишониб, Бобур Иброҳим Лўдийнинг отасига ер-мулк берганлигини айтганлар. Ҳолбуки, унинг отаси аллақачонлар ўлган, ер-мулк унинг онаси Буъага берилган эди…

Бундай жиддий нуқсонларни бартараф этишни учинчи нашрга сақлаб қўйишимизга тўғри келди. Узр ва афсус!

– Суҳбатимиз якунида “Ёшлик” журнали мух­­­лис­ларига тилакларингиз…

– Мен “Ёшлик” журнали мухлисларига – Сиз буюк имкониятлар замонида яшаяпсиз, ўз олдингизга касб маъносида улуғ орзуни қўйинг ва умрбод унга интилиб, етиб, касбингизни санъат даражасига етказиб жаҳон илм-фанига янгиликлар киритинг, ҳаёт-мамот масаласи – ахлоқ-одоб эканлигини билинг, ахлоқ жаннатига шу дунёда киринг, дейман. Ахлоқсиз одам миллиардер бўлиши мумкиндир, аммо бахтли бўлолмайди.

Кенг маънода маърифатли бўлинг, маърифатсиз одам ўзини жоҳилликка мубтало қилган шўр­ликдир.

Суҳбатдош: Гулноз Мўминова

“Ёшлик” журнали, 2013 йил, 2-сон.