Қўшиқ ихлосмандлари орасидан “Манам Мажнуни ишқ, дўстларки, бир Лайлони изларман, Жамоли гул, сочи сунбул, кўзи шаҳлони изларман”, деб бошланувчи машҳур ашулани эшитмаган, тинглаб роҳат қилмаган мухлисни топиш қийин бўлса керак. “Бизни ташлаб қайга кетди ул қаро қошим менинг, Термулиб йўлида кўздин оқадур ёшим менинг” ёки “Эй дилбари жононим, кўп нозу итоб этма, Юз жабру жафо бирлан ҳолимни хароб этма…” Бу дилбар қўшиқларнинг сўзлари ҳам кўпчилигимизга ёд бўлиб кетган.
Энди мана бу сатрларга эътибор беринг:
Илмсизликдан бўлур бўлса қаю миллат хароб,
Илмсизликдан келур миллатга келса ҳар азоб,
Илмсизликдан қилур чўх ғайрилар бизга итоб,
Илмсизликдан эрур тўти уйи жойи ғуроб,
Эй мусулмонлар, бизим сиздан бу одат истариз,
Илм учун жаҳду жадал қилмоқ давомат истариз.
Барча миллат ичра бизлар илм учун муҳтожмиз,
Илмсизликдан мудом музтар ўлуб, қаллочмиз,
Тўйдилар бегоналар илм ила, бизлар очмиз,
Илм боғида ҳама булбул эса, қашқочмиз,
Эй мусулмонлар, бизим сиздан бу одат истариз,
Илм учун жаҳду жадал қилмоқ давомат истариз…
Юқоридаги қўшиқлар ва ушбу жасоратли мисралар муаллифи кимлигини биласизми? ХХ аср бошларида “Илмсизлик миллатни охир-оқибат хароб қилади, эл-юрт бошига неки азоб, неки хароблик келса, билингки, бу — илмсизлик оқибатидир. Бошқалар илм булоғидан баҳраманд бўлиб, тўйиб турганларида, биз оч-яланғоч ўтирибмиз. Бас, биз ҳам илм олишга жаҳду жадал қилайлик, илм боғида булбулдек сайрайлик. Чойхонаю майхонани макон айлаб, ёнбошлаб ётавермайлик. Олиму фозиллар боис дину миллат обод бўлғай”, дея ўз ватандошларини илм зиёсига даъват этаётган шоир ким бўлди экан?
Неча йиллардан бери ҳофизларимизнинг тилидан тушмай келаётган, мумтоз қўшиқчилик санъатимизнинг нодир дурдоналари бўлмиш юқоридаги қўшиқлар ХIХ аср охири — ХХ аср бошларида Тошкентда шаклланган адабий муҳитнинг Сидқий Хондайлиқий, Камий, Тавалло, Хислат каби вакилларидан бири Мискин қаламига мансублигини билар эдим. Аммо “Академия” нашриётида чоп этилган мўъжазгина “Савти дугоҳ” номли тўпламни ўқиб, миллатдошларининг илмсизлигидан кўнгли чўкиб, таъсирчан сатрлар битган даъватчи-шоир ҳам айни шу Мискин домла эканини билиб олдим (Тузувчи Дилфуза Қўшоқова, сўзбоши муаллифи Наим Каримов, нашр учун масъул Б.Умаров).
Мискин домла тўғрисида, таассуфки, жуда кам биламиз. Тўпламда адабиётшунос олим Наим Каримов келтирган маълумотлар қуйидагича: “ХХ аср бошларида Мискин тахаллуси билан машҳур бўлган, сўлим ғазалларига басталанган ашулалар тўй-ҳашамларни безаган шоир 1880 йили Тошкент шаҳрининг Чорсу маҳалласида дунёга келган. Унинг асл исми Ғуломхалил Тошмуҳаммад ўғли бўлса-да, чап оёғида қўш бармоқ бўлганлиги учун Мулла Қўшоқ номи билан кўпроқ машҳур бўлган. Таниқли адабиётшунос ва тазкирашунос Пўлатжон Қайюмий домланинг “Тазкирайи Қайюмий” асарида Мискиннинг ҳаёти ва ижоди тўғрисида бундай мухтасар маълумотлар берилади: “Бу киши Тошканд шаҳридандур. Номи Мулла Қўшоқ бўлуб, Тошмуҳаммад ўғлидур. 1880 йилда темирчи-косиб оиласида дунёга келмишдур. 12 ёшинда отаси вафот этиб етим қоладур. Уста Ҳошим номли нонвой амакининг тарбиясинда қолмишдур… Адабиётга ҳаваси зиёда эди. Тошканд шоирларига эргашиб бошлаб сал вақтда шуҳратли шоир бўлуб танилди. Машҳур мулла Тўйчи ҳофиз оғзидан Мискиннинг ғазаллари эшитила бошлади. 1914 йилда чиқарган ёзма баёзларда ашъор кўрулди. Ҳўқанд шаҳрида бир кўча Мискиннинг номида эди. Инқилобдан кейин шоирнинг адабий фаолияти яна зиёдалашди. Ниҳоят, шоир 1937 йилда вафот этган (57 ёшинда)”.
