Дунё миқёсида глобаллашув жараёни тез суръатлар билан жадаллашиб бораётган бугунги кунда инсоният учун экологик хавфсиз маконда яшаш масаласи тобора долзарб муаммога айланмоқда. Она сайёра муҳитини булғаётган экологик хавф ҳатто ядро талафотидан ҳам даҳшатлироқ бўлиб, ер юзидаги барча халқларни бу ҳақда чуқурроқ ўйлашга мажбур этмоқда.
Асрнинг бошланиши икки муҳим тенденсия билан баҳоланади. Биринчиси, ҳозирги сивилизатсиянинг глобал экологик муаммолар (иқлим ўзгариши, озон қатламининг бузилиши, тоза ичимлик суви танқислиги, биохилма-хилликнинг қисқариши, ортиқча чиқиндиларнинг ҳосил бўлиши, уларни утилизатсиялаш муаммоси ва ҳоказо)га дуч келиши. Иккинчиси, дунёдаги қатор мамлакатларнинг жадал суръатларда ривожланиб бориши.
Мутахассисларнинг маълумотларига кўра, бугунги кунда сайёрамизда турли хил ёқилғиларни ёқиш сабабли йилига 10,1 миллиард тонна кислород сарф бўлмоқда, қишлоқ хўжалигига яроқли ерларнинг 70 фоизи, чучук сувларнинг 20 фоизи ўзлаштирилмоқда, ўрмонлар йилдан-йилга камаймоқда, чўл зоналарининг майдони ошаётгани сабабли ҳаво ҳарорати йилдан-йилга кўтарилаяпти. Шунингдек, охирги 50 йилда ер юзи аҳолиси деярли уч маротаба ўсгани, техниканинг, саноат корхоналарининг ривожланиши натижасида транспорт воситаларининг сони 900 миллиондан ортгани, ҳосил қилинган электр энергиясининг 80 фоизи анъанавий углеводород хомашёси асосида ишлаб чиқарилаётгани атроф-муҳитга жиддий зарар етказмоқда. Буларнинг оқибати ўлароқ, дунёда экологик муҳитнинг ёмонлашуви билан боғлиқ турли хил касалликлар келиб чиқмоқда.
Бугунги кунда Ўзбекистон Республикаси халқаро ҳуқуқнинг тўлақонли субъекти сифатида атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, аҳоли саломатлигини ҳимоялаш, табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш ва экологик хавфсизликни таъминлашга қаратилган изчил экологик сиёсат юритмоқда. Бунинг натижасида кейинги йилларда атмосферага ифлослантирувчи моддаларнинг чиқарилиши 1,9 баробарга, ифлосланган оқава сувларнинг ташланиши қарийб 2 баробарга камайди. Ўсимликларни биологик ҳимоя қилиш усулига ўтиш ҳисобига пеститсидлардан фойдаланиш кейинги 10 йилда 5 баробарга қисқарди. Миллий экологик муаммоларни ҳал этишга халқаро ташкилотларни жалб этиш йўлга қўйилди.
Мамлакатимизда сўнгги 20 йилда атроф-муҳитни муҳофаза қилишга оид қарийб 30 га яқин қонун ва 350 дан ортиқ меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинди, табиий ресурслардан оқилона фойдаланишни таъминлайдиган ҳамда фуқароларнинг мақбул атроф-муҳитга бўлган ҳуқуқларини кафолатлайдиган кўплаб халқаро конвенсиялар ратификатсия қилинди, шартнома ва битимлар имзоланди.
Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, табиатни муҳофаза қилиш баҳонасида ишлаб чиқариш манфаатларига жиддий зарар етказишга йўл қўйиш ҳам тўғри эмас. Саноатни, қишлоқ хўжалиги ва бошқа соҳаларни атроф-муҳитни муҳофаза қилиш билан баб-баравар тараққий эттиришни таъминлаш лозим. Бошқача айтганда, муаммони шундай ҳал этиш керакки, бунда табиий ресурслардан фойдаланишда экологиянинг ҳам, иқтисодиётнинг ҳам манфаатлари ҳисобга олиниши, уларнинг узвийлигини таъминлашнинг иложи бўлмаса, устуворлик экологияга берилиши лозим. Худди шундай принсип Ўзбекистон Республикасида олиб борилаётган экологик сиёсатда ўз ифодасини топмоқда.
Табиатни муҳофаза этиш турли хил восита ва усуллар ёрдамида амалга оширилади. Шулардан энг муҳими – табиатни ҳуқуқий муҳофаза этишдир. Демак, табиатни муҳофаза қилишда қонун устуворлиги алоҳида аҳамиятга эга бўлиб, у юридик ва жисмоний шахсларга табиатдан оқилона фойдаланиш ҳамда уни муҳофаза этиш тартиб-қоидаларини белгилаб беради.
