Маҳалладаги бир йиғинда Яҳё ака деган киши билан танишиб, анчагина ҳамсуҳбат бўлиб қолдим. У узоқ вақт “Ўзбекфильм” студиясида, санъат соҳасида, маданият вазирлигида ишлаган экан. Шинаванда суҳбатдошимга анчадан бери ўйлаб юрганим бир саволни бердим: “Қачонлардир бир воқеа ҳақида эшитган эдим. Эмишки, Ҳамза театрида “Отелло” трагедиясини қайтадан қўйиш таклифи тушганида Шукур Бурхонов “Бизда Аброр ака ўрнини босадиган актёр йўқ, шунинг учун бу спектаклни қўйсак, уялиб қоламиз”, деб эътироз билдирибди. Шунда кимдир унга стул улоқтирган экан. Шу гаплар ростми?” Суҳбатдошим: “Ҳа, шундай воқеа бўлган эди, лекин кейинчалик стулни улоқтирган киши Шукур акадан кечирим сўраган”, дея жавоб берди.
“Отелло” спектаклини бизнинг актёрларимиздек маҳорат билан қойилмақом ижро эта оладиган актёрлар гуруҳи балки энди ҳеч қачон бўлмас. Шекспир Отелло ролини бир неча аср олдин айнан Аброр Ҳидоятов учун ёзгандек гўё. Афсуски, Аброр Ҳидоятов иштирокидаги ушбу спектаклни кўриш, неча марта имконият бўлса-да, менга насиб қилмаган. 1956 йили 5 синфда ўқиётган дамларим эди. Бир куни мактабимиз директори раҳматли Ҳикоя опа менга ушбу спектакл учун билет бериб қолдилар. Аммо баъзи сабабларга кўра, ўша куни уйдан чиқолмай, спектаклга боролмаганман…
50-, 60-йилларда талаба ва ўқувчилар орасида бирор кеча ёки байрам тадбири ўтказиладиган бўлса, кўпинча Аброр Ҳидоятовга тақлид қилиб Отелло монологини ва Олим Хўжаевга ўхшатиб Алишер Навоий монологини ижро этиш анъанага айланган эди. Бундай монологларни моҳирона ижро этадиган йигитларимизни ўша пайтларда жуда кўп учратиш мумкин эди. Мен ҳанузгача шундай талантларнинг бир қанчасини биламан.
Албатта, Аброр Ҳидоятов вафотидан сўнг бу ролни ўйнаш қийин эди. Лекин мана ҳозир “Отелло” спектаклидаги бошқа актёрларнинг ҳам бетакрор эканига гувоҳ бўлиб турибмиз. Ким Яго ролини Наби Раҳимовчалик қойиллатиб ўйнай олади? Бу ролни Аброр Ҳидоятов ҳам Наби Раҳимовдек саҳнага олиб чиқолмас эди. Дездемона ролини Сора Эшонтўраева сингари талқин этадиганлар ҳам бошқа учрамади ҳисоб. Бу актриса ўз ўрнида бетакрор эди…
Спектакл иштирокчилари фақат саҳнадаги актёрлардан иборат деган қараш нотўғри тушунча деб биламан. “Отелло” спектаклининг яратилиши нафақат Аброр Ҳидоятов каби актёрлар, балки театр ўриндиқларини тўлдириб ўтирган, ушбу спектаклни қайта-қайта томоша қилиш учун келган ва келишни кўнглига тугиб қўйган томошабинлар билан бевосита боғлиқ эди. Албатта, бош ролни катта маҳорат билан ижро этган Аброр Ҳидоятовдан ажралиш оғир йўқотиш бўлган. Лекин мисли йўқ маҳорат билан ижро этган “Отелло” спектакли мактабини йўқотиш янада қайғулироқ эди. Ушбу мактабнинг давомийлигини сақлаб қолиш чоралари кўрилмагани эса театр тарихида тузатиб бўлмас хато бўлиб қолди.
Фикри ожизимча, зарур чора-тадбирлар кўрилганида Аброр Ҳидоятов каби моҳир актёрларни камолга етказиб, “Отелло” мактабини сақлаб қолиш мумкин эди. Бунинг учун Шукур Бурхоновга қарата отилган стул ўша пайтлар бошқа кимсага қарата улоқтирилиши керак эди. Ана ўшанда стулни ўз вақтида отган кимса минг марта ҳақ бўлар эди. Бу хато боис фақат Аброр Ҳидоятовлардангина эмас, юксак савияли томошабинлардан ҳам жудо бўлдик.
Футбол мухлислари 60-йиллардаги машҳур “Пахтакор” жамоасини яхши эслашади. Албатта, “Пахтакор” жамоаси фақатгина ўн бир ўйинчи эмас, балки ушбу ўйинчилар ҳамда стадионни тўлдириб ўтирувчи футбол ишқибозлари ҳам эди… Афсус, у жамоа авиафалокатга учраб, ҳалок бўлди. Эҳтимол шунинг учун ҳамдир “Пахтакор” ишқибозларини жипслатириб турувчи куч қолмади.
“Отелло” мактабининг сардори вафот этди. Мактабнинг ўзидан эса хато нишонга улоқтирилган стул қолди…
Аброр Ҳидоятов давридан 30-40 йил ўтгач, ўз саҳнасида “Отелло” спектаклини қўйиш учун Ҳамза театри Москвадан махсус режиссёр чорлаб, тил билмайдиган кишининг имо-ишораларига муҳтож бўлди. Афсус, бу янги спектакл муваффақият қозона олмади. Чунки энди унда нафақатгина Аброр Ҳидоятовни, балки Наби Раҳимов, Сора Эшонтўраева каби актёрлар ўрнини ҳам босиш талаб қилинар эди. Бу борада Шукур Бурхонов минг карра ҳақ эди. Агарда “Отелло” мактаби ўз даврида сақлаб қолинганида борми, бу мактабнинг оддий саҳна ишчиси ҳам Москвадан келган устозга кўп нарсалардан сабоқ берган бўларди. Чунки кучли мактабда кучсиз одамлар бўлмайди. Кучли мактабларнинг ўз анъаналари бўлади. Кучли мактаб бўлмаса, Аброр Ҳидоятов ҳам ҳеч нарсанинг уддасидан чиқа олмаган бўлур эди.
Яҳё ака билан суҳбатимиз асноси иккимиз бир фикрга келдик. Олдингдан оққан сувнинг қадри йўқ. От босмаган изларни тойлар босади. Лекин тойларга ҳам вақтида эътибор берилмоғи лозим. Бу ҳақиқатни ҳеч қачон унутмаслигимиз керак…
“7 иқлим” газетаси