Мулла Қўшоқнинг болаликдаги дўсти Рихситилла бобо ўтган асрнинг олтмишинчи йилларида суҳбатдоши Зуҳра Толиповага шоир ҳақидаги хотираларини қуйидагича сўзлаб берган экан: “Девонбеги маҳалласида яшовчи камбағал меҳнаткаш Ҳошим новвой ўн-ўн тўрт ёшлик Қўшоқжонни асраб олиб тарбиялади. Қоратўридан келган, паст бўйли, каттароқ думалоқ бошли Қўшоқжон билан мен дўст-аҳил бўлиб олдик. Иккимиз бир кўчада яшадик. Ҳошим ота жуда саҳий, камтарин киши бўлиб, ўғли Қўшоқни ҳам тўғри ва ростгўй қилиб тарбиялашга интилди. Зеҳндор Қўшоқ отаси кутганидек, меҳнаткаш, ҳаракатчан, тиришқоқ бўлиб тарбия топди. Ҳошим ота ўғлининг ўқимишли бўлиши учун қайғурди ва уни эски мактабларда, мадрасаларда ўқитди. Қўшоқжон ҳам меҳнат қилди, ҳам ўқуб илмли бўлди…”.
“Савти дугоҳ”да Мискиннинг эларо машҳур ашулалари билан бирга кўпчиликка ҳануз маълум бўлмаган кўплаб ғазал ва мухаммаслари, шоир ҳаётига доир янги маълумотлар келтирилади. Улар ичидаги икки ҳолат диққатимни тортди. Биринчиси — ушбу тўплам шоир Мискиннинг илк китобчаси экан. Тенгдошимиз Абдулла Турдиев “Мен китоби чиқмаган шоир…”, деб шеър ёзиб юриб, биринчи китобини кўрмай оламдан ўтиб кетди. Қарангки, китобини кўриш “Тошкент ироғи”дай қўшиқ муаллифига ҳам насиб қилмаган экан. Иккинчиси — шоир умрининг сўнгги йилларини тўшакка михланиб, оғир бетобликда, муҳтожликда ўтказган.
Тўпламга Муҳаммаджон Қўшоқовнинг “Отам ҳақида” деб номланган ғоят қисқа хотираси ҳам киритилган. “Отам хаста ётганларида мен учинчи синфда ўқир эдим, — деб ёзади Муҳаммаджон ака. — Қўшнимиз болаларига эргашиб, олдинроқ машқ қилганим туфайли ҳарфларни танир ва китобни ҳижжалай олардим. Мактабда яхши таҳсил олаётганимдан отам жуда севинар эдилар. Кейинчалик айрим шеърларини менга айтиб туриб ёздирадиган бўлдилар… Хатни зеҳн қўйиб ёзаётганимни кўриб, онамга шундай деганлари эсимда:
— Мана, ўғлимиз ҳам хат ёзадиган бўлиб қолди. Юрагимдаги ғазалларни ўлим олиб кетолмайди энди. Айтиб туриб ёздираман…”.
