Бир куни Барон Мюнхаузен ботқоққа ботиб колди. Унинг илкис чинқириғидан чангалзорда уймаланиб ётган қушлар галаси “дув” этиб юқорилади. Зах ҳиди анқиган қуюқ лой танасини комига тортар, ботқоқ баронга фақат додлаш имконини берарди, холос.
Барон саросимада қолди. Ҳаётга юмор кўзи билан қарайдиган бу жаноб қутилишга ҳаракат қила бошлади. У ўнг қўлини ботқоқдан чиқариб, сочларини маҳкам ушлади-да, юқорига қараб торта бошлади. Ниҳоят, озодликка эришди. Барон ўзини ўзи қутқарган эди.
Бу — мен кўрган мултфильмлар ичида энг эсда қоларлиси. Аввалига у мактабда, иншодан юқори баҳо олишимга ёрдам берди. Мен ўзимга ўзим халоскорлик қилдим. Кейин эса, мултфильм мазмунини шифохонада ётган бемор дўстимга айтиб бермагунимча бу тўғрида ўйламадим ҳам.
Бемор дўстим мени диққат билан тинглади, аммо ҳеч нарса демади. Каравот узра чўзилган оғир танасини кўрпага буркаб, юзини чойшаб билан беркитди. Унинг бу ҳолати ички бир ғалаён билан курашаётган кишини эслатарди.
Орадан бир ҳафта ўтгач, бемор дўстимни яна йўқладим. Хонасида йўқ. Шифохона боғида юрган экан. Гапимиз узоққа чўзилди. “Оббо, Барон-ей, шунақа гаплар дегин”, дейди у ҳар гапида. Ўшандан бери қаерда касаллик тўғрисида гап бошланса, у ҳамманинг эътиборини менга қаратиб: “Бир сафар қаттиқ бетоб бўлганимда мени шу дўстим тузатган”, деб одамни хижолат қилади. Хуллас, Барон ҳақидаги афсона иккинчи бор коримга яради.
Биз атрофимиздаги кўпгина нарсаларга бир ёқлама кўз билан қарашга ўрганиб қолганмиз. Буни тан олиш қийин, аммо шундай. Битта фикр сиз идрок этмаган иккинчи бир масалага алоқадор бўлиб қолиши ҳеч гап эмас. Худди халқ мақоллари сингари. Уни адабиётшунос ҳам, иқтисодчи, тижоратчи ҳам бемалол ишлатаверади. Масалан, меҳнат қуроли бўлмиш болтани олайлик. Уни фақат ўтин ёришга мўлжалланган асбоб деб ўйлардим. Бир гал ёғочдан ҳайкал ясаётган уста у билан шундай нозик ишларни бажараётганини кўрганимда, болта кўзимга санъат қуроли бўлиб кўринди.
“Абдуллажон” фильми қаҳрамонларидан бири далада кетмон билан ер чопаётган эди. Чарчадими, зерикдими, хуллас, кетмоннинг лойини қоқди-да, унга сакраб миниб, бозорга учиб кетди. Шу дақиқадан бошлаб кетмон меҳнат қуроли вазифасидан бўшаб, транспорт воситасига айланди.
“Алкимёгар” асари қаҳрамони Сантьяго доим ўзи билан қалин муқовали китоб олиб юрарди. Ўқиш учун олиб юрарди десангиз, озроқ янглишасиз. Тўғри, китоб баъзида ўқиларди ҳам. Кўпроқ эса — уйқу келганда ёстиқ ўрнини босарди.
Қишлоғимизда Нафас бобо деган нуроний бор. Ҳамма ишларини ҳассаси билан ҳал қилади. Масалан, ҳассаси билан баландроқ дарахтдан ўрик қоқади. Жаҳли чиқиб кетса, яқиндагина тухумдан чиққан жўжаларини пойлаб юрган очкўз мушукка қараб отади. Кеч кирганда икки табақали ёғоч дарвозасини ёпиб, илмоқларини ҳассаси билан «қулфлайди». Шу тариқа асосан таяниб юриш мақсадида ясалган ҳасса, ҳеч бир қўшимчасиз бошқа юмушларни ҳам бажариб кетаверади.
