Истаймизми-йўқми, бозор адабиёти ҳам пайдо бўлди. Саёз, енгил-елпи асарлар қайта-қайта нашр этилиб турибди. Адабий танқидчилик эса уларга вақтида баҳо бермай сукут сақламоқда. Лекин бугун анча-мунча урф бўлаётган бозор адабиёти билан ишбилармонлик, тадбиркорлик орасида катта фарқ бор. Бу хусусда жиддий ўйлаб юрганимда бирдан омадим чопиб қолди. Навоий кўчасидаги расталардан бирида ҳажми 25 босма табоқдан ортиқ катта китобга кўзим тушиб қолди. Номи «Спитамен»! Муллифи Қамар Амон. Сўзбоши муллифи Омон Мухтор. Китобни шу заҳотиёқ сотиб олдим ва йўлдаёқ ўқий бошладим. Ўқиганим сари ҳайратим ошгандан ошиб борди.
Қамар Амоннинг бу улкан романи олис ўтмишда яшаган ва юртимиз озодлиги учун мардона курашган Спитамен жасоратларини ҳикоя қилишга бағишланган. Қутлуғ мавзу! Халқимизнинг ботир фарзанди, озодлик курашчиси Спитамен ҳақида кўп ва яхши асарлар ёзиш ижод аҳлининг шарафли бурчидир. Шу маънода Қамар Амоннинг журъатини маъқуллаш лозим.
Аммо ҳаёт бошқа, хаёл бошқа деганларидек, романда бу яхши ният оддий ҳаваскорлик даражасида чала-чулпа бажарилади. Муаллифнинг тасвир услуби ҳам, тили ҳам жуда жўн, айтиш мумкинки, ўта примитив даражада. Нима бўпти, фикрини содда, тушунарли қилиб айтса етарли эмасми, дейиш ҳам мумкин. Аммо ёзувчиликдаги ҳамма сир-синоат айни шу нуқтадан бошланади. Ёзувчи, шубҳасиз, истеъдодли, юксак билимли, дидли бўлиши керак. Бу ижодкорнинг биринчи фазилати, толмас қаноти. Қанот эса жуфт бўлади. Хўш, ёзувчининг иккинчи қаноти нима? Бу — унинг тили, маҳорати. Моҳир ёзувчи тузган жумлалар ипга тизилган олмос доналари каби жилоланиб туриши керак. Бунга эришиш эса, жуда оғир иш, заҳматли меҳнат. Шунинг учун ҳам шоҳ асарлар ҳафтада, ойда эмас, балки йиллар давомида яратилади.
Қамар Амоннинг «Спитамен» романи, аввало тил, услуб, тасвир маданияти жиҳатидан оқсайди. У бундан икки ярим минг йил илгариги ҳаётни, одамларни тасвирлаётганини деярли унутиб қўяди, оқибатда муаллиф нутқи ҳам, қаҳрамонлар тили ҳам бугунги иборалар билан қоришиб кетган. Масалан, «извош», «кучер», «флейта», «командировка», «маркитант», «конфронтация», «децинация» (қуръа ташлаб ўн кишидан бирини қатл этиш. Хайрият, муаллиф бу сўзга изоҳ бериб ўтган — О.А.), «тост» (қадаҳ сўзи), «алькогол», «почта» сингари кўп атамалар тилимизга ХIХ асрнинг сўнгги чораги — ХХ асрда кириб келганини ҳамма билади. Қамар Амон романида эса, Спитамен давридаги одамлар бу сўзларни бемалол ишлатаверадилар. Энг оддий ҳақиқатни — ҳаёт мантиғини, давр руҳини бузиш сохталикка олиб боришини ёзувчимиз хаёлига келтирмайди ҳам. Масалан, у шундай ёзади: «Хўш, сен ўсганда (катта бўлганда демоқчи — О.А.) ким бўласан? — сўрадилар улар. Қандайдир бошлиқнинг ўринбосарими? Ёки извош ҳайдовчи кўчирими?» (39-бет). Тўғри, у даврда ҳам арава турмушда кенг қўлланган, аммо қадимги туркий халқларнинг турмушини тасвирлаганда уларни «извош»га миндириб, «кучер»га ҳайдатиб қўйиш инсофдан эмас. «Кўпчилик тост айтди, ҳамма ичди» (240-бет), деб ёзади ёзувчи. Борингки, қадимги Сўғдиёнада ҳам қадаҳ сўзлари айтиб, май ичиш расм бўлгандир. Юнон тарихчилари саклардаги «хаома» ичимлиги ҳақида беҳуда ёзишмаган бўлса керак. Аммо «тост» айтиш — буниси энди куракда турмайдиган гап.