Энди айтмасам бўлмас — бу жажжи китобчага алоҳида эътибор қилаётганимнинг боиси бор. Ўтган асрнинг етмишинчи йиллари мен республика ёшлар газетаси (ҳозирги “Туркистон”)да ишлаганман. Муҳаммаджон Қўшоқов деган киши қишлоқ хўжалиги бўлимини бошқарарди. Мирзакарим Пирматов, Жаббор Раззоқов, Сафар Остонов, мен ва яна бошқа кўплаб тенгдошларимиз у кишидан мақола ёзишни, ахборотни қандай бошлаб, қандай тугатишни, сарлавҳа қўйишни, муаллифларнинг қўлёзмаларини таҳрир қилишни ўрганганмиз. Муҳаммаджон ака ишга ҳаммадан аввал келар, ёнида ҳамиша қоғоз-қалам бўлиб, стулга чўкканича, бир нималарни қоралаб ўтирарди. Мажлисларда тиззасига қўлини қўйиб, нималарнидир қоғозга тушириш у кишининг одати эди. Болаларга атаб ёзган шеърлари матбуотда кўриниб турарди. Баъзилари қўшиқ бўлгани ёдимда.
У пайтлари газетада илғор пахтакор, чорвадор, чўпон ёки механизаторнинг чиқишини уюштириш, аниқроқ айтадиган бўлсак, ўзинг кўрмаган, билмаган одамлар номидан мақола ёзиш, кеча кечқурун бўлиб ўтган фирқа қурултойидаги узундан-узоқ расмий маърузани қўллаб-қувватловчи “отклик” тайёрлаш жуда авж олганди. Бу борада чаққон ҳаракат қилмасангиз номингиз ёмонотлиққа чиқарди. Газетанинг ички қўш саҳифасига умумий сарлавҳа, яъни “шапка” топишга келганда Муҳаммаджон ака жонимизга оро кирарди. “Дала шийпони — деҳқоннинг иккинчи уйи”, “Қишлоқда яшайсанми — техникани эгалла”, “Маккажўхори — дала маликаси”, “Пахтазорим — номус-орим”, “Ҳунар ҳунардан унар”, “Ўқиш бошқа, уқиш бошқа”, “Касбим — фахрим” — хотирамда қолган шу ва бошқа кўплаб “шапка”, рукн, авваллари ишлатилмаган ғаройиб сарлавҳаларнинг муаллифи Муҳаммаджон ака эди. Бу борада у кишига ҳавасимиз келарди.
Кейинроқ бир сабаб билан у киши машҳур шоир Мискиннинг ўғли эканлигини билиб олдик. Шундай инсон билан бир таҳририятда ишлаётган эканмиз-а! Аммо Муҳаммаджон ака отаси тўғрисида деярли гапирмасди, гап очилиб қолса ҳам, фикрини қисқа-қисқа баён қиларди, холос. Ахир, “Отам шоир бўлганлар, “Тошкент ироғи” шу кишининг қўшиғи, эшитинглар, мана бу сатрлар ҳам отамники:
Барча анвойи ҳунарни(нг) пешвоси илм эрур,
Тўғри йўлга бошламоқнинг раҳнамоси илм эрур,
Зуҳду тақво борининг мунтахоси илм эрур,
Бу жаҳолат зулматин нуру зиёси илм эрур.
Зийнати миллат ажамдан то араб мактаб эрур,
Кўз очинг атрофи оламга, талаб мактаб эрур.
дейиши, қўшиқ бўлган латиф ғазалларидан ўқиб бериши мумкин эди-ку! Йўқ, у киши сира бундай қилмасди. Бир гал: “Отангиз ёзган ғазаллар сақланиб қолганми?”, деган саволимизга ҳам қисқагина қилиб: “Бир-иккита қўлёзма қолган холос, бошқалари йўқолиб кетган, мен ёш бўлганман”, деганди. Энди ўйлайман: Муҳаммаджон ака ўшанда оталари қаламига мансуб ғазаллар матнини билмасмиди? Биларди, бир-иккитасини эмас, жуда кўпини ёддан ўқий олиши мумкин эди. Аммо ўқимасди. Нега шундай қилганининг сабаби аён — ўтган асрнинг ўттизинчи йиллари эски алифбода ижод қилган, бунинг устига мадрасада сабоқ олган мулла оталар тўғрисида гапириш ҳамиша ҳам яхшиликка олиб келмасди. Шўро тузуми душман топишда эски алифбодан ҳам жуда самарали фойдаланган. Кимнингдир уйидан араб алифбосида ёзилган бирорта китоб чиқиб қолгудек бўлса, у нодир бир асарми, жуғрофия ёки тиббиётга оид қўлланмами, бунисига қарамай, хонадон соҳибларини қаттиқ исканжага олишган. Кўп китоблар ёқиб, кўмиб юборилган. Шу боис, ўғиллар оталари тўғрисида тўлиб-тошиб, фахрланиб гапиришдан ўзларини тийишган. Бу тийилиш шундоқ ҳам кўнгли ярим фарзандлар учун нечоғли оғир бўлганлигини тасаввур қилиш қийин эмас.