Ўзимнинг ҳаётимдан ҳам мисоллар келтирай. Қишлоқда бошимга қалпоқ кийиб юрардим. У бошимни офтобдан ҳимоя қилади. Лекин мен ундан бошқа мақсадларда, масалан ёнғоқ, олма теришда, узум узишда ҳам фойдаланардим. Сиз ҳам худди шундай қилган бўлишингиз керак.
Кўряпсизки, мен танлаган мавзу жуда жиддий. Лекин, ишончим комилки, сиз ҳозир менинг кўз билан кўриш, қўл билан ушлаш мумкин бўлган айрим нарсаларнинг иккинчи томони ҳақида мулоҳаза юритаётганимни сезиб турибсиз. Мавзу ниҳоятда давомий ва уни биз ўзимизга одатий бўлиб кўринган жавоблар билан ҳам алмаштиришимиз қийин иш эмас. Мен фикримни маҳкам ушлаб туриш учун айни шароит тақозо қилган бир мақолни келтираман. Масалан, “Етти ўлчаб, бир кес”. Хаёлимда мен бутунлай ҳақман ва мен келтирган мақолни ҳеч ким инкор этмайди. Аммо бу тўғрида ўйлай бошлаганимдаёқ, янглишганим ўзимга ошкор бўлиб қолади. Негаки, мен ҳар қандай тўғри мулоҳазага қарши иккинчи бир фикр ҳам борлигини эътибордан четда қолдирибман. Мана, мен келтирган мақолнинг кушандаси: “Ўйчи ўйлаб ўтиргунча, таваккалчи ишини битиради”. Эътироз билдириб кўринг-чи.
Менда ҳамма бир овоздан тўғри деб қабул қилган ҳар битта қарашга эътироз билдириш истаги йўқ. Аммо ўзим жавоб излаган саволларни яшириб ўтириш ниятим ҳам йўқ. Масалан, бир мавзу ҳақида анчадан бери ўйлаб юраман. Адабиётда “бадиий асар қаҳрамони” деган тушунча бор. Бу қаҳрамон ҳаётдаги реал одамдан кескин фарқ қилади. Ҳаётда катта ва жиддий ишларни амалга ошириб, одамлар меҳрини қозонган кишиларни қаҳрамон деб аташади. Адабиётда эса бундай эмас. Асар қаҳрамони жамиятга тариқча нафи тегмайдиган тепса тебранмас бўлиши ҳам мумкин. Аммо у, барибир, асар қаҳрамони. Хўш, бунга нима дейсиз?
Ҳар гал уйга қайтганимда, ҳамқишлоқлар билан суҳбатлашишга иштиёқим ошади. Қишлоқ умуман бошқача. Одамлар энг мураккаб нарсалар тўғрисида ҳам кўп бош қотириб ўтиришмайди, ҳар қандай муаммонинг соддагина ечимини топа олишади. Масалан, сиз уларга “Дунёнинг фалон жойида одамларнинг қон босими кўтарилиб кетибди”, десангиз, улар кўк чойни мириқиб симиришар экан: “Шунақа де, ҳадеб духтурларни безовта қилмай, вақти-вақти билан кийик ўтидан чой дамлаб ичишсин, айтиб қўй”, дейишади хотиржам.
Яқинда таниш бир киши билан тортишиб қолдим. Мен ундан:
— Виждон қаерда ўзи?,— деб сўрадим.
— Виждон дейсанми, у юракка яқин жойда, — деди у.
— Ундай бўлса, юракнинг безовта бўлгани — виждоннинг қийналгани экан-да? — қайта сўрадим.
— Шундай,— деди у ишонч билан.
Бу — унинг фикри. Менинг фикрим эса бошқачароқ. Назаримда, масаланинг иккинчи томони бўш қолиб кетмоқда. Нега дейсизми, эшитинг.
Нафас бобонинг юрагини операция қилишди. Ўзининг айтишича, юрагининг ярми энди сунъий эмиш. Демак, бобонинг виждони ҳам яримлаб қолибди-да. Лекин чол ўзгаргани йўқ. Ҳар доимгидай, одамларга яхшилик қилиш билан банд. Худди бошқа иш қўлидан келмагандай. Энди айтингчи, виждони бут бўлмаган киши қандай қилиб одамларга яхшилик қилсин. Демак, виждон юракда эмас. Унинг аниқ манзили номаълум. Мен кўпдан бери ўзимнинг шу саволимга жавоб излайман. Атрофимдагилардан, ўзимдан…
«Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетасининг 2011 йил 6-сонидан олинди.