Она ўз боласини меҳр билан қандай етаклаб юрса, Она Тил ҳам бизни, аниқроғи ҳар биримизнинг тафаккуримизни шундай етаклаб юради. Биз дунёни, ҳаётни, борингки, ҳамма нарсанинг моҳиятини унинг ҳиммати билан англаймиз. Тилнинг тириклигини ҳар ким аввало ўз қалбида ҳис этиши керак. Она Тилнинг ҳужайралари сўзлардир. Бу ҳужайралар бизнинг миямиздаги ҳужайраларга маъно ва фаолият бағишлайди. Дейлик, дарахтнинг дарахт эканлигини, дарёнинг дарё, тоғнинг тоғ, осмоннинг осмон, шамолнинг шамол эканлигини, хуллас, ҳар нарсанинг аслини Она Тил воситасида биламиз. Борди-ю, бу Она бизга ҳар нарсанинг аслини ва исмини ўргатмаганида ҳолимиз не кечарди?
Она Тил менга улкан бир юртга ўхшаб кўринади ва бизнинг ҳаммамиз унинг бағрида яшаймиз. У эса бизнинг бағримизда яшайди. Бу баландпарвоз гап эмас. Зеро, ўз тупроғингдамисан, ё Арктиканинг муз тоғларидамисан, қайда бўлма, фикрлаяпсанми, ўйлаяпсанми, демак, сен шу Тил билан бирга яшаяпсан. Сен унинг тириклигини ҳис этасанми, йўқми, барибир, сенинг тириклигинг унинг тириклигидан.
Тўхтамасдан гапирган одам бир минутда юздан ошиқ сўзни ишлатади. Лекин у ўзи фойдаланаётган шунча сўзлардан бирортасини-да чин маънода ҳис этмаслиги ҳам мумкин. Сўзни тушуниш бошқа, сўзни ҳис этиш бошқа. Сўзни ҳис эта олган одамга, ўз сирларини очади. Чунки ҳис этишда фикрни туйғу жонлантириб туради. Сўзни ҳис эта олган одам сўзга ҳис бера олади.
Маҳмуд Кошғарийнинг «Девону луғотит турк» асарини ўқисангиз, ҳар бир сўзнинг ўзи бир мўъжиза эканлигига амин бўласиз. Умуман, сўзнинг туғилиши, яшаши, ўзгариб бориши, бошқа тилларга саёҳати, вақти етганда ўлими, хуллас, сўзнинг умри бизни Она Тилнинг қизиқарли кечмишлари сари бошлайди.
Одам анатомияси бўлгани каби сўзнинг ҳам ўз анатомияси, ўз математикаси бор. Гапни шундан бошласак…
* * *
С+У+В=СУВ
«Ювмоқ» (йувмоқ) феълининг ўзаги «йув». Хўш, бу ўзакнинг ўзи қаердан келиб чиққан? Менимча «йув» феъли «сув» сўзидан келиб чиққан. Одамлар, қариндошлар бир-бирига бекорга ўхшаш бўлмагани каби сўзлар ҳам бир-бирига шунчаки қофиядош ё қариндош бўлиб қолмайди. «Сув» билан «йув» она-бола бўлса ажаб эмас. «Сув»нинг Она Сўз эканлиги аниқ. Ўйлаб кўринг, мантиққа кўра ҳар неки ювилса, сувга ювилган. «Йув» «сув»дан келиб чиққан. Алишер Навоийда «йув»нинг «йуй» шакли ҳам бор. Лекин у замонлар «сув»нинг «су» шакли ҳам бўлган. Қадимги битиктошларда «сув» фақат «сув» шаклида берилган. Менимча, юқорида таъкидланган ўзгаришлар Навоий даврида арабий ва форсий тил таъсирида бўлган бўлиши мумкин.
* * *
С+У+З=СУЗ. «Сузмоқ» феълининг ўзаги «суз» сўзининг пайдо бўлишида ҳам Она Сўз «сув» сўзидир. Буни ҳам мантиқнинг ўзи асослайди. Зеро сузилганда фақат сувда сузилади. «Кўзни сузиш» ибораси ҳам айнан «сувда сузиш» бирикмасидан келиб чиққан.
С+У+Т=СУТ. «Сут» оти ҳам менга «сув» сўзи билан алоқадордай туюлди. Сут ҳам, сув ҳам суюқлик, демак «суюқлик» сўзи ҳам бу сўзларга бегона эмас. Энди қуйидаги шажарани фақат фикрлаб кўриш учун сизларга ҳавола этмоқчимиз. Унда бир-бирига шакл жиҳатдан ҳам, маъно жиҳатдан ҳам яқинлашадиган сўзларни танладик.