Бундай деяётганимнинг боиси — бир куни Муҳаммаджон ака иккаламиз газетага навбатчилик қилаётганимизда бир воқеа юз берди. Кечаси соат бирга яқин газетани саҳифалаб бўлдик. Навбатчига қўл қўйдириш учун Муҳамаджон аканинг хонаси эшигини аста очсам (у йиллари оддий мухбирлар бўлим мудирининг олдига ҳам эшикни тақиллатиб киришарди), у киши стол устида турадиган транзисторни қулоқларига қўйиб, бир нимани тинглаб ўтирган экан. Ўша куни Москвада катта йиғин бўлиб, ўртоқ Брежнев маъруза қилган эди. Ҳаёлим шунга кетди. Хонага қайтиб, мен ҳам транзистор қулоғини бурадим — радио тўлқинларида оқшом концерти бошланиб, “Тошкент ироғи” янграётган экан…
Муҳаммаджон ака камтар, камсуқум, фойдасиз ишларга аралашмайдиган, биров бир нарсани сўрамаса ўзича гап бошламайдиган, дардини ҳуда-беҳуда тўкиб солмайдиган одам эди. Оёқ оғриғи безовта қилиб турарди. Баъзан лифт ишламай қолса, ўн иккинчи қаватга пиёда кўтарилишнинг ўзи бўлмасди. Ўша йилларнинг тамойилига кўра, райижроқўмдан газета жамоасига онда-сонда бирор нима ажратиладиган бўлса, “Мен газетада фалон йилдан бери ишлайман, менга беринглар”, деганларини эшитмаганман.
“Савти дугоҳ”ни мутолаа қилар эканман, Мискин ижодида жадидларнинг таъсири жуда кучли бўлганлигини англадим. Яқинда Ёзувчилар уюшмасида бўлиб ўтган бир йиғинда миллий университетимиз домлаларидан бирининг: “Бугун талабаларимиз хорижий тилларни шаҳд билан ўрганишмоқда, инглиз, француз, немис, испан адабиётидан илмий тадқиқот ишлари ёзишмоқда. Бу, албатта, яхши, аммо уларнинг кўпи ғарб адабиётида кеча ва бугун урф бўлаётган турли оқимларни билгани ҳолда, ўзбек адабиётини яхши билишмайди. Билишга қизиқишмайди ҳам. Бунисига нима деймиз?”, деган афсус-надомати ёдимга тушди. Ўзимизни билмай туриб, ўзгани билишга ҳаракат қилишимиз ўринли эмас. Кечаги куннинг жуда қимматга тушган бу хатосини яна такрорламай, “Илм эрур бешак, билингиз, дардимизнинг чораси”, деб ҳайқирган шоирнинг ижодини чуқур ва атрофлича ўрганишимиз, Юртбошимиз қўйган вазифа — биздан кўра доно, ақлли ва, албатта, бахтли бўлишлари шарт бўлган фарзандларимиз тарбиясида ҳануз ўз аҳамиятини йўқотмаган шоир Мискин даъватидан фойдаланишимиз лозим эмасми?!
Келгуси йили Мискин домла таваллудига 130 йил тўлар экан. Чоққина даврада чинакам мухлислар, қўшиқ шайдолари, ҳофизлар, толиби илмлар тўпланиб, “Тошкент ироғи”ни яна бир бор тингласак, шеърхонлик, ғазалхонлик қилсак, ўтган асрнинг машъум ўттизинчи йилларида миллат ривожини ўйлаган, дардини куйлаган яна бир фидойи ватандошимизни хотирласак арзийдиган сана. Эҳтимол, шу хотира кечаси боис Ҳўқанд шаҳри кўчаларидан бири ўша пайтдаёқ Мискин номи билан аталгани сабабини ҳам билиб олармиз…
«Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетасининг 2009 йил 39-сонидан олинди.