У киши ҳақида яқин-йироқлардаги газеталар “Замонавий Машраб”, “Машрабнинг бугунги издоши” каби таърифу тавсифлар билан ёзишган. Бунга Зоҳиджон Турсуновнинг Наманган вилояти Косонсой туманида туғилгани, дунё кезишга бел боғлагани, бир-икки мисра шеър ҳам битиб туриши сабаб бўлгандир, эҳтимол.
Сафарнинг бошланиши
— Институтни битириб, мактабга ишга борганимда, — деб гап бошлайди Зоҳиджон Турсунов. — Менга қўшимча машғулотлар берилмади. Шунда ўйлаб-ўйлаб, велопойгачилар тўгарагини очганман. Ўн-ўн беш чоғли йигитлар билан велосипедда Фарғона водийси ва Қирғизистоннинг бир қисмини кезиб чиқдик. Ўтган асрнинг ўша 80-йилларидан бери велосипед билан дунёни айланиб чиқиш орзуси кўнглимда ғимирлаб тураверди. Қарасам ёшим ҳам ўтиб бораяпти.
Шундай қилиб, Зоҳиджон ака гапга етарларга маслаҳат солади. Ишдан ҳам бўшаб, орзуларини амалга оширишга қаттиқ киришади. Наманган вилоят рус маданияти маркази директори Сергей Миронов ташаббусни қўллаб-қувватлайди. Катта ишларнинг биринчи қадами Қозоғистон ва Россия бўйлаб саёҳат бўлди. 2007 йил 25 майдан 20 июнгача Қозоғистон Республикасининг 7 та вилояти — қарийб 7000 километрлик йўл босиб ўтилди. Баъзи сабабларга кўра Россиянинг Троитск шаҳридан қайтилди. Муҳими, минг-минглаб километр юришда эмас эди.
— Мен яқин-йироқ юртларни шунчаки айланиб чиққандан нима фойда деб ўйладим. Шунинг учун велосаёҳатимни “Халқаро дўстлик ва маданий алоқаларни ривожлантириш” деб номладим. Шунингдек, Бобораҳим Машраб, Усмон Носир, халқ шоири, курсдошим Муҳаммад Юсуфлар ижодий меросини тарғиб қилишни олдимга мақсад қилиб қўйдим. Саъй-ҳаракатларим бесамар кетмади, назаримда.
Олтин ҳалқа
Тез орада бу ажойиб одам ҳақида юқорида айтганимиздек катта-кичик газеталар ёза бошлади. Аввалига қўлидан ҳеч нима келмайдиган, деб ўйлаганларда ҳам ишонч учқунлари кўринди. Энди уни қўллаб-қувватловчилар кўп эди. Косонсой тумани ҳокими ташаббуси билан Мустақиллигимизнинг 16 йиллиги муносабати ила “Ассалом, ҳур ўлкам!” олтин ҳалқаси” велосаёҳати уюштирилди. Зоҳиджон Турсунов Фарғона водийси бўйлаб 800 километрлик масофани қадрдон “икки ғилдиракли тулпор”ида босиб ўтди. Саёҳат давомида жойларда учрашувлар ўтказилди, элимиз ардоғидаги кишилар оиласида меҳмон бўлди…
— Халқимизнинг севимли шоири, марҳум Муҳаммад Юсуфнинг онасини зиёрат қилдим… Бундан ташқари ҳам эҳ-ҳе… халқимиз орасида қандай тилло одамлар бор экан. Бунёдкорлик ҳисси қалбларида жўш уриб турибди: ишласам, элу халқ корига ярасам, дейди.
