Абдулла Қодирий ўзининг икки буюк асарини халқимизга тақдим этиш билан нафақат ўзбек романчилигини бошлаб берди, балки уларнинг жаҳон адабиёти дурдоналарига айланишига эришиб, миллатимизнинг кейинги замон зиёлилари ҳам ҳеч кимдан кам эмаслигини исботлади.
Абдулла Қодирий 1928 йили татар физик олими Абдулла Шуносийнинг “Физика” китобини ўзбекчага таржима қилганини кўплар билмаса керак. Буюк адиб таржимонлик фаолиятининг бошидаёқ “Физика” китобини ўзбекчага ўгиришга эътибор қаратгани кишини ҳайратга солади. Бу бежиз эмас. Негаки, ўтган аср бошларида физика фани буюк кашфиётлари билан инсоният тараққиётига хизмат қила бошлади. Европа олимлари дадил ва илдам, гуё кимўзарга талашиб-тортишгандек кашфиётлар қила бошлашди. Таассуф, ўша йиллари ўзбек халқи фарзандларидан бирор-бир кўзга кўринарли физик олим етишиб чиқиши ёхуд унинг ўрганса бўладиган мактаби тўғрисида айта олмаймиз. Ишончим комилки, Абдулла Қодирийни бу муаммо ўйлантирган. Қалбида маънавий бир ғалаён қўзгалиб, “Физика” китобини ўзбек тилига таржима қилишга бел боғлаган бўлса керак. Бу билан у моддий бойлик яратишнинг асосий замини табиий фанлар эканини ҳисобга олган кўринади. Ўша йилларда барча илғор зиёлилар оғзидан тушмай қолган физика фанининг тараққиёти миллатимизни олдинги сафларда кўришни орзу қилган адибни таржимани ўз зиммасига олишига илҳомлантирган. Эзгу саъй-ҳаракатнинг самараси сифатида Убай Орипов, Содиқ Азимов, Тошмуҳаммад Қориниёзий, Ҳабиб А6дуллаев, Тошмуҳаммад Саримсоқов, Тошмуҳаммад Ўразбоев, Саъди Сирожиддинов, Восил Қобулов ва бошқалар ўтган асрнинг 30-50 йиллари замонавий фан изланишлари томон дадил қадам қўя бошлашди. Улар академиклик даражасига етишиб, кўплаб шогирдлар тайёрлашди ва биз кимларнинг авлодлари эканимизни исботлашди.
Ёшларда табиий фанларга муҳаббат уйготишда фантаст ёзувчиларнинг ўрни беқиёс эканини Абдулла Қодирий яхши ҳис қилган. “Физика” китобини ўзбекчага таржима қилиш натижасида фан бўйича табиатнинг олтин қонунларини иложи борича ўзлаштиришни ҳамда шу орқали ўша даврларда инсоният эришаётган буюк кашфиётларни туб-тубигача тушунишни, ўзи ҳам фантастикага оид асарлар яратиб, ёшларга тақдим этишни назарда тутган бўлса, не ажаб.
Муҳими, Абдулла Қодирий бошлаб берган бу хайрли жараённи кейинчалик кўпгина олимларимиз давом эттиришиб, физикага оид китобларни ўзбек тилига таржима қилишди. Бунда айниқса Ўзбекистон Миллий университетининг кафедра мудири, марҳум доцент Эргаш Назировнинг ишлари таҳсинга сазовордир. Физика соҳасида бугун ўз ўрнимиз, мавқеимиз бор. Соҳада олимларимиз томонидан кўплаб янгиликлар, ихтиролар амалга оширилмоқда. Шулар ҳақида ўйлаганда, буюк адибимизга нисбатан юракда чексиз миннатдорлик ҳислари жўш уради.
“Ватанпарвар” газетаси, 2008 йил 14 ноябр