Санъат тилсимланган қўрғонга ўхшайди. Унинг эшиги «сим-сим» деган калитни топмагунча очилмайди. Ҳар қалай, тилсимланган қўрғоннинг эшигини топгунча қанча қосимлар бу қўрғон олдидан ўтиб кетишган. Ўтиб кетишади ҳам. Лекин баъзи-баъзида кимнингдир оч қолган «туяси» ўз соҳибини беихтиёр эшик олдига бошлаб келади. Бироқ шунда ҳам эшикни фақат хаёлпараст Алибобо очади. Битта эртак тилсимини очиш учун битта қаҳрамон кифоя қилади. Агар мазкур тилсимни ҳамма ҳам топаолганда эди, унда эртакнинг ҳеч қандай моҳияти қолмасди. Эртак эса моҳиятни тугун ичидаги тугунга яшириб қўяди. Ҳамма ҳам тугунни ечишга ҳафсала қилавермайди.
Моҳият тассаввур чизиғидан сўнг бошланади. Уни топиш учун олдин «тассаввурга дош бериш» ҳам керак бўлади. Тасаввур – санъатнинг кириш эшиги. Бу эшикни тополмаган кишига, ҳар қалай, ер тугул, хазинани излаб топиш осонроқ. Қўлидан кетмон даста ҳиди келиб турган ижодкор санъат эшигини топиш учун «харита» билан «қазиш»нинг ўзи кифоя деса, хато қилади. «Қазиш» – бу тер ҳиди. Тасаввур эса идрок, заковат ҳидидир. Бу ҳид ҳамманинг ҳам димоғига уфуравермайди. Бироқ фақат шу ҳидгина санъат остонасигача етаклаб боради.
«…Ўлим қўрқинчлимас,
Фақат кечинмага чидаб берсанг бас,
Фақат тасаввурга дош берсанг бўлди…»
Ўлимдан кучлимикин тасаввур? Нега шоир «ўлим» ва «тассаввур»ни қиёснинг икки қутбига жойлаштиряпти? Ўлим тасаввурни ўзиники қила олармикин? Тассавур эса ўлимни ўзиники қила олади. Ҳатто уни ижоднинг воситасига айлантириши мумкин. Ҳазрат Навоий Фарҳод, Ширин, Лайли, Мажнунни ажал қўлига топишираркан, ўлимни ўзиники қилади. Демак, тасаввур ўлимни енгади. Мозий ҳам, келажак ҳам тасаввур ҳосиласи бўлиб кўз олдимизга келади. Тассаввур – илоҳий қудратни ҳис эта олишдир, бу санъатни тушуна ва англай олишдир. Шоир Фахриёрнинг ушбу китоби олдинги «Аёлғу» тўпламининг узвий давоми. Фақат олдинги китобдаги айрим шеърларнинг ушбу китобга киритилгани биланмас ёки шоирнинг навбатдаги китоби чиқаётгани биланмас бу узвийлик. Балки шоир бу сафар ҳам «Аёлғу» даги шеър, сўз, образ борасидаги ўзига хос қарашни мустаҳкамлайди. Яъни бу марта ҳам шоир шеър ихлосмандларининг тасаввур чегараларини бузишга ҳаракат қилади, тўғрироғи, уларни шунга ундайди. Умуман, адабиётга, образга, фикрга қараш дастлаб бу ҳақдаги тасаввурни ўзгартиришдан бошланади. Биз кўникиб қолган шеърлар бир пайтлар ўз даврининг тасаввурини бузганди. Аслида, адабиёт янгиланмайди. Тасааввур, сўзга, инсонга, фикрга, гўзалликка бўлган тасаввур янгиланади.
«Осмон ёнбошлайди ҳовуз четига…»
«Чўмилаётган ойни
томоша қилгиси келар осмоннинг…»
«Баҳор бўйи қулдай ишлаган чирой
ёзга етмай қариб қолади…
«…сув теккан ой ўчиб қолар ҳовуз тубида…»
«Яна бир наврўзга етган боболар
севинчдан яйраб
тушларин далага қўйиб юборар…»
Метафора тушунчаларнинг тасаввурдаги уйғунлигидир.
Тасаввурни янгиламай туриб на метафорани, на сўзни янгилаб бўлади. Тушунчалар воқелик турган жойда фақат исмдир. Воқелик тасаввурга айлангач эса унинг эврилиш жараёни кучаяди. Тасаввур тушунчага эркинлик беради. Демак, тушунчаларни мужассам этаётган тассаввур ҳам фалсафага дахлдордир. Тушунча яшаркан, тасаввурнинг мазмуни бор. Тушнинг далага қўйиб юборилиши воқелик нуқтаи назаридан энг мантиқсиз ифода. Воқеликнинг мантиғи тушунчаларни ўзига қул қилиб қўяди. Шу маънода тасаввур тушунчалар эркинлиги ҳамдир. Тушда кўрилаётган дала билан далага қўйиб юборилган тушнинг бундай пайтда ҳеч қандай фарқи йўқ. Бу ерда фақат тасаввур чизиғининг макони кенгайяпти, холос. Демак, тасаввур чизиғи бу эркинлик чизиғи, биз мантиқсиз деб ўйлаган ифоданинг мантиққа айланиш чизиғидир. Шу маънода тасаввур, Камю айтмоқчи, «абсурд эркинлик» дир. Бу «эркинлик» англанмас экан, юқоридаги сатрларнинг ҳеч қандай моҳияти қолмайди. Чунки бу ерда мантиқ мантиқсизлик чегарасини бузиб, мантиқсизликдан мантиққа айланяпти. Биз хаёл деб ўйлаган ва кўниккан тушунча сўзлар қиёфасида воқелик тусига киряпти. Тасаввур мантиғи мавжуд мантиқни инкор қилароқ ўз мантиғини, яъни ўз мавжудлигини ифода этяпти. Ўз мавжудлигини ифода этиш исёндир. Ҳар қалай, Камю шундай дейди. Агар шеър ўзининг мавжудлигини исботлашга уринаётган, тасаввурни янгиланаётган экан, демак, бу исёндир. Ўзини ифода этмаслик қулларга хосдир. Қуллик – ўзини унутиш, исён – ўзини танитиш. Тасаввуфчилар буни бошқачароқ ифодалайди: сўфийлардаги ўзини унутиш қулликка давъат эмас, аксинча, ўзига, ботинга тасаввурга қайтиш сифатида талқин этилади. Бироқ ҳар иккала қарашда ҳам айни ҳолатни инкор этишга даъват бор. Шу сабабли санъатни тушунишдаги икки хил нуқтаи назар алал-оқибат бир хулоса билан якун топаверади. Ҳаётда ҳам, адабиётда ҳам ҳеч нарса янги эмас. Ҳар қандай янгилик эскининг такрори. Шу маънода «янги адабиёт» ибораси унчалар мос ибора эмас. Адабиётмас, адабиётдаги қараш янгиланади. Янги қараш янги тасаввурни пайдо қилади.
«Ойна каби шаффоф шамол
йўлида учраган
нарсаларга урилиб синар.
Чумчуқларга айланар шамолнинг синиқлари
дарахтларга қўнмоқ учун
япроқлар ўрнига…»
Баргсиз дарахт этсиз устихонга ўхшайди. Дарахтнинг бор мазмуни унинг мева ва барг қилишида. Яланғоч дарахт билан яланғоч одам ўртасида фарқ йўқ. Шоир бу файссизликка қарши исён қилади. Шамолни синдириб, барглар ўрнига чумчуқларни экади. Гўё шу билан файссизликни енггандай бўлади, шу билан гўзалликнинг кемтик жойини тўлдиради. Буни бошқачароқ қилиб яратиш дейишади. Инсон ўзи яратган гўзалликдан завқ олади. Ўзининг тассавуридаги гўзалликдан завқ олади.
«Менга дўст керакмас душмандан бошқа
муҳаббат керакмас нафратдан бошқа…»
Fалати талқин. Қаҳрамон биз кўниккан шеъриятдаги каби «менга дўст керак» деётгани йўқ. Қаҳрамон дўст ўрнида душман, муҳаббат ўрнида нафрат туришини талаб қиляпти. Нега? Бу нигилизмми ёки аламзадалик? Бу сатр халқ ичдаги мақолга қурилган сўз ўйинига ўхшайди. Лекин гап сўз ўйини ҳақида эмас. Фикр ўйини ҳақида. Душманнинг дўстга айланиши, нафратнинг муҳаббатга айланиши диалектик жараён. Бу ерда ҳам инкор қонунлари бор. Одамнинг ўзи ўзига дўст кўзи билан қараши фикр турғунлигига олиб келади. Душман кўзи билан қараса-чи? Муҳаббат қўйилган тушунчаларга нафрат билан қаралса-чи? Нафратни ҳис этмаган ёки нафратни ўзига сингдирмаган муҳаббат тўла муҳаббат эмас, муҳаббат ҳақидаги ҳавасдир. Муҳаббатнинг азоби ва лаззати нафрат билан тўйингандагина биз воқеликни тўлароқ тасаввур этамиз. Муҳаббатнинг нафратга айланиши фожиадир. Фожиа эса руҳни янгилайди, қарашларни ўзгаритради, янги воқеликни яратади, эскини инкор қилади, янги тушунчаларга макон ясайди. Одам руҳияти коинот қадар кенг экан, ундаги жамики янгиланишлар, эврилишлар айни шу жараённинг қутбларида содир бўлади. Туннинг кун каби, куннинг тун каби чексизлиги бу жараёндаги эврилишларнинг бепоёнлиги ва абадийлигини кўрсатади. Инсон шу абадийлик ичида яшаркан, ўзига макон ясаб олишга уринади. Бу макон унинг тушунчалари маконидир. Буни бошқача ҳам ифодалаш мумкин. Камю буни ижодкор дунёси деб атайди. Ижодкорнинг дунёси ўзини ифода этиш, ўзини инкор этиш орқали қайта кашф этиш оқибатида пайдо бўлган тушунчалар ва тассаввур оламидир. Ҳар бир асар тасаввурнинг метофарсидир. Метафора фикрнинг бадиий ифодасидир. Фикр қилинаётган метафора ўзини излаётган идрокдир. Бадиият ҳис этиладими ёки фикр қилинадими? Шарқ ҳис этилади дейди, Ғарбда фикр қилинади дейди. Лекин ҳиссиз фикр, фикрсиз ҳис ҳеч қачон бадиият бўлолмаган. Бир-бирини инкор этувчи тушунчалар ҳамиша бир-бирини тўлдириб келган.
«…Шайтон ҳам ўзингсан, раҳмон ҳам ўзинг…»
Шоирни бу ерда хоҳлаганча шаккокликда айблаш мумкин. Бизнинг кўникмамизда бир-бирига зид икки қутбни бир-бирига нега қориштиряпти? Бу исёндан мақсад нима? Биз мақсадни тушунгунча шоир ҳали тиниб улгурмаган мантиғимиз кўлига бошқа бир тош отиб лойқалатади.
«…Ажр аросатдир
жазо – аросат…
…мағзи бутун бўлган ақида
…тошбақанинг косасидай бўм-бўш ётибди…»
Бу учта мучал ёшига етган ақлнинг хулосалари. Ақл ўтмиш ва келажакнинг харобаси устида – шайтон ва раҳмон бир қиёфага кирган жойда ўтирибди. Уни дидактика билан алдаб бўлмайди. У мазкур хулосага келгунча барча жараённи босиб ўтган. Босиб ўтган йўлининг хулосаси шу. Унинг айнан шу хулосага келишининг ўзи исён. Ақл шу исён билан чегараланади. Унинг бошқасига қурби етмайди. Атроф жавониб дўзахий манзара. Ҳар бир тушунчада, ҳар бир сўзда таназзул ҳиди бор. Ақл бу таназзулга таслим бўлди. Завқ ўлди. Завқсизлик эса жаҳаннамдир. Муҳит таназзули ақлни ҳам таназзулга олиб келди. Димоғида таназзул куйиндилари ҳидидан бошқа ҳид қолмади. Лекин шуур бу таназзул орасидан ўзини қутқарадиган битта сўзни топиб олди:
«…Энди бу кўнгил
пушти куйиб кетган бир мозор
Ғўрўғли мақсад
туға олмай қийналар…»
Ана шу битта сўз тассавурнинг яшаб қолиш имкониятини беради ва бир замонлар худди шу номдаги достон орқали халқ ўзининг идроки ва улуғворлигини сақлаб қолгани каби тасаввур ҳам шу сўз орқали ўзи мавжудлигини сақлаб қолади. Кўнгил ва ақл мозористонида Гўрўғли туғилади. У таназзулга маҳкум жасадини ташлаб, юқорироқ кўтарилади.
«Унинг бир истаги (Майли қай кимса,
Шаънига номақбул сўз айтса, айтсин.)
Кўкдан тушолмаган бирор-бир хумса
Шеърий зиналардан заминга қайтсин…»
Бу тасавурнинг дастлабки бош кўтариши эди. У ўзини қутқаришга кўкдан кимдир ёки нимадир тушади деб умид қилади. Умид завқни тирилтиради. Завқ эса худди шиллиққуртдек тасаввурга ёпишиб олади. Зеро, у тасаввурсиз, унинг кўзларисиз яшолмайди. Тасаввур эса энди тепадан кимдир тушишига бўлган умид билан чекланмайди. Агар бу зиналардан кутгани тушмаса, унинг ўзи ўша зиналар орқали кўкка кўтарилади ва шу йўл билан ўзини «мозористон» ҳидидан халос қилади. У энди бемалол ўзи мозористон уфунотида ғарқ бўлган дунёга қасдма-қасд ўзи дунё ва гўзаллик яратиши мумкин:
«Кўксингни ёради ғам куртаклари,
ёниб ёзгинг келар жигархун байтлар,
юракни алдайди ишқ эртаклари…»
Юрак дўзахий уқубатдан халос бўлиб, янги ишқ, янги муҳаббат, янги исён билан тўлади. Тасаввур исёни янги сўзни, янги номни, янги матлабни яратади. Бу яратишни биз соддагина қилиб «истеъдод» деймиз… Фахриёрнинг ушбу китоби шеъриятимизда ўзини ўзи инкор этиб, ўзини ўзи кашф қилаётган, шеър, сўз ҳақидаги тасаввуримизни ўзгартиришга мажбурлаётган истеъдоднинг пайдо бўлганидан дарак беради.