«Меламед қичқирди. Бақтрияликлар завқланиб кишнадилар» (417-бет). Муҳтарам муаллиф наҳотки ким кулиб, нима кишнашини билмаса?!
Спитаменнинг романда тасвирланган ишқий саргузаштлари бугунги европача тарбия кўрган ёш-ялангларнинг саргузаштларидан қолишмайди. У қўмондоннинг қизи Зарани (Я.Илёсов асарида Заро) ёқтириб қолади, ҳеч тортинмай унинг уйига меҳмонга боради. Қизда ҳам зиғирча ҳаё деган тушунча йўқ. «Зара титраётган овозида Спитамага хонанинг қоронғироқ бурчагига ўтишни таклиф этди… эшик ёпилиши билан бу гўзал, танноз Зара чаққонлик билан орқасига бурилиб, уни қучоқлади… У нозланиб, севгилисига табассум қилди, кейин секингина ечинди (!) ва … Спитаманинг иссиқ бағрида ҳиқиллаб титрай бошлади» (56-57-бетлар).
Романнинг нуқсонлари фақат шулардан иборат бўлганда, таклиф ва истакларимизни билдириб, мақолани мана шу ерда якунлаб қўя қолар эдик. Афсуски, асосий гап энди бошланади.
Қамар Амон ҳайиқмасдан кўчирмакашликка қўл урган. У Василий Ян ва Явдат Илёсовнинг Спитамен образи яратилган романларида тасвирланган воқеаларни «ижодий» ўзлаштиради, номларни бироз ўзгартиради, жумла ва диалогларни ўзича тарошлайди. 1993 йили Самарқанд шаҳридаги «Сўғдиёна» нашриётида 100 000 нусхада тарихий повест сифатида рус тилида босилган бу асар тезда тарқалиб кетади. Бу нашр хусусида бирон бир адабиётшунос ёки адабий танқидчи фикр билдирганидан хабаримиз йўқ. Узоқ давом этган мана шу сукут ёзувчимизни илҳомлантирган бўлса керак, энди у «повест»ни «роман»га айлантириб, уни ўқувчиларга ўзбек тилида тақдим этади. «Асар»ни унинг ўзи ўзбекчалаштирганми ёки бу ишга бошқа бировни жалб этганми — буниси бизга қоронғи, аммо юқорида айтиб ўтганимиздек, асар тили ниҳоятда ғализ, адабий ва жонли тил жозибасидан йироқ.
Асосий даъвомизга қайтайлик. Ёзувчининг кўчирмачилиги китобнинг 27-бетидан бошланади. У Василий Яннинг қайта-қайта босилган «Огни на курганах» (М.: «Советский писатель», 1985) романининг 144 — 145-бетидан салкам икки саҳифалик парчани дастлаб ўз повестида тўла ўзлаштиради. Қиёслаб кўрайлик: В.Ян мазкур асарнинг «Китайский летописец» бобида Хитой сайёҳи Цен Цзининг қадимги Сўғдиёна ҳақида ёзган мактубини келтиради: «Продолжаю мое письмо о той стране, куда направили меня добрые духи. Страна называется Кангюй. Она защищена горами и пустынями от вторжения других народов и многие годы живёт в счастье и спокойствии, не испытивая бедствий войны.