* * *
Й+Э+Р=ЙЭР. Дастлаб, менга «юр» ўзак феъли «ер» сўзидан келиб чиққандай туюлди. Чунки, кўпинча феъл пайдо бўлганда биринчи моддий манбани ифодаловчи сўз — илдиз асос бўлганини кузатиш мумкин. «Ер» сўзи эса худди шу моддий асосни ифодалайди. Қолаверса, ҳавода училади, сувда сузилади, ерда эса, юрилади. Бунинг устига икки сўз ҳам бир-бирига жуда уйқаш. Лекин мени учинчи сўз ўйлатиб қўйди. Бу «йўл» сўзи… «Йур» билан «йўл»ни она бола деб айтишга кўп жиҳатдан асос бордай… Ерда юрилади… Йўлда юрилади… Йўл ерда юрилади… Йўл ерда бўлади. Ҳар ҳолда, менимча «ер» сўзи Она Сўзга ўхшайди.
* * *
К+Ў+З=КЎЗ. «Кўрмоқ» феълининг ўзаги — «кўр» «кўз» сўзидан келиб чиққан. Мантиққа асосланилса, кўриш фақат кўзга хос. «Кўзи ожиз» маъносини ифодаловчи «кўр» сўзининг манбаси ҳам «кўз» сўзидир. Қарангки, кўз билан кўриш маъносини берувчи «кўр» ҳам, умуман кўрмаслик маъносидаги «кўр» ҳам бир хил товушлардан таркиб топган. Лекин бу ҳол тасодиф эмас. «Кўзим кўр бўлсин сени кўргунча мундоқ». Шунингдек, осмон маъносини англатувчи «кўк» сўзи ва «кўл» сўзи ҳам «кўз» сўзи билан туғишгандай туюлади. Энди қуйидаги сўзларга эътибор қилинг. КЎ+З, КЎ+Р, КЎ+К, КЎ+П, КЎ+Ч, КЎ+М. «Кўк» билан «кўл»нинг «кўз» сўзи билан алоқадорлигини тез илғаса бўлади. Чунки, адабиётимизнинг ўн асрлик тарихида бу сўзлар бир-бирини рамзий ифодалаб келиши бежиз эмас. Шу ўринда, «кўч» ва «кўм» феълларининг «кўз» сўзига яқинлашуви ҳақида ҳам фаразимни ўтай. Менинг назаримда «кўч» ва «кўм» сўзлари кўздан пана бўлиш маъносини англатиб ясалган. Зеро тилимиз тарихида феълларнинг бундай ҳодисаси бор. Масалан: «қол» — «қоч», «сол — соч» кабилар. Бунда охирги битта товуш ўзгариши билан сўздаги ҳаракат тескари қутбга ўтиб кетади.
* * *
КЕ. Биргина «ке» деган икки товуш қовушишидан қанча сўзлар пайдо бўлгани мени ҳайрон қолдиради. Одатда, халқ тилида «кел»нинг ўрнига «ке» кўпроқ ишлатилади. Худди шу икки товушдан тилимизда феъллар, отлар ва сифат вужудга келган. Бир-бирига мутлақ қарама-қарши бўлган «кел» ва «кет» сўзларининг эгизаклар эканлиги ажабланарли. Бир қоринга сиғган бу эгизаклар битта уйга сиғмайди. Энди «кес» сўзига диққат қилиб қаранг. «Кес» ҳамиша «кел» билан «кет»нинг ўртасида пайдо бўлади. Масалан, «йўлни кесиб ўтди» деймиз. Ҳолбуки, йўлдан келинади ва кетилади. Демак, бу сўзлар оға-инилар. Яна «кеч» ва «кез» сўзлари ҳам «келиш» ва «кетиш» сўзлари билан уйғунлашади. «Дарёни кечиб ўтди», «Дунёни кезди». Кўриниб турбдики, келтирилган ҳар икки гапда ҳам келиш ва кетиш маъноси бор. Аммо, «кезмак» феълининг ўзаги «кенг» сўзидан олинган бўлиши мумкин. Чунки, кезиш ҳақида гапирилганда, унга кенглик ярашади. Лекин «кенг» сўзида ҳам келиш ва кетиш маъноси сезилиб туради.
Шу ўринда тилимиздаги кўркам ва жозибали сўзларнинг бири «келин» сўзи ҳақида тўхталиб ўтишни истардим. «Келин» сўзи асли «келган» сўзидан келиб чиққан. Бунда ҳам «ке» ўзагидан сўз ясалган.
Юқорида келтирилган мисоллардан кўринадики, қадим-қадим замонларда, Она Тилимизнинг болалик даврида сўзлар ниҳоятда қисқа бўлган экан. КЕ+Л, КЕ+Т, КЕ+С, КЕ+Ч, КЕ+З, КЕ+(НГ), КЕ+Р, КЕ+К.