“Ҳамкасб”лар билан учрашувлар
— Икки сафарим давомида велосайёҳлар, пиёда сайёҳларга кўп учрадим. Мен каби дунё кезиш иштиёқи билан юрганлар ҳам оз эмас экан-да. Швейтсариялик велосипедчилар билан Ёзёвондаги чойхоналардан бирида кўришиб қолдик. Улар учун тут дарахтлари тагидаги ёғоч сўри, кўрпачаю хонтахта, таомларимиз, ҳовуз — ҳаммаси қизиқ эди. Чунки инсон ҳар қанча тсивилизатсиялашса ҳам, табиат боласи бўлиб қолаверади. Табиийлик барибир табиийлик экан-да! “Ҳамкасб”ларимнинг ҳовуздаги сувни кўриб, унда ювиниб завқланишлари Қозоғистон чўлларидаги сувсизликни ёдимга солди. Ирғиз чўлида кетаяпман, ҳеч нима кўзга ташланмайди. Ҳар-ҳар замонда учраб турадиган юлғун кўзга узоқдан худди муқаддас нарсадек кўринади. Сояси бор-да, озроқ дам олиш учун ўтириш мумкин. Шу тариқа йўлда давом этаётгандим, бирдан кайфият кўтарилди, чўлнинг ўртасида, ҳеч қанақа сабаб йўқ. Ҳайрон қолдим. Озроқ юрганимдан кейин, Қазалига яқинлашиб, эни 1-1,5 метрлик ариқ чиқди… Сув! Худди соғиниб юрган биродарингни кўргандай бўлар экансан. Сув бизда сероб, лекин ўшанда унинг қанчалик қимматбаҳо эканлигини ҳис қилдим. Бир киши дуч келиб қолди, сўрасам, бу сув Сирдарёдан, биз томонлардан оқиб келаётган экан. Дилимга чўғ тушди, тилимга шеър:
Сирдарёю Сирдарё Айланасан гир дарё…Шунча заҳмат нега керак?
— Шунча йўлларни босиб, қанча одамлар билан учрашгансиз. Албатта, саёҳат ҳаммани ҳам қизиқтиради. Кўпчилигимизнинг юрагимизда шу ният бўлади-ю, нимадандир воз кечолмаймизми, нимадандир хавотирга тушамизми, ҳар ҳолда орзу амалга ошмай кўнгил асирига айланиб қолаверади. Одамлар сизга кўпроқ қандай саволлар билан мурожаат қилишди?
— Энг кўп эшитган саволим: “Сенга нима зарил? Бола-чақанг бўлса…” деган оҳангда бўлди.
— Рост, сизга нима зарил, бола-чақангиз бўлса…
— Инсон дунёга фақат кўпайиш учун келмайди. Қолаверса, сайёҳлик менга боболардан мерос, Шоҳ Машрабдан қолган.
Ҳар тонг туриб мен недир сезаман, Омиликдан, дўстим, роса безаман. Дунё кўрмоқ учун, кўп билмоқ учун Барибир Машрабдай олам кезаман. Маҳтумқули созин бунда чертаман, Аҳмад Қозончига бориб етаман. Ўзбеклар номидан салом айтаман, Бўлмаса, дунёда яшаб нетаман…— Фақат шуми?
— Сиз билмайсиз-да, Фаррухжон! Мен дунёдан, одамлардан бир жавҳар қидираман, унинг номи — эзгулик. Топган бойликларимни бошқаларга тарқатаман. Қанча берганинг билан меҳр камаймайди, эзгулик камаймайди. Ҳеч бўлмаса, шу томондан сахийроқ бўлайлик, дейман. Қолаверса, кўрган-кечирганларим ҳақида бир китоб ёзмоқчиман. Номини ҳам ўйлаб қўйибман: “Шундай яхши одамлар бор дунёда!”
Шундай яхши одамлар бор…
Ҳикмат излаганга ҳикматдир дунё. Унга йўлда яхшилар кўп учради. Ҳар иккала саёҳатининг хайрли ўтганидан мамнун бўлиб Зоҳиджон ака шундай одамларга ўз миннатдорчилигини билдиради.
— Қаерга борсак, яхши кутиб олишади. Йўл-йўлакай чойхонаю ошхоналарда одамлар билан учрашувлар ўтказиб, диллашиб боравераман. Кимсасиз чўлларда эса “КамаАЗ”чилар ёрдам беришади. Тўхтаб, нон сувинг борми, деб сўрашади. Йўл азобини юрган билади-да. Чўлнинг ўртасида яна “ҳамкасб”ларинг билан учрашиб қолсанг, қизиқ бўларкан. Қизилўрда атрофида эди, голландиялик пиёда сайёҳ дуч келди. Бутунлай ҳолдан тойган эди. Мени кўриб кўзлари порлаб кетди, лекин хурсандчилигини ташқарига чиқаришга ҳам мажол топа олмади. Бир-биримизни тушундик, бундай пайтда тил билиш-билмаслик аҳамиятсиз эди.
Радиоканаллар орқали чиқишларимиз ҳам қизғин кечарди. Ўзбекистонни билган кўп, бу юртнинг тузини тотган кўп. Лесановск шаҳри радиоканалидаги шундай жонли эфирлардан бирида қўнғироқ бўлди. Телефон қилган одам журналистдан “Ўзбек оғайнимизни қўйиб юборма, 20 дақиқада етиб бораман”, деб илтимос қилди… Танишдик. Александр Сарков Самарқандда ҳарбий хизматда бўлган экан. “Саккиз нафар хизматдош дўстим туфайли бутун ўзбек миллатига ҳурматим беқиёс”, дейди у. “Паловнинг мазаси ҳамон оғзимда. Икки йил меҳмон бўлганман сизларга, бир кун қолақол”, деб уйига таклиф қилди.
Бундай учрашувлар кўп бўлди. Чимкентда ҳам бир 70 ёшли отахон йиғлаб-йиғлаб кўришди. У киши Ўрта Осиё давлат университетида ўқиган экан. Талабалик йилларини эслаб, ўзбеклардан кўрган яхшиликларини хотирлаб, узоқ гурунглашиб ўтирди.
Яна бир нарсани айтиб ўтишим керак. С. Чаркованинг оилавий театри мени ҳайратга солди. Шундай театрлар ҳам бўлар экан-да. Бутун оила аъзолари актёр, уйда театр очибди. Болажонларнинг қадами узилмас экан…
“Бавурлашув ҳисси”
Шундай қилиб, велосайёҳимиз яхшилар ҳақида яхшиларга хабар бериб йўлида давом этаверди. У велосипедда манзилдан-манзилга одимлаб ўтиб кетавермади. Асл мақсади ҳам велоспорт эмас, эзгулик, тинчлик, маърифат туйғуларини тарқатиш эди-да. Шу боис маданият марказларида, ўқув юртларида учрашувлар ўтказиб туришни канда қилмади. Мутасаддилар ундан ўз ёрдамини аямадилар. Айниқса, Жамбулда Дўстлик уйида бўлган учрашув Зоҳиджон акада катта таассурот қолдирган эди. Йиғин, қардошларимиз тили билан айтганда, “Бавурлашув ҳисси”га тўла бўлди, унга шаҳар ҳокими ҳам келган эди.
– Учрашувларда сўз асосан илдизимизнинг бирлиги, қон-қардош эканлигимиз ҳақида кўп гапириларди. Ҳатто дилдаги сўзларини менга ёзиб ҳам беришди, — шундай дея у бир қоғоз тутди қўлимизга: “Бир отанинг фарзандларимиз, Турк отанинг фарзандларимиз”.
Чўл ўртасида — Навоий
– Оқтўба билан Қушўрда оралиғидаги чўлда бир ёдгорликка дуч келдим. У ердаги “Навоий” деган сўзни ўқиб ҳайратим ошди. Маълум бўлдики, бу Дада Қўрқутга қўйилган экан, мармар тахтага у ҳақида Навоийнинг айтган сўзлари битилибди. Атрофда яшиллик, кўзни қувнатадиган бу гиёҳлар узоқдан сув ташиб келиб ўстирилар экан. Яқин орада музей кўринди. Туркий Дада Қўрқут ҳақида қимматли маълумотлар олдим…
Энди Осиё ва Европа бўйлаб
Зоҳиджон Турсуновнинг навбатдаги сафарини Наманган вилоят корейс маданият маркази қўллаб-қувватламоқда. Велосаёҳат марказ асосчиси, фалсафа фанлари доктори Алексей Сой хотирасига бағишланади. Шунинг учун ҳам финиш сифатида Жанубий Корея Республикаси танланган.
— Бу галги саёҳатим ҳам бутун дунё алломалари хотирасига, илм-маърифат, эзгулик ва дўстликка бағишланади. Ҳозирда ҳужжатларни тайёрлаш билан бандман. Сафар бошланишига ҳам оз қолди…
— Қайтганингиздан кейин ҳам бир суҳбатлашармиз.
— Худо хоҳласа!
“Ҳуррият” газетасидан олинди (2008).