Это страна Кангюй лежит на большом пути из страны «Небесного спокойствия» к Западному морю. Богатые караваны с разлычными товарами беспрерывно проходят в разных направлениях через эту страну. Как эта радует взор!»… Мактубни тўла келтириш шарт эмас. Бу анчагина узун мактуб Қамар Амон китобининг русча нашрида (36 — 37-бетлар) айнан келтирилади. Фақат «Кангюй» сўзидан кейин «Согдиана» атамаси қавс ичида берилади. Ўзбекчада эса муаллиф матнга «ижодий» ёндашади. «Кангюй» атамасини умуман ишлатмасдан «Сўғдиёна», «Сўғд мамлакати», «Бахтли сўғдиёна» каби номларни ишлатади. Ҳолбуки, Кангюй Сўғдиёна, Бақтрия, Шош каби маълум бир вилоятни эмас, балки ҳозирги Марказий Осиё ҳудудида ҳукмронлик қилган улкан салтанат номини англатади. Ва яна: В.Ян асаридаги мактубда тилга олинган афсонавий «само тулпор»лари Қамар Амон китобида «сомонучар (?!)»га айланган…
Хуллас, гапнинг индаллосини айтганда, Қамар Амон Спитамен ҳақида ўзидан олдин эълон қилинган ҳар икки роман матнидан узиб-узиб олиб ўқувчига бемалол ўз фикридай тақдим қилаверади, В.Ян, Я.Илёсов асарларидаги қаҳрамонлар номини ўзгартиради, айрим ўринларга сал «ишлов» беради, баъзи парчаларни ихчамлаштириб, бир-бирига «едириб» юборади. Чунончи: Қамар Амон ўз «ижоди»ни Я.Илёсовнинг «Сўғдиёна» асари дастлабки саҳифасини (5-бет) сал ўзгартириб кўчиришдан бошлайди (1993 йилги нашрда 186-бет, янги нашрда 166-бет). Ундан кейин зироатчи деҳқон Варрес (Я.Илёсов асарида Феаген, 9-бет) саргузаштларини таништириш бошланади. У ишсиз қолган, оч-яланғоч, омади юришмасдан озгина ерини сотиб, зўрға қарздан қутулади ва иш излаб Пирей шаҳрига келиб, сарсон-саргардонликда кун кечиради. (Қўлимизда «Сўғдиёна»нинг русча нашри бўлмагани учун Маъруф Жалил таржима қилган ўзбекча нашридан (Тошкент, 1981) фойдаланамиз). Бу деҳқоннинг бошига тушган барча азоб-уқубатлар Я.Илёсовнинг асарида (9-, 21-, 25-29 ва ҳоказо бетларда) анча кенг тасвирланган. Феаген Қамар Амон китобида Варресга айланади ва унинг саргузаштлари 222 — 228, 242 — 245, 248 — 251 ва ҳоказо бетларда сал ўзгартирилган ҳолда келтирилади. Қиёслаб кўринг.
«Сўғдиёна»да: «Феаген ўзига келди ва ҳайрон бўлди. Унинг қўлидаги нон қаердан келди? Марафонлик ғамгин минғирлади:
— Олмоқчи эмасдим…
— Алмоқчи емасдим?..
Скиф қамчисини силкитди. Феаген устига шундай куч билан қамчи тушдики, унинг елкаси оловдан қиздирилган темир чивиқ босилгандай жазиллаб кетди. Қўлидаги нон тушиб кетди, ўзи эса раста олдига чўзилиб қолди.
— Олмоқчи эмасдим?
— Алмоқчи емасдим?
Назоратчи бахтсиз марафонликнинг ёқасидан ушлади-да, бостирмадан нарига итқитиб ташлади:
— Йўқол!..
…Пирейда Феагенга нон йўқ. Яхшиси, Афинага, бозор майдонига боради, балки у ерда бирор кимса бечора дайдига шафқат қилар. Тўғри, Афинага қарийб етмиш беш стадий, бу масофани босиб ўтиш керак, бўлмаса Феаген бугун оламдан ўтади (11-бет)».
Қамар Амон асарида: «Марафонлик ўзига келди ва ҳайратланди. Бу нон унинг қўлига қандай тушди? Варрес ҳасрат билан тўнғиллади:
— Ўғирламоқчи эмасдим…
— Ўғирламоқчи эмасдинг?! Аммо ўғирладинг!