Булар менинг фаразларим. Эҳтимол, хато талқин қилаётгандирман, лекин мен сўзни ҳис этишга, сўзни борича кўришга ҳаракат қилаяпман. Гейне айтганидай: «Хаёлга ошно бўл, хатодан қўрқма!»
* * *
Энди Она Тилимиздаги айрим сўзларнинг асл маъно илдизлари ҳақида тўхталиб ўтсак. Қуйида таҳлил этиладиган сўзларнинг аксарияти бугунги кунда ҳам тилимизда қўлланади. Лекин биз уларнинг асл илдизига деярли эътибор бермаймиз. Биз фойдаланаётган сўзларнинг туб маънисини англаш учун Маҳмуд Кошғарийнинг «Девону луғотит турк» асарига фикран саёҳат қилиб кўриш керак. Шунда сўз ҳаётини ва унинг тарихини, кечмиш-кечирмишини ҳис қилиш мумкин.
«САВЧИ» («СОВЧИ»). Бу сўз аслан «сўзчи» деган маънони англатган. Қадимги туркий тилда «сав» — «сўз» дегани. Дарҳақиқат, бировнинг эшигига совчиликка борган одам қуда бўлишни истаётган тарафнинг сўзларини олиб боради. Шунинг учун ҳам унга «сўзчи» — «совчи» дейилган.
«ЧАЛҒАЙ». Биз қуш қанотларини яхлит ҳолда қанот деб атаймиз. Лекин қанотнинг ҳам қисмлари бор: ён қисм, учки қисм ва елкага ёпишган қисм. Одамларда ҳам шундай: бармоқ, кафт, тирсак, билак каби қўл қисмлари бор. Қуш қанотларининг уч қисмига «чалғай» деб айтилган. Ҳозирги тилимизда қанот учини ифодаловчи яхлит сўз йўқ, фақат «қуш қанотининг учи» деб айтишимиз мумкин. Нимагадир қанот учини ифода қилган «чалғай» сўзини ишлатмаймиз. Лекин бу сўз ўлмаган. Халқ тилида чопон ёқасининг уч қисми ҳозир ҳам «чалғай» деб айтилади. Умуман бу сўзга бизда эҳтиёж бор. Чунки, «чалғай» сўзининг маъносини ифода этувчи бошқа эквивалент сўз бизда йўқ.
«ДАНГАЛ». Биз «У дангал одам», «Дангал гапни айтди», «Дангал бўлинг» деган гапларга кўп дуч келамиз. Бу сўз асосан одамнинг қатъиятини ва мустаҳкам сифатларини ифодалаш учун қўлланилади. Қадимда «дангал» сўзининг асл маъноси шундай бўлган: арпа ва буғдойлар ўрилгач, уларнинг даста-даста қилиб боғланган боғи «дангал» дейилган. Шунинг учун бу сўз қатъиятли, бир сўзли, мард, ўзини йиғиб ололган одамларга нисбатан қўлланилади.
«ЯЛАНҒОЧ». Бу сўз «яланг» сўзидан келиб чиққан. Қадимда «ўт тушган жой каби қора, заранг, гиёҳ битмас ер»га нисбатан «яланг» сўзи ишлатилган. Демак, «яланг»+«оч»дан «яланғоч» сўзи дунёга келган.
«ГУНГ». — Бу сўз ҳозирда эшитмайдиган ва гапиролмайдиган ногиронларга нисбатан ишлатилади. Қадимда «гунг» сўзи «жория» деган маънони англатган. Чунки, жориялар тилсиз ва қулоқсиз бўлишлари керак эди. Улар эшитмасликка ва гапирмасликка маҳкум эдилар. Ҳақиқий гунглар эса, яъни кар ва гаранглар «тунгу» деб аталганлар.
«БАЛУ-БАЛУ». Қадимги туркий тилда бу сўз Кошғарийнинг изоҳига кўра, «оналар боласини бешикда ухлатиш учун қўллайдиган алла ўрнидаги сўз». Бу сўз русларнинг алласи «баю-баю» билан нақадар яқинлиги ажабланарли. Ким билади дейсиз, балки бу сўзларнинг ҳақиқатан илдизи бирдир.
«КИЙИК». Бу сўзни биз ҳозирги тилимизда тор маънода, яъни фақат кийиклар маъносида тушунамиз. Аслида бу сўз ёввойи бўлган барча нарсаларга нисбатан ишлатилган.
«ТЎП» — копток, тўп маъносида. Кошғарий изоҳига кўра, «тўп» сўзи «тўпиқ» сўзининг қисқарганидир. Дарҳақиқат, тўпиқ ҳам, тўп ҳам шаклан юмалоқ. «Копток» балки «тўп-тўп» сўзининг ўзгарганидир.
