Омилжон Аҳмаджонов. Таълим ва тараққиёт

ёхуд фахрий педагогнинг ўй-мулоҳазалари

Бир умрлик меҳнат фаолиятим таълим тизими билан чамбарчас кечмоқда. Шу боис соҳага оид мулоҳазаларимни ярим аср давомидаги ҳаётий кузатувларимга асосланиб шарҳлашга ҳаракат қиламан. Мен мактабни тугатган вақтда (1956 йил) республикамиздаги мактабларнинг битирувчилари (абитуриентлар) олий ўқув юртларининг қабул режасидан озгина зиёдроқ эди. Умумий ўрта таълим муассасаларини йилдан-йилга кўпроқ ўғил-қизлар битириб чиқа бошлади ва ўз-ўзидан институт-­университетга ўқишга киролмаганлар, яъни конкурсдан ўтолмаганлар сони ҳам ортиб бораверди. Бу эса фарзандлари олий маълумотли мутахассис бўлишини хоҳлайдиган ота-оналарнинг фаоллашувига туртки берди. Натижада тиниб-тинчимаган одамлар қаловини топиб, қорни ҳам ёндиришга енг шимардилар. Ўша пайтдаги ибора билан айтганда, туннель қазиш иллати кучайиб бораверди. Болаларини ғайриқонуний йўллар билан олий ўқув юртига киритолган ота-оналар ўз хатти-ҳаракатларидан уялмайдиган, ҳатто буни уддабуронликка йўйиб мақтанадиган бўлишди. Жамият бунга кўникди, зурриётларининг келажагини таъминлаётган эпчилларга ҳавас қилувчилар ҳам кўпайиб бораверди.

Орзу-ҳаваслар гирдобига ғарқ бўлаётган баъзи амалдору пулдорлар орасида урфга айланаётган, лекин жамиятимиз тараққиёти учун ўта зарарли бўлган бу иллат ёшларга ҳам юқа бошлади. Ҳамон эсимда: ўша йиллари башанг кийинган йигитча оғайнисининг “Қайси институтга кирмоқчисан?” деган саволига дона-дона қилиб “КПУга!” деб жавоб қайтарганди. Йўлимда давом этаётиб ўйландим: “Агар У ҳарфи университет сўзининг бош ҳарфи бўлса, К ва П ҳарфлари-чи? ТошДУ ва СамДУни биламан. КПУ қаерда экан?”. Кейинчалик эшитсам, КПУ русча “куда папа устроет” бирикмасининг қисқартмаси экан. Ҳа, йигитча учун қайси институт, қандай мутахассисликда таҳсил олишининг аҳамияти йўқ, отаси киргизиб қўйса бўлди-да. Бундай ачинарли дунёқараш билан заҳарланган ёшлар сони ортиб борарди. Брежнев эпохаси деб ном олган даврда шундай иллат урчиб кетди ва лавозими ёхуд жамғармаси катта бўлган одамнинг ҳаракати туфайли олий ўқув юртларининг эшиклари очилади, билимнинг аҳамияти йўқ мазмунидаги фикр ёшу қарилар орасида кенг тарқалди. Олий ўқув юртлари педагогларининг бир қисми бундай нохуш ҳолатнинг одатий тус олмаслигига ҳаракат қилардилар, лекин барча саъй-ҳаракатлари қарийб бесамар эди. Иккинчи қисми – шахсий манфаатини жамият манфаатларидан устун қўядиган эпчиллар эса давр келса, ур бегим, даврон кетса, сур бегим мақолини ўзларига мос тарзда тавсиф этиб, вазиятдан унумли фойдаланардилар.