Назоратчи қамчисини айлантириб, бечорани шундай қаттиқ урдики, унинг қўлларидан нон учиб кетиб, ўзи пештахта олдида шалпиллаб йиқилди.
— Хоҳламасдим!
— Ўғри!
Назоратчи скиф очликдан ҳолсизланган марафонликнинг ёқасидан олди ва омборхона шийпони остида кўча томонга улоқтириб ташлади.
— Йўқол бу ердан!
Кўчага улоқтириб ташланган Варрес анча вақт нафасини ростлай олмади. Ниҳоят, у қаддини ростлади ва зўрға дарвоза томон борди. Варрес учун Пирейда нон йўқ. Яхшиси, Афинага, бозор майдонига бориш керак, балки у ерда бирор кишининг бечорага раҳми келар? Тўғри, Афинага етмиш стадия… йўл юриш керак, лекин начора? Марафонликнинг бунча йўл юришга кучи етадими ёки очликдан йўлда ўладими?» (224-бет).
Бу икки парчани қиёслашнинг ўзиёқ етарли. Қамар Амон ўз «асари»нинг 280—287, 289—296, 312—331, 343—344, 345, 357, 430—437 ва бошқа кўплаб бетларини «Сўғдиёна»дан ўзлаштирган. Ҳатто асар хотимаси ҳам Я.Илёсов романи якунига ўхшаб қолган (сал ўзгартириб олган, албатта).
Қамар Амон машҳур ёзувчи В.Яннинг «Қўрғон узра гулханлар» романидан ҳам анча-мунча саҳифаларни ўзлаштиргани ҳақида юқорида айтдик. Ҳозир уларни ҳижжалаб таҳлил қилиб ўтиришга ҳожат йўқ. Яннинг китобларини ҳурматли ўқувчилар қийналмасдан топиб олишига ишонамиз. Фақат бетларини айтиб ўтаман. Қамар Амоннинг ўзбекчалаштирилган асаридаги 491—496, 500—501, 512—514-бетларни «Қўрғон узра гулханлар» романининг 261—266, 269—270, 272—274-бетлари билан қиёслаб кўрсангиз кифоя қилади.
Асарнинг энг таъсирли нуқтаси — Спитамен бошини Искандарга тақдим этиш лавҳаси айнан В.Ян романидан кўчириб олинган. Сабаби, бундай юракни жизиллатиб юборадиган бошқа бир тасвирни ўйлаб топиш осон эмас-да!
Афсус билан таъкидлаймизки, Қамар Амон ўз меҳнати, саъй-ҳаракати билан мустақил ижод йўлидан борганида, ҳар қалай, ўртамиёна бўлса ҳам, бошқалардан кўчирилмаган бир асар юзага келарди.
Муҳтарам Президентимизнинг «Адабиётга эътибор — маънавиятга, келажакка эътибор» рисоласида адабиёт олдида, ёзувчилар олдида турган бугунги долзарб вазифалар аниқ ва лўнда белгилаб берилган. Рисолани ўқиган ҳар қандай киши ёзувчилар зиммасига нақадар юксак масъулият юкланганини дил-дилдан ҳис қилади. «Менинг фикримча, — деб таъкидлайди Юртбошимиз, — ёзувчилик бу оддий касб эмас, худо берган истеъдоддир. Бу қисмат, пешонага ёзилган тақдир. Бу касбга ҳеч қаерда ўқитиб, ўргатиб бўлмайди. Ёзувчиликнинг мактаби ҳам, дорилфунуни ҳам битта. У ҳам бўлса, бир умр ҳаётнинг ичида бўлиш, ўз халқи билан ҳамдарду ҳамнафас бўлиб яшаш, ҳақиқат ва адолатга садоқат билан хизмат қилишдир». Бу самимий сўзлар ҳар бир ижод аҳлининг қалбидан чуқур жой олиши, унинг ижодий дастурига айланиши керак.
«Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетасининг 2009 йил 39-сонидан олинди.