«ЧЎП» — Бу сўз истеъмолда кўп ишлатилади. Унинг асл маъноси — ҳар нарсанинг сиқилгандан сўнг қолган ташландиғи, чиқиндиси. Биз бу сўзни «чўп-устихон» маъносида қўллаганимизда унинг илдизига яқинроқ борамиз. Гоҳида эса, хўл новдани ҳам чўп деб атаймиз. «Чўп» сўзига уйқаш «чўл» сўзи ҳам қуриган маъносини беради. Энди «чўл» ва «чол» сўзларига эътибор берсангиз бу сўзлар ҳам бир-бирига жуда яқин. Шунингдек, қариган сўзи билан «қуриган» сўзи ҳам аслан бир. Шундан келиб чиқсак, «чўп», «чўл», «чол» сўзлари ҳар жиҳатдан бир-бирига уйғун, яъни улар «қуриган» маъносини беради.
«ТОЛ». «Тол» деганда биз фақат тол дарахтини тушунамиз. Бу сўзнинг асл маъноси «ҳўл новда» дегани. Кошғарийнинг айтишича, нозик ва хушқомат канизакларни ҳам тол деб атаганлар. «ЁШ» сўзининг ҳам тилдаги ҳозирги тушунилиши «тол»нинг ҳолатига ўхшайди. Чунки, «ёш» сўзи «кўкат, янги, соф» деган маъноларни билдирган.
«ЧАНОҚ» — (асл маъноси — идиш). Қадимда отлар ва молларга сув ичишлари учун қўйиладиган идиш. Дарҳақиқат, пахта чаноғи — пахта турадиган идиш, мия чаноғи мия турадиган идиш маъносида сўзнинг асл илдизига яқин боради.
Кўряпсизки, сўзларнинг ҳам ўз ҳаёти, ўзгаришлари, кечмишлари бор. Ҳар куни тилимизда қайта-қайта ишлатиладиган сўзларга эътибор билан қарасак, уларнинг тарихини, ички сеҳрини, ранглари ва товланишларини ҳис этамиз. Юқоридаги каби мисолларни кўплаб келтиришим мумкин эди. Лекин, шу бир неча сўзлар таҳлили билан чегараландим. Чунки, сўзга диққат қила оладиганлар кичикроқ ишора билан ҳам сўзларнинг илдизларини кўра оладилар. Биз кўпинча сўзни фақат ташқи томонидан кўрамиз. Муҳими, биз сўзнинг ички томонига қарашни ҳам ўрганишимизда.
* * *
Энди сўзларнинг феъл-атвори, даражалари ҳақида ҳам тўхталиб ўтай. Бу дунёнинг одамларга, дарахтларга, ҳайвонларга ва бошқа жонзотларга ўз ўлчови бўлгани каби сўзлар учун ҳам ўлчовлар мавжуд. Ҳар ким сўзларни ҳар хил кўради, ҳар хил қабул қилади. Хўш, мен сўзларни қандай кўраман?
«МАЪЛУМКИ». Бу сўз доимо кераксиз юкларни кўтариб юрадиган ҳаммолдир. Лекин, олиб кетаётган юкининг кераксиз эканлигини ўзи билмайди. Бу сўзни «тўтиқушлар» яхши кўради ва улар доимо шу сўзнинг изидан эргашиб юрадилар.
«НИСБАТАН». Гарчанд бу сўз килограмм, метр, пуд ва бошқа ўлчов бирликлари эришган аниқ даражага етиша олмаган эса-да, барибир оламдаги минглаб ҳар хиллиликнинг ягона ўлчовидир. Унинг қуроли ноаниқликдир.
«ТАВАККАЛ». Қайсар ва ўжар, анчайин жасоратли сўз. Лекин унинг боши кал. Бу каллик ўйловдан ҳам, кўп ўқишдан ҳам эмас. Балки у бир вақтлар бошини ёнаётган ўтга солиб кўриб, таваккал қилган экан. Бу сўзни унинг ўзига ўхшаганлар яхши кўрадилар.
«ҚЎРҚУВ». Мижғов ва мужмал. Ўзининг исми ўзига ёқмайди. Шунинг учун, кўпинча «мен андишаман» деб минғирлайверади.
«ЖАВОБ». Саволнинг хотини. У саволнинг чизган чизиғидан чиқмайди.
«БАХТ». У мукаммал сўз. Уни бахтлилардан кўра бахтсизлар кўпроқ айтадилар. У кўркам ва гўзал. Лекин, бир ками бор — қулоғи оғирроқ.
«ТАШВИШ». Унинг қулоғи йўқ. У эшитиш учун эмас, тинимсиз гапириш учун яралган.
* * *
Менимча, бу оламни ва ҳаётни сўз кўзлари билан кўриш мумкин. Маъно — сўз, сўз — маънодир.
Мен кўзларнинг сўзларида кўринай,
Мен сўзларнинг кўзларида кўринай.
«Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетасининг 2006 йил 8-сонидан олинди.