Педагогларнинг аксарият қисми ҳар доимдагидек бефарқлик билан кундалик вазифаларини адо этардилар. Олий ўқув юртлари фаолиятини бошқариш ва назорат қилишга масъул юқори ташкилотларнинг мутасаддилари эса нохуш вазиятни йўқотишга ҳаракат қилаётгандек бўлардилар-у, лекин ўзлари қабул комиссияси раҳбарларига талаба бўлиши шарт абитуриентлар рўйхатини норасмий тарзда тутқазардилар. Ўқув йили бошлангач, муаммолар тағин қаторлашарди. Туннелчи талабалар ўқув материалини ўзлаштиролмасдилар ва биринчи имтиҳон сессиядаёқ бир неча фандан қарздор бўлиб қолардилар. Ширин фарзандларининг ўқишини давом эттиртириш учун ота-оналар белларини янгитдан боғлаб, яна ҳаракатга тушардилар. Аввал ўғил-қизларини “туннелда етаклаган” халоскорларга мурожаат қилардилар. Халос­корларнинг баъзилари шатакка олишни давом эттирардилар, бошқалари эса аҳдлашувдаги вазифаси бажариб бўлинганини билдирардилар. Бу ҳолда янги халоскор изланар ва кўпинча шу олий ўқув даргоҳи педагоглари орасидан топиларди. Улар ўқиши ўнгмаган талабанинг жонкуяр тоғаси тарзида халоскорлик ҳаракатини амалга оширарди. “Нима учун тоға? Амаки эмас?” деб ажабланишингиз мумкин. Гап шундаки, омадсиз талаба ва унинг ростакам (ҳақиқий) амакисининг фамилиялари бир хил, тоға ва жиянники эса ўзгача бўлади. Бундан ташқари, анъаналаримизга кўра, тоға амакига нисбатан меҳрибонроқ келади. Амаки дангасалиги учун талабани жазолаши (ҳатто қулоғининг тагида шавла қайнатиши) мумкин. Тоға эса жиянининг бошини силаб юпатади ва жиянимнинг муаммоси – мен учун ҳам муаммо, уни ҳал этиш – менинг бурчим деган фикрни дастуриламал қилиб олган ҳолда астойдил ишга киришади. Акс ҳолда, кечқурун бечора опаси поччасидан “Лапашанг уканг ёрдам қилмабди-ку!” деган дашном эшитиши мумкин-да. Шунинг учун жонкуяр тоға жиянини эргаштириб, қайта имтиҳон оладиган ўқитувчини излаб топади ва омади вақтинча чопмаган жиянтойи­­га озгина ёрдамлашиб юборишни, яъни битта озғингина уч қўйиб беришни ёлвориб илтимос қилади. Эркатой талабалар ўз муваффақиятсизлигидан заррача хижолат чекмайдилар, ўзаро суҳбатларда жонкуяр тоғаларини танк деб атайдилар, ўзларини эса имтиҳон оладиган ўқитувчи истеҳкомини мажақлаб берган танк ортидан ғалаба байроғини (яъни синов дафтарчасини) мардонавор кўтариб бораётган аскарга қиёс қиладилар.

Тоғаларнинг нозик илтимосларини аксарият ўқитувчилар йўқ демай бажаришарди. Бунинг биринчи сабаби – ҳамкасбининг юзидан ўтолмаслик. Иккинчи сабаб – олий ўқув юртларида ҳукм сураётган асабий вазият: масъул раҳбарлар имтиҳондан ўтолмаган талабалар сони кўпайиб кетса, ўқитувчига барча йиғинларда дашном бераверишарди. Улар маҳорати паст педагоглар дарс ўтган гуруҳлардагина ўзлаштириш ҳам паст бўлади, деган ҳақоратомуз танбеҳни такрорлайверишарди. Шу боис танк ўқитувчи қайта имтиҳон олаётган ўқитувчидан илтимос қилишни “Ўзлаштиришни кўтаришга ёрдам бериш учун келдим” қабилидаги ҳазил ибора билан бошларди.

Илтимос ёхуд масъул раҳбарлар дашномини эътиборга олмайдиган қайсар ўқитувчилар ҳам бўларди. Уларни тиз чўктириш учун турли чоралар кўрардилар, ҳатто фитна ҳам уюштирардилар. Ғирром олишувлардан бутун чиққанлар эса жуда оз қоларди.

Олий ўқув юртларида чаласавод талабалар билан параллел равишда чаласавод педагоглар ҳам кўпайиб бораётганди. Сабаби – юқорида баён этилган хизматлари эвазига йиғилган инъомларни баъзи мутахассислар илмий даражани тасдиқловчи дипломларни қўлга киритишга сарфлаётгандилар. Шундай диссертантлардан бири “ҳимоя спектакли” тугагач, илмий раҳбарига миннатдорлик билдиради ва: “Барча саволларга жавобни боплаб ташладим-а!” деб қўшиб қўяди. Илмий раҳбар: “Дуруст, лекин учинчи саволга тўртинчи савол жавобини ва, аксинча, тўртинчи саволга учинчи савол жавобини гапириб юбординг”, деб фикрини тугалламасиданоқ диссертант тутоқиб: “Бу аҳмоқлар савол бериш тартибини адаштириб юборган бўлса, мен айбдор эмасман-ку!” дейди. Ҳа, бечора диссертант қийналиб кетган-да! Ғаройиб воқеадан хабардор ҳамкасблар уни узоқдан кўриб қолишганида бир-бирига маънодор боқиб мийиғида кулиб қўйишарди, лекин яқин келганида қўлини сиқиб одатий саломлашаверардилар. Бундайларнинг номзодлик ёки докторлик диссертацияси ғаройиб тарзда пайдо бўлгани, баъзиларини ўз ихтисослиги бўйича ҳатто олий маълумотли деб ҳам ҳисоблаш баҳсталаб экани тўғрисида шивир-шивирлар бўларди-ю, бирор мардум овоз чиқариб ғинг этмасди.

