2005 йил ўзбек адабиётининг иккита катта устуни бизни ташлаб кетди. Мен бу ижодкорларни «вафот этди» деёлмайман. Улар бизни ташлаб кетишди. Адабиётдан, сўздан узоқлашган ўз ҳолимизга, ўзимиз ўралашиб қолган майда ташвишларимизга, шақирлаб бўлса ҳам кетиб бораётган ўз сўзидан холи аравамизга ташлаб кетишди. Ҳаётимизда пайдо бўлган, ҳали нималигини ўзимиз ҳам англамаган адабиётсиз қарашларимизга дахл қилмаслик, адабиёт завқи, сўз завқи аллақачон тарк этган, лоқайдлашган сийратимизга қараб туриб бошқа азобланмаслик учун бизни ташлаб кетишди. Уларнинг биз ҳақимиздаги энг катта хулосалари ҳам, эҳтимол, ана шудир – бизни ўз ҳолимизга, қандай бўлсак, шундайлигимизча, майда-чуйдаларга ўралашиб ётганимизча ташлаб кетганларидир?! Бундан ортиқ хулоса ва бундан ортиқ ҳукм бўлмайди…
Рауф Парфи, Шукур Холмирзаев… Булар ХХ аср ўзбек адабиётининг икки жанрини дунёнинг илғор адабиётлари даражасига олиб чиққан катта ва чин маънодаги ижокдорлар эди. Бугун «ижодкор» деган ном анча сийқалашиб қолди. Тўйга борадиган отарчи ҳам ўзини «ижодкор-санъаткор» деб атаяпти. Аммо биз бу ерда чинакам ижодкорлик ҳақида гапиряпмиз. Рауф ака ҳам, Шукур ака ҳам катта маънодаги ва асл маънодаги санъаткорлар, асл маънодаги ижодкорлар эди. Улар ўз ҳаётларидан ҳам адабиётни устун қўёлган шахслар эди. Бундай ирода камдан-кам ижодкорга насиб қилади. ХХ аср адабиётида истеъдодлар етарли. Бу борада кўпам нолимаймиз. Аммо адабиётни ўз ҳаётларидан ва ўзларидан устун қўйганлар жуда кам. Рауф аканинг ҳам, Шукур аканинг ҳам адабиётдан бошқа бирон овунчи, бошқа суянчиғи йўқ эди. Мен, ҳар қалай, шундай ўйлайман. Улар иккаласи ҳам ўз ҳаётларини адабиёт йўлига қурбон қилдилар. Мен уларни «вафот этди» деёлмайман. Улар ўзлари танлаган йўлга ўзларини қурбон қилдилар. Уларнинг адабиётдан бошқа эътиқодлари йўқ эди. Бу фикр бир қарашда бадбинлик бўлиб туюлади. Бошқа эътиқодлар-чи? Ватан олдидаги, миллат, халқ олдидаги эътиқодлар-чи? Улар адабиёт деганда Ватанга муҳаббатни, халққа ва миллатга муҳаббатни, миллат ва халқ учун қайғуришни адабиёт деб билардилар. Ҳар иккисининг ҳам ўзлари асар деб ҳисоблаган қайси асарини олманг, бу яққол сезилади. Улар мана шу эътиқодларнинг ҳаммасини, жамини адабиёт деб билардилар. Улар шунинг учун яратилгандилар ва шу эътиқодга хиёнат қилмай дунёдан ўтдилар.