Таҳлиллар шуни кўрсатадики, ривожланаётган мамлакатларнинг аксариятида баъзи хўжалик соҳалари ривожланишининг экстенсив характерда бўлиши, табиий ресурслардан оқилона фойдаланмаслик табиий мувозанатнинг издан чиқишига, ижтимоий муаммоларнинг янада чуқурлашувига олиб келмоқда. Шундай ҳудудлар қаторига Ўрта Осиё мамлакатларини ҳам киритиш мумкин. Айниқса, минтақанинг Оролбўйи қисмида ҳамда тоғ-кон, металлургия, кимё саноати тараққий этган ҳудудларида экологик шароит мураккаблигича қолмоқда. Экстраарид чўл шароити эса аҳоли турмушига маълум даражада қийинчилик туғдириши билан бирга, бу ердаги табиий муҳит компонентлари инсон таъсирида кучли таназзулга учрамоқда. Орол денгизи атрофидаги радиуси 500 километр масофага чўзилган ҳудудлар жаҳон ҳамжамияти томонидан «екологик фожиа ҳудуди» деб эътироф этилган.
Маълумки, бир пайтлар Орол денгизи катталиги жиҳатидан дунёда тўртинчи ўринда турар эди. Бугун эса унинг ҳажми қарийб 13 баробарга, майдони 4,2 баробардан зиёдроққа қисқарди. Сув сатҳи эса 29 метрга пасайиб, қирғоқлари юзлаб километрга чекинди ва ҳозирда иккита кичик кўлдан иборат бўлиб қолди. Эндиликда денгиз қирғоқдан тобора чекиниб, экологик вазият янада кескинлашмоқда. Бу ердан кўтарилаётган бўронлар оқими юзлаб километрларга миллион-миллион тонна қум ва тузни ўзи билан олиб кетиб, атроф-муҳитга жиддий зарар етказмоқда.
Шунингдек, Тожикистон ҳукуматининг Вахш дарёсини баланд тўғон билан тўсиб, Роғун ГEСи лойиҳасини амалга оширишни бошлагани, Қирғизистоннинг Норин дарёси ўзанига Қамбар ота ГEСини қуришни амалга ошираётгани қўшни давлатлар, жумладан, Ўзбекистон халқи ва жаҳон жамоатчилигини хавотирга солаётир. Қолаверса, «Тожикистон алюминий компанияси» давлат унитар корхонаси (собиқ Тожикистон алюминий заводи) томонидан атмосферага чиқарилаётган ифлослантирувчи моддалар, айниқса, фторли водород Сурхондарё вилоятининг қарийб 570 минг аҳоли яшайдиган Сариосиё, Узун, Денов ва Олтинсой туманларига салбий таъсир кўрсатишда давом этмоқда.
Бугунги кунда дунёда кечаётган глобаллашув жараёнлари натижасида пайдо бўлаётган глобал, минтақавий ва миллий экологик хавфлардан давлатни, жамиятни ва шахсни ҳимоя қилишга йўналтирилган миллий стратегияни шакллантириш ҳамда бу хавфларнинг ечимини топиш учун атроф-муҳит ва аҳоли саломатлиги муҳофазаси бўйича қонунчиликни янада такомиллаштиришга қаратилган тизимли ишлар давом эттирилиши зарур. Шундан келиб чиқиб, бугунги кунда Юртбошимиз томонидан олға сурилган Консепсияда белгилаб берилган Ўзбекистон Республикасининг “Eкологик назорат тўғрисида”ги қонуни лойиҳаси ишлаб чиқилди. Бундан ташқари, Қонунчилик палатасидаги “Адолат” сотсиал-демократик партияси фраксияси билан бирга “Қайта тикланувчи энергия тўғрисида”ги, Экоҳаракат депутатлари гуруҳи томонидан “Ўсимлик дунёсини муҳофаза қилиш, ундан фойдаланиш ва қайта тиклаш тўғрисида”ги қонунлар лойиҳалари тайёрланди.
Бугун ёш авлоднинг таълим олишида аждодларимиз меросига таянган ҳолда экологик таълим соҳасини ислоҳ қилишга алоҳида эътибор қаратишимиз керак. Зеро, аҳолининг экологик маданиятини ошириш, айниқса, ёшлар ўртасида экологик таълим-тарбияни кучайтириш, қолаверса, ҳар бир инсонда атроф-муҳитга эҳтиёткорона муносабатда бўлиш ҳиссини шакллантириш муҳим аҳамиятга эга.
Х. Аззамов,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, Экоҳаракат депутатлар гуруҳи аъзоси
“Ҳуррият” газетасидан олинди (2013).