Машариф Сафаров. Ёзма ёдгорликлар – яхлит бойлигимиз (2008)

Ўзбек ва бошқа туркий халқлар жамиятда рўй берган тўс-тўполонлар туфайли қадимги аждодларидан мерос қолган Ёзувларидан бир неча марта мосуво бўлишди. Бу ҳам етмагандай, туркий халқлар турли-туман сабабларга кўра, масалан, яйлов талашиб ёки янги сулолалар тарих саҳнасига чиққач, эскидан яшаб келган халқларни бошқа ҳудудларга қасддан кўчириб юборишган. Бу ва шунга ўхшаш ҳолатлар улар ёзма ёдгорликларининг, осори-атиқаларининг турли ўлкаларда қолиб кетишига олиб келган.

Хусусан, Ўрхун-Eнасой ёзма обидалари Мўғулистондаги Ўрхун ва ҳозирги Россия ҳудудидаги Энасой (Енисей) дарёлари бўйидан топилган туркий битиклар сифатида фанда тан олинган. Шуниси эътиборга моликки, ушбу тош битиклар топилган жойларда ҳозир туркий халқлар деярли яшамайди. Лекин бу битиклар туркий халқларники бўлганлиги учун барча туркий халқлар олимлари ушбу обидаларни ўз ота-болаларининг қадимги ёзма ёдгорликлари сифатида ўрганадилар ва мазкур битиклар юзасидан илмий-тадқиқот ишларини олиб бормоқдалар. Ёзма ёдгорликларга бундай муносабат табиий ва ҳаққоний илмий муносабат ҳисобланади. Бироқ, филология фанлари доктори Эргаш Умаровнинг “Ўзбек тили ва адибиёти” журналида эълон қилинган “Мус­тақиллик: тил ва адабиёт” мақоласида: “Модомики, аждодларимиз икки дарё оралиғида туп қўйиб, палак ёзиб яшаб келган эканлар, бу ҳудудда яратилган ёдгорликлар нечанчи асрда яратилганлигидан қатъи назар ўзбек тили ёдгорлиги ҳисобланади. Биз шу пайтгача уларни туркий деган мавҳум ном билан атаб келдик. Чунончи, ХИ-ХII асрда яратилган “Муқаддимат-ул адаб”, Марғилонда топилган ХИВ аср ёдгорликларини туркий деган мавҳум ном билан атадик. Энди бу хатони тузатишимиз керак. Ўзбек деган ном нечанчи асрда пайдо бўлишидан қатъи назар қадимги Туркистон ҳудудида битилган ёдгорликлар ўзбек тили ёдгорликлари ҳисобланади” деган фикр­лари айрим мулоҳазаларга ундайди.

Ўзбек тилида ёзилган асарлар ХИВ аср­дан, яъни умумхалқ ўзбек адабий тили пайдо бўлганидан кейин вужудга келди. Ундан олдин яратилган асарлар эса туркий тилга (қадимги ёки эски туркий тилга) оид ҳисобланади. Бундай қараш бутун туркологлар томонидан тан олинган. ХII асрда яратилган “Муқаддимат-ул адаб” эски туркий тилга оид ёдгорликдир. Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, қадимги ва эски (VII-ХIII асрлар) туркий тилни қадимги ва эски ўзбек тили деб, яъни фақат ўзбек тилига нисбат бериш ҳам хато бўлар эди, чунки VII-ХIIИ асрлардаги туркий қабила ва уруғ тиллари фақат ўзбек тили учун эмас, балки бошқа туркий тиллар (уйғур, туркман, қозоқ, қир­ғиз, қорақалпоқ в.б.) учун ҳам асос бўлгандир”, деб ёзишганди бундан чорак аср олдин йирик тилшунослар Ғ. Абдураҳмонов ва Ш. Шукуров.

Шуни таъкидлаш керакки, туркий халқ­ларнинг олиму фузалолари, жумладан, ўзбек халқининг ҳақиқий олимлари тор қобиққа ўралашиб қолган эмаслар. Ҳозирги Ўзбекистон ҳудудидан ташқарида, хусусан, Қашқарда (Хитойда) яратилган Маҳмуд Қошғарийнинг “Девону луғотит турк” асарини, Баласоғунда (ҳозирги Қирғизистондаги қадимги шаҳар) ёзилган Юсуф Хос Ҳожибнинг “Қутад­ғу билиг”, Аҳмад Югнакийнинг “Ҳибатул ҳақойиқ” асарларини ўз ёдгорлиги сингари ўқийди, ўрганади ва ундан маънавий озуқа олади.

Алишер Навоий ҳозирги Афғонистон ҳудудидаги Ҳирот шаҳрида туғилган. Деярли бутун насрий ва назмий асарларини Хуросонда битган. Буюк бобомиз она тилимизни, Навойининг ўз таъбири билан айтганда туркий тилни юксак даражада сайқалланган ва ривож топган бир адабий тил даражасига кўтарган.

Бошқа туркий халқларнинг вакиллари ҳам Мовароуннаҳр ва Хуросон заминида, ўзбек халқи яшаб турган ҳудудда топилган, ХИВ-ХВ асрлардан олдинги давр­ларда яратилган ёзма ёдгорликларни туркий халқларнинг ёдгорлиги деб билади ва уни ўқийди, таҳлил қилади. Улардаги мавжуд муштарак лисоний далилларни топиб, ота-боболарининг бобокалонлари қадим-қадимдан бир-бирларига қавм-қариндош, қуда-анда эканликларини, яқин муносабатда бўлганликларини билишиб, бундан чексиз фахрланишади.

Демак,ўзбек халқи (ва унинг тили) туркий халқлар (тиллари) оиласига кирганлиги билан қанчалик фахрланса, ўзбеклиги билан ҳам шунчалик ғурурланади. Шундай экан, туркий ёзма ёдгорликларга холис ёндашишгина халқ­ларни бир-бирларига яқинлаштиради, дўстлаштиради, бирлаштиради ва шунга ундайди.

Машариф Сафаров,

филология фанлари номзоди, доцент

“Ҳуррият” газетасидан олинди (2008).