Аввалига ясама олимчалар қинғир қилмиш­ларини ниҳоятда яширишарди, кейинчалик уялмайдиган, ҳатто пул бўлса, чангалда шўрва дея мақтаниб юрадиган бўлишди. Ачинарлиси шундаки, бунақаларнинг аксарияти ўзи дарс ўтадиган фаннинг асосларидан талабаларга бериладиган ҳажмдаги билимга ҳам эга эмасдилар. Бу эса астойдил ўқиш иштиёқидаги талабаларнинг таҳсил олиши йўлидаги жиддий тўсиқ эди. Барча соҳалар каби таълим тизимидаги кўзбўямачилик, қинғирлик ва адолатсизликлар оқибатида шўро салтанати инқирозга юз тутди.

Мустақил мамлакатимизда эски тузумдан мерос муаммоларга барҳам бериш, таълим соҳасини жаҳон стандартларига кўтариш мақсадида изчил ислоҳотлар амалга оширила бошланди. Кадрлар тайёрлаш миллий дастури қабул қилинди. Таълим тизимининг структураси ўзгартирилди. Мажбурий таълим муддати – 12 йил этиб белгиланди, шундан 9 йили умумтаълим мактабларида, 3 йили эса академик лицей ёки касб-ҳунар коллежларида ўталадиган бўлди. Олий таълим икки босқичдан – тўрт йиллик бакалавриат ва икки йиллик магистратурадан ташкил топди. Илмий кадрлар тайёрлаш тизимида ҳам туб ўзгаришлар амалга оширилди. Қарорлар амалиётга жорий этилди. Хўш, натижалардан қониқиш ҳосил қиляпмизми? Лицей ва коллеж битирувчиларининг билим даражаси қандай? Олий ўқув юртлари тайёрлаётган бакалавр ва магистрларнинг малакаси бугунги кун талабига тўла жавоб беряптими? Саволлар кўп.

Ҳар бир миллатнинг ҳар бир даврга мос дунёқараши бўлади. Хусусан, шўро даврида барча муассаса ва корхоналар давлат тасарруфида эди, марказлаштирилган бошқарув амалда эди. Кадрлар бўлими асосан хизматчининг лавозими унинг маълумотига, яъни дипломига (ўртами, олийми… мутахассислиги, ихтисослигига) монанд бўлишига эътибор қиларди. Масалан, инженер лавозимига тайинланиш учун олий техникавий маълумотга эгалиги ҳақидаги диплом, каттароқ дўкон раҳбари бўлиш учун эса савдо ёки иқтисод институтини тугатганлиги ҳақида диплом лозим эди. Янада юқорироқ лавозимни эгаллаганлар орасида фан докторлари кўпайиб бораётганди. Қисқаси, одамлар зеҳниятида дурустроқ лавозимга эришиш учун диплом керак, фарзандингиз келажагини таъминлаш учун унга диплом олиб беришингиз шарт, деган тушунча ўрнашиб қолганди.

Эскидан бозор муносабатлари ҳукмрон жамиятлардаги аҳволга назар ташлайлик. Уларда ишлаб чиқариш корхоналарига ёхуд хизмат кўрсатиш муассасаларига айрим шахслар ёки бир гуруҳ шахслар – акциядорлар эгалик қилади. Бирор маҳсулот ишлаб чиқариш (ёхуд хизмат кўрсатиш) танҳо битта корхона (ёки муассаса) тасарруфида бўлишига йўл қўйилмайди. Бошқача айтганда, рақобат рағбатлантирилади. Кучли рақобат туфайли рақобатчилар сифатлироқ ва арзонроқ маҳсулот ишлаб чиқаришга, хизмат кўрсатиш муассасалари эса рақобатчиларига нисбатан юқорироқ савияда хизмат кўрсатишга интилади. Шунинг учун билимдон ва юқори маҳоратли мутахассислар қадрланади, ёшлар ўқув масканларига ушбу таълим даргоҳини битирганлиги ҳақида бериладиган дипломга эгалик қилиш иштиёқида эмас, балки соҳа сирларини эгаллаш учун кирадилар ва чуқурроқ билим олишга тиришадилар. Таълим муассасаларининг нуфузи эса битирувчиларининг билимдонлиги, ўз малакасини техник ва технологик тараққиётга мослаштира олиши билан аниқланади. Шундай фазилатли мутахассислар корхонани модернизациялашга, натижада рақобатбардош маҳсулотлар ишлаб чиқариб, каттароқ фойда олишга кўпроқ ҳисса қўшадилар-да! Шунинг учун йирик акциядорлар ҳам чаласаводроқ зурриётларидан кўра бегона билимдонларни ишлатишни афзал кўрадилар.

Хулоса шуки, бозорий муносабатлар ҳукмрон бўлган жамиятларда диплом эгалари билимларига монанд равишда қадрланади ва обрў топади, деган тушунча бой ва олигархларнинг ҳам, оддий фуқароларнинг ҳам зеҳниятига си­­нгиб кетган. Тантанали саналарда яқинларига энг замонавий автомашина ёхуд яхта ҳадя этадиган миллиардер фарзанди осонроқ йўл билан диплом олишига кўмаклашмайди, бундай ҳаракатни ўғил-қизининг ҳам, ўзининг ҳам оёғига атайлаб болта уриш деб тушунади. Ҳақиқатан, барча соҳаларда кучли рақобат мавжуд жамиятда чаласавод фарзанд отасидан мерос қолган мулкни кўпайтира олмайди, ҳатто уни сақлаб қолишга ҳам қодир бўлмайди-да!

Энди табиий равишда туғиладиган “Нима учун ҳанузгача баъзи ёшлар ва ота-оналарининг ғайриқонуний усуллар воситасида дипломга интилиши тўхтамаяпти?” мазмунидаги саволга жавоб ахтарайлик.

Мустақиллик туфайли юртимизда тадбиркорликка кенг йўл очилди, фуқаролар орасида мулкдорлар  пайдо бўлди. Лекин бизнинг бу бойларимиз билан коммунистик мафкура таъсирига учрамаган мамлакатларнинг бойлари орасида фарқ бор. Улар бирор муаммо вужудга келганда “Нима учун шундай бўлди? Келажакда яна такрорланмаслиги учун нима қилиш керак?” қабилидаги саволлар устида бош қотирадилар. Бизникилар эса қисқагина тарзда: “Қанча билан ҳал бўларкан?” дейишади. У бойларнинг фарзандлари таълим масканларида ўқиш ҳақини тўлаш учун дарсдан бўш вақтларида турли юмушлар бажариб (уялмасдан!) пул жамғаришади. Бизнинг бойларимизнинг ҳам, фарзандларининг ҳам дунёқараши ўзгача. Баъзи бойваччалар: “Битта оғайним институтга янги “иномарка” машина миниб келяпти, мен эса ҳанузгача “Нексия”даман”, деб ўксинади. Меҳрибонгина онаси кечқурун бутун вужуди билан ачиниш аломатини намойиш этган ҳолда: “Ўғлингиз анави оғайнисидан камми? Ҳеч бўлмаса, ўзи­нгизнинг обрўнгизни ўйланг-да…” деб эрларини йўлга солиш жараёнида самарали натижа берадиган усулларни қўллайди. Бой ота таслим бўлади. Ахир, обрў керак-да! Шавла кетса кетсин, обрў кетмасин, деган мақол бор-ку! Бу файласуфларнинг турмуш онгни белгилайди иборасининг амалдаги тасдиғи. Ачинишга молик мазкур ҳолат ана шу кимсалар маънавияти қай даражада эканини намойиш этади.

Тасаввур қилайлик, бир ота таниш-билиш­ларига илтимос қилиб, фарзандини олий ўқув юртига киритди. Ўғли хурсанд, ўзи ҳам осуда ҳаётини давом эттираверади, чунки унинг фикрича, ўғирлик, алдамчилик, муттаҳамлик, хиёнаткорлик, риёкорлик… каби иллатлардан нафратланиб, ижобий фазилатларни эъзозлаб ҳаёт кечиряпти-да! Илтимос – иллатми ёки фазилат? Бу саволга меҳрибон ота жўяли жавоб бера олмайди, чунки у танишидан “Ўғлимга ёрдам бериб юборинг”, деб қилган илтимосининг оқибати бошқа абитуриентлар ҳаётига қандай таъсир этишини ўйлаб ҳам кўрмаган-да. Балки унинг зеҳниятида мазкур илтимос “Оғирроқ буюмни автомашинам юкхонасига жойлашга ёрдам бериб юборинг”, деб яқинидан ўтиб кетаётган йўловчидан кўмак сўрашга ўхшаши мумкин.

Табиат ва жамиятдаги ҳодиса ва воқеаларни етарлича чуқур идрок этишга одатланган бошқа ота эса қуйидагича фикр юритади: “Ўғлимнинг институтга киришига ёрдам беринг”, деган илтимосимни бажарувчилар фарзандимнинг билимини ҳақиқийсидан юқорироқ акс эттириш йўлларини (ноқонуний тарзда) қўллайдилар. Натижада ўғлимнинг фамилияси имтиҳон жавоблари рўйхатида ҳақиқийсидан баланд­роқ қатордан жой олади. Илтимос қилинмаган абитуриентлар фамилиялари эса бир сатр пастроққа тушади. Менга ўхшаган илтимос­чилар кўпайган сари ўз билимига ишониб ариза топширган оддий абитуриентлар фамилиялари янада қуйилаб кетаверади. Кейин, ўғлим иккимиз ўғирлик қилган бўламиз. Ҳа, бировнинг ҳамёнини урган одамни ўғри деймиз. Бизнинг амалимиз эса киссавурникидан беш баттар иллатдир, буни муттаҳамлик деб аташ жоиз. Пулини олдириб қўйган инсоннинг ҳамёни ке­­йинчалик тўлдирилиши мумкин. Илтимос қилинмаган бечора абитуриентнинг тақдири-чи? Улар ҳам менга ўхшаш оталарнинг севимли фарзанди-ку! Фарқи шуки, уларнинг оталари илтимос қилишнинг уддасидан чиқа олмаганлар, холос. Бундан ташқари, киссавур фақат битта одамга, яъни ҳамён эгасига зиён етказади. Илтимос туфайли талабалик мартабасига эришган йигит олий ўқув юртини битирганлиги ҳақида диплом олгач, чаласавод мутахассис сифатида жамиятимизга, юртимиз тараққиётига зарар етказиши эҳтимолини унутмаслик керак…”

1992 йил баҳори. Кўчат бозорида бир қария менга тикилиб турди-да: “Иним, кечирасиз, Сиз телевидение орқали дарс олиб борарди­­н­­­­­­­­­­­­­­­­­­­­­­­­­­­­­­­­­­­гиз-а?” деб сўради. Тасдиқ жавобини олгач, бироз гурунглашиб қолдик. Суҳбатдошим теран фикрлайдиган, чуқур мантиқий мушоҳада юргизадиган хушмуомала инсон экан. У кишининг фикр-мулоҳазаларини умумлаштириб қисқача баён этаман: “Бир ярим асрлик истибдоддан сўнг бизга ҳам озодлик насиб этди. Энди мустақилликни мустаҳкамлашга ҳар биримиз баҳоли қудрат ҳисса қўшишимиз керак. Фақат шундагина Ватанимиз тараққий этади. Умуман, мамлакат тараққиётини парвоз қилаётган аэропланга қиёс қилсак, унинг бир қанотини фуқаролар соғлиғини сақлаш, иккинчи қанотини эса миллатдошларимиз саводхонлигини ошириш деб ҳисоблаш лозим. Сиз ўқитувчилар совет давридан қолган салбий мерос – ўқув даргоҳларидаги порахўрлик, таниш-билишчилик каби иллатларга чек қўйишдек маъсулиятли вазифангизни унутмаслигингиз керак…”

Куюнчак қария билан мазмунли суҳбатимизни ҳанузгача хотирлаб тураман ва қуйидаги фикрга келаман: ҳанузгача ўқув масканларида содир бўлаётган салбий хатти-ҳаракатларни тугатишнинг энг самарали усули – фуқароларимиз зеҳниятида бундай нохушликларга нисбатан жирканиш кўникмасини шакллантиришдир. Дарҳақиқат, кўпчилик ичадиган сув оқиб турган ариққа ахлат ташлаш, ота-онасига бақириш, бировнинг омонатига хиёнат қилиш, бойлик орттириш илинжида сотқинликкача бориш каби амаллар номақбул эканлиги асрлар давомида миллатдошларимиз зеҳниятига сингиб кетгани боис бундай хатти-ҳаракатга йўл қўйганлардан ҳазар қилиш ҳиссиёти вужудга келган-ку! Ўқув масканларида баъзан содир бўлаётган қоидабузарликлар эса улардан ҳам тубанроқ-ку!

Юртимиздаги барча олий ўқув юртларида абитуриентларни саралаб олиш тест асосида амалга оширила бошлангани мазкур жараёнда адолатни таъминлаш даражасини оширди. Биринчи йили барча абитуриентлар битта вариант топшириқ билан синалди. Бўлмади, сабаби – абитуриентларнинг ёнидагилар билан маслаҳатлашиб гаплашишлари ва кўчирмакашлик. Шунинг учун икки вариантли, кейинчалик эса кўп вариантли тестга ўтилди, яъни гуруҳдаги ҳар бир абитуриентга алоҳида топшириқ бериладиган бўлди… Шунча саъй-ҳаракатларга қарамай, минг афсуски, халқ орасида, билими етарли бўлмаса-да, “керакли” абитуриентлар талабаликка қабул этиляпти, деган гапларни эшитамиз. Бунга эътироз билдирувчилар: “Баъзан англашилмовчиликлар бўляпти, абитуриент жавоблардан бирини таваккалига белгиласа ҳам, тасодифан тўғри чиқиб қолиши мумкин”, дейишади.

Мазкур баҳсга оид шахсий фикрларимни баён этаман. Абитуриент эришиши мумкин бўлган энг юқори балл (яъни учала фан бўйича берилган 36 тадан топшириқнинг барчасида тўғри жавоб белгиланса),  36 х 3,1 +36 х 2,1 + 36 х 1,1 = 226,8 бўлади. Ҳар бир тест саволига тўрттадан жавоб варианти берилишини ҳисобга олсак, таваккалчи абитуриент топшириқларнинг бир қисмини, масалан, чорагини тасодифан тўғри белгилаб қўйиши эҳтимоли мавжуд. Бу эса атиги 60 балл деганидир. Яъни, абитуриент олий ўқув юртига кира олмайди. Шу пайтгача ҳарбий имтиёз учун, қоидага кўра, 61,24 балл қўшиб берилса, 120 дан юқори балл билан бирор институтга илиниши мумкин эди. Яқинда амалга оширилган ўзгариш – ҳарбий имтиёзга эга абитуриентга ўзи тўплаган балнинг яримини қўшимча тарзда қўшиб бериш тартиби мазкур жараёнда адолатни таъминлаш даражасини оширди. Шу ўринда бир мулоҳаза: намунали хизмат қилган аскар йигитга фақат Мудофаа вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги каби тизимлар тасарруфидаги олий таълим муассасаларига киришда имтиёз берилса, янада тўғрироқ бўларди, деб ўйлайман.

Тест ҳақидаги баҳслар давом этяпти. Шу аснода бир танишим, аниқроғи, ўспиринлик даври Бешёғочда ўтган чапани мактабдошимнинг дашномларини хотирлайман: “Омил, сени физика ўқитиш соҳасидаги услубиётчи педагог деб айтишади. Кўпчилик танийдиган бир физик 1 соат давомида абитуриентларга берилган вариантдаги физикага оид 36 топшириқдан атиги 11 тасини еча олди. Унинг айтишича, топшириқлар жуда мураккаб экан. Тест марказидагилар атайлаб қийин топшириқлар танлашидан мақсадлари – ота-оналарни ялинтиришдир. Бу совет даврида савдо соҳасидаги раҳбарларнинг харидоргир товарлар танқислигини сунъий тарзда вужудга келтиришини эслатяпти-да! Кунимиз шунга қолдими?”

Мактабдошимнинг аччиқ гаплари мени изтиробга солди ва кўнглимда тугун бўлиб ётган фикрларни чапанига чапанича жавоб тарзида қуйидагича очиқладим: меҳнат фаолиятинг савдо соҳаси билан боғлиқ бўлгани боис савдога оид тамойиллар қонингга сингиб кетган. Маориф соҳасининг эса ўзига хос қоидалари мавжуд. Фанлар, хусусан, физика ҳам давлат таълим стандартларида қайд этилган ҳажмда ўқитилади. Давлат тест маркази банкидаги топшириқлар мажмуи эса шу талабларга асос­ланиб тузилган. Сен ардоқлаётган физикнинг 36 саволдан фақатгина 11 тасига тўғри жавоб бера олганидан ҳайрон қолмайман. Лекин унинг тест ҳақидаги сафсатаси ишкомдаги узумга ҳарчанд уринса-да етолмаган тулкининг “Бу мева аччиқ, еб бўлмайди”, дейишини эслатяпти. Давлат таълим стандартларидан чекиниб, имтиҳон топшириқларини чаласаводларнинг савиясига қадар тушириш мумкин. Бу ҳолда ўзбегим жаҳон андозаларига мос билим олишга қодирмас деб миллатимизни ҳақоратлаган ва ёшлар саводхонлик даражасининг ўсишига болта урган бўламиз. Унутмайлик, бундан юз йил муқаддам ёзиш ва ўқишни бироз ўзлаштирган одам саводли деб ҳисобланарди. Ҳозир эса… Сени ўзинг ҳам ҳозир эшак арава эмас, ҳашаматли автомашина миняпсан-ку! Барча соҳалар каби билим олишда ҳам замон билан ҳамқадам бўлишимиз шарт. Афсуски, миллатдошларимизнинг сенга ўхшаган тоифаси ўша физикка ўхшаган педагогларнинг касбий маҳорати пастлигини фаҳмлашни ҳам хоҳламайдилар, чунки сизлар ўз зурриётларингиз билимини анча юқори баҳолашга уларнинг кўмаклашганидан мамнун бўласизлар ва бу эпчил педагогларга ҳомийлик ҳамёнингизни ҳотамтойларча кенг очасизлар. Ҳамён зурриётлар билимини ошириш йўлида очилса, фойдали ва савобли амал бўларди. Менинг падари бузрукворим, пул топа билганга беш баҳо, пулни самарали харжлаганга эса ўн баҳо, дея кўп такрорлардилар. Эҳ, биродари азиз! Сенга ўхшаган бели бақувват оталарнинг ўз фарзандларини бир амаллаб дипломга эришиш йўли бўйлаб етаклаётганига ачинаман. Кейинроқ болангизнинг билим эгаллаш соҳасидаги энг сермаҳсул даври бесамар ўтганини англайсиз ва афсусланасиз. Халқимизнинг “Ке­­йинги пушаймон – ўзингга душман” мақолини унутманг ва фарзандингизнинг таълим олишига қанчалик кўмаклашаётганингизни чуқурроқ таҳлил қилиб кўринг. “Туннель топа билдимки, ўғлимни олий ўқув юртига киритдим, ҳозирда ҳожатбарор халоскорлар ёрдамида унинг синов дафтарчасида имзолар тўпланяпти, пировардида нимага эришамиз-у, нималар йўқотамиз?” деган саволга ҳам холисона жавоб қидиринг. Эришадиганингиз – диплом деб аталадиган икки варақ қоғоз, йўқотадиганингиз-чи? Саволнинг иккинчи қисмига объективроқ жавоб беришингиз учун 30 килограмм чамасидаги юкни ҳарчанд уринса-да, автомашинасининг юкхонаси сатҳигача кўтара олмаётган жисмонан заифгина йигитчани тасаввур этинг. Унинг 100 килограмм вазнли юкни бемалол кўтаради, деган қоғози борлигини ҳам унутманг.

Миллатимиз учун ниҳоятда муҳим ва долзарб бўлган муаммо – саводхонликни кўтариш учун ёшлар ҳам, уларнинг ота-оналари ҳам, устоз ва мураббийлар ҳам асл мақсадни, яъни ўқув даргоҳларида етарлича чуқур билим олиш кераклигини англаб етишлари ва унга амал қилишлари керак. Шу маънода ҳозирги шарт-шароитни эътиборга олиб таълим соҳасига ўзгартиришлар киритиш мақсадга мувофиқ, деб ўйлайман. Хусусан, олий ўқув юртларига кириш имтиҳонлари механизмини янада такомиллаштириш мумкин, назаримда. Қай тарзда? Шахсан мен ушбу жараённи қуйидагича ташкил этиш тарафдориман:

Давлат тест маркази 16 та тест ўтказиш зали (жумладан, Тошкентда 3 та, Самарқандда 2 та, бошқа вилоят марказлари ва Нукус шаҳрида 1 тадан) ташкил этиб, ҳар бирини 100 тадан компьютер билан жиҳозлайди.

Таълим тизими раҳбарлари эса лицей ва коллеж битирувчиларини тест ўтказиш залига олиб келиш жадвалини тузиб, уни амалга оширишни ташкил этадилар.

Ўқув даргоҳларининг вакиллари, таълим тизими мутасаддилари тест ўтказиш залига мутлақо киритилмайди. Залда тартибни сақлаш ва бошқариш ДТМ томонидан ажратилган 10-12 нафар мутахассис-назоратчи зиммасига юкланади.

Тест ўтказиш залидаги ҳар бир компьютер қаршисига бир нафар битирувчи жойлашади ва математика ва физикадан 20 тадан, кимё, биология, география, тарих, инглиз тили, рус тилидан 10 тадан топшириқни ечади.

Битирувчиларнинг она тили ва адабиёт бў­­йича билимини тест ёхуд ёзма иш усули орқали баҳолашни мутахассисларга ҳавола қилайлик. Лекин фикрини ўз она тилида ёзма ва оғзаки тарзда баён қила олиш кўникмаси, мумтоз ва замонавий адабиёт дурдоналаридан бохабарлик даражаси қониқарли бўлмаган инсонни саводли деб ҳисоблаш баҳсталаб эканини унутмайлик.

Агар ўрта махсус таълим муассасаларининг сўнгги босқичида ўқиш Наврўз байрами арафасида якунланса, 1 апрелдан 31 июлгача респуб­лика бўйича 16 та тест залида ярим миллиондан ортиқ лицей ва коллеж битирувчиларини синовдан ўтказиш мумкин.

Ҳар бир топшириқ жавобини тўғри аниқлаган битирувчи 1 балл билан тақдирланади, нотўғри жавоб эса 0,25 балл билан жазоланади. Йиғилиши мумкин энг юқори балл 100 га тенг бўлади (она тили ва адабиёт бўйича баҳоланиш бунга кирмайди). Топшириқларни бажариш учун 2,5 соат берилади. Шу вақт тугагач, компьютер жавобларни қабул қилишни тўхтатади, барча ахборотларни хотирасида сақлаб қолади ва битирувчи бажарган ишнинг натижаларини мониторда кўрсатади.

Максимал баллнинг 50 фоизи ва ундан ортиғини тўплаган битирувчиларга олий ўқув юртида ўқиш ҳуқуқини берадиган аттестат ёхуд диплом тақдим этилади.

50 фоиздан кам балл тўплаган битирувчиларга эса 3 йил давомида мазкур ўқув даргоҳига қатнаганлиги ҳақида маълумотнома берилади. Улар мустақил равишда билимини ошириб, 2 йилдан сўнг яна синовдан ўтиш ҳуқуқига эга бўладилар. Бу синовлар шу тест залида, лекин 1 октябрдан 31 январгача ўтказилгани маъқул.

Демак, таклиф этилаётган ислоҳот туфайли ўрта махсус таълим муассасалари  битирувчиларини давлат аттестациясидан ўтказиш ва олий ўқув юртларига кириш синовлари бир кунда ўтадиган битта имтиҳонга алмаштирилади. Охирги йилларда олий ўқув юртларида ўқишга даъвогарлар сони ярим миллиондан ошмоқда, яъни 20 минг гуруҳни ташкил этаётир. Ҳар бир гуруҳга 2 нафардан назоратчи керак. 1 август куни ўтадиган тестларга фақат назоратчилардан 40 минг нафари жалб этилади. Бундай кўп сонли назоратчиларнинг ўзларини назорат қилиш амри маҳол. Таклиф этилаётган ислоҳот туфайли барча тест ўтказиш залларида фаолият кўрсатадиган ходимлар 200 нафардан ошмайди. Бу ходимлар тест ўтказиш залларидаги барча жараёнлар холис ва ҳаққоний бўлишини таъминлашлари лозим, албатта.

Таклиф этилаётган ислоҳотдан кўзланган ютуқ иккита. Биринчиси – олий ўқув юртлари талабаларининг сафи билими юқори бўлган ёшлар билан тўлдирилади. Иккинчиси – жамиятимизда ўқиш-ўқитиш соҳасига муносабат тубдан ўзгаради: ёшлар олий ўқув юртларига кириш учун билим зарурлигини англаб етадилар; ота-оналар фарзандларини астойдил билим олишга ундайдиган чора-тадбирлар кўрадилар, жумладан, ўқитувчиларнинг педагогик маҳорати билан қизиқа бошлайдилар; ўқитувчилар эса талабга жавоб бера олиш учун малакаларини оширишга интиладилар.

Инсоннинг билиш қобилияти икки компонентдан иборат. Биринчиси – аждодлардан авлодларга ўтадиган ирсий қисм. Иккинчиси – ташқи шароит ва ахборотлар таъсирида, яъни таълим туфайли ривожланиб борувчи қисм. Миллатдошларимизнинг ирсий билиш қобилияти ҳавас қилса арзийдиган даражада юқори. Бунинг далили – Турон заминида дунё тамаддунига улкан ҳисса қўшган алломаларнинг кўп етишиб чиққанидир. Иккинчи жиҳатни ижобий томон силжитиш жамиятимиз ва унинг зиё таратувчи пешқадам вакиллари – педагогларнинг муқаддас бурчидир.

ТАҲРИРИЯТДАН: Барча соҳалар каби бугун мамлакатимиз таълим тизимида ҳам янгиланишлар жараёни кечмоқда. Табиийки, бу жараёнда ҳар бир фуқаро, биринчи галда, тажрибали ўқитувчи-педагоглар ўз фикр-мулоҳазалари билан иштирок этишни истайди. Фахрий устоз, педагогика фанлари доктори Омилжон Аҳмаджоновнинг катта самимият ва куюнчаклик билан ёзган мақоласини шу маънода чоп этишга қарор қилдик. Очиғи, мақола ҳажман анча салмоқли эди – журналимиз имкониятларидан келиб чиқиб қисқартирдик. Мақола сўнгидаги таклифларни эса якуний хулоса эмас, фикрлашга туртки сифатида қабул қилишингизни сўраймиз. Мақсадимиз – мавзу бўйича кенг жамоатчиликда фикр-мулоҳаза уйғотиш, ҳамюртларимизни муҳокамага чорлаш. Фикр алмашинув жараёнида бундан-да жўяли таклиф ва ташаббуслар пайдо бўлса, мақола муаллифи фақат ва фақат хурсанд бўлишини билдирди.

«Ёшлик» журнали, 2017 йил, 3-сон

—————————
Омилжон Аҳмаджонов, педогогика фанлари доктори, профессор. 1940 йили туғилган.
Тошкент давлат университети (ҳозирги ЎзМУ)нинг физика факультетини тамомлаган.
Ўндан ортиқ дарслик ва ўқув-қўлланмалар муаллифи.