Шукур ака билан жудаям апоқ-чапоқ бўлмаганмиз. Мен ўзимни Шукур аканинг шогирди бўлганман, жуда кўп кунларимизни фалондай ўтказганмиз, бундай сабоқлар олганман деёлмайман. Бизнинг муносабатларда бундай қалинлик бўлмаган. Шунингдек, Шукур ака ҳам менга ҳеч қачон «насиҳат қилмаган». Бир суҳбатида Назарга бундай қилманг дедим дегандай гапирганди. Аммо мен бундай суҳбатни эслолмайман. Шукур акада насиҳат қилишнинг ўзи йўқ эди. Ё инкор қиларди, ё ёқтириб, «айланайин» деб гапга тортарди. Ёқмаган нарсасини ҳеч қачон ичига ютиб кетмаган. Биз биринчи учрашувдаёқ, 1989 йили бўлса керак, жуда оддий гаплашганмиз. Шукур ака Ёзувчилар уюшмасида учратиб қолиб: «Маймун етаклаган одам»ни сиз ёздингизми?!» – деди. Мен бош ирғадим. «Ҳммм… Шундай ёзса ҳам бўларкан», – деди. Бу билан ҳикоя ёқдими, ёқмадими ё менга танбеҳ бердими, билолмадим. Бургутқараш қилиб, худди менинг ичимдагини ҳам уқиб олмоқчидек сал димоғ билан тикилди. Мендан ўша даврга хос бўлган, ўзининг тили билан айтганда, «адабий бодилик»ни излади. Кейин: «Мен жудаям содда қилиб ёзардим. Айлантириб ўтирмасдим. Бу чоли тушмагур кўп қирғинлар қилган. Халқни қирган, энди шумшайиб ўтирибди. Ўғлидан калтак еб ётибди, хор бўлиб, нима учун курашди, шу ўғлидан калтак ейиш учунми деб ёзардим» – деди. Ўшанда кутганимдек насиҳат ҳам қилмади, танқидий фикрларини ҳам айтмади, бошқа бундай ёзманг, менга ўхшаб ёзинг демади, фақат ўзининг қандай қилиб ёзиши мумкинлигини таъкидлади. Мен ўша пайтгача Шукур ака ҳақида бошқача фикрда эдим. Негадир менга қўрс, манман, кибрли бўлиб кўринарди. Ўша суҳбатдан сўнг Шукур ака бирдан мен билан – энди ҳикоялар машқ қилаётган ёш йигит билан тенглашди, бўйини, қаддини ва обрўсини баробар қилди. Биз Шукур ака билан кейин анча йилларгача юзма-юз гаплашмадик. Аммо ўша суҳбатдан сўнг мен Шукур Холмирзаев ташқаридан қараганда туюладиган одаммаслигини, унинг кўзларига миниб олган нафратми, норозиликми, энг аввало, ўзига нисбатан норозилик эканини сездим. Ш.Холмирзаев ўзига талабчан ёзувчи эди, ёзганларидан ҳеч қачон бирдан қониққан эмас. Унинг ХХ аср ҳикоячилигининг сара намуналари бўлган ҳикояларидан ҳам ўзи қониқмагани сезилиб туради. Бир марта Шукур акага: «Нега энг зўр ҳикояларингизда бирдан даврий чекиниш қилиб, публицистик изоҳга бериласиз, булар менга ортиқча туюлади, агар шуларни олиб ташласангиз, жуда зўр ҳикоялар»,– дедим. Мен «Тўп ўйин», «Озодлик» каби бир қанча ҳикояларидаги адибнинг воқеага атайлаб аралашган ва изоҳ берган жойларини айтган эдим. «Айланайин, шу ҳикоялар ўша гаплар билан туғилганда уларни қандай олиб ташлай, уларсиз ҳикоя тўкис бўлмайди»,– деди. Шукур ака менинг фикримдан ранжигани ёки ўзига олгани йўқ. Ўшанда ҳам мен ўзи фикримда қолганман. Шукур ака фикримни ўзгартиришга уринмаганди. Кейинчалик «Ватан» газеатсида «Зулмат салтанатига саёҳат» номли ҳикоям босилиб чиқди. Ҳикоядаги якунни, ўша пайтлари, газетада адабиёт бўлимида ишларди, чоғи, Шукур ака ўзгартирганди. Ҳикоя «Йўқ, мақола ёзилмайди» деб тугарди. Шукур ака эса «Мақола деганим ҳикоя бўлиб чиқди» деб ўзгартирганди. Унинг якуни менга ёқмади ва буни телефон қилиб айтдим. Мен кутгандек жеркиб ёки ғазаб қилишнинг ўрнига «Менинг қўлимга беришгандан кейин нимадир қилай дедим-да, бўлмаса, ишлаганимни қандай билдираман?» – деди ҳазилга олиб. Ўшанда Шукур аканинг ижод масаласида бировга ҳеч қачон ўзининг фикрини мажбуран ўтказишга уринмаслигини, аксинча, ҳар қандай масалада ўзининг фикрига эса бўлганларни ёқтиришини сездим. Биз бир неча марта Жойс, Кафка, Камю, Беккет, ҳатто мақоласига сарлавҳа қилган Алехо Корпентер ҳақида гаплашганмиз. Шукур ака бу ёзувчиларни тушунмасди, улар дунёсидан йироқ ҳам эмасди. Фақат бу номлар остида адабий бодилик қиладиганларни ёқтирмасди. Тилидаги заҳархандалик, қўрслиги – ҳаммаси ижод қилаётган истеъдоднинг инжиқликлари, ўзидан қониқмаслиги оқибатида пайдо бўлган кечинмалар эди. Аммо адабиётда бирон истеъдодни сезса, гарчи ўзини худди бехабардек тутса ҳам, лекин ичида ва ўша ёзувчига бўлган ҳурматини сақлаб юрар, барибир бир куни бу муносабатини «гуллаб» қўярди. Бир марта Шукур акага гап орасида: «Ёшлик» журналида Шодиқулнинг яхши қиссаси чиқибди», – дедим. Шукур ака кўзларини қисди, худди эслашга уринаётгандай тутди ўзини: «Шодиқул? Ҳммм… Шунақа ёзувчи йигит борми?! Қаранг, адабиётдан анча орқада қолибман» – деди. Мен эса ажабландим. У Ёзувчилар уюшмасига келганда ҳамиша Шодиқулнинг хонасига бир марта кириб кетарди. Бу пичинг эдими ёки эътироф? Буни билиш қийин. Мен, ҳар қалай, тушунтириш беришга уриндим, биз янги асарлар, образлар, тимсоллар ҳақида гаплашдик. Шунда салдан кейин бирдан унинг кўл ҳақидаги фикрларини (Шодиқулнинг қиссаси кўл ҳақида эди) эшита туриб у қиссани ҳам ўқиганини сездим. Билмадим, Шукур ака ўзини гўё билмагандай тутишини билдириш орқали бизга бир нарса демоқчи эдими ёки адабиётдаги янги йўналишлардан норозимиди, ҳар қалай, аксар ҳолларда ўзини шундай тутарди. Бу ҳақда турли хил гаплар юради. Баъзи шоирлар: «Шукур ака шу пайтда кичик-майда нарсаларга вақти йўқлигини кўрсатгиси келган, адабиётга кириб келаётган майда-чуйда истеъдодлар билан ўралашишга вақти йўқлигини билдириш учун атайин шундай қиларди» – дейишади. Аммо Шукур ака ўша даврда адабиётга кириб келган ҳар бир ўқишга арзирли ҳикояни ўқирди. Мен буни кўп марта сезганман. Ҳатто бир марта бор-йўғи икки варақ бўлган Хайрулла Убайдуллаевнинг ҳикояси ҳақида ҳам фикр билдириб қолди. Тўғри, у ҳикояни ҳазм қилолмаганди. Аммо адабиётнинг эртанги куни қандай бўлади деган куйинчаклик билан, ўзини қандай тутишда қатъи назар, ҳар бир янги номни ўқиб боришини билардим. Ўтган йили «Адабиёт ўладими?» деган мақоласини ўқирканман (мен бир марта Шукур ака билан шу номда кўрсатув ҳам қилганман), Шукур ака ўзининг касалликларидан ҳам кўра адабиётдаги касалликлар ҳақида кўпроқ қайғургани ва ташвишга тушгани ҳақида ўйладим. Адабиёт гўё ўзининг танасидай эди – унга отилган ҳар бир тош Шукур акага тегарди. Ундаги ҳар бир оғриқ Шукур акани қақшатиб юборарди. Ташқаридан қараган одамга, Шукур ака жуда манман, кибрли одам бўлиб туюларди. Бироқ бу одам ичидан камтар ва ўта оддий одам эканига кўп марта гувоҳ бўлганман. У ана шу оддийлигини ўзининг тунд ва жаҳлдор ниқоби остига яшириб юрарди. Унинг оддий чайлада яшашга уриниши, оддий табиат қўйнига қочиб кетиши-ҳаммаси одамлардан безгани учунмас, балки ўзининг адабий-эстетик қарашлари каби оддийликдан буюклик излашини англатади. У буюкликни ана шу оддийликда деб биларди. У ҳаётдан оддий, камтар маъно излаб ўтди. Унинг бетиним гоҳ Бойсунга, гоҳ даштни эслатадиган, ҳеч қандай шароити йўқ Дўрмондаги боғига қочиб кетиши барининг орқасида оддийлик ва самимийлик, табиийликни қўмсаши ва ана шу истак ётади. Ҳикояларида ҳам бу сезилади. Шукур аканинг ҳикоялари оддий дарднинг улуғвор кўринишларидир. Шукур аканинг аксар қаҳрамонлари оддий кун кечираётган, бир қарашда, Ватанга, миллатга, умуминсониятга дахли йўқ одамлардир. Аммо ёзувчининг нигоҳи шу даражада ўткирки, у ана шу дахлсизлик ортида ётган миллатга, Ватанга, бани башарга дахлдор дардларни кўра билади, тасвирлай олади, кўрсатиб бера олади. Давр ва замон қанча жимжималарга ўрамасин, уни қанчалик моддийлаштирмасин, «работлаштирмасин», Шукур Холмирзаев нигоҳи уни – дўзахий жим-жималар, оҳанжамалар ичидаги инсонни, унинг дардини кўролди, бу дардни Абдулла Қаҳҳор услубидан фарқли равишда кўрсатиб беролди. Абдулла Қаҳҳор ҳикоячилик мактабида Чеховнинг услуби ва таъсири сезилади. Бу билан баъзи адабиётшунослар каби «Абдулла Қаҳҳор мактаби йўқ» дейиш нафақат катта ёзувчини инкор қилиш, балки ўзбек ҳикоячилигининг замонавий жанр сифатидаги дебочасини – муқаддимасини, ёрқин катта устунини ҳам инкор қилиш билан баробардир. Шукур Холмирзаев мактабида эса ҳаётни, муҳитни фош қилишдан кўра инсоннинг шу муҳитда тутган ўрни ва оғриғини кўрсатиш муҳим ўрин тутади. Муҳит ўзининг барча кирдикорларини, бутун фожиасини инсон кўнглига қамаб ташлаган, инсон кўнгли шу муҳитнинг аксидир. Кимки муҳитнинг ўзини акс эттиришга киришса, жимжималарга алданиб қолади, муҳитнинг тасвирчисига айланади. Инсон кўнглидаги дардни тополган одам муҳитни фош қилган одамдир. Чунки ҳар қандай муҳит ўзини инсон кўнглида фош қилиб қўяди. Шукур аканинг, шубҳасиз, ХХ аср ўзбек адабиётининг улкан ютуқлари деб айтишга ва бу ҳикояларни жанр имкониятларини кенгайтирган мактаб дейишга арзийдиган асарлари ёзувчини ўтган асрнинг эмас, кечаги куннинг эмас, барча даврларнинг ўзига хос катта ёзувчиси дейишга арзийдиган шоҳсупага чиқариб қўяди.
Шукур ака ҳаётини адабиётсиз тасаввур қилолмасди. Адабиётсиз ҳаёт унинг учун ёввойилик бўлиб туюларди. Адабиёт ўқимаган одамни одам деб тан олмасди, адабиётдан йироқ жамият билан муроса қилгиси келмасди. Шунинг учун Шукур акани шўро тузуми кўпам хушламаганди. Адабиёт Шукур ака учун кўзгу эди. Адабиёт халқнинг шаъни, дарди, ҳасрати, кўнгли, руҳи эди. Шу сабабли ҳам адабиётга хиёнат қилгиси келмасди. Ўз фикрига, ўз қарашига, ўз ўлчамига эга эди. Шунинг учун бошқалар ясаб берган ўлчамларга амал қилмасди, ҳаммага ўхшаб фикрлагиси, ёзгиси, яшагиси, ялингиси, мақтагиси, турлангиси келмасди. Бир сўз билан айтганда, Шукур Холмирзаев шахс эди. Адабиётда, ҳаётда шахс эди. Адабиётда истеъдодлар талайгина бўлади. Истеъдодларини турли йўлларга сарфлайди. Аммо ҳам ҳаётда, ҳам ижодда шахслар камдан-кам туғилади. Бу иккиси уйғун келганда адабиётда Рауф Парфилар ва Шукур Холмирзаевлар туғилади. Адабиётнинг фожиаси истеъдодлар йўқлигидан эмас, адабий шахслар йўқлиги туфайлидир. Адабий шахслари бўлмаган адабиёт ялтоқона адабиёт бўлиб келган. Шу маънода Шукур ака адабий шахс эди.
Халқ оғзаки ижоди Шукур аканинг жону дили эди. Биз 1999 йили Дўрмондаги чайласида «Алпомиш» достони ҳақида суҳбатлашганмиз. Ўшанда Шукур аканинг асар ҳақида тўлиб-тошиб гапирганини кўрганман ва ўшандаёқ бу ёзувчи ўзига ва асарларига кучни айнан ана шу сарчашмалардан – халқнинг азалий қувватларидан олаётганини, шу сабабли ҳам ёзганлари албатта ўзбек ҳикоячилиги дурдоналари бўлиб қолишини сезгандим. Эҳтимол, шунинг учун ҳам «Она қизим Сайёрага!» хатида бирдан ўзининг катта ёзувчилигини билдириб қўйгиси келгандир? Бу хат манманлик ёки ўзига ортиқча баҳо беришмас, ўзининг ҳақиқий ўрнини бизга эслатиб қўйишдир. Шукур акани бу хатида нокамтарлик қилди деб бўлмайди. Аслида ҳам Шукур ака ўзига ўзи билдирган эътирофни ўзбек адабиётшунослиги билдириши керак эди. Шукур ака адабиётга бўлган садоқати ва хизмати эвазига на унвон, на орден, на катта қалам ҳақи кутгани йўқ. Бор-йўғи ана шу эътирофни кутганди. Афсусуки, бу марта ҳам биз – унинг мухлислари кечикдик. Эътирофни ҳам ёзувчининг ўзи билдириб қўйди.
Дарвоқе, ёзувчи бу сафар ҳам ҳақ. ХХ асрнинг 70-йилларидан бошлаб ўзбек ҳикоячилигида Шукур Холмирзаев бадиий нигоҳи алоҳида ажралиб туради. Бу нигоҳ ўз даври кишисининг ичини, дунёсини, ҳисларини кўриб туради, уни бадиий деталларга айлантиради, кейин уни худди Бойсундаги қизлар кирларини осгандек турли асарлар торига осиб қўйиб, бизга кўз-кўз қилади.. Тўп, чўзилган қулоқ, оқсоқ турна, чиллак, бодом гули, дашт одами, ўзбекча характер ва бошқа деталлар ўзбек насрининг замонавий жаҳон адабиётига улуш бўлиб қўшиладиган бадиий ва пухта деталларидир. Бу деталлардаги оғриқ яна кўп замонлар фақат адабиётшуносларнмас, кенг оммани ўзига жалб қилиб, Шукур ака ардоқлаган Инсон ва Қалб ҳақида, Шукур ака алқаган инсон ғурури ва шаъни ҳақида ҳикоя қилиб туради. Бу асарлар, аслида, Шукур Холмирзаевнинг қалби ва дардининг турли кўринишлари эди. Агар яна эллик йиллар ўтиб: «Ш.Холмирзаев қандай одам эди?» – деб сўрашса, бу саволга, шубҳасиз, асарлари тўлиқ жавоб бера олади. Бунга шубҳа йўқ.
Ижодкорлик нима ўзи? У бошқа фаолият турларидан нимаси билан фарқ қилади? Ижод дегани ўзи нима?
Бир қарашда анча жўн савол туюлади. Ҳатто савол ақллироқ одамларнинг ғашини ҳам келтиради. Аммо ростданам ижод нима ўзи? Бугунги тўйни мўлжал қилиб ёзилган бирон қўшиқ эшитсангиз, дарров бу ерда ижод йўқ деб ўйлайсиз. Ҳамма нарса бор. Куй, оҳанг, сўз, лекин ижодкорлик йўқ. Газеталаримизни тўлдириб ташлаган бугунги чўпчак «асарлар»ни ўқиганингизда ҳам шундай деб ўйлайсиз: бу ерда ижод йўқ. Ўша «ижод» ўзи нима? Агар бирон ҳофизга қўшиғингизда ижод йўқ десангиз, у сизни саводсизга ёки замондан орқада қолганга чиқаради. Ижоддан асар ҳам йўқ «асар» ёзган чўпчакбоз эса сизни ҳасадгўй санайди. Хуллас, ижоддан, ижод завқидан узоқ одамларга ижод ҳақида гапиришнинг ўзи бефойда. Яна ўша савол. Ижод ўзи нима? Ижодкорлик нима? Нега азал-азалдан ижод ва ижодкорлик юксак қадрланган, ижод намунаси бўлган, у биноми, суратми, ҳайкалми, ўймакорликми, бадиий асарми, ижод намунаси бўлса, барчани ҳайратга солиб, одамларга руҳ, қувват, завқ бағишлаб келган? Қурилган, яралган ва яратилган, яратилаётган ҳар бир нарсада, ҳатто у оддийгина бўлса ҳам ижодкорлик бўлмаса, оддий бир буюм – рўзғор буюми бўлиб қолади. Ундан завқ олишдан кўра уни ишлатиш биринчи ўринда туради. У кишига завқ ҳам, куч ҳам бермайди. Шунинг учун ижод завқи ва ижод қудрати билан яратилган ҳар бир нарсада илоҳий завқ ва қувват мужассам бўлади. Унга тикилган ёки уни кўрган заҳотингиз сизнинг ичингизда ҳам куч-қувват ва завқ уйғона бошлайди. Ана шу куч фақат завқ эмас, бу қувват ҳамдир, илоҳий, гўзал туйғуларни англаш ҳисси.
Адабиёт барибир бевосита ҳам, билвосита ҳам инсонни «тарбиялай»ди. Унинг дидини, дунёқарашини, савиясини, инсонга, миллатга, дунёга, эзгулик ва ёвузликка муносабатини тарбиялайди. Адабиёт миллат кўнглидир. У ана шу катта кўнгилда юз бераётган ўзгаришларни билиши, англаши, оғриши, завқланиши, куйиниши, талвасага тушиши шарт. Мен адабиёт инсон дарди ва орзуси билан яшаши керак деб биламан. Унинг бош қаҳрамони ҳам қайғураётган, орзу қилаётган, алам чекаётган, кулаётган, ўйланаётган, изланаётган, изтироб чекаётган, йўл ахтараётган ИНСОНдир. Ёзувчи фақат ўша инсонни замон талотўплари ичидан топа олиши керак. Замон қаҳрамони ҳам ўша ИНСОНдир! Биз у инсонни топдикми? Менимча, йўқ. Инсонни ҳеч қайси фан адабиётчалик акс эттиролмайди, ҳеч қайси санъат тури адабиётчалик чуқур ва кенг тасвирлай билмайди, ҳеч қайси восита инсон руҳи ва хаёлига адабиётчалик эрк беролмайди. Демак, ҳеч бир восита адабиётчалик эзгуликни ҳимоя қилолмайди. Адабий виждон ана шу буюк туйғуга хиёнат қилмасликдир.
Бугун давр ижодкордан чинакам ижодкор бўлишни, кўнгил гўзаллиги ва софлиги, инсон ва унинг диди гўзаллиги ҳақида кўпроқ қайғуриш ва тараннум этишни талаб қилаяпти. Бу вазифани юртбошимиз яна бир марта эслатди. Фақат эслатдигина эмас, ана шу ижодкорликка катта ва улкан эҳтиёж борлигини, бу эҳтиёжни ижодкорлар қондиролмаётганини таъкидлади. Менимча, энди фақат ёзиш керак. Қалб учун, гўзаллик учун, инсон ва унинг қалбини сақлаб қолиш учун ёзиш керак. Бугунги талабни мен шундай